Қайднома

Қидирув

Тақдир: Оғир кунлар самараси

Тақдир: Оғир кунлар самараси

  11.01.2021 10:10
  0
  312
Тақдир: Оғир кунлар самараси

Футбол - жозибасию, кескин қарама-қаршиликлари билан миллионлаб одамлар эътиборини тортган спорт тури. Унинг ривожига кимдир майдондаги хатти-ҳаракати, бошқа биров ташкилотчилигию, маблағи билан ҳисса қўшади. Футбол яна турфа тақдир эгаларини майдонда бирлаштирадиган ўйиндир. Оддий мисол - Англия миллий жамоасининг 27 ёшли камтарин ҳимоячиси Тайрон Мингзни олайлик. У вақтида қаровсиз болалар учун мўлжалланган бошпанада яшаган экан. Эътиборлиси, Тайрон 2019 йилгача АПЛ юзини кўрмаганди. Энди эса «Астон Вилла»да алоҳида ажралиб турибди. Gol.ru сайтининг қуйидаги мақоласи айнан Мингзнинг тақдири ҳақида.

***

Тайрон Мингз 2019 йили «Астон Вилла» билан Чемпионшипдан АПЛга кўтарилди. Кейин бирданига Англия миллий жамоасига чақирилди ва Евро-2020 саралаши доирасидаги ўйинда дебютини нишонлади. Мингз  болалигида уйсизлар учун мўлжалланган бошпанада яшаган вақти кун келиб, Англия термасида ўйнашни орзу ҳам қилмаган бўлса керак. Лекин тақдир уни шундай шарафли имконият билан сийлади. «Онам билан муносабатим унча яхши эмас эди, - дея эслайди Мингс ҳаётидаги оғир дамларни. - Болалигимда 3 нафар опа-синглим билан 2та икки қаватли кроватда ётардик, онам эса диванда ухларди. Ҳаммасини яхши эслайман - умумий душ, атрофда хулқи ёмон одамлар... Ўша ерда чамаси 1 йилча яшаганмиз. Турмуш тарзи - даҳшатнинг ўзи...». Оила кейинчалик ижтимоий бошпана олади. Тайрон эса футбол билан шуғулланиш баробарида оиласини моддий таъминлаш мақсадида бар ходими ва ипотека маслаҳатчиси сифатида  ҳафтасига 90 соатдан ишлайди. Мингз аввалига 8 йил «Саутгемптон» мактабида шуғулланади, кейин бюджет қисқартирилгач, унга жавоб беришади. Шундан сўнг «Бристоль Роверс»дан қўним топган йигит профессио­нал фаолиятини қуйи лигаларда бошлайди. «Астон Вилла» сафига қўшилишидан олдин эса, «Ипсвич» ва «Борнмут» сафида тўп сурганди. Мингз қуйи лига клуби сафида ўйнай бошлаган вақтда ҳафтасига атиги 45 фунт маош оларди. Шунинг учун ипотека бўйича маслаҳатчи ролини ҳам бажаришда давом этади. Шу аснода йиллик даромади 15 минг еврога етади: «Ҳа, дам олиш кунлари ҳам ишлашимга тўғри келган. Чунки шанба куни жамоам ўйнарди. Бунинг ўрнини қоплаш учун душанба, чоршанба ва жумадан ташқари, якшанба куни ҳам ишлаб берардим. Оғир даврлар, ҳафтасига иш соати ҳаттоки, 80-90 соатга етарди».

***

Мингзнинг клубда топган пули ҳаттоки, поезд чиптасига ҳам етмасди. Шунинг таъсиридами, Тайрон 2012 йили футболни ташлашга қарор қилади. Янги мавсум бошланишидан бир кун олдин эса, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун имтиҳон топшириб, 100 фунт­га расвоси чиққан эскигина «Cитроэн» автомобилини сотиб олади. Лекин футболдан батамом кўнгил узолмайди ва қуйи лига клуби билан шартнома тузади, барибир... «Ипсвич»ни бош­қарган Мик Маккарти унинг имкониятлари билан танишиб чиққач, ҳайратини яширмаганди: «О-о, қандай бақувват, кучли, тезкор ва бақироқ йигит. Бу айнан мен қидирган футболчи».  Таниқли мураббийнинг Тайронга дахлдор яна бир хотираси: «Ўйиннинг чамаси 75-дақиқасида уни захира футболчиси билан алмаштирдим. Шунда Тайрон ошкора ғазабланди. Ваҳоланки, майдонда қолганида, жароҳатланиши ҳеч гап эмасди, чунки ўйин қўпол тус олаётганди. Энг ёмони, Мингз менга ўшқирди: «Йўқ, чиқмайман». Шунда бўш келмадим: «Биламан... Майдонда қолсанг, жароҳат орттиришинг мумкин, буни асло хоҳламайман. Шундай экан, овозингни ўчир-да, чиқ». Диққат қилинг, «Ипсвич» Мингз трансферига атиги 11 минг евро сарфлаганди. 3 йилдан кейин эса унинг учун «Борнмут»дан нақ 100 баравар кўп - 11 миллион евро (!) олди.  Маккартига ассистент ролида ёрдам берган Терри Коннорнинг айтишича, Тайрон ҳамиша ўз салоҳиятига ишонган: «Бир сафар ундан мақсадлари ҳақида сўрадим ва дарҳол қатъий оҳангда берилган жавобни эшитдим: «Терма жамоада ўйнашни хоҳлайман». Бу гап такаббурлик эмас, балки ишонч билан айтилганди». «Тайрон биз билан 1 йил ишлади ва барчасини сидқидилдан бажарди, - дейди ўша ипотека компания­си раҳбари Марк Харрингтон. - Бир қарашдаёқ унинг қўлидан иш келишини тушунгандим. Мингз ипотека брокери бўлиш учун ўқишга ҳам чоғланганди. Ҳаттоки, «Ипсвич» билан шартнома тузганидан кейин ҳам, тўлиқсиз иш куни беришимизни сўради. Билишимча, соҳада тўплаган билимини йўқотишни истамади».

***

2017 йили Ибрагимович ва Мингз ўртасида кузатилган тўқнашув кўпчилик ёдида қолди. Тайрон ўшанда «Борнмут» сафида «МЮ»га қарши ўйинда майдонга тушганди. У аввалига Рунини йиқитди, кейин Златан Ибрагимович устига нотўғри сакраб тушиши оқибатида швецияликнинг бошини «мажақ»лашига оз қолди. Ибра кўп ўтмай, Мингздан бунинг учун қасос олди - рақиби юзига тирсаги билан урди. Боз устига, Златан ўйиндан сўнг ўзини оқлади ҳам: «Аслида унинг ўзи тирсагим томон ҳаракатланди». Аммо футболчиларнинг ўзларини бу тариқа тутишлари АПЛ раҳбарияти томонидан эътиборсиз қолдирилмади ва Ибрагимович 3та, Мингз эса 5та ўйинга дисквалификация қилинди. Мингз яна 2 йилдан сўнг «Астон Вилла»да дебют қилди ва буни «Рединг» ҳужумчиси Нелсон Оливейра бошига оёқ қўйиш билан «нишонлади». Оқибатда рақибнинг боши ёрилди. Тайроннинг ўзи шу қадар қаттиқ қўрқиб кетдики, майдонда нима қилишини билмай, каловланиб қолди. Ўйиндан кейин Оливейранинг қонга ботган фотосуратлари Мингзни янада ларзага солди: «Майдондаёқ қонни кўрдим, аммо жароҳат шунчалик жиддий эканлигини ўйламадим ҳам.  Яхшики, ўйин тугагач, Оливейрага хабар юборганимда, у кўнглимга таскин берди: «Хавотир олма, ҳаммаси яхши». Мингз  операциядан кейин Оливейра билан яна боғланди, у муаммосиз алоқага чиқди. Бироқ футболчининг қўпол ҳаракати ОАВда роса муҳокама қилинди. Оқибатда Мингз тушкунликка берилди: «Очиғи, ўшанда ўзимга нафрат билан қарагандим». Шу воқеа ортидан руҳшунос маслаҳатига эҳтиёж сезган Тайрон маълум курслар самараси ўлароқ, муаммодан қутулди. Лекин ўзига якдил хулоса чиқарди - футболда руҳий саломатликка эътибор қаратилмайди. «Уни неча марта тушкунликдан олиб чиқдим, - дея эслайди Терри Коннор.  - Чунки ҳамиша «Ипсвич» таркибида майдонга тушишим шарт, деб ўйларди. Очиғи, бундай паллада Тайронни тинчлантиришга роса уринардим».

***

АПЛдаги дебют Мингз учун нохуш келди - у майдонда атиги 6 дақиқа тўп сурди ва ўта жиддий тўқнашув натижасида қулади. Оқибатда 1 йилдан кўпроқ вақт футболдан четда қолди.  «Футбол, шаҳзода Уильям ва руҳий саломатлигимиз» номли ҳужжатли фильм­да у руҳшуносга мурожаат этгани ва шифокор футболчиларнинг руҳий муаммоларига қандай муносабатда бўлгани ҳақида батафсил гапириб берди: «Кунингиз ёмон ўтиши мумкинлиги, руҳан ёки жисмонан эзилишингиз, оилангизда ташвиш бор-йўқлиги ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ҳамма сизга фақат ўйинингизга қараб, баҳо беради. Бу руҳшунос фикри». Тайрон жароҳат туфайли қийналган пайти ҳам бу мавзуга алоҳида тўхталганди: «Қанча муддат майдонга тушолмаслигимни билганимда, фикр­ларим чувалашиб кетди. Натижада ҳамма учун шунчаки, ёпилдим, ҳеч қандай даволаниш курсига тоқатим қолмади, ҳаттоки, ким биландир гаплашишни ҳам хоҳламадим. Буни фақат мураббийга айтдим. Баъзан суҳбатни бошлаш қийин, лекин уддаладим. Кейин мухлислар учун чипта ва футболкалар, уйсизлар учун таом сотиб олдим. Одамларга ёрдам бериш учун маблағ ва вақт сарфлаш фойдали, менимча».

***

2013 йили «Ипсвич»нинг «Бостон»га қарши ўйини олдидан бир йигит Мингзга «Твиттер» орқали хат ёзади: «Омад тилайман. Агар ўйинга бора олганимда эди...».   У бунга #skint («чўнтагимда сариқ чақа ҳам йўқ») хэштегини қўшиб қўяди. Мингз бунга дарҳол жавоб йўллайди: «Номингга чипта қолдирдим». Қарангки, шу биргина жавоби таъсирида футболчининг «Твиттер»даги обуначилари сони қисқа вақтда 2000дан 15000га етганди. Барчасидан хабар топган BBS ва Sky Sports футболчидан интервью олишга ошиқади, аммо у бош тортади. Айтишича, у бу иши реклама ҳаракати каби кўринишини хоҳламаган экан.

***

«Ипсвич»да юз берган яна бир воқеа: клубда Мингзга 15-рақам ўрнига «3»ни беришганида, у жамоа дўконига бориб, яқин орада 15-рақамли футболка сотиб олган мухлисларни аниқлайди, уларнинг ўлчамларини сўрайди ва ҳар бирига 3-рақам туширилган янги форма юборади - совға тариқасида. Шунингдек, 2013 йили Рождество байрамида уйсизларга озиқ-овқат маҳсулотлари тар­қатиш билан овора бўлади. «Тўшак-қоплар, иситгичлар, озиқ-овқат сотиб оламан ва ўзим туғилган шаҳарга бориб, уларни эҳтиёжмандларга тарқатиб чиқаман. Одамлар билан суҳбатлашиш, уларнинг ҳикояларини тинг­лашни хуш кўраман. Энг фойдали ишларимдан бири шу», - дейди Мингз бу борада. Айтиш керак, Тайроннинг хайрли ишларида унинг севгилиси ҳам алоҳида ўрин тутади. Айтишларича, футболчига айнан маҳбубаси ҳар куни 2  соат вақтни хайрли ишларга ажратишни маслаҳат берган экан.

Факт

Тайрон Мингз ихтиёрида 2та шахсий академия бор - Бристоль ва Бирмингемда. Уларда шуғулланиш баҳоси атиги 6 фунт!

Д.АЛИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz