Қайднома

Қидирув

Павел Соломин: "Термада энг кучлилар ўйнаши керак, лекин..."

Павел Соломин: "Термада энг кучлилар ўйнаши керак, лекин..."

  14.01.2021 09:09
  0
  780
Павел Соломин:

Ўзбекистон миллий жамоаси ва қатор маҳаллий ҳамда хорижий клубларнинг собиқ ҳужумчиси Павел Соломин «ИнтерФутбол» нашрининг доимий шарҳловчиси Виктор Хохлюк билан суҳбатда фаолиятидаги энг ёрқин воқеалар, жумладан, хориж таассуротларини эсга олди. Пашанинг футболдаги йўли анча қизиқарли ва у буни муносиб босиб ўтди. Соломин энди бой тажрибасидан келиб чиқиб, ёш болаларга футбол сир-асрорларини ўргатмоқда, шу аснода мураббийлик ишини ўзлаштирмоқда.

- Қизиқ, тошкентлик 25 ёшли йигит Россиянинг кучли клубларидан бири саналган «Са­турн»­га қандай тушиб қолганди?

- Шунчаки, омадим чопган. 2006 йили «Трактор» сафида Ўзбекис­тон чемпионатининг энг яхши тўп­урарига айландим. Жамоанинг ўша пайтдаги мураббийи Вадим Абрамов «Сатурн» кўригига боришимни тавсия қилди. Шунга асосан, Раменскка йўл олдим ва клубнинг бир ҳафталик кўригида қатнашдим, бир неча ўйинда майдонга тушдим. Муҳими, ҳаракатларим словакиялик мураббий Владимир Вайссга ёқди. Қисқаси, мени жамоада олиб қолишлари аниқдек эди. Кейин «Сатурн» Туркия йиғинига жўнаб кетди, бироқ қандайдир чалкашликлар оқибатида менинг ҳужжатларимни расмийлаштиришга улгуришмади. Натижада Ўзбекистонга қайтишимни айтишди. Жамоа ўқув-машғулотлар йиғинидан қайтгач, мураббийлар Абрамов билан боғланиб, у орқали Россия чемпионати қайдномасига ариза бериш учун боришим зарурлигини маълум қилишди. Шу тариқа «Сатурн» аъзосига айландим.

- Бегона мамлакатда маҳаллий футболчилардан қолишмаслигингизни исботлаш осон эмас...

- Ҳа, жуда оғир. Айниқса, янги муҳитга мослашолмайдиган футболчи қийналади. «Сатурн»да муҳит самимий эди. Ҳеч қандай салбий ҳолатни айтолмайман. Жумладан, машғулотлар юқори даражада ташкиллаштириларди, яшаш шароити борасида ҳам муаммо сезмаганман. Қисқаси, ҳар бир йўналишда профессионал ёндашувни кўрганман. Клубга борганимда, Россия чемпионати аллақачон бошланган ва шунинг учун машғулотларда анча тер тўкишимга тўғри келган. Умуман, жамоа қаттиқ ишлади, аммо Россия чемпионатидаги кучли рақобат натижасида атиги 11-ўрин билан кифояландик. Ҳа, асосий таркибдан муқим жой ололмадим, бу ҳолат жамоа­дан кетишимни тезлаштирди. Чунки ўша пайт Ўзбекистон терма жамоасида ўйнашга жиддий бел боғлагандим. Бунинг учун эса доимий ўйин амалиётига эга бўлиш талаб этиларди.

- Энди футболдаги илк қадамларингизни эсласак...

- Футбол бобидаги дастлабки таълимни Станислав Юрьевич Носковдан олганман. Унинг қўл остида ҳақиқий спортчи сифатида шакллана бошладим. Ҳужумчига зарур барча футболча айёрликларни ҳам айнан Носковдан ўргандим. Унинг ўзи вақтида савияли футболчи бўлган, собиқ иттифоқнинг кўплаб жамоаларида муносиб ўйнаган. Шу билан бирга Носков Ўзбекистон чемпионати ғолиби ва совриндори ҳисобланади. Профессионал фао­лиятимни эса иккинчи лига иштирокчиси «Трамвайчи» жамоасида, Ваня амаки қўл остида бошладим. Кейин Тошкентда Евгений Борисович Валицкий бошқарувида «NBU-Осиё» - банк жамоаси тузилди ва унга Вадим Карленович Абрамов ёрдам берди. Дастлабки мавсумдаёқ иккинчи лига ғолибига айландик. Кейин «пулька» финалига чиқиб, биринчи лигага чиқиш масаласини муаммосиз ҳал қилдик. Бу клубда яна 1,5 йил ўйнадим, аммо мураббийлар алмашувидан кейин кетишимга тўғри келди. Айнан ўша пайт собиқ устозим Носков иккинчи лига клуби мураббийига айланди ва маълум муддат унинг қўл остида тўп сурдим. Айнан 2003 йили Абрамов мени олий лига иштирокчиси - «Трактор»га чақирди. Эсимда, иккинчи давра ўйинларида 11та гол уриб, эътиборга тушган ва чемпионат кашфиётига айлангандим.

- Бироқ «Пахтакор»да ишларингиз юришмади...

- Йўқ, бу фикрга қўшилмайман. Ҳаммаси жуда зўр эди! Янги жамоадошлар билан яхши чиқишдим, асосий таркибда ўйнадим, голлар урдим... Аммо ижара келишуви бўйича ўтгандим ва шарт­номага кўра, «Трактор»га қайтишим керак эди. Қисқаси, икки клуб раҳбарияти келишолмади. Ваҳоланки «Пахтакор» вице-президенти Самвел Бабаян мени жамоада қолдиришни хоҳлаган ва ҳаттоки, шахсий шартнома бандлари бўйича олдиндан келишиб қўйгандик. Бироқ бир сўз билан айтганда, тақдир...

- Қайси ҳужумчига кумир сифатида қарардингиз?

- Ёшлигимда Марадона мен учун энг зўри эди. Кейин яна кўплаб кучли ҳужумчилар бош кўтаришди. Ҳозир «Бавария» вакили Роберт Левандовскини сайёрамизнинг энг яхши ҳужумчиларидан бири сифатида эътироф этаман. Ўғлимга ҳамиша айнан унинг ўйинини кўриши, ўрганишини уқтираман.

- Россияга қайтамиз. Ўзбекис­тонда ҳужумчи сифатида ўйнадингиз, «Сатурн»дачи?

- Айнан ҳужум чизиғида. Аммо кўпинча ёшлар таркибида майдонга тушишимга тўғри келди. «Асосий»га ягона йўл айнан шу эди.

- Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши тўпурарини Раменск жамоаси «асосий»сидан жой ололмаслик руҳий томондан қийнагандир...

- Албатта, ёқимсиз ҳолат, лекин рақобат кучли эди ва ҳаммасини тўғри тушунардим.

- Россияда чинакамига ўйнолмаганингиздан афсусланасизми?

- Йўқ. Ахир бу мен учун зарур тажриба мактаби бўлганди.

- Ортга қайтгач, «Навбаҳор» ва «Локомотив»да ўйнадингиз, орада Краснодарнинг «Кубань» жамоаси кўригига ҳам бордингиз. Бироқ ўша вақт самарадорлигингиз кескин пасайганини қандай изоҳлайсиз?

- Наманганда катта молиявий муаммолари бор клубга дуч келдим. «Навбаҳор» раҳбарияти ўзини тўғри тутолмади... Кейин «темирйўлчилар» жамоасида спорт формасини бироз тикладим. Ҳар ҳолда, мунтазам ўйнай бошладим. Шу тариқа «Кубань» кўригига бордим, аммо афтидан, керакли формага чиқолмаганимданми, клубга ўрнашолмадим. Футболда шунақа... Ҳаммада ҳам гоҳида пасайиш кузатилади.

- Ўзбекистон термасидан тушиб қолганингизни қандай изоҳлайсиз?

- Менимча, терма жамоада мамлакатнинг энг яхши ва кучли футболчилари ўйнашлари керак. Афтидан, ўша пайт даражам термага тортмай қолганди.

- Индонезияда футбол даражаси қай даражада эди?

- Бу мамлакат мени ҳайратга солди: ҳам табиати, ҳам футболи билан. Стадионлар мухлисларга тўла, футбол инфратузилмаси жуда яхши. Майдон ва унинг таш­қарисида муносабатлар дўстона. Индонезия табиати - вулқонли тепаликлар, Ҳинд океанининг осуда суви, тинч пляжлар, ҳашаматли флора ва фауна... Мамлакат гўзалликларини бирма-бир санашга анча вақт кетади. Индонезияни бежиз «Экватор атрофида жилваланадиган зумраддан ясалган маржон» дея таърифлашмайди. Бу ҳақиқат: Индонезия катта ва кичик, чиройли ва ғаройиб 13 минг орол узра чўзилган. Ушбу мамлакат бўйлаб узоқ саёҳат қилиш ва уни ўрганиш мумкин. Чемпионати ҳам қизиқарли. У ерда Жанубий Америка, Болқон ва Африка мамлакатларидан келган легионерлар етарли. Айниқса, меҳмонда ўйнаш қийин эди. Жамоалар «уй очколари» учун том маънода курашади. Яна етакчиларнинг аутсайдердан «дарс олиш» ҳолатлари тез-тез учрайди. Барча клублар ҳужумкор футбол тарафдори. Ҳимоявий ўйин Индонезия футболига ёт. Энг асосийси, Индонезияда ўзимни жуда қулай ҳис қилдим. Шунинг учун ҳам у ерда нисбатан кўпроқ ўйнаганман.

- Индонезиядан қайтгач, Ўзбекистон чемпионатига кўникишда қийналмадингизми?

- Унчалик эмас. Жисмоний ҳолатим яхши эди. Чунки Индонезия­да яна ҳужумкор ўйин ва голлар таъмини татиб кўргандим.

- 2014 йили яна Индонезияда йўл олдингиз. 2015 йили эса футболдан кетдингиз. Нима бўлди?

- Янги клубда оғриқли ва ёқимсиз жароҳатга йўлиқдим, тикланиб майдонга қайтишим анча чўзилди. Жароҳатдан кейин аввалги савияга чиқишим қийинлигини тушундим. Шунга қарамай, ўйиним ва тажрибам билан «Обод»га имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қилдим.

- Аслида сизни амалда кўрган мутахассислар ҳаммаси жойида эканлигини айтишганди. Бироқ футболчилик фаолиятига нуқта қўйишга қарор қилдингиз...

- Фурсат келганди, ҳар ҳолда, ўзимга шундай туюлди. Қисқаси, кетиш вақти келди, деб ўйладим...

- Фаолиятингиздаги энг чиройли ва энг муҳим голларни айта оласизми?

- Индонезия кубоги финалида урилган гол фаолиятимдаги энг чиройлиси бўлса керак. Энг муҳимини эса, Саудия Арабистони термаси дарвозасига урганман. Афсуски, ушбу гол фақат ўзим учун муҳим саналади, терма жамоага эмас. Чунки ўйинда мағлубиятга учраганмиз...

- Ўзбекистон чемпионати-2006 тўпурари айни пайт нималар билан банд?

- Футболчилик фаолиятимни якунлагач, болалар мураббийи сифатида иш бошладим. Энди тажрибамни тарбияланувчиларга беряпман. Орада «С» лицензиясини олдим, яқин келажакда «В» тоифаси учун ўқишни давом эттирмоқчиман. Асосийси, ўзимни бахтли инсонлар қаторига қўшаман. Икки нафар ўғлимни вояга етказяпмиз. Каттаси «Пахтакор» академиясида таҳсил оляпти, кичигида энди-энди футболга муҳаббат уйғотяпман. Ўз ўрнида, мухлисларга ва Ўзбекистон аҳлига бахт, тинчлик, саломатлик тилайман.

- Раҳмат, Павел! Таҳририят номидан мураббийлик фаолиятингизда муваффақиятлар, соғ­лиқ ва оилавий бахт тилаймиз!

-----------------------------------

Суратлар Павел Соломин архиви ва gettyimage сайтидан олинди.

Маълумот учун

 

Павел СОЛОМИН

Туғилган санаси ва манзили: 1982 йил 15 июнь, Тошкент

Биринчи мураббийи - Станислав Носков

Амплуа бўйича: ҳужумчи

Тошкент футболи тарбияланувчиси

Профессионал футболчилик фаолияти

1999 йил - «Трамвай» (Тошкент); 2000|2002 - «NBU-Осиё» (Тошкент); 2003|2005 - «Трактор» (Тошкент); 2006 - «Пахтакор» (Тошкент); 2006|2007 - «Трактор» (Тошкент); 2007 - «Сатурн» (Раменск, Россия); 2008 - «Навбаҳор» (Наманган); 2009 - «Локомотив» (Тошкент); 2010 - «Сриуижая» (Палембанг, Индонезия); 2010|2011, 2014 - «Путра Самаринда»|«Бали Юнайтед» (Жаняра, Индонезия); 2012 - «Машъал» (Муборак); 2013 - «Шўртан» (Ғузор); 2016|2017 - «Обод» (Тошкент)

Ўзбекистон, Россия ва Индонезия клублари сафида жами 281та расмий ўйинда 96та гол урган

2006-2008 йиллар оралиғида Ўзбекистон миллий жамоасининг 15та ўйинида қатнашиб, 2та гол муаллифига айланган

Жамоавий ва шахсий натижалари

***2007 йилги Осиё кубоги чорак финалчиси (Ўзбекистон миллий жамоаси билан)

***2005 йилги Ўзбекистон чемпиони

***2005 йилги Ўзбекистон кубоги соҳиби

***2010 йилги Индонезия кубоги соҳиби

***2011 йилги «Интер кубоги» (Индонезия) ғолиби

***2004 йилги Ўзбекистон кубоги финалчиси

***2000 йилги Ўзбекистон иккинчи лигаси ғолиби

***2006 йилги Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши тўпурари (21та гол)

***«Трактор» тарихида Ўзбекистон чемпионатида энг кўп гол урган учинчи тўпурар - 44та. Соломиндан олдинда Дилшод Ўрмонов (85та) ва Илҳом Мўминжонов (67та) бор.

***2004 йилги Ўзбекистон кубогида «Трактор»нинг энг яхши тўпурари (5та гол)

***2010 йилги Индонезия кубоги финал босқичининг энг яхши тўпурари

Виктор ХОХЛЮК, «ИнтерФутбол» учун махсус


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz