Қайднома

Қидирув

Икер Касильяс: «Мадрид» - менинг қадрдон уйим»

Икер Касильяс: «Мадрид» - менинг қадрдон уйим»

  20.12.2020 18:18
  0
  335
Икер Касильяс: «Мадрид» - менинг қадрдон уйим»

Замонамизнинг энг ёрқин дарвозабонларидан бири бўлган Икер Касильяс шу йилнинг 4 август куни футболдаги фаолиятини якунлашга қарор қилгани ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали хабар берганди. Нуфузли AS нашри томонидан испаниялик афсона учун таъсис этилган махсус мукофотни муассаса директори Висенте Хименес иштирокчиларнинг гулдурос қарсаклари остида Икерга топширди. Тантанали маросимда намойиш этилган лавҳани залга жам бўлганлар, ҳатто Касильяснинг ўзи ҳам кучли ҳаяжон билан кузатишди: атиги 36 сонияли ролик посбоннинг 20 йиллик фаолиятидаги энг муҳим, ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган лаҳзаларни қамраб олганди. Жумладан, ЖАР мундиалида Арьен Роббеннинг кучли зарбасини бартараф этиш билан чемпионлик тақдирини ҳал қилган сэйви, «Реал» таркибида қўлга киритилган ЕЧЛ кубоклари, «қизил фурия» сафидаги қитъа чемпионатлари ғолиблиги ва жамоа сардори сифатида ЖЧ-2010 кубогини боши узра баланд кўтарган тарихий онлари лентага муҳрланганди. Тақдирлаш маросими интиҳосида моҳир посбон AS мухбирига келажак режалари ва долзарб мавзулар хусусида фикр билдирди.

«Мадрид» ҳақида

- Ишнинг энг қизғин палласи ҳали олдинда. ЕЧЛда «Мадрид»нинг тақдири ўз қўлида, Ла-Лига вакилларининг савияси нисбатан бир текис... Бу мавсум аввалгиларидан фарқ қилади.

Зайниддин Зидан ҳақида

- Зидан - малакали мураббий ва садоқатли дўст. «Мадрид»ни иложи борича юксакка олиб чиқиш учун у бор куч-маҳоратини аямайди. Ўтмиш билан яшаш мумкин эмас, аммо у ўз вазифасини муносиб адо этмоқда.

Рамоснинг янги шартномаси ҳақида

- Серхио ҳозир «Реал Мадрид»нинг рамзи мақомига кўтарилди. Бу жамоада доимо энг сара ўйинчилар тўп суриши керак.

«Реал»га қайтиши ҳақида

- Оила аъзоларим билан Мадридга қайтдик. Аввало, пойтахтга жойлашиб олишим лозим. Вақти келиб ҳаммаси ойдинлашади... бироқ «Реал Мадрид» - қадрдон уйим, унга қайтганимдан мамнунман.

Қоп-қора костюм кийган, шу рангдаги бўйинбоғ таққан Икер қироллик театри биносига ўзининг агенти ва ишончли вакили бўлмиш Карло Кутропиа ҳамкорлигида ташриф буюрди. Касильяс ҳозир ҳам нафақат ёш, балки катта ёшдаги ишқибозлар ўртасида ҳам ардоқли «кумир» мақомида. Уни қанчалик ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олингани фикримизни тасдиқлайди: шаҳардаги қатъий санитария қоидаларидан четга чиққан ҳолда мухлислар уни қучоқ очиб кутиб олдилар. Доимо қувноқ ва табассум билан юришга одатланган афсона улар билан, жумладан, эски қадрдони Рафаэль Надаль билан самимий саломлашди ва теннис афсонаси хусусида илиқ фикрлар билдирди.

- Рафа - барчага намуна бўладиган йигит, биз у билан фахр­ланамиз. Надаль қаерда бўлишидан қатъий назар, доимо «Реал Мадрид» ва Испания шарафини муносиб ҳимоя қилади.

Икер Касильяснинг миннатдорлик туйғулари ва ҳаяжонга йўғрилган оташин нутқи билан тантанали тақдирлаш маросими ниҳоясига етди.

- Бу юксак мукофотни кўп йиллик фаолиятимга берилган муносиб баҳо сифатида қабул қиламан. Шу давр ичида мен билан ҳамнафас, ҳамфикр бўлган кишилардан, ўз касбимнинг устаси бўлишимда билим ва меҳнатларини аямаган барча устозларим ва жамоадошларимдан, мукаммал инсон бўлишим учун бор имкониятларини сарфлаган ота-онамдан, шунингдек, қадрдон уйим бўлиб қолган «Реал Мадрид» ва ҳаётда иккинчи имкониятни берган «Порту» клубларидан бир умр миннатдор эканлигимни изҳор этаман. Испания терма жамоаси таркибида ватанимга, халқимга унутилмас қувонч ҳадя эта олганим билан фахрланаман... Ортда қолган фаолиятим давомида улкан тажрибага эга бўлдим. Истардимки, нав­батдаги тақдирлаш маросими ўзгача муҳитда ўтса. Демоқчи бўлганим - тез орада вакциналар етарли бўлади ва ҳаётимиз аввалги изига қайтади. Юксак эътибор ва мукофот учун AS наш­рига яна бир марта раҳмат айтаман.

Юқорида зикр этилганидек, Икер Касильяснинг футболчилик фаолияти шу йилнинг 4 августида поёнига етди. У эришган ғалабалар ва совринлар билан ҳар қандай футболчи фахрланса арзийди: ЖЧ-2010 олтин медалларидан ташқари, Икер Европанинг 2 карра (2008 ва 2012) чемпиони, шунингдек, 20 ёшгача бўлган футболчилар орасида жаҳон ва 16 ёшлилар ўртасида Европа чемпионати ғолиби. «Мадрид» таркибида у ЕЧЛнинг 3 карра, Ла Лиганинг 5 карра ғолиби, 2 марта Қирол кубоги, қитъалараро кубок ва Европа Суперкубокларини қўлга киритган. Бундан ташқари, битта клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати кубоги ва 4та Испания Суперкубоклари ҳам унинг коллекциясидан жой олган.

2019 йилнинг 1 май санасида таниқли дарвозабон инфаркт хасталигини бошдан кечирди ва шонли фаолиятини якунлашга мажбур бўлди. Ҳозир Movistar орқали Касильяс фаолиятидаги унутилмас лавҳалар ҳақида ҳикоя қилувчи «Colgar las alas» ҳужжатли фильми яратилмоқда. Картинанинг дастлабки 2 серияси эфирга узатилди, 4та серияси ўз навбатини кутиб турибди. Сўнгги серия Рождество байрамида намойиш этилади. Мазкур фильм ёрдамида томошабинлар нафақат футболчи фаолиятидаги ёрқин лавҳалар, балки унинг шахсий ҳаётидаги яқинлари доираси билан танишадилар.

Картина томошабинларга жуда маъқул бўлди. Қаҳрамонимиз қаерга боришидан қатъий назар, мухлисларидан фильмга оид ижобий фикрларни эшитмоқда. AS нашри мукофотини топшириш тантанаси чоғида ҳам дастлабки серияларни кўрган мухлислар ўз эътирофларини завқ-шавқ билан баён этдилар.

- Уларнинг юзидан балқиб турган хурсандчилик ва бахтиёрликдан вужудим тўлқинланиб кетди, бетакрор образлар... мақтовга лойиқ манзара. Кишиларга жуда ёқади.

Ҳеч кимни бефарқ қолдирмайдиган энг ёрқин лавҳа - Икерда юз берган инфаркт ҳолати. Касильяс ана шу ҳаяжонли ҳолатни намойиш этиш орқали ўзига ўхшаган беморларга далда бериш, хасталикни енгиш мумкинлигига ишонтиришни мўлжаллаган.

- Бу лавҳани намойиш этишдан мақсад - шундай фалокатдан кейин ҳам олға интилишни тўхтатмаслик кераклигини кишиларга кўрсатиш. Шунингдек, унинг мавҳум жиҳати ҳам йўқ эмас: шахсан мен бу борада аниқ тасаввурга эга эмасман, ҳаммамиз доимий равишда ўзгариб турамиз. Менга бу нарсанинг кераги йўқ, деган гапни кўп эшитдим. Бироқ бутун ҳаётим давомида мусобақалашишни ва қийинчиликларни енгиб ўтишни ёқтирадиганлар сирасиданман.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz