Қайднома

Қидирув

Мавсум кашфиётлари: Нагельсманнинг даҳшатли қуроли

Мавсум кашфиётлари: Нагельсманнинг даҳшатли қуроли

  21.12.2020 02:20
  0
  756
Мавсум кашфиётлари: Нагельсманнинг даҳшатли қуроли

Ўтган ҳафта ўз майдонида «МЮ»ни қабул қилган «РБ Лейпциг» ЕЧЛ гуруҳ босқичининг сўнгги турида «плей-офф» йўлланмасини нақд қилди - 3:2. Жамоа бу шарафли вазифани қаторасига иккинчи марта уддаламоқда. Ички чемпионатда ҳам Юлиан Нагельсманн шогирдлари рисоладагидек тўп суришмоқда.
Аввалги турда Мюнхенда чемпиондан очко тортиб олган «нов­вослар» (3:3) кейин ўз уйларида «Вердер» дарвозасига 2та жавобсиз гол уриб, мавқеларини мустаҳкамлаб олишди. Ана шу беллашувларда жамоанинг сўл қанот ҳимоячиси Анхелиньо самарали ўйини билан яққол ажралиб турди. Дарвоқе, Анхелиньо - вақтинчалик ҳимоячи, сермаҳсулликни эса нафақат шу учрашувлар, балки мавсум давомида намойиш этмоқда.

Энди самарадорликни белгилаб берувчи рақамларга эътибор беринг: барча турнирлардаги 17 учрашувда 7та гол ва 5та ассист. Ҳимоячи учун юксак кўрсаткич! Ҳозирда у «Лейпциг»нинг энг сермаҳсул ўйинчиси бўлиб тургани янада ҳайратланарли, тўғрими? Бироқ жамоа Тимо Вернердан жудо бўлгач, бош мураббий сўл қанот ҳимоячисини олдинги чизиқнинг даҳшатли қуролига айлантирди. Ажойиб ечим! Хўш, Нагельсманн бу ихтирога қай тариқа эришди?

Германиялик мутахассиснинг тинимсиз тараққий этаётган тизимида қанот ҳимоячилари муҳим ўрин тутадилар. «Лейпциг»нинг жорий мавсумдаги ассимметрик схемасига кўра (тўп билан 3-4-3, 3-5-2 ва 3-1-6, тўпсиз қолганда 4-2-3-1 ёки 4-1-4-1) винг­беклар кўпинча мураккаб схеманинг ҳал қилувчи бўғимига айланадилар.

Анхелиньонинг муҳим футболчи эканлигига ўйин амалиётидаги дақиқалар далил вазифасини ўтайди. Бундеслига доирасида у 900 дақиқалик имкониятнинг 894 дақиқасини (2-ўриндаги Дайо Упамеканода 705 дақиқа), ЕЧЛда 540 дақиқанинг 537 дақиқасини (бу борада яққол етакчи) майдонда ўтказди. Энди 23 ёшли испаниялик футболчининг ҳужумкор ҳаракатларини таҳлил этамиз.

Тактик хусусиятлари

Нагельсманн услуби хусусида шуни таъкидлаш жоизки, бу ғайритабиий схема қанот ўйинчиларидан ранг-баранг ҳаракатларни талаб этади. Икки нафар латерал - Анхелиньо ва Мукиеле ўз қанотларида ён чизиққа яқин жойлашган ҳолда ҳужум кенглигини ва нисбатан марказга яқинроқ жойдан жарима майдончасига ёриб киришни таъминлашади. Бундай хилма-хилликни уддалаш учун ижрочилардан юксак тактик тайёргарлик талаб этилади. Бу борада Анхелиньо ўта ақлли ўйинчи. У тўпни чизиқ ёнида қабул қилиб, сифатли узатмани (5 ассистнинг 3таси) амалга оширади.

Шунингдек, марказга яқинроқ ҳудуддан якунловчи зарбалар йўлланадиган нуқтага ўтиб, ҳужумни якунлаши ҳам мумкин. «МЮ»га қарши баҳсда Анхелиньо рақибнинг ўнг қанот ҳимоячисига яқинлашиб, ҳисобни очганди. Маълум бўлишича, ҳимоячи ҳисобидаги 4та голдан 3таси айнан шу услубда амалга оширилган. 30 метрли масофадан «Фрайбург» дарвозасига урилган гол стандарт вазиятлар учун кўргазмали қурол вазифасини ўташи мумкин.

Жисмоний  хусусиятлари

Анхелиньонинг жисмоний устунлиги сифатида аввало тезлиги ва рейдларини таъкидлаш жоиз. У қисқа узатмалар билан олға интилишни рисоладагидек бажаради. Биринчидан, кўпчилик рақибларидан тезроқ ҳаракатланади, тезлигини соатига 32 километрга кўтариш испаниялик футболчи учун муаммо эмас. Иккинчидан, у рейдни амалга ошириш вақтини белгилашда деярли хатога йўл қўймайди.

Мутахассислар «Шальке»га қарши учрашувда Анхелиньо 1 сонияда 8,75 метрни босиб ўтганига гувоҳ бўлишган. Жамоасининг йирик (4:0) ғалабаси билан якунланган ўша учрашувга мураббий қуйидагича изоҳ берганди: «Дарҳақиқат, бугун Анхелиньо учун алоҳида режа тузгандик. Тўп кўпроқ бизнинг назоратимизда бўлишини ҳисобга олиб, уни сўнгги чизиққа туширдик. Анхелиньонинг шиддатли рейдлари эвазига рақиб ҳимоясида кўплаб бўшлиқларга эга бўлдик. Шу боис, шогирдларим рақибнинг қизил ҳудудида тез-тез «эркин тўплар»га эга бўлишди».

Бўшлиқни ва олға интилиш вақтини аниқ ҳис этиш қобилияти бўйи 171 сантиметр бўлган футболчига бош билан гол уриш имкониятини берди. Ваҳоланки, унинг бўйи барча футболчиларникидан паст эди. «Аугсбург» билан баҳсдан кейин Юссуф Поульсен шундай деганди: «Ҳа, учрашув арафасида Анхелиньонинг голлари сони ҳужумчилар - мен ва Сёрлот иккимизнинг голларимиз йиғиндисига тенг эканлигини айтиб, кулишгандик. Қолаверса, у 2та голни бош билан урди, бизда эса бунақа голлар йўқ».

Техник хусусиятлари

Албатта, ҳимоячининг техник маҳоратини эътибордан четда қолдириш адолатсизлик бўларди. Четдан қараганда, Анхелиньонинг узатмалари радио тўлқинлари орқали бошқарилаётгандек туюлади. Бундан ташқари, у дарвозага зарба йўллашни ҳам, узатмаларни ҳам ўрнига қўяди. Шунинг­дек, қаҳрамонимиз тўпни тепишдан аввал жамоадошининг қаерда турганлиги ва имкониятини ҳисобга олади. Шу боис, аниқлик фоизи юқори бўлади.

Анхелиньо - «Нагельсманн - даҳо» иборасини тасдиқловчи далиллардан бири. Пеп Гвардиола уддалай олмаган (ёки буни истамаган) ишни, яъни испаниялик футболчи салоҳиятини Юлиан Нагельсманн кашф эта олди. Ҳа, Анхелиньо германиялик мутахассис раҳбарлигидаги бир йил ичида чап қанотнинг топ-ҳимоячиси мақомига кўтарилди. Испаниялик ҳимоячи навбатма-навбат «Тоттенхэм» ва «Атлетико»нинг (аввалги мавсум «плей-офф» босқичи), «ПСЖ» ва «МЮ»нинг (жорий мавсум гуруҳ босқичи) ўнг қанотларини бутунлай синдирди. Навбат - яна «плей-офф»га.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz