Қайднома

Қидирув

ЖЧ-2020 элчиси: "Вазифа – Россия мундиалидан ўзиш"

ЖЧ-2020 элчиси: "Вазифа – Россия мундиалидан ўзиш"

  09.01.2021 04:33
  0
  336
ЖЧ-2020 элчиси:

- Айни пайт Россияда ўтказилган жаҳон чемпионати футбол тарихидаги энг яхши юқори даражали мусобақа бўлиб турибди, - дея алоҳида таъкидлади Қатар-2022 мундиали расмий элчиси Самуэль Это`О яқинда RTга берган интервьюсида. Камерунлик собиқ ҳужумчининг айтишича, қатарликлар энди бу борада Россиядан ўзиб кетиш ниятидалар. Қисқаси, улар «ўзига хос нимадир қилиш» ҳаракатидалар. «Барселона»нинг собиқ ҳужумчиси суҳбат давомида яна Яқин Шарқдаги мўъжаз мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қандай чоралар кўрилаётгани ҳақида гапириб берди. Шунинг баробарида футболчилик фаолиятини нега эртароқ тугатишга қарор қилганини тушунтирди ва жорий ЧЛ таассуротлари билан ҳам ўртоқлашди.

- Сиз ўйнаган стадионлардан қайси бири янги очилган «Ал-Райян» аренасига ўхшайди?

- Ҳозир Қатарда ўзига хос, нодир иш қилиш ҳаракати жуда кучли. Жумладан, янги стадионлардан ҳеч бири мавжуд ареналарга ўхшамайди. Оддий айтганда, Қатарда барпо этилган барча стадионлар умуман бошқача. Тўғри, фақат битта жиҳатда умумийлик бўлиши мумкин - бу майдон чимининг ранги. ЖЧ-2022 ташкилотчилари ҳаттоки, майдон сифатини ҳам мутлақо янги даражага олиб чиқиш ҳаракатидалар. Мисол учун, «Ал-Райян»ни олсак, буниси мамлакатда жаҳон чемпионати учун махсус қурилган ва фойдаланишга топширилган 4-аренадир. У 40 минг томошабинга мўлжаллаган, аммо очилиш маросимида атиги 50 фоиз тўлди, холос. Чунки ФИФА хавф­сизликни таъминлаш мақсадида трибуналарга мухлисларни қў­йишни чеклаб қўйди. Қолаверса, коронавирус инфекциясига тест топширган ва натижалари салбий чиққан мухлисларгагина рухсат берилди, улар трибуналарда ижтимоий масофа сақлаш тартибига тўлиқ амал қилишди. Ушбу стадионнинг битта ўзига хос хусусияти бор: қўшни арена билан ораси атиги 5 дақиқалик йўл. Шундай экан, чемпионат пайти менга ўхшаган мухлислар кунига 2та ўйинни бевосита томоша қилиш учун автомобилда атиги 5 дақиқада битта аренадан иккинчисига етиб боришлари мумкин. Очиғи, буни ақлга сиғдириш қийин, ҳар ҳолда, илгари кузатилмаган ҳолат. Яна бир муҳим жиҳат шуки, «Ал-Райян» аренаси жаҳон чемпионати финали санасидан роппа-роса 2 йил олдин очилди. 18 декабрь куни Қатарда миллий байрам нишонланди ва 2022 йили финал учрашуви ҳам айни шу санага белгиланган. Ҳал қилувчи баҳс «Халифа» халқаро стадионида ўтказиладими ёки бошқасида - ҳозирча номаълум. Аммо бу унча муҳим эмас, чунки барча ареналар шунчаки, ақл бовар қилмайдиган даражада.

- Аренанинг очилиш маросимида 20 минг томошабин - бу ҳозирги пандемия шароити учун кўп эмасми?

- Ўйлайманки, Қатарда касалликни юқтириш ҳолатлари жуда камлигини кўпчилик билади. Барчаси замирида мамлакат ҳукуматининг пандемияга жиддий муносабати ётибди. Ҳозир Қатарда айрим жамоат жойларида эркин юриш мумкин. Ҳа, ҳамон ниқоб тақяпмиз, аммо бу шахсий танловимиз, аслида мажбурият йўқ. Бундан ташқари, ҳамма учун бирдек тааллуқли махсус дастур ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, кўчада эркин ҳаракатланиш учун яшил мақомга эга бўлишингиз талаб этилади. Инсон ҳаёти азиз, Қатарда бунга эътибор катта. Хуллас, ҳамма бошқалар ҳаётини худди ўзиникидек муҳим ҳисоблайди. Албатта, умумий ҳолат аввалгидек бўлганида, стадион мухлислар билан тўлиб-тошарди, шубҳасиз. Аммо қонунларга риоя қилишни бурч сифатида кўрганимиз учун ҳам ФИФА талаблари ва шифокорлар тавсияларига тўлиқ бўйсинамиз. Демоқчиманки, мухлислар сонининг 20 мингдан ошмаганлиги мавжуд ҳолатга бевосита боғлиқ.

- Кўпчилик Қатарнинг жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши ва бу борадаги тайёрлигига ҳамон танқидий назар билан қараяпти. Сизнингча, мамлакат айни паллада қайси босқичда турибди? Умумий ҳолат худди Россия мундиалидан олдин кузатилган вазиятга ўхшайдими? Зеро, ЖЧ-2018га ҳам кўпчилик шубҳа билан қараган, охир-оқибат, мусобақа футбол тарихидаги энг яхшиси сифатида тан олинганди.

- Тан олиш керак, Россия мундиали чиндан ҳам, шу пайтга қадар ўтказилган турнирлар орасида энг зўри ҳисобланади. Аммо биз Қатар-2022 бунданда яхшироқ бўлишини таъминлашни хоҳлаймиз. Бош вазифамиз - олдинги мундиални ҳар жиҳатдан ортда қолдириш. Агар эртага сайёра чемпионатини бошлаш талаб этилса, Қатар меҳмонларни қабул қилиш ва барчасига максимал даражада ёндашишга тайёр. Чунки ҳеч қандай катта муаммо йўқ. Мана, 15тадан ортиқ стадион аллақачон тахт қилиб қўйилди. Аммо биз янада кўпроғини хоҳлаймиз. Бунақаси ҳали тарихда кузатилмаган. Хулоса шуки, тайёргарлик жараёни масаласида хавотирланишга сабаб йўқ, ҳамма қатъий белгиланган тартиб бўйича ишлаяпти. Қатар-2022 ташкилий қўмитаси барча-барчани интиқ ҳолда кутмоқда. Умид қиламанки, Қатарга кўпчилик ташриф буюради ва мундиал пайти ҳаммамиз биргаликда, катта оила бўлиб вақтни чоғ ўтказамиз. Ишончим комил, сайёҳларга нафақат мамлакатда қурилган стадионлар, балки шаҳарлар ҳам ёқади.

- Ноябрь ойида бахтсиз ҳодисага юз тутганингиз ҳақида хабар тарқалди. Шунга асосан, саломатлигингиздан сўрамасликнинг иложи йўқ. Ўзи нима бўлди, жиддийми ёки...?

- Худога шукр, ҳозир шу ердаман. Яратган иккинчи имкониятни бердики, тирикман. Умуман, ўзаро тўқнашиб кетган 2та автомобилда бўлган дўстларим, ёрдамчиларим, қўриқчиларим ва ҳайдовчилар ҳам жиддий жароҳатланишмади.

- Жуда банд одамсиз. Қизиқ, Европа Чемпионлар Лигаси ўйин­ларини кузатдингизми? Гуруҳ бос­қичи натижалари ҳақида қандай фикрдасиз?

- Ушбу босқичда ҳар доим энг яхши жамоалар натижа кўрсатиб, «плей-офф» раундига йўл олади. Менимча, барчаси мантиқан тўғри. Бу сафар ҳам гуруҳдаги учрашувларда иштиёқ кўрсатиб, яхши натижа қайд этган клублар 1|8 финал йўлланмасига эга чиқди. Қуръага қарасак, «Барселона» энди «ПСЖ»га қарши ўйнайди. Аслида менга қолса, бу қарама-қаршилик ярим финал ёки финалда юз беришини истардим. Бироқ қуръа иккиси илк «плей-офф»даёқ тўқнашишиши истадими, майли, кўрамиз.

- Қайси томонга мухлислик қиласиз?

- Менимча, чиройли футбол кўрамиз. Февраль ойига бориб, коронавирус мухлисларни Барселона ва Париждаги стадион трибуналаридан жой олишларига тўсқинлик қилмаслигидан умидворман. Чунки мухлислар ўйинга қўшимча чирой бағишлайдилар.

- Март ойида 40 ёшга тўласиз. Ҳозир ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

- Ёшга боғлиқ ҳеч қандай муаммо кўрмаяпман ва ўзимни мутлақо эркин тутяпман. Бахтимга, турмуш ўртоғим ва фарзандларим бутунлай соғлом. Шахсий саломатлигим ҳам жойида, ўқишни муваффақиятли давом эттирмоқдаман. Муҳими, ҳозирги ишимдан хурсандман. Яратгандан яна нима сўрашим мумкин? Фақат пандемия тезроқ чекиниши ва турли муаммоларга қарамай, одамлар юзида яна табассум кўришни истайман.

- Майдон ҳам ўзига тортяптими? Бордию, Россиядан қўнғироқ қилиб, бир йилга шартнома тузишни таклиф этишса, рози бўлармидингиз?

- Энди профессионал даражада майдонга тушмаслигим аниқ. Чунки буёғига майдонда чопиш менга аввалгидек қувонч бағишламаса керак. Бинобарин, ҳамиша ўзимни жамоанинг бир қисмидек ҳис қилиш, бундай бахтни шерикларим билан баҳам кўришни хоҳлаганман. Тан олиш керак, энди бундай қувончни туймасам керак. Шу боис ҳам, фаолиятимни якунлашга қарор қилганман. Лекин футболни ҳамон чин юракдан яхши кўраман ва тўп суришни тўхтатмайман. Масалан, дўстларим даврасида. Яъни юқори талаблар қўйилмайдиган қандайдир даражада бемалол ўйнашда давом этаман.

«АЛ-РАЙЯН» - ҚАТАР-2022 УЧУН МАХСУС ҚУРИЛГАН ВА ОЧИЛГАН 4-АРЕНА

 

Қатар миллий байрами нишонланган 18 декабрь куни Ал-Райян шаҳрида шу номдаги стадион (иккинчи номи - «Аҳмад бин Али»)нинг расмий очилиш маросими ўтказилди. ЖЧ-2022 ташкилий қўмитаси матбуот хизматининг маълумотига кўра, бу арена 40 минг томошабинга мўлжалланган. Очилиш маросимидан сўнг янги аренада Амир кубоги финали ўтказилди: «Ал-Садд» - «Ал-Араби». Очилиш маросимида фахрий меҳмон сифатида қатнашган ФИФА президенти Жанни Инфантино барчасидан лол қолганини яширмади ва стадион ЖЧ ўйинлари учун идеал даражада мос келишини таъкидлади. «Қатарни навбатдаги лойиҳа финиши билан табриклайман. Мамлакат бўлажак ЖЧга муносиб тайёргарлик кўрмоқда. Ишончим комил, бизни олдинда унутилмас мундиал кутмоқда», — дея қўшимча қилди ФИФА раҳбари. «Аҳмад бин Али» аренасидан олдин ЖЧ-2022 учун барпо этилган «Халифа», «Ал-Жануб» ва «Эдьюкейшн Сити» стадионлари фойдаланишга топширилган эди.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz