Қайднома

Қидирув

Бугун ва келажак тортишуви

Бугун ва келажак тортишуви

  16.12.2020 04:04
  0
  287
Бугун ва келажак тортишуви

Халқимиз табиатан вазиятдан келиб чиқиб иш тутади. Асрлар давомида феъл-атворимизда шундай хислат шаклланган. Уруш йиллари ўзи емай, нонини бошқага улашган халқимиз айни шу фазилати ортидан шон-шарафга бурканди. Табиийки, мустақиллик йилларида вазиятга қараб иш тутиш футболимизнинг ҳам қон-қонига сингди. Натижада миллий чемпионатимиз юқори ва қуйи дивизионида иштирок этувчи жамоалар сони бир неча марта ўзгарди. Бу яна давом этади, чоғи. Суперлигада «Арал», Про-лигада «Олимпия» жамоалари иштирок этиши масаласининг кун тартибига қўйилиши жиддий ўзгаришлардан дарак бермоқда.

Тўғри, Диёр Имомхўжаевнинг сўзлари «Арал» мавзусини бироз мавҳумлик қобиғига ўради. Лекин назаримизда, бу вақтинчалик ҳолат. Вақт ўтиши билан воқеалар биз ўйлагандан кўра, тезроқ ривожланса, ажабмас. Чунки  шундай ижтимоий-сиёсий воқеликда яшамоқдамизки, бу жараёнда юзага қалқиб чиққан вазият спорт тамойилларидан устун туради. Бошқача айтганда, футбол гоҳо ижтимоий-сиёсий жараёнларни мўътадиллаштиради, халқ руҳиятида мувозанатни сақлайди. Шу маънода айтсак, «Арал» ҳам вазият ҳосиласи. Истаймизми-йўқ, бугун ўзбек футболига жаҳон андозаларидан туриб қараш қийин. Футболимиз реал воқеликни ўз ҳолича қабул қилиш ва баъзан шу вазиятнинг қурбони бўлишга мажбур. Ҳа, миллий футболимиз депсинишлар, янглиш ислоҳотлар ва мажбурий янгиланишлар оралаб, ғалабалар ҳамда мундиал сари боради. Спорт тамойилларини маҳкам ушлаб, футболимизни ривожлантиришни ким истамайди дейсиз?!

Аслида аксарият мутасаддилару мухлислар шу фикрдалар. Бироқ бугун мутасаддилар вазиятни эмас, балки вазият мутасаддиларни бошқармоқда. Буни тўғри тушуниш керак ва оқим бўйлаб сузишаётгани учун мутасаддиларни айблаш ноўрин. Бизни фақат бир жиҳат ўйлантиради: «Арал» Суперлигада, «Олимпия» Про-лигада мустаҳкамланишга қодирми? Қачондир раҳбарлар ўзгаришса, ҳолат жамоаларнинг тақдирига қандай таъсир қилади? Балки «Арал»га Суперлигада, «Олимпия»га Про-лигада мустаҳкам жой олиш учун истисно тариқасида 2-3 йил вақт ажратилар... Лекин кун келиб, имтиёзли муддат тугайди. Кейин нима бўлади? Ўшанда ҳам «Арал» элитада ўз ўрнини тополмаса, вазият қандай баҳоланади? Бир марта ўзини оқламаган, аниқроғи, қадрланмаган имтиёз энди самарали якунланишига кимдир ёки қайсидир ташкилот кафолат берадими? Баралла айтсак, учинчи марта имтиёз беришга ҳожат қолмайдими? Чунки имтиёз ва истиснолар давом этаверса, футболимизда рақобат руҳи сўнади, ўлади.

Майли, яна бир бора имтиёз ва истисно бўлсин! Фақат буниси охиргиси эканлиги тегишли ҳужжатларда ўз аксини топсин. Акс ҳолда, футбол борасидаги ишларимиз жаҳонда кулги уйғотади. Имтиёз ва истиснолардан сўнг футболимиз мутасаддилари муаммоларга шундай муносабат билдиришсинки, уларнинг ҳаракатлари Баҳодир Жалолов ва Элнур Абдураимовнинг нокаутларини эслатсин. Рақиб - рўпарадаги муаммо. Чўзиб ўтирмай, муаммога тезроқ ечим топилгани маъқул. Энг тўғри йўл - биринчи раунддаёқ нокаут қилиш. Баҳодир ва Элнурнинг зарбалари - футболимиз мутасаддиларига ибрат, намуна. Футболимиз улардан характер кўрсатишларини кутмоқда. Мутасаддилар шундай чора-тадбирлар ишлаб чиқишлари ва тегишли талабларни қўйишлари керакки, токи «Ту­рон»нинг мисолида «Обод»нинг тарихи такрорланмасин.

Яна бир мулоҳаза. Келаси мавсум катта эҳтимолки, Суперлигада 16та, Про-лигада 10та жамоа иштирок этишини кўпчилик тушуниб турибди. Агар «Нефт­чи» - «Андижон» учрашувининг ғолиби Суперлиганинг 14-жамоаси, «Арал» эса 15-иштирокчи бўлса, 16-жой қайси клубга берилади? «Нефтчи» - «Андижон» учрашувида енгилган жамоагами ёки «Бухоро» ва «Динамо» ўртасида ҳам ўтиш ўйини ташкилланади? Юқорида вазиятдан келиб чиқиб иш тутишга ўрганганимиз ҳақида ёздик. Пандемия таъсирида жамоаларимиз қишда, ҳаттоки, қуюқ туманда ўйнамоқда. Умуман ўйнамагандан кўра, кечроқ бўлса ҳам, ўйнаш яхши-да. Ҳозирги вазият талаби - шу. Бундан ўзга чора топиш мушкул. Энг асосийси, келажакда вазият измига бўйсиниб, унинг қулига айланиб қолмасак, бас!

Бу фоний дунёни тарк этган мухлислар ҳаққи-ҳурмати футболимиз қаддини тиклаши шарт. Мазкур мулоҳазаларни ёзиш асносида таниқли ижодкор Темур Тўрабоев бизга қўнғироқ қилиб, ҳаяжон билан сўзлади. У кишининг тоғаси, футболимиз ашаддий мухлиси Умаржон Мазайитов вафот этибди. Ўзининг қатъий принциплари билан ҳамқишлоқлари ўртасида ҳурмат қозонган Умаржон ака видолашув чоғи ўғли Бобуржонга васият қилибди: «Набирам Моҳиржон зўр футболчи бўлсин! Янгийўлга бориб, ундан тез-тез хабар ол! Мен кўролмаган мундиалларни сизлар кўринг­лар! Моҳиржон мундиалларда маҳорат билан ўйнасин». Изоҳ ортиқча, бошқа сўз сиғмайди бу васиятга...

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz