Қайднома

Қидирув

Азиз Турғунбоев: «Хорижда тўп сурмоқчиман»

Азиз Турғунбоев: «Хорижда тўп сурмоқчиман»

  02.01.2021 12:00
  0
  364
Азиз Турғунбоев: «Хорижда тўп сурмоқчиман»

Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси етакчиси Азиз Турғунбоев sports.uz мухбири билан суҳбатда якунланган мавсум, «Навбаҳор»даги фаолияти ва янги таклифлар борасида фикр билдирди.

- Мавсумни жуда яхши бошлагандик. Аммо пандемия сабабли, эндигина спорт формамизга кирган пайтимизда Суперлига ўйинлари тўхтаб қолди, спорт формасидан чиқиб қолдик. Шу сабабли зарур очколарни йўқотдик. Чунки пандемия даврида машғулот қилинмади. Чемпионат Тошкентда марказлашган ҳолда давом эттирилган пайт жа-моамиз аъзолари қароргоҳдан бошқа жойга чиқишмади, қолаверса, қатор шерикларим касал бўлиб қолишди. Натижада АГМКга қарши кечган учрашувда аралаш таркиб майдонга тушди. Тўғри, маълум вақт ўтганидан сўнг, етакчиларимиз яна сафга қайтишди. Бироқ унгача анча очколарни бой бериб бўлгандик. Шу боис, юқори ўринлар кураша олмадик, менимча.

- Жамоангизнинг Ўзбекистон кубоги чорак финалида «Насаф» билан бўлиб ўтган баҳси борасида ҳам тўхталсак. Боиси, миллий чемпионатдаги омадсизликдан кейин «Навбаҳор» барча эътиборини Ўзбекистон кубогига қаратганди. Қаршиликлардан учралган мағлубият фаолиятингиздаги энг аламлиси бўлдими?

- Суперлигада юқори поғоналардан ўрин ололмаганлигимиз сабабли, бор эътиборни Ўзбекистон кубогини қўлга киритишга қаратгандик. Боиси, мазкур мусобақа финали Наманганда ўтказиларди. Бу эса бизга қўшимча мотивация берарди. «Насаф»га бой берилган ўйин ҳақиқатан ҳам фаолиятимдаги аламли мағлубият бўлди, десам муболаға бўлмайди. Чунки бундан олдинги учрашувларимиз бунчалик шиддатли ва қийин кечмаганди. Афсуски, қўшимча бўлимда йигитлар чарчаб қолишдими, ўз дарвозамиздан иккинчи тўпни ўтказиб юбордик. Асосийси, клуб раҳбарлари ва вилоят ҳокими жамоамизга далда бериб, «Таслим бўлиш йўқ, ке-йинги йилга янада жиддий курашамиз», деб таъкидлашди.

- «Навбаҳор»да мураббий алмашди. Андрей Канчельскис билан Нўъмон Ҳасанов ўртасида қандай фарқни кўрдингиз?

- Иккаласи ҳам ажойиб мураббийлар. Ўзига яраша ўйин услублари бор. Тактикалари алоҳида-алоҳида бўлишига қарамай, ўйин услублари маъқул келди. Канчельскиснинг натижа кўрсата олмагани пандемия ва футболчиларнинг касал бўлиб қолгани билан боғлиқ, деб ўйлайман. Кейин Нўъмон Ҳасанов бош мураббийлик қилди. Йигитлар ҳам соғайиб, сафга қайтишганди. Натижаларимиз ижобий томонга ўзгарди. Лекин иккала мураббийнинг ҳам иши менга ёқди.

- «Пахтакор» яна бир бор сизни ўз сафида кўриш истагини билдиргани тўғрисида маълумотлар бор. Бу «Навбаҳор»даги охирги мавсумингизми?

- Жамоа билан яна шартномам бор. Тўғри, менга хориж клубларидан ҳам қизиқишлар бўляпти. Шунингдек, «Пахтакор»дан ҳам таклиф олдим. Лекин ҳали қайси жамоага ўтишим аниқ эмас. «Нав­баҳор» раҳбарлари келиша олишса, хориж жамоа­си таркибидан ўрин олишим мумкин.

- «Пахтакор» вариантига нима дейсиз? Ушбу жамоа билан ўртангизда юз берган воқеа ҳамон ёдимизда...

- «Пахтакор»да тўп суришни кўплаб футболчилар хоҳлашади, орзу қилишади. У ерда топ-ўйинчилар бор. Аммо мазкур жамоада тўп сургандан кўра, хорижда фаолият олиб борганим маъқул, деб ҳисобладим. Тўғри, ҳали «Пахтакор»га ҳам йўқ, демадим. Барибир, кўпроқ легионер сифатида тўп суришни хоҳлаяпман. Чунки чемпионатимизда яна қоладиган бўлсам, ёшим ҳам 30га қараб кетяпти. Бир-икки йил ўзимизда тўп сурсам, кейин четдан таклифлар бўлмайди. Шунинг учун иложи борича хорижга кетишга ҳаракат қиляпман.

- Яқинда сизга Португалия клубларидан таклиф бўлганини эшитдим. Бу қанчалик ҳақиқат?

- Қизиқиш бўлди-ю, аммо у 100 фоизлик эмасди. «Мана шартнома, келсин», деган гап бўлмади. Португалияликлар фақат қизиқиб кўришди. Агар уларнинг таклифлари жиддий бўлганида, шартнома жўнатишлари мумкин эди. Назаримда, португалияликлар охиригача ҳаракат қилишмади.

- Мухлисларга нима дея оласиз?

- Уларга раҳмат. Пандемия шароитида ҳам бизни қўллаб, ҳамиша биргамиз, дея далда бериб турдилар. Тўғри, бу мавсумда ишқибозларимизнинг ишончини оқлай олмадик. Келаси йили яхши ўйинлар билан уларни хурсанд қилишга интиламиз. 

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz