Қайднома

Қидирув

Футболимизда фалсафа йўқми?

Футболимизда фалсафа йўқми?

  07.01.2021 02:02
  0
  538
Футболимизда фалсафа йўқми?

Сўнгги пайтлар ижтимоий тармоқларда футболимизга дахлдор очиқ-ошкора мулоқотлар кўпайди. Уларда айниқса, Бахтиёр Ашурматов, Азиз Ҳайдаров, Темур Кападзе каби собиқ футболчилар фаоллиги яққол кўзга ташланди. Қувонарлиси, мулоқотлар жараёнида футболимиздаги муаммоларга ечим изланмоқда. Жумладан, Азиз Ҳайдаров энг катта муаммо сифатида футболимиздаги фалсафа масаласига эътибор қаратди. Терма жамоаларимизга масъул раҳбарнинг фикрига кўра, футболимизда умумий ва ягона фалсафа йўқ. Айнан фалсафий тарқоқликнинг якуний натижаларга салбий таъсири кучли. Умуман олганда эса, иллатлар занжиридан халос бўлмагунча, футболимиз мундиал борасидаги орзусига эришолмайди. Азиз Ҳайдаровнинг юқоридагилардан келиб чиқадиган хулосаси оддий ва лўнда: бутун тизим бир хил ўйлаши керак, яъни ягона фалсафага бўйсундирилиши лозим. Бир қарашда ҳаммаси тўғри ва ўринли. Итальянларнинг ҳимоявий, немисларнинг аниқликка асосланган, испанларнинг жозибадор, инглизларнинг атлетик, французларнинг кўпроқ марказни ушловчи ёки тотал футболи кишини шундай фикрлашга ундайди. Жаҳон футболида ёрқин из қолдирган ва бугун ҳам етакчилик мақомида юрган терма жамоалар ўйини беихтиёр шундай таассурот уйғотади. ОФК талаби ҳам шундай. Боз устига, ғояни ўртага ташлаётган мутахассис кўпни кўрган, халқаро майдонларда тўп сурган футболчи. Демак, умумийлик ва ягоналик тамойилини футболимизга жорий этилиши эҳтимоли катта. Зеро, Азиз Ҳайдаров жон куйдириб, шундай сўзламоқдаки, футболимизга дахл­дор унча-мунча мутахассислар «Шу йўлдан борилгани маъқул!» - деб юборишлари ҳеч гап эмас. Биз эса терма жамоаларимизга масъул фидойи раҳбарнинг изланишга чорловчи позициясини қўллаб-қувватлаган ҳолда, бир хиллик тамойили масаласида жиддий эътироз билдирмоқчимиз.

Унутмайликки, бир хиллик тамойили ҳеч қачон яхшиликка олиб бормайди. Бу тамойилнинг натижаси вақтинча ва оқибати аянчли. Жаҳон футболидаги номдор терма жамоаларнинг ўйин услублари парда мисоли кўзларимизни тўсиб қўймасин ва асл моҳиятни билмай қолмайлик. Ҳа, бош­қа ҳар қандай соҳада бўлгани каби футболимиз тараққиётининг асоси - рангинликда. Футболимизни айнан рангинлик қутқаради. «Реал» ва «Барселона», «Атлетик» ва «Атлетико»нинг ўйин фалсафасини бир-бирига қиёслаб кўринг-чи? Мазкур жамоалар бир хил фалсафа асосида футбол ўйнашини тасаввур қилиш мумкинми?! Йўқ, албатта. «Қизил фурия»нинг умумий ўйин услуби испан клубларининг алоҳида-алоҳида, бир-бириникига ўхшамаган фалсафаси асосида шаклланади. Шунинг учун у - терма жамоа. Бош мураббийнинг вазифаси - мана шу фалсафалар вакилларини бир байроқ остида бирлаштириш. Терма жамоалар ўйин услубига бутун бошли миллий футбол фалсафаси кўламида қараш ўзини оқламайди. Бошқача айтганда, терма жамоа ўйини яхши ҳолатда миллий футбол кўзгуси бўлолмайди. Бунда бош мураббийнинг футболга ёндашуви ҳам аҳамиятга молик. Яққол мисол - Гус Хиддинкнинг турли терма жамоалардаги фаолияти.

Қолаверса, феъл-атвор, миллий менталитет ҳам футболда алоҳида ўрин тутади. Кимдир қизиққон, бошқаси совуққонроқ. Совуққон ва қизиққонлар орасида ҳам бир-бирига ўхшамайдиганлари бор. Хўш, ўзбек футболи шу пайтга қадар қандай фалсафага асосланган ва Азиз Ҳайдаров нимани изламоқда?

Тарихга назар ташласак, «Пахтакор» кучли жамоаларни енггани ва кутилмаганда, аутсайдерлардан енгилганига гувоҳ бўламиз. «Пахтакор» ХХ асрнинг 60-70-йилларида халқимиз табиатидан келиб чиққан ҳолда, ҳужумкор футбол кўрсатарди. Биродар Абдураимов ва Тўлаган Исоқов, Владимир Фёдоров ва Василис Хазипанагис каби футболчилар минглаб мухлислар олқиши ва талаби остида ҳужумга ташланар, дриблинг ишлатиб, марказдан ёриб киришга тиришардилар. Бундай ҳолатда ўйин маромини гол ва кайфият белгилайди. Шунинг учун «Пахтакор»­нинг ўйин вақтидаги ижобий ва салбий натижалари 50х50 кўринишида бўлган. Миржалол Қосимов мураббийлигидаги «Бунёдкор» ОЧЛ доирасида Япония ва Жанубий Корея клубларига қарши кучли ҳамда кутилмаган қарши ҳужумга асосланиб ўйнарди, муваффақиятларга эришганию, охир-оқибат, немис мураббийи раҳбарлигидаги «Бурирам Юнайтед»га ютқазгани ёдимизда ҳамон. Миллий терма жамоамизнинг ҳам мундиал маррасига яқин қолганида, неча марта тўхтаб қолганига гувоҳмиз. Биз тилга олган уч ҳолат - футболимизда турли фалсафалар яшаётганидан далолат. Уларга кенг йўл! Футболимиз шу каби равнақ фалсафалар сабаб тирик ва гўзалдир.

Натижалар эса мураббийлар билан боғлиқ аксарият ҳолатда. Дейлик, Вадим Абрамов ҳимоявий тактикани тан олмаган ва бош жамоамиз Осиё кубоги-2011да Австралия термасига шармандали ҳисобда ютқазганди. Агар у ўйин услубига керакли паллада тегишли ўзгартиришлар киритганида, жамоамиз ЖЧ-2014 саралаш босқичида мақсадга эришарди. Шунда мураббий истеъфога ҳам чиқарилмасди. Миржалол Қосимов қатъият билан чартер рейс талаб қилганида, терма жамоамиз Ж.Кореяга хотиржам етиб борганида, ўз дарвозамизга гол урилмасди балки... Футболимизда фалсафа бор, лекин натижа йўқ. Якуний натижада эса фалсафа айбдор эмас.

Тўғри, ОФК майдонлари янги фалсафани тақозо қилади. Янги лойиҳани мутахассислар танлашади. Фақат бу лойиҳа -  фалсафани ҳаммага мажбуран тиқиштирмаса, бас! Зеро, бир хиллик футболимизни беш баттар ғариблаштиради ва ундаги инқирозни кучайтиради. Хилма-хиллик эса вақти келиб, барчасини тартибга солади. Ҳозир эса энг муҳими - коррупцияга қарши курашиш.

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz