Қайднома

Қидирув

Вундеркиндлар: “Барса”нинг янги топилмаси

Вундеркиндлар: “Барса”нинг янги топилмаси

  15.12.2020 06:06
  0
  416
Вундеркиндлар: “Барса”нинг янги топилмаси

Ёзги трансфер мавсумида 21 млн. евро эвазига «Аякс»дан «Барселона»га ўтган Сержиньо Дестда янги муҳитга мослашиш зарурати талаб этилмади. Рональд Куман 19 ёшли ўнг қанот ҳимоячисини ЕЧЛ гуруҳ босқич беллашувларида майдонга тушириш орқали унга жамоа услубини ўзлаштириб олиш имкониятини яратди. Сержиньо нидерландиялик устози кўрсатмаларини имкон қадар тўлиқ адо этишга интилмоқда, ҳимоядаги вазифасидан ташқари, нуфузли турнирда гол уришга эришди. Ваҳоланки, у профессионал футболга икки йил аввал қадам қўйганди.

Сержиньо Дест - нидерландиялик аёл ва шу мамлакатда хизмат бурчини ўтаган америкалик ҳарбийнинг фарзанди. Унинг қайси мамлакат термасида ўйнаш масаласи ҳам икки йил аввал ҳал этилган, ўша пайт ҳимоячи АҚШ ёшлар термаси шарафини ҳимоя қилар, асосий жамоага эса ўртоқлик учрашувларида жалб этиларди. Нидерландия термаси мавзуси ўша пайтдаги бош мураббий Рональд Куман билан учрашишдан нарига ўтмаганди. Тақдир тақозоси билан, мураббий ва футболчи Каталония клубида ҳамкорлик қилишмоқда.

Сержиньо нима учун АҚШ термасини танлаганини қуйидагича изоҳлади: «Ошиғинг олчи бўлиб турганда ҳамма учун қадринг баланд, сен учун барча эшиклар очиқ бўлади. АҚШ термаси эса ишларим юришмай қолганида ёрдамини аямади. Бунинг учун жамоадан беҳад миннатдорман. У ўта мураккаб даврдан ўтиб олишимга имконият берди. Акс ҳолда, ҳозирги савиямга кўтарила олмаган бўлардим. Қолаверса, қалбим амрига кўра шундай қарорга келдим. У АҚШ вариантини танлашни буюрди».

Мазкур сўзлардан кейин Дестнинг Нидерландия ёшлар термасидан хафа эканлигини сезиш қийинмас: «Ўшанда отам менда Америка паспорти ҳам бор эканлигини эслатди».

Сержиньо Нидерландияда улғайди, отасининг ватанига эса илк бора 2014 йилда ташриф буюрди: «Нью-Йоркка етиб боргач, ҳайратдан анграйиб қолдим. Шу пайтгача бунақа улкан шаҳарга дуч келмагандим. Ўйлайманки, Нью-Йорк - энг гўзал шаҳар».

Ўша пайт футболчи инглиз тилини билмасди: «Тилни яхши билмасдим, америкалик авлодларим ҳақида ўйлаб кўрмагандим. Ёшлар термасида тилни тез ўзлаштирдим, ўзимни америкалик сифатида ҳис эта бошладим. АҚШ фуқароси бўлиш - ажойиб, Америка паспорти эса дунёдаги энг бежирим ҳужжатлардан биридир».

Жорий йил январида Сержиньо Қатардаги йиғин пайти «Аякс»ни тарк этганди. Клуб мутасаддиларининг эътирофига кўра, футболчи АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар кескинлашувидан хавотирлана бошлаган ва мазкур ҳудудни ўзи учун хатарли деб ҳисоблаганди. Январнинг дастлабки кунларида Америка қўшинлари эронлик генерал қосим Сулаймонийни отиб ўлдиришган, эронликлар бунга жавобан АҚШнинг Ироқдаги базасига ҳужум уюштиришганди.

ESPN маълумотларига биноан, Дест Амстердамга тижорат рейсидаги самолётда эмас, балки хусусий самолётда парвоз қилган. Жамоа Қатардан қайтгунга қадар футболчи захира таркиби ўйинчилари машғулотларида қатнашган.

«Аякс» таркибида ўйнаган даврида футболчи кўпинча Испания клублари хусусида мулоҳаза юритар, АПЛга интилмасди: «Барселона» ёки «Реал»да ўйнашни истайман. АПЛ - юксак савиядаги лига, бироқ менинг услубимга мос келиш-келмаслигини билмайман».

«Аякс» бўйича масъул эксперт Марк Гешвинд Сержиньо Дестга қуйидагича таъриф берганди: «Тўпни ўзи билан олиб юрадиган тезкор ҳимоячига ҳадеганда дуч келавермайсиз. Лекин ўзини хотиржам тутган ҳолда, тўпни ўзи истаганча олиб юрадиган, худди Дани Алвеш ва Марселоларга ўхшаган ҳимоячини топиш ундан ҳам қийинроқ».

«Аякс» академияси тараққиёт бўлими раҳбари эса 14 ёшли Дест ҳақида шундай деганди: «Вақти-вақти билан у мураббийларга қўполлик ишлатар, қайсидир машқни ёқтирмаса, бажармай қўя қоларди. Бироқ мен Дестни қулоқсиз бола деб хатога йўл қўйган эканман. Кўрганларим Сержиньо шахси ва табиатининг шаклланиши экан».

Сержиньонинг аксарият касбдошларидан ажратиб турадиган хусусияти шуки, у ижтимоий тармоқларни унча ёқтирмайди, 4 йил ичида «Инстаграм»да атиги 50та пост қолдирган. Аммо Дест дўмбира чалишни жуда ёқтиради, Амстердам кўчалари унинг учун муҳташам саҳнадан аълороқ.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz