Қайднома

Қидирув

Элитадан ташқарига назар ёхуд "ТОП-5" лигасидан ташқаридаги қимматбаҳо футболчилар ҳақида

Элитадан ташқарига назар ёхуд "ТОП-5" лигасидан ташқаридаги қимматбаҳо футболчилар ҳақида

  08.01.2021 04:16
  0
  331
Элитадан ташқарига назар ёхуд

Ҳар бир ўйинчининг трансфер қиймати унинг майдонда амалга ошираётган ҳаракатига қараб, тез-тез ўзгаради. Бунга турли кўрсаткичлар таъсир кўрсатади: футболчининг муваффақияти, ёши, статистикаси, жароҳатланиш даражаси... Кўпчилик асосан Лионель Месси, Криштиану Роналду, Килиан Мбаппе каби юлдузларнинг трансфер қийматига боғлиқ ўзгаришларни кузатади. Лекин бугунги мақолада кенг омма унча эътибор қаратмайдиган ижрочилар ҳақида маълумот берамиз. Оддий айтганда, элит чемпионатлардан ташқаридаги энг қимматбаҳо 10 нафар футболчига назар соламиз.

Никола ВЛАШИЧ -25 миллион евро

Клуб: ЦСКА

Лига: Россия Премьер лигаси

Влашич ҳозирда РПЛнинг энг яхши легионерларидан биридир. Хорватиялик марказий ярим ҳимоячи ўтган ёз Италиянинг жиддий клублари эътиборида турди, аммо якунда камида яна бир мавсум «армиячилар» сафида қолишни маъқул кўрди. 23 ёшли хавбек жорий мавсум барча турнирлар ҳисобидан 20та ўйинда қатнашиб, 7та гол ва 5та самарали узатма муаллифига айланди. Катта эҳтимолки, Влашич келаси ёзда ЦСКА билан хайрлашади. Чунончи, Москва клуби евротурнирларда омадсизликка учради, ички чемпионатда ҳам тез-тез очко йўқотяпти. Дарвоқе, «Наполи» анчадан буён Никола учун асосий даъвогар сифатида тилга олинмоқда.

Дониэль МАЛЕН -25 миллион евро

Клуб: ПСВ

Лига: Нидерландия Эредиви­зио­ни

Нидерландия лигасида яхши футболчилар кўп. Энг яхшиларидан бири шубҳасиз, Мален. 21 ёшли йигитча аллақачон ПСВ етакчилари қаторига қўшилди. Ҳужумчи жорий мавсум барча турнирлар доирасидаги 18та ўйинда 12та гол уришдан ташқари, яна 3тасига ассистентлик қилди. Ҳозирда Маленга айниқса, «Милан» жиддий қизиқмоқда. «Россонерлар» ёш футболчига кимсан Златан Ибрагимович ўринбосари сифатида қарашмоқда.

 

Доминик СОБОСЛАИ -25 миллион евро

Клуб: «Зальцбург»

Лига: Австрия Бундеслигаси

«Зальцбург» бир йилча олдин замонамизнинг энг иқтидорли голеадорларидан бири Эрлинг Холандни Дортмунд «Боруссия»сига сотганди. Бу билан «буқалар» ихтиёридаги юлдузли захира хиралашиб қолгани йўқ. Собослаи - айни пайт Европанинг кўплаб топ-клубларини навбатда туришга мажбур этаётган яна бир бўлажак юлдуз. 20 ёшли ярим ҳимоячига даъвогарлар кўп - «Бавария», «Ливерпуль», «Арсенал», «Реал»... Жумладан, «Қироллик клуби» устози Зайниддин Зиданнинг шахсан ўзи иқтидорли вингр билан аллақачон гаплашишга улгурди. Унинг ўзи ҳам айнан «Реал» сафини тўлдиришга мойил. Ҳаммаси клубларнинг январда трансфер борасида келишиб олиш-олмаслигига боғлиқ.

 

Габриэль ВЕРОН -25 миллион евро

Клуб: «Палмейрас»

Лига: Бразилия «А» серияси

Бразилия азалдан еврофутбол учун истеъдодлар хазинаси ҳисобланади. Ҳозирда гигант клублар «Палмейрас» вингери, 18 ёшли Веронни нишонга олмоқда. Аниқроқ айтсак, унга «Ювентус», «Арсенал», «Манчестер Сити», «Милан», «Шахтёр» ва «Реал» қизиқиш билдиришга улгурди. Бразилиялик ҳужумкор ярим ҳимоячи жорий мавсум 26та ўйинда 8та гол ва 3та самарали узатма муаллифига айланди - 18 ёшли йигитча учун даҳшатли статистика. Яна эътиборга олиш керакки, Верон «Палмейрас»нинг асосий таркибига шу йили қўшилди. Хуллас, гап қисқа вақт ичида Европа гранд­лари назарига тушган мегаистеъдод ҳақида кетмоқда. Афтидан, унинг учун Бразилияда «концерт» бериш вақти кўп қолмади.

 

Николас ТАЛЬЯФИКО -28 миллион евро

Клуб: «Аякс»

 Лига: Нидерландия Эредивизиони

Ушбу фотожамланмага кирган «энг кекса» футболчи.  Аргентиналик ҳимоячи ҳозир 28 ёшда. Жорий мавсум старти арафасида «Аякс» вакили бир қатор топ-клублар, айниқса АПЛ вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, уни «Манчестер Сити» жиддий кузатиб борди. Николаснинг ўзи ҳам айнан АПЛда ўйнамоқчи эканлигини яширмади. Бироқ якунда Нидерландиядан четга чиқолмади, барибир. Қолаверса, аргентиналик футболчи яқинда «Аякс» билан шартномаси муддатини 2023 йилнинг июнигача узайтирди. Бу Тальяфиконинг Европа топ-клубида ўйнаш истагига чек қўйганини англатмайди, аммо вақт унинг фойдасига ишламаётгани аниқ.

 

Алехандро ГРИМАЛЬДО -28 миллион евро

Клуб: «Бенфика»

Лига: Португалия Примероси

«Валенсия» ва «Барселона» академияларида таҳсил олган Гримальдо «Бенфика»дан қўним топгач, Португалияда ниҳоят, юқори савияда ўйнай бошлади. У мавсум-2017|2018дан эътиборан Лиссабон клубининг асосий ҳимоячиларидан бири сифатида гавдаланмоқда. 25 ёшли футболчига топ-чемпионатлар вакилларидан қизиқиш борлиги ҳақида аниқ хабар йўқ. Дарвоқе, Гримальдо 2019 йилнинг ёзида «Зенит» билан шартнома тузишга яқин келди, аммо якунда «Бенфика»да қолди. «Барселона» тарбияланувчиси эҳтимол, РПЛга йўл олиш ортга ташланган қадам бўлишидан чўчигандир...

 

Хесус КОРОНА -28 миллион евро

Клуб: «Порту»

 Лига: Португалия Примероси

Корона 5 йилдан буён «Порту»да ўйнамоқда ва ҳозир «аждарлар» сафида етакчилардан бири саналади. Дейлик, мексикалик йигит ўтган мавсум Португалия чемпионатининг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. 27 ёшли вингер заргарона узатмалари билан «Порту»нинг ҳам миллий лига, ҳам кубок турнирида зафар қучишига катта ҳисса қўшди. Коронанинг жорий мавсумдаги статистикаси ҳам чакки эмас: 15та ўйин, 2та гол ва 6та самарали узатма. Қизиқишларга келсак, ўтган ёз «Севилья» мексикалик футболчини сотиб олишга уринди, аммо «Порту» билан трансфер суммаси масаласида келишолмади, шекилли.

 

МАЛКОМ - 30 миллион евро

Клуб: «Зенит»

Лига: Россия Премьер лигаси

«Зенит» Малкомни 2019 йилнинг ёзида «Барселона»дан 40 миллион еврога сотиб олганди. Шундан буён бразилиялик 23 ёшли ҳужумчининг баҳоси 10 миллионга пасайди. Гап шундаки, Малком жароҳат туфайли кўпинча четда қоляпти, шунинг ортидан самарали ҳаракатлари кам. Масалан, жорий мавсум барча турнирларда 17та ўйин ўтказиб, атиги 1та гол урди, самарали узатмалари сони эса 2та, холос. Шунга қарамай, «Зенит» мураббийлари бразилиялик легионерга ишонишмоқда.

 

Андре ОНАНА -36 миллион евро

Клуб: «Аякс»

Лига: Нидерландия Эредивизиони

Онана «Барcелона» мактабида тарбияланган, аммо ҳеч қачон клубнинг асосий таркибида ўзини кўрсатиш имкониятига эга бўлмаган. Камерунлик футболчи 2015 йилнинг қишида «Аякс» сафига қўшилди ва мавсум-2016|2017дан эътиборан клубнинг асосий голкиперига айланди. Онана бутун ўтган мавсум давомида Нидерланлия чемпионати билан хайрлашишга тайёр эканлигини бот-бот айтди. Ўша пайт «Челси» унга жиддий қизиқди. Аммо «кўклар» якунда «Ренн» кипери Эдуар Менди билан шартнома тузишди. Умуман, ҳозир топ-чемпионатлар клубларининг камерунлик 24 ёшли дарвозабонга эътибори бироз пасайган. Лекин бу Онана имкониятдан маҳрум эканлигини билдирмайди. Мавқеи ва ёшини ҳисобга олсак, Андре ўзини кўрсатиш учун ҳали етарли вақтга эга.

 

Давид НЕРЕС -36 миллион евро

Клуб: «Аякс»

Лига: Нидерландия Эредивизиони

Трансферлар бозорида катта обрўга эга «Аякс»нинг яна бир вакили. Нерес ўтган мавсумнинг кўп қисмини жароҳат туфайли ўтказиб юборди. Шунга қарамай, унинг хизматига «Ливерпуль» жиддий қизиқди. Аммо бразилиялик 23 ёшли ярим ҳимоячи аввало, ҳар томонлама мукаммаллашиши кераклигини ўйлаб, «Аякс»дан кетишни истамади. Давид 2017 йилнинг қишидан буён Амстердам клуби сафида жами 131 марта майдонга тушиб, 37та гол ва 35та самарали узатма тўплади. Умуман, унинг салоҳияти катта ва энди Эредивизионда узоқ қолмаса керак.

Д.АЛИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz