Қайднома

Қидирув

Қисмат: Зое кетган меҳнат

Қисмат: Зое кетган меҳнат

  13.12.2020 02:20
  0
  426
Қисмат: Зое кетган меҳнат

«Арсенал» 30 йилдан буён клуб маъмури лавозимида ишлаб келган Пол Жонсонни истеъфога чиқарди. Ишсиз қолган хизматчи эса фаолияти давомида футболчилардан олган совғаларни сотишга қарор қилди. Қа­ранг­­ки, ҳаттоки, йиртиқ бутса ҳам сотилиб кетди...

Пол Жонсон 1988-2018 йиллар оралиғида «Арсенал»нинг экипировка бўйича менежери лавозимида ишлади. Кейин мутасаддилар уни ортиқча кўриб, ишдан бўшатишди. Ўша пайт «тўпчилар» либослари учун 2 нафар хизматчи масъул бўлиб, Жонсон раҳбар ҳисобланарди. Пол 30 йиллик фао­лияти давомида «Арсенал» ва бошқа жамоалар футболчилари томонидан совға қилинган буюмлардан улкан коллекция тўплаганди. Алоҳида жойда сақланган тўпламда Англия кубоги-2014 турнири ғолибига тақдим этилган 1 дона медаль ҳам бор эди. 2017 йили Жонсон уйини босқинчилар тунаб кетишди: сейфни очиб, пул ва қимматбаҳо буюмларни ўғирлашди. 1 йилдан кейин хизматчи ишсиз қолди. Ана шу кетма-кет омадсизлик туфайли Жонсоннинг «Арсенал»га садоқати ўрнини адоват эгаллади. У яқинда  иш жойидан кўнгли қолганини рўй-рост таъкидлади ва 30 йил давомида тўплаган коллекциясини сотиб, молиявий ҳолатини тиклашга қарор қилди: «Барча буюмларни ота-онам уйидаги гаражда сақлардим. Тўплаганларим коллекционерлар учун чинакам хазина эди. Улар айниқса, футболкалар учун яхшигина ҳақ беришларини билардим. Айрим либосларни ўта катта суммада сотиш мумкинлигини ҳам».

Эътиборли томони, Пол бир неча экспонатни шунчаки, дуч келган харидорга сотиб юборди. Кейин дўстлари аукцион ташкил этишни маслаҳат беришди. Якунда Daily Mail нашри Жонсон аукциони ва сотувга қўйилган буюмлар баҳоси ҳақида алоҳида мақола чоп этди.

***Жонсон ЧЛ-2006 нимчорак финалидан ўрин олган «Арсенал» - «Реал» учрашуви якунида 2та футболкали бўлганди. У Зидандан олган совғани 1000, Роберто Карлос футболкасини эса 440 фунтга пуллади.

***Николья Анельканинг Nike рамзи туширилган кўк майкаси 6500, Эшли Коулнинг мавсум-2005|2006даги футболкаси 3500 фунтга кетди.

***Николя Анелька ва Эшли Коулга тегишли либослар Жонсонда анчагина бўлиб, уларнинг ҳаммаси сотилди.

***Жонсон 2016 йили Нью-Йоркдан совға олганди. Яъни «Арсенал» раҳбарияти орқали Тьерри Анридан «Нью-Йорк Ред Буллз» клуби футболкасидан юборишини сўраганди. Ўша либос аукционда 620 фунтга пулланди.

***Аукционга қўйилган энг қимматбаҳо лот - 2014 йили «Арсенал»нинг Англия кубогида ғолиб чиққани учун берилган медаль. Санти Касорла томонидан туҳфа этилган медаль 9000 фунт эвазига янги соҳиб қўлига ўтди.

***Энг арзон лотлар - «Арсенал» билан ўртоқлик учрашувларида куч синашган камтарин жамоалар ўйинчилари футболкалари. «Киккерс Оффенбах», «Маль­орка» ва «Марибор» каби жамоа­лар либослари 50 фунтдан даромад келтирди.

***Энг суюкли экспонат - Тони Адамснинг Англия терма жамоасида кийган футболкаси. Қаранг, Жонсон шуни ҳам сотди, қанчага кетгани ҳақида гапиришни эса истамади: «Бу мен учун энг йирик йўқотиш».

***Ажабтовур савдолар ҳам йўқ эмас. Масалан, Пер Мертезакерга тегишли йиртиқ ва тишлари емирилган бутса 150 фунтга баҳоланди. Диққат қилинг, 44 ўлчамли дабдала пойафзалга 150 фунт тўлашди.

***Найжел Уинтерберн «тўпчилар» таркибида 400-учрашувда майдонга тушгани муносабати билан клуб унга эсдалик совғаси сифатида бир жуфт қўл соати берганди. Футболчи эса улардан бирини айнан Жонсонга улашган. Пол замбарак тасвирланган соатдан воз кечиш эвазига 120 фунтга бойиди.

Ишсиз қолган собиқ маъмур «Арсенал»га тааллуқли буюмлар аукционидан жами 100000 фунт стерлинг топди. Савдолар ниҳоясига етгач, аукцион соҳиби Грэм Бадд ҳайратини яширмади: «Клуб Полни чиндан ҳам, қаттиқ ранжитибди. У савдога қўйилган буюмларни тобора кўпайтириб, мени ажаблантирди. Хуллас, 2та тадбир ортидан 100000 фунт олди». Жонсоннинг ўзи эса айрим буюмлардан воз кечишда роса қийналганини таъкидлади: «Арсенал» ҳаётимнинг муҳим бир бўлагига айланган эди. Бироқ уйимни талончилар тунаб кетишди. Шунинг аламидан ўзим учун қадрли саналган бошқа буюмлардан ҳам воз кечдим. Ҳа, бу осон эмас, ахир ҳар бир футболка ёки буюмнинг ўз тарихи бор. Афсус, энди ҳаётимнинг катта босқичи мен учун аҳамиятияни йўқотди».

 Д.АЛИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz