Қайднома

Қидирув

Яна Ўзбекистон футболида маҳаллийлаштириш масаласи ҳақида...

Яна Ўзбекистон футболида маҳаллийлаштириш масаласи ҳақида...

  12.01.2021 05:05
  0
  230
Яна Ўзбекистон футболида маҳаллийлаштириш масаласи ҳақида...

Ўзбекистон миллий термаси бош мураббийи Вадим Абрамов жамоанинг сўнгги йиғинларида асли россиялик бўлган футболчи Игорь Голбаннинг хизматидан фойдаланишга қарор қилди. Ўзбекистонга келганига беш йилдан ошган футболчи маҳаллийлаштирилди.
Сўнгги пайтларда «Пахтакор» аъзоси Драган Черанни ҳам термага жалб қилиш борасида гаплар юрибди. Ушбу мавзуга газетамизнинг аввалги сонларида бироз тўхталгандик, энди эса батафсил мулоҳаза юритсак. Умуман олганда, хорижликларни маҳаллийлаштириш биз учун бегона эмас, 2000 йил бошларида футболимиз ушбу жараённи бошидан ўтказган. Термамизга бош мураббий этиб тайинланган россиялик Владимир Сальков бир қатор хорижлик футболчиларни жамоага жалб этганди. Ўзбекистонлик мухлислар уларни жуда яхши танишади.

ВЛАДИМИР МАМИНОВ (Россия)

Фаолиятининг катта қисмини Москванинг «Локомотив» жамоасида ўтказган Маминов 2001 йилда Ўзбекистон фуқаролигини олганди. Натижада, уни Владимир Сальков ЖЧ-2002 саралаш учрашувларига таклиф қилди. Унинг термамиздаги дебюти ҳақида россиялик мутахассис қуйидагича фикр билдирганди: «Локомотив»дан Владимир Маминов ва Олег Пашининни Ўзбекистон термасига жалб қилгандим. Клуб мураббийи Юрий Сёмин ортиқча қаршиликларсиз уларни қўйиб юборганди. Ўзбекистонда уларни ажойиб тарзда кутиб олишганди. Биринчи баҳсда Хитой Тайпейи 7:0 ҳисобида таслим қилинганди. Маминов акробатик тарзда қойилмақом гол урганди. Шундан сўнг у мухлислар ёқимтойига айланганди. Маминов, Пашинин ва Поляков нафақат профессионал, балки ажойиб инсонлар. Улар клубда асосий эмасдилар. Бироқ термада етакчига айланишгач, клубдаги ишлари ҳам юришиб кетди».

Гарчи термамиз ўшанда мундиалга йўлланма олмаган бўлсада, Маминов ўзидан ёмон таассурот қолдирмаганди. Майдон марказида Миржалол Қосимов билан ажойиб тандем ҳосил қилган ҳолда, ҳужумлар ташкил қиларди. Шацких эса уларнинг пасларини ажойиб тарзда якунларди. Маминовдан миллий жамоамизнинг германиялик мураббийи Юрген Гёде ҳам ЖЧ-2006 саралаш баҳсларида фойдаланди. Бироқ сўнгги ҳал қилувчи босқичда вакилларимиз сафарда Жанубий Кореяга мағлуб бўлишгач, Гёде ва бошқа легионерларга жавоб бериб юборилди.

Маминовнинг Ўзбекистон миллий термасидаги статистикаси: 12та ўйин, 3та гол

Фаолияти давомида тўп сурган жамоаси: «Локомотив» (Москва, 1992-2008) 290та ўйин, 31та гол

 

ОЛЕГ ПАШИНИН (Россия)

Маминов билан биргаликда Хитой Тайпейи термасига қарши учрашувда яна бир «темирйўлчи» Олег Пашинин ҳам миллий жамоамиздаги дебютини нишонлади. Аслида, ўша пайтлари ички чемпионатимизда ҳам ёмон ҳимоячилар бўлмаган. Бироқ термамиз олдига жуда жиддий мақсадлар қўйилгани боис, Сальковнинг бу истаклари ҳам бажарилди. Пашинин клубдоши сингари фаолияти ва ҳаётини «Локомотив»га бағишлади. Орада бир муддат Япония футболи ҳавосидан ҳам баҳра олди. 2005 йили сафарда Жанубий Кореяга қарши у терма жамоа либосидаги сўнгги учрашувини ўтказди. Гарчи бу икки футболчи москваликлар таркибида етакчилардан бири бўлсада, Россия термасига таклиф этилмасди. Сальков эса шу имкониятдан унумли фойдаланиб қолганди.

Пашининнинг Ўзбекистон миллий термасидаги статистикаси: 12та ўйин

Фаолияти давомида тўп сурган жамоалари: «Локомотив» (Москва, 1992-2007), «Санфречче Хиросима» (Япония, 2001)

АЛЕКСЕЙ ПОЛЯКОВ (Россия)

Ушбу дарвозабоннинг термамизда тўп суришида Миржалол Қосимов жонбозлик кўрсатган, десак муболаға бўлмайди. Футболимиз афсонаси ўз вақтида Россиянинг «Крилья Советов» жамоасида Поляков билан бирга ўйнаганди. Турли манбаларнинг келтиришича, россиялик киперни Сальковга айнан Қосимов тавсия қилган. Буни Поляков ўз интервьюларининг бирида ҳам таъкидлаб ўтганди: «Менинг Ўзбекистон термасида ўйнашимда Миржалол Қосимовнинг хизматлари катта. Айнан унинг ёрдами билан миллий жамоада ўз ўрнимни топиб кета олдим». Маҳоратли посбон термамиз сафида жами 20га яқин учрашувда иштирок этган. Равшан Ҳайдаров уни 2004 йили Хитойдаги Осиё кубогига учинчи дарвозабон сифатида олиб кетганди. Тўғри, Поляков миллий жамоамизда ўйнаган пайтлари дарвозада мустаҳкам турган, дея олмаймиз. Ўзига яраша қўпол хатолари ҳам учраб турарди. Аммо барибир, футболимиз тарихига маҳаллийлаштирилган легионер сифатида кирган.

Поляковнинг Ўзбекистон миллий термасидаги статистикаси: 17та ўйинда 24та гол ўтказиб юборган

Тўп сурган жамоалари: «Салют» (Белгород), «Локомотив» (Москва), «Нефтехимик», «Крилья Советов», «Луч-Энергия», «Томь», «Локомотив-2»

 

ГЕОРГИЙ ГЕОРГИЕВ ва

АЛЕКСЕЙ ДИОНИСИЕВ (Болгария)

Термамизда оз муддат тўп сурган болгариялик футболчиларни мухлислар яхши эслашса керак. Георгиев ва Дионисиевларни ҳам ўша пайт миллий жамоани кучайтириш мақсадида Сальков таклиф қилганди. Тошкентда кечган Хитой Тайпейи билан баҳсда маҳаллийлаштирилган бир қанча легионерлар майдонга тушишганди. Георгиев ва Дионисиевлар мазкур учрашувда дебютларини ўтказиш билан биргаликда, ўз ҳисобларига гол ҳам ёздириб қўйишганди. Георгиев Туркманистонга қарши Уммонда ўтказилган жавоб учрашувида ҳам тўп киритишни уддалаганди. Бироқ нима учундир улар кейинчалик термамиздан бошқа чорлов олишмади. Балки молиявий томонларни келиша олишмагандир. Бу икки футболчи миллий жамоамизда умумий ҳисобда бештадан ўйинда қатнашишган.

Шунинг баробарида Руслан Агаларов, Андрей Рязанцевларга ҳам битта учрашувда имконият берилганини айтиб ўтиш жоиз. Аслида уларнинг сони кўпчиликни ташкил этиши мумкин эди. Аммо маълум сабабларга кўра, яна бир қанча футболчилар билан келишув амалга ошмай қолган. Бу борада Сальковнинг ўзи шундай деганди: «Ўша пайт Босния термасида ўйнашга улгурмаган Элвир Рахимичга Ўзбекистон миллий жамоасида ўйнаш бўйича таклиф билан чиққандим. Бироқ ЦСКАда асосий футболчига айланишни истаётганини билдириб, таклифни рад қилганди. Андрей Каряка билан уч марта бу масалада суҳбатлашгандим. Аммо у Украина термасидан таклиф кутаётганди. Владимир Казаков, Дмитрий Вязьминкин ва Виталий Сафронов билан келишиб олгандим. Россия термасига уларни чақиришмасди. Бу футболчиларнинг Ўзбекистон миллий жамоасига фойдаси теккан бўларди. Бироқ клуб мураббийлари уларни қўйиб юборишни исташмаганди».

Мана, ҳозир ҳам маҳаллийлаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Голбан(суратда) термамизга анча мослашиб улгурди, расмий ўйинлардан сўнг унинг имкониятлари ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлишимиз мумкин. Агар Драган Черан ҳам фуқароликни олиб, Ўзбекистон термаси таркибига кирса, бу миллий жамоамиз учун анча фойдали бўлиши шубҳасиз. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

АБДУЛАЗИЗ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz