Қайднома

Қидирув

Ясухито Эндо: "10-рақам" футболга қайтса эди..."

Ясухито Эндо: "10-рақам" футболга қайтса эди..."

  03.01.2021 05:25
  0
  371
Ясухито Эндо:

Жаҳон футболи Японияда 40 ёшли  (ҳаттоки, баъзида 50 ёшли) фахрийлар мунтазам равишда майдонга тушиб, юқори даражада ўйин кўрсатаётганларидан ҳайратда. Уларнинг профессионал спортда узоқ вақт қолишлари ва ҳаёт ҳамда  футболга соғлом ёндашувлари сири нима? Ушбу мавзуда суҳбатлашиш учун мақбул номзодлардан бири - Ясухито Эндо. Ҳар ҳолда, у Япония терма жамоаси ва «J»-лигада энг кўп ўйин ўтказган футболчидир. Диққат қилинг, Эндо эртакнамо профессионал фаолиятида 800тадан ортиқ учрашувда майдонга тушган. Муҳими, шу баҳсларда юксак техник қобилияти, ўйинни нозик илғай олиши ва узун узатмалари билан кенг оммага танилган. Ясухито айни пайт «J» 2-лига (Япония иккинчи дивизиони) иштирокчиси «Жубило Ивата» сафида ижара келишуви асосида ўйнамоқда. Трансфер ҳуқуқи эса «Гамба Осака»га тегишли. Хуллас, ФИФА расмий сайтининг навбатдаги эксклюзив меҳмони - Япония футболи тарихидаги энг яхши ўйинчилардан бири Ясухито Эндо. Шу йилнинг бошида ўйинлар сони бўйи­-ча «J»-лига рекордини янгилаган 40 ёшли фахрий суҳбат давомида шахсий ҳаёт фалсафаси, ЖАР-2010 хотиралари ва бошқа мавзулар ҳақида гапириб берди.

- Ясухито, «Жубило Ивата» нимаси билан сизни ўзига ром этди?

- Шунчаки, клубда йўлга қўйил­ган футбол маъқул тушди. Чунки «Ивата» ўйин услуби бўйича олдинги жамоаларимдан кескин фарқ­ланади. Мана, «Гамба Осака»да узоқ вақт ўйнадим. Япония ҳудуди дейлик, АҚШники сингари катта эмас, аммо Осака ва Сизуока префектуралари ўртасида катта фарқ бор. Очиғи, ўзгача маданиятга қоришиб кетган футболдан завқланяпман.

- Футболга кучли муҳаббатингиз қаердан ва қандай пайдо бўлган?

- Бунда вақтида футбол билан шуғулланган акамнинг таъсири катта. Айнан унинг ортидан миллионлар ўйинига меҳр қўйдим. Болалигимда мунтазам акамнинг ўйинларини кузатардим. Қисқаси, унинг кучли таъсири билан футбол асирига айландим-қўйдим.

- Бошидан ярим ҳимояда ўйнаганмисиз ёки...?

- Йўқ, дастлаб ҳужумчи эдим. Албатта, гол уришни ёқтирардим, лекин 14 ёшда ярим ҳимояга ўтказишди. Тўғриси, марказий ҳудудда тўп суриш нисбатан осонроқ бўлишини ўйлагандим (кулади). Энди ушбу позицияда ўйнаш нақадар оғир ва масъулиятли эканлигини яхши биламан. Ҳаммадан кўпроқ югуришга тўғри келади.

- Японияда ҳали ҳам 40 ёш ва ҳаттоки, 50 ёшдан ошиб, юксак даражада ўйин намойиш этаётган бир қатор машҳур футболчилар бор. Бунинг асосий сири нима, умуман, япон футболидаги ушбу тенденцияни қандай изоҳлаш мумкин?

- Очиғи, қандайдир сирдан умуман хабарим йўқ! Менимча, японлар футболдан қандай воз кечишни билишмайди. Ўзи бизда воз кечолмаслик менталитети мавжуд.

- ЖАР-2010 сиз учун энг самарали турнир бўлди. Ўша мундиалнинг японларга муваффақият келтиргани нима билан боғлиқ?

- Яна бир қийин савол, аммо жавоби аниқ. Жаҳон чемпионати саралаш босқичларидан сўнг тайёргарлик ва ўртоқлик учрашувларига зўр бердик. Тўғри, уларда айтарли натижа кўрсатолмадик. Яъни кучли рақибларга қарши кечган ўртоқлик ўйинларидан ҳеч бирида ғалаба қозонолмадик. Шунинг таъсиридами, нафақат Япония, балки бошқа мамлакатларда ҳам жамоамиздан ЖАР мундиалида қандайдир каромат кутишмади. Оддий айтганда, биз Африкага ташқи босимдан холи ҳолда бордик. Қолаверса, ўртоқлик ўйин­ларидаги ёмон натижалардан кейин яхши ўйнаб кетишга ишонгандик. Чунки уларда мураббийлар натижага парво қилмай, бор эътиборни муайян ўйин ритмини шакллантиришга қаратишганди. Япония ОАВда эса, мухлислар Жанубий Африкада биздан ҳеч нима кутмасликлари ҳақида бонг урилаверди. Бу ҳам ҳамиятимизга теккандир... Шу аснода япон футболининг асл кучини намойиш этишга аҳд қилдик. Қисқаси, ўша пайт жамоада кучли руҳият шаклланган эди.

- Хорижда ўйнашдан кўра, бутун фаолиятингиз давомида Японияда қолишни афзал билдингиз. Нега? Умуман, сизни қизиқтирган бирор таклиф тушган ёки имконият туғилганмиди?

- Аслида бошқа мамлакатлар клубларидан етарлича таклифлар олганман, лекин ҳамиша чорловни синчиклаб ўрганардим. Бошқача айтганда, ҳар бир мамлакат футболи услубига катта аҳамият берганман. Бироқ бирор услуб шахсий фалсафамга мос келмаган, шунинг учун хорижга чиқишдан наф йўқ, деб ўйлаганман. Охир-оқибат, бутун фаолия­тимни Япония лигасига бағишладим ва бу қароримдан асло афсусланмайман. Шунинг баробарида ишончим комилки, хорижда ҳам муносиб ўйнай олардим. Бу хулосага анча олдин келганман ва қарашларим ҳали ҳам ўзгармаган.

- Ноёб, деярли тасодифий пенальти тепиш техникаси билан танилгансиз. Бу майдондан ташқарисидаги инсоний фазилатларингизни тавсифлай оладими? Яъни футболдан ташқарида чиндан ҳам, шунчалик хотиржаммисиз?

- Ҳа, пенальти тепишда ўзимни жуда хотиржам тутаман. Бунда сўнгги лаҳзага қадар ҳеч нарса ҳақида ўйламасликка ҳаракат қиламан. Шундай экан, зарбадан олдин тўпни қайси томонга йўналтиришни ҳал қилмайман. Ҳаммаси сўнгги лаҳзадагина табиий равишда бўлади. Биламан, агар хато қилсам, жуда уятда қоламан. Маш­ғулотлар майдонидан чиқиб, футболни бутунлай унутадиган, у ҳақда мутлақо ўйламайдиганлар тоифасиданман. Дейлик, ўйинларни ҳам сира томоша қилмайман.

- Етакчилик қилиш ва кейинги авлод футболчиларини бошқаришни хоҳлайсизми? Бошқача айтганда, ёшларга ёрдам бериш қўлингиздан келадими?

- Энг муҳими, яхши футбол намойиш этиб, уларда муносиб таассурот уйғотиш керак. Яъни барчасини фақат сўзлар эмас, амалда ҳам кўрсатмоқчиман. Ҳозирча ёшларга майдоннинг ўзида, ўйинлар давомида чиройли ҳаракат қилиш, заргарона узатмалар бериш асносида ёрдам берганим маъқул. Албатта, машғулотлар жараёнида ҳам ёш футболчиларга керакли маслаҳатлар беришим мумкин.

- Анъанавий «10-рақам» роли футболнинг ўта юксалиб бориши натижасида йўқолиб бормоқда. Ҳар ҳолда, тезкорлик ва куч биринчи ўринга чиққани кўп айтилади. Бу фикрга қўшиласизми? Агар чиндан ҳам, шундай бўлса, бугунги кун футболига ижодкорлик етишмаяптими?

- Тенденция ўзгариб бораётганини пайқаш қийин эмас. Афтидан, одамлар куч ва тезликни кўпроқ қадрлашмоқда. Болалигимда мен ҳам «10-рақам» ролини яхши кўрардим ва Платини, Зико, Марадона ҳамда Кройфф каби ўйнашни хоҳлардим. Умуман, «10-рақам» позицияси замонавий футболга тезроқ қайтишини истайман. Шунда ўйин жозибадорлиги янада ошарди.

- Ихтиёрингизда фаолиятингизни давом эттириш учун яна бир неча йил қолди. Нафақага чиққанингиздан сўнг нима билан шуғулланмоқчисиз?

- Бу масалада ҳали аниқ бир тўхтамга келганим йўқ. Аввалига хотиржам дам олиш ва дунё бўйлаб саёҳатга чиқишни хоҳлайман. Зеро, узоқ вақт давомида ўйнадим ва кўп ишладим. Менимча, яхши саёҳат ва ҳордиқ учун муносибман. Шундай экан, бутсаларимни михга илганимдан кейин маълум вақтни фақат саёҳат орқали дунё кезишга ажратмоқчиман. Жумладан, ЮНЕСКО томонидан жаҳон мероси сифатида тан олинган объектларни кўришни хоҳлайман, иложи борича кўпроғини.

- Футбол ортда қолган йиллар давомида сизга нимани ўргатди? Ҳаётдан қандай сабоқ олдингиз?

- Эҳ-ҳе, ҳаммасини футболдан ўргандим. Фаолиятим давомида кўплаб нотаниш одамлар билан учрашдим, дўстлашдим. Дўстларим мен учун ҳамиша азизлар. Қисқаси, футбол ичида улғайдим, ўйинчи сифатида кўплаб мамлакатларга бордим ва турли маданиятлар билан озми-кўп танишдим. Муҳими, ўйиним билан одамларни ҳаракатга келтирдим, хурсанд қилдим. Бундай бахт ҳамон мен билан бирга. Шунинг учун ҳам ҳалигача ушбу сеҳрли ўйин ичидаман.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz