Қайднома

Қидирув

Владимир Петкович: «Мақсад – бугун кечагидан, эргага бугунгидан яхшироқ ўйнаш!»

Владимир Петкович: «Мақсад – бугун кечагидан, эргага бугунгидан яхшироқ ўйнаш!»

  13.12.2020 05:50
  0
  387
Владимир Петкович: «Мақсад – бугун кечагидан, эргага бугунгидан яхшироқ ўйнаш!»

2014 йили Швейцария миллий жамоаси бошқарув рулида Оттмар Хитцфельд ўрнини эгаллаган Владимир Петковичнинг янги иш жойида янада кучлироқ ғайрат-шижоат билан ишлашига тўғри келди. Таъкидлаш жоиз, бунга қадар «Лацио» клубини бошқарган мутахассис илк уринишларда швейцарияликларни Евро-2016 ва ЖЧ-2018 финал босқичига олиб чиқди. Лекин ҳар икки нуфузли мусобақада омад унинг шогирдларидан юз ўгирди - Швейцария термаси Сент-Этьенда пенальтилар серияси бўйича польшаликларга имкониятни бой бериб (4:5), қитъа чемпионатини барвақт тарк этди. 2 йилдан кейин эса Петкович шогирдлари Санкт-Петербургда Швеция термаси тўсиғидан ўтолмадилар - 0:1. Энди 57 ёшли мутахассис навбатдаги қитъа чемпионати ва Қатар мундиалида муваффақиятли иштирок этиш тадорикини кўрмоқда. FIFA.com сайти Европа ҳудудидаги ЖЧ-2022 саралашига қуръа ташлаш маросими арафасида айнан Петковични суҳбатга чорлаб, унинг режаларига қизиқди.

- Владимир, 2020 йилги футбол мавсумига қандай баҳо берасиз?

- О, бу йил тарих дарсликларидан жой олса, ажабмас. Ахир пандемия бутун ер юзини забт этди, жумладан, футболга ҳам таъсир кўрсатмай қолмади. Табиа­тан ҳаётга ҳамиша холис ёндашиб, уни қандай бўлса, шундайлигича қабул қиламан ва берилган имкониятдан иложи борича унумли фойдаланишга интиламан. Мана, узоққа чўзилган мажбурий танаффусдан кейин чамаси 3 ой давомида 8та учрашув ташкиллаштирдик. Демакки, бу давр жамоам учун сермазмун ўтди, мен учун ҳам. Дейлик, Европа Миллатлар лигасида қитъанинг энг сара жамоалари билан куч синашдик. Натижаларга келсак, уларни яхшилаш имконияти йўқ эмас. Муҳими, Германия ва Испания термаларига қарши кечган ўйинлар тўғри йўлдан кетаётганимиз ва кучли рақибларга муносиб қаршилик тақдим эта олишимизни кўрсатди.

- Умуман, пандемия даврида мураббийлик фаолиятингиз қай даражада ўзгарди?

- Анча вақт қандайдир ўйин ташкил этиш имкони топилмади. Ке­йин 3 ойни ўта фаол ўтказдик. Бунгача муносабатлар издан чиқиб кетмаслиги учун футболчилар ва жамоа ходимлари иштирокида виртуал учрашувлар ташкиллаштирдик. Бу ўзаро мулоқотда бўлишимизни таъминлашга қаратилган тадбир эди. Қолаверса, шогирдларим билан тез-тез телефон орқали боғланиб турдим, ТВда уларнинг ёпиқ ўйинлари, янги шароитга қандай мослашаётганларини кузатдим. Шунинг баробарида ёрдамчиларим билан карантин туфайли қолиб кетган юмушларни қисқа вақтда тугатишга ҳаракат қилдик.

- Янги - 2021 йилдан нималар кутяпсиз? Терма жамоанинг режалари қандай?

- Янги йил турли воқеалар, жумладан, футбол ўйинларига бой бўлади. Ҳозир ЖЧ саралаш босқичи ва Евро-2020 ўйинларини сабрсизлик билан кутяпмиз. Шахсан мен пандемиядан аввалги қувноқ ва лаззатли футбол қайтиб келишидан умидворман. Европа Миллатлар лигаси орқали бўлажак қитъа чемпионатига пухта ҳозирлик кўрдик. Бу турнирда ҳам, Қатарда ҳам иложи борича узоқроққа бориш ниятидамиз. Ҳозирги жамоам юксак салоҳиятга эга. Шунингдек, қитъа чемпионати аввал режалаштирилганидек, барвақтроқ ўтказилиши тарафдоримиз.

- Жамоангиз Евро-2020 гуруҳ босқичида Италия, Туркия ва Уэльс термалари билан баҳс олиб боради...

- Ҳа, кучли жамоалар билан куч синашамиз. Лекин бундан чўчимаслигимиз, ҳар бир учрашувда фақат ғалабани кўзлашимиз лозим. Тан оламан, Италия ва Туркия термаларида бироз устунлик бор - мезбонлик фактори. Яъни тақвимга кўра, итальянлар билан Римда, турклар билан эса уларга анча яқин Бокуда куч синашамиз. Шундай бўлсада, асосий мақсадимиз ўзгармайди - «плей-офф» босқичига чиқишимиз шарт.

- Германия термаси ҳозир кучли танқидлар остида. Бундестимнинг Испания термасидан 0:6 ҳисобида енгилгани сизни ҳам ажаблантирдими?

- Албатта, номдор жамоанинг бундай йирик ҳисобда ютқазиши - мутлақо кутилмаган ҳол. Аммо унутмаслик керак, шу жамоа аввалроқ Бразилия термасини 7:1 ҳисобида маҳв этганди. Футболда ҳар нарса бўлиши мумкин. Баъзан ғайритабиий воқеликлар кузатилади. Айниқса, жамоалар Европа биринчилиги ёки ЖЧ саралашига тайёргарлик кўриш жараёнида турли вариантларни синаб кўраётган паллаларда. Иккинчи томондан, Германия термаси дарвозасига 6та гол ургани - Испания жамоасининг юксак спорт формасидан далолат. Демак, испанлар билан ўйинда жанговар дуранг (1:1) қайд этганимиз бизга қўшимча куч-қувват бағишлаши керак. Лекин бу натижамиз айрим доираларда муносиб баҳоланмади.

- Жамоангиз сентябрь-октябрь ойларида Германия термаси билан ҳам дурангга эришди. Бунга қандай қарайсиз?

- Такрор айтаман, қайсидир жамоадан ҳадиксирашимизга айтарли сабаб йўқ. Зеро, шогирдларим дунёнинг энг сара лигаларида тўп сурмоқдалар, айримлари германиялик футболчилар билан бирга ўйнайдилар. Бошқача айтганда, жаҳон футболининг илғор намояндаларига тобора яқинлашяпмиз. Аслида дуранглар ёмон натижа эмас. Аммо уларни ғалабага айлантириш учун жамоамизга нимадир етишмаганини кўпчилик сезган бўлса керак. Ҳозир шу нимадирни топиб, камчиликка барҳам бериш устида изланяпмиз.

- Энди Қатар-2022 саралаши мавзусига ўтайлик. Қуръа сизларга қайси жамоани рўбарў қилмаслигини истардингиз?

- ЖЧ саралашида рақиб танлашнинг иложи йўқ. 1-саватча доимо савияли жамоалардан шакллантирилади. 2-3- саватчалар таркиби ҳам чакки эмас. Албатта, ҳар доим қуръа омадли келишига умид боғлаймиз. Лекин рақибларни борича қабул қилиб, рисоладагидек ўйин билан финал босқичига йўл олишга уриниш керак.

- Агар жамоангиз Германия термаси билан баҳсда яна дуранг­га эришса, хурсанд бўласизми?

- Албатта, Германия - Швейцария қўшниси. Икки давлатни азалдан қўшничилик ришталари ва бой футбол тарихи боғлаб туради. Умуман, немисларга қарши ўйинлар ҳамиша алоҳида аҳамият касб этган, бундай қарама-қаршиликлар мухлислар учун ёрқин байрам мақомида. Лекин бундестимга муносиб қаршилик кўрсатиш учун айрим камчиликларга барҳам беришимиз талаб этилади.

- Швейцария термаси охирги 4та ЖЧ саралашидан муваффақиятли ўтди. Анъана давом этишига нечоғли ишонасиз?

- Бу йўлда бор имкониятни ишга солишимиз тайин. Жамоамиз савиясига ва бу вазифани уддалай олишига ишонамиз. Ҳа, энди саралашдан ўтиш аввалгиларидан қи­йинроқ бўлиши аниқ. Чунки бу сафар фақат гуруҳда ғолиб чиққан жамоалар ва 3та энг яхши кўрсаткичга эришган 2-ўрин соҳиби йўлланма олади. Нима бўлишидан қатъий назар, мураккаб вазифани ижобий ҳал этиш учун қўлдан келганича ҳаракат қиламиз.

- Сизнингча, пандемия терма жамоалар натижасига қанчалик таъсир этди? Яна «сюрприз»лар юз бериши мумкинми?

- Коронавируснинг натижаларга таъсир кўрсатгани ҳақидаги фикрларга қўшилмайман. Пандемия ҳаммани бир хил даражада ўз домига тортди. Аксинча, ҳаттоки, айрим жиҳатларда ижобий таъсир ҳам сезилди.

- ЖЧ-2022ни қандай тасаввур қиляпсиз? Қатарда ҳеч бўлганмисиз?

- Йўқ, бу мамлакат билан энди танишмоқчиман. Олдинда бизни нималар кутаётганини билиш жуда қизиқарли. Тайёргарлик кўриш вақти жуда қисқа. Ахир мундиал қишда бўлади. Элит лигаларда ўйнайдиган футболчилар июндагига қараганда яхшироқ спорт формасини кўрсатсалар, ажабмас. Умуман, мураббий сифатида тегишли хулоса чиқариб, «теша тегмаган» тажрибага қўл уриш керак.

- Демоқчисизки, ЖЧнинг қишда ўтиши унга ўзига хос мақом бериши мумкин.

- Бўлажак турнир чиндан ҳам, футболчилар ва мухлислар учун ноодатий шароитда ўтади. Европалик фанатлар ўйинларни ёпиқ биноларда томоша қиладилар. Аммо мундиал вақти нариги ярим шар аҳолиси учун - ёз.

- Швейцария термаси аввалги 4та ЖЧнинг 3тасида нимчорак финалга чиққанди. Қатарда бу натижани яхшилай оласизларми?

- Айнан шу масала устида ишлаяпмиз. Мунтазам равишда бугун кечагидан, эртага бугунгидан яхшироқ ўйнашга интиляпмиз. Аввало, саралашдан муваффақиятли ўтишимиз лозим. Иккинчи қадам - гуруҳдан чиқиш. Мана шу масъулиятли вазифаларни адо этиш ва навбатдаги қадамни амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритиш йўлида бор куч-маҳоратимиз, билим-малакамизни асло аямаймиз.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz