Қайднома

Қидирув

Златко Далич: "Жамоам кўп нарсага қодир"

Златко Далич: "Жамоам кўп нарсага қодир"

  01.01.2021 03:30
  0
  292
Златко Далич:

2018 йил Хорватия футболига унутилмас ғалабаларни тортиқ этди. Жумладан, Златко Далич бошқарувида ўйнаган митти мамлакат миллий терма жамоаси Россия мундиалида ёрқин ва томошабоп футбол кўрсатиб, фақат финалда французларга 2:4 ҳисобида имкониятни бой берди. Кейин эса шафқатсиз вақт тақозоси билан жамоада ўтиш даври бошланди - Марио Манжукич ва Даниэль Субашич каби фахрийлар халқаро миқёсдаги фаолиятларини тўхтатишди. Шунга қарамай, бошқарув тизгинини 2017 йили қўлга олган Далич хорватларни янги марралар сари ундаш миссиясини давом эттиришга қарор қилди. Мана, таркибни иқтидорли ёшлар билан тўлдирган 54 ёшли мутахассис жамоани Евро-2020 саралашидан муваффақиятли олиб ўтди. Бироқ янги йилнинг ёзига белгиланган турнир финал раундидан олдин хорватларни яна бир жиддий синов кутиб турибди - Далич шогирдлари март ойида ЖЧ-2022 саралаш босқичига киришадилар. ФИФА расмий сайти мухбирлари ва хорватиялик мутахассис ўртасидаги мулоқотда жамоа олдида турган вазифалар, уларни адо этишга қаратилган тайёргарлик жараёни, шунингдек, коронавирус пандемияси туфайли юзага келган муаммоларни бартараф этиш мавзулари хусусида гап борди.

- Жаноб Далич, жамоангиз ЖЧ-2022 саралашида Россия, Словакия, Словения, Кипр ва Мальта термалари билан 1та гуруҳда ўйнайди. Бу масалада қандай фикрдасиз?

- Енгил гуруҳ эмас, албатта, ҳар ҳолда, ҳар қандай жамоанинг энг катта орзуси - ЖЧда иштирок этиш. Ҳа, гуруҳимиз анчайин мураккаб, шунга қарамай, жамоамиз фаворитлик мақомига муносиб, менимча. Ахир биз жаҳоннинг амалдаги вице-чемпионимиз. Словакия термаси билан Европа биринчилиги саралашида куч синашиб кўрдик, бу рақиб бизга яхши таниш. Словаклар «плей-офф» беллашуви орқали Евро-2020 финал босқичи йўлланмасини қўлга киритишди. Россия термаси эса ўз уйидаги мундиалда жамоамиз учун хавфли рақиб ролида гавдаланган эди. Русларнинг юксак салоҳиятларини испанларни маҳв этишгани ҳам тасдиқлайди. Словения термаси Матяш Кек раҳбарлигида савиясини тобора ошириб бормоқда. Бу мураббий Хорватияда ишлаган ва жамоамиз салоҳиятини яхши билади. Қолаверса, қўшничилик мақоми ҳам бизга қарши ўйинларда бор имкониятларни сарфлашини тақозо этади. Кипр ҳамда Мальта термалари ҳам ўз гуруҳлари етакчилари ҳисобланади. Лекин рақиблар ўз йўлига, асосийси, қўл остимдаги жамоанинг юксак савияси ва сифатига ишонаман.

- Саралаш турнирида қандай муаммолар юзага келишидан хавотирингиз бор?

- Аввало, айтишим керак, март ва сентябрь ойларида бизни ўта тиғиз иш графиги кутиб турибди: ҳар ҳафта 3тадан ўйин. Машғулотлар ташкиллашга деярли вақт бўлмайди. Олис сафарлар орқали 3та муҳим учрашувда майдонга тушиш осон эмаслиги аниқ. Бундан ташқари, футболчилар ўз клубларида толиқиб қолишлари мумкин. Шундай экан, имкон қадар яхшироқ натижага эришиш учун мавжуд имкониятлардан максимал даражада фойдаланиш талаб этилади. Тўғри, ҳозир барча жамоалар олдида шундай қи­йинчилик бор. Демакки, тиғиз тақвим омадсиз иштирокни оқлашга далил бўлолмайди. Иккинчи муаммо шуки, бўлажак саралаш турнири ўртасида Европа чемпионати финал раунди борлиги жамоалар учун ғайритабиий ҳол. Мисол учун, дейлик, ЖЧ саралашини муайян таркиб билан бошлаймиз, аммо қитъа чемпионатидан кейин қайсидир футболчи жамоадан тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Бундай ҳолда саралаш жараёнининг қоқ ўртасида таркибни зудлик билан тўлдириш зарурати юзага келади.

- Бўлажак мундиал мезбони - Қатар ҳақида нималар биласиз?

- Фаолиятим давомида Яқин Шарқда, аниқроғи, Саудия Арабистони ва БААда ишлаш имкониятига эга бўлдим. Ҳудуднинг маданияти билан танишман, одамлар билан ҳам. Умуман, Яқин Шарқдаги даврдан ижобий таассуротдар қолган. У ерда ҳозир ҳам етарлича дўстларим бор. Қисқаси, ҳудуд ҳақида маълум тушунчам бор ва Қатар мундиалининг аъло даражада ўтишига шубҳаланмаяпман. Ўйлайманки, қатарликлар ЖЧ-2022 футбол тарихига ёрқин саҳифа сифатида кириши учун барча имкониятларни ишга солишади.

- Демак, сизнингча, барчамизни олдинда ўзгача чемпионат кутмоқда. Шундайми?

- Ҳа. Фақат коронавирус пандемияси бутунлай чекиниши ва турнир ўйинлари мухлислар билан тўлган стадионларда ўтишидан умидворман. Асосий фарқ, Яқин Шарқдаги дастлабки ЖЧ мухлисларга ҳар куни 2та ўйинни бевосита стадионда томоша қилиш имкониятини беради. Чунки ареналар бир-бирига жуда яқин жойлашган ва ўйлайманки, Қатарда Олимпиада ўйинлариникидан қолишмайдиган ажойиб муҳит шакллананади. Мезбонларнинг стадионлардаги қулайликлар, ташкилий ва хавфсизлик масалалари борасида барча чораларни кўришларига ишончим комил.

- Жамоангиз ЖЧнинг амалдаги финалчиси. Ҳозир босим шунга яраша анча кучли бўлса керак...

- 2018 йили биз учун ўта муваффақиятли келгани ва бундай давр ҳар 2 ёки 4 йилда такрорланмаслигини мухлислар тўғри тушунадилар, менимча. Шахсий фикримча, Россияда кучлироқ босим остида ўйнагандик. Чунки мундиал бир қатор фахрий футболчилар учун сўнгги имконият эканлигини яхши билардик. Ҳозирги босимнинг кўлами - саралашдан муваффақиятли ўтиш. Албатта, яна энг сара жамоалар қаторига қўшилишни истаймиз. Финал раундида эса исталган рақибга муносиб қаршилик кўрсатиш учун керакли сифат ва маҳоратга эга эканлигимизни билган ҳолда майдонга тушамиз. Тўғри, Хорватия термаси биринчи рақамли фаворитлар сафида эмас. Фикримча, бундай мақом Франция, Испания, Германия, Бразилия, Аргентина, Англия, Италия, Бельгия ва Португалия термаларига тегишли. Муҳими, Хорватия футболи тарихий парвозга қодирлигини 1998 ва 2018 йилларда исботладик. Нима бўлишидан қатъий назар, мундиалда жамоам кучли босим остида ўйнаши ҳақидаги фикрдан йироқман.

- ЖЧ-2018дан кейин айрим футболчилар терма жамоа билан хайр­лашдилар. Жамоангизнинг ҳозирги таркиби хусусида кенгроқ маълумот берсангиз...

- Дарҳақиқат, Россия мундиалидан кейин таркибда жиддий ўзгаришлар юз берди. Энди Ракитич, Манжукич, Субашич ва Чорлука каби фахрийлар хизматидан фойдаланолмаймиз, уларнинг ўрнини эгаллаган ёш иқтидорлар олдида янада муҳимроқ вазифани адо этиш масаласи турибди. 2018 ва 2020 йиллардаги Европа Миллатлар лигасида янги ўйинчиларга имконият бердик ва Евро-2020 саралашини рисоладагидек ўтказдик. Лука Модрич ҳамон жамоамиз етакчиси, Брозович ва Ковачич эса дунёнинг энг яхши ярим ҳимоячилари сафида боришмоқда. Перишич, Вида ва Ловрен каби фахрийлар бизни бебаҳо тажриба билан таъминлашмоқда. Ёшлардан Брекало ва Влашич ўз салоҳиятларини тўла-тўкис намойиш этишга улгуришди. Қисқаси, келажак сари ишонч билан одимлаяпмиз.

- 2021 йили қизиқарли мусобақаларга бой бўлади - Европа чемпионати, ЖЧ-2022 саралаши... Хўш, режалар қандай?

- Россия мундиалидаги муваффақият мухлисларимиз учун унутилмас воқеа бўлди. Бу қўшимча мотивация бериши керак. Миллатни шунчалик бахтиёр кўришдан буюкроқ хурсандчилик йўқ. Айниқса, пандемия даврида халқимиз бизни умид билан кузатиши аниқ. Уларга яна қувонч улашиш учун бор имкониятни ишга солишимиз, Россиядаги жасоратни такрорлашга уриниб кўришимиз шарт. Ҳа, айтганимдек, ҳозир бир қатор жамоалардан ортдамиз. Муҳими, ўз савиямизга ишонамиз, ҳеч қайси рақибнинг устунлигини тан олмаймиз.

- Умуман, 2020 йилни қандай баҳолайсиз? COVID-19ни ҳисобга олганда, оғир йил бўлдими?

- Ноябрь ойидаги охирги учрашувлар чоғи йил тезроқ тугашинини кутаётганинимни айтгандим. Энг даҳшатлиси, қанчадан-қанча инсонлар ёруғ дунёдан кетишди. Бундан ташқари, ҳамма карантин ва бошқа чекловлар туфайли жабр кўрди. Боз устига, мухлисларсиз бўм-бўш стадионларда ўтаётган эҳтироссиз учрашувлар... Энг ёмони, ўйинлар арафасида тактика, жисмоний тайёргарлик каби футболга тааллуқли жиҳатларни четга суриб қўйиб, коронавирусни аниқлаш учун топширилган тест натижаларини кутдик. Хуллас, даҳшатли йил... Албатта, янги йил хайрли келишидан умидворман.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz