Қайднома

Қидирув

Эътироф: Оддий гаров самараси

Эътироф: Оддий гаров самараси

  19.12.2020 02:02
  0
  364
Эътироф: Оддий гаров самараси

«Ливерпул»нинг янги кашфиёти - вақтида ҳужумчи сифатида шуғулланган ва фақат гаров туфайли дарвозада турган Кевин Келлехер. У «Аякс»га қарши кечган ўйинга қадар на АПЛ ва на ЧЛ баҳсида кўриниш берганди. Transfermarkt портали маълумотига кўра, айни пайт «Ливерпул»нинг нақ 6 нафар аъзоси даволанмоқда. Юрген Клопп учун ҳаммаси шу қадар ёмон тус олдики, ҳаттоки, дарвозабон Алиссон ҳам жароҳатга йўлиқиб, четга чиқди. Тўғри, яна ўша тransfermarkt портали маълумотига асосланиб айтсак, бразилиялик кипернинг жароҳати унча жиддий эмасди. Аммо Юрген Клопп таваккал иш тутишни хоҳламади: «Ҳа, Алиссоннинг жароҳати арзимасдек. Бироқ ҳеч қачон белнинг юза қисми шикастланиши ортидан 10-14 кунга сафдан чиқмаган бирор ўйинчини кўрган эмасман». Эътиборлиси, ЧЛ 5-туридан ўрин олган ўйинда «Ливерпуль» дарвозасини қўриқлаш Алиссоннинг биринчи рақамли ўринбосари саналган Адриан эмас, балки ирландиялик нотаниш Кевин Келлехер зиммасига юкланди. У эса «қизиллар» фанатларини шунчаки, ёрқин дебюти билан  хурсанд қилди.

Мана, Кевин Келлехерга тааллуқли бир қатор фактлар:

***Ирландиялик футболчи 2017 йилдан буён «Ливерпуль» тизимида шуғулланмоқда. У ёшлар жамоаси сафига «Рингмахон» клубидан ўтган.

***Юрген Клопп 2018 йилдан Келлехерни асосий таркиб маш­ғулотларига жалб этмоқда. Бироқ Кевин 1,5 йил давомида катталар жамоасининг АПЛдаги бирор  ўйи­нида майдонга тушмаганди. Хуллас, у «Аякс» билан ўйинда ҳар томонлама дебютини нишонлади. Ҳа, Кевин атиги 22 ёшда.

***Келлехер болалигида дарвозабон саналмаган. Яъни 8-14 ёш оралиғида футбол мактабида ҳужумчи сифатида шуғулланган. «Рингмахон» клуби тизимида ишлайдиган мураббийлардан бирининг айтишича, Кевин тўпурарликни ҳам қойиллатарди: ўсмирлар лигасида 20-30тадан гол урган экан.

***Келлехер вазият тақозоси ва оддий гаров натижасида қўлига қўлқоп олиб, «Рингмахон» дарвозабонига айланган. Яъни клубнинг асосий ва захира голкипери жароҳатланишгач, Кевин мажбуран дарвозада турган. Келлехер асл киперлар сафга қайтишганидан кейин ҳам ҳужумга ўтмаган, аксинча, улар билан рақобатда устун келиб, асосий дарвозабон мақомида қолган.

***Кевин қисматидан яна бир тарих: у  илк марта кипер сифатида майдонга тушишидан 2 йил олдин машғулот жараёнида шериклари билан гаров боғлаб, дарвозани қўриқлаган экан. Эҳтимолки, ўшандаёқ тўпга ташланишни ёқтириб қолиб, амплуасини ўзгартириш ҳақида ўйлагандир...

***Кевин вақтида «Манчестер Юнайтед», «Астон Вилла», «Блэкберн» ва «Фулхэм» клублари кўригида қатнашган, аммо бирор клубга мос келмаган. Ўсмирлар жамоалари мураббийлари Келлехер нимжон эканлигини айтиб, унга жавоб беришган.

***«Ливерпуль» Келлехерни бош мураббий Юрген Клопп рухсатисиз олган (одатда ёшлар билан шартнома тузишдан олдин ҳам мураббий фикрини сўрашади). Кейинчалик германиялик мутахассиснинг ўзи ўсмирлар жамоаси машғулотини кузатиш асносида Келлехер иқтидорига юқори баҳо берган.

***Келлехер «Аякс» билан ўйинга қадар на АПЛ ва на ЧЛ баҳсида майдонга тушганди. Фақат Лига кубоги («Арсенал»га қарши ўйиннинг пенальтилар сериясида устун келганди) ва Англия кубоги ўйинида қатнашган эди.

***Аслида «Аякс» билан ўйинда Келлехер зиммасига у қадар катта иш тушгани йўқ - амстердамликлар унинг дарвозаси томон атиги 4 марта аниқ зарба йўллашди. Муҳими, Кевин ўзини йўқотиб қўймади. Жумладан, Нуссаир Мазрауининг 2та уриниши ва Клас-Ян Хунтелар зарбасини йўққа чиқарди. Юрген Клопп шунга яраша, ўйиндан сўнг дебютантни самимий қучоқлаб олди.

P.S.: Кевин Келлехер АПЛдаги дебютини «Вулверхэмптон»га қарши баҳсда ўтказиб, унда ҳам дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.

Эътироф

- Буюк истеъдод. Эшитяпсизми? Буюк. Ирландия футболида дарвозабонлар масаласи қандайлигини билмайман, лекин бизда ирландлар учун бир мўъжиза бор. Уни яқин орада жа­моамизда кўрасизлар. У менга керак. Юрген Клопп («Ливерпуль» бош мураббийи).

О.АТАБОЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz