Қайднома

Қидирув

Осиё футболи: ДИҚҚАТ, ЙЎНАЛИШ ЯНА ЎЗГАРДИ!

Осиё футболи: ДИҚҚАТ, ЙЎНАЛИШ ЯНА ЎЗГАРДИ!

  26.01.2021 06:06
  0
  435
Осиё футболи: ДИҚҚАТ, ЙЎНАЛИШ ЯНА ЎЗГАРДИ!

Хитой Суперлигасида маош миқдори чекланмоқда, бунинг ортидан легионерлар жуфтакни ростлашяпти. Афтидан, 2021 йил Хитой футболида жиддий ислоҳотлар кузатилади. Ҳар ҳолда, маҳаллий Суперлига ривожланиш векторини кескин ўзгартирганга ўхшаяпти. Мана, январь ойидан мамлакат футболида маош бўйича муайян лимит жорий этилди. Шунинг оқибатида айни пайт Чин юртига мўмай даромад илинжида юзланган хорижликларнинг оммавий «қочиш»лари авж олмоқда.

Чеклов бўйича умумий маълумот

• Янги қоидага мувофиқ, легионерларнинг йиллик маоши 3 миллион евродан ошмаслиги керак (бонуслардан ташқари). Таққослаш учун айтсак, «Шанхай СИПГ» вакили Оскар бунга қадар атиги 7 ҳафта ичида айнан 3 «лимон» оларди (ҳафталик маоши - чамаси 450 минг евро). Тўғри, янги қоида амалдаги шартномаларга таъсир қилмайди. Лекин клублар янги битим тузишда чекловни инобатга олиши шарт.

• Маҳаллий футболчилар маоши ҳам қисқартирилди. Биринчидан, хитойликлар фақат маҳаллий валюта - юан ҳисобида пул олишади. Иккинчидан, бунда йиллик маош миқдори 5 миллион юандан ошмайди. 1 евро тахминан 8 юанга тенг, демакки, маҳаллий футболчининг йиллик иш ҳақи кўпи билан 625 минг евро бўлади. Бу аввалги миқдорнинг ярми деганидир.

• Бундан ташқари, бутун жамоанинг умумий маош лимити ҳам белгиланди: маҳаллий футболчилар учун - 600 миллион юан (чамаси 75 миллион евро), легионерлар учун - 10 миллион юан. Асосий сюрприз шу ерда: иш ҳақи бўйича барча харажатлар, жумладан бонус тўлови ҳам умумий лимитга киради.

• Белгиланган чекловни бузган жамоа бирданига нақ 24 очкодан маҳрум қилиниши мумкин. Шунинг баробарида футболчи Хитой футбол федерацияси байроғи олстидаги барча мусобақалардан четлаштирилади.

• Ўз навбатида, легионерлар лимити юмшатилди. Энди клублар қайдномага 5 нафар хорижликни киритиш ҳуқуқига эга (улардан 4 нафари бир вақтда майдонга тушиши мумкин). «Хитой Суперлигаси клубларининг харажати Жанубий Корея «К»-лигаси иштирокчилариникидан қарийб 10 баравар кўп. Япония «J»-лигасида ҳам харажат бизникидан 3 баравар кам. Шунга қарамай, миллий жамоамиз корейслардан ҳам, японлардан ҳам анча орқада», - дея изоҳлади чекловни ХФФ президенти Чэн Сюан.

Олдин қандай эди?

Хитой клублари 2016 йили трансферлар бозорини портлатишга тушганди. Шу тариқа Халк, Тейшейра, Жексон Мартинес, Рамирес каби еврофутбол юлдузлари Суперлигага шошилишди. Яна бир йилдан кейин Оскар ва Витцель ҳам бу рўйхатга қўшилишди. Ўшанда иш ҳақи масаласида чегара йўқ эди, аммо легионерларга қатъий лимит белгиланганди: 1та жамоа қайдномага 5 нафар хорижликни киритарди («4Қ1» схемаси бўйича). Яъни легионерлардан 4 нафари жаҳоннинг исталган мамлакатидан, яна бири Осиё ҳудудидан бўлиши шарт эди. Хитой футболига мамлакат раҳбари Си Цзинпин асло бефарқ эмас. У жумладан, Хитой терма жамоасини кучлилар қаторида кўришни хоҳлайди. Айнан Цзинпин ташаббуси билан соҳда кенг кўламли ислоҳотларга қўл урилди - ўрта мактаблар ҳудудида майдонлар қурилди, турли ёшдаги болалар учун футбол дарсликлари яратилди. Қолаверса, хусусий ва давлат компаниялари 2016 йилдан футболга катта сармоя кирита бошлади. Асосийси, бундай компанияларга муносиб солиқ имтиёзлари берилди. Аниқроғи, даромад солиғи 25 фоиздан 3 фоизга туширилди. Шу аснода футболга сармоя киритишда кучли ғайрат пайдо бўлди.

Ҳаттоки, иккинчи дивизион жамоаларига ҳам мислсиз маблағ сарфланди. Дейлик, Хитой чемпионатининг иккинчи рақамли лигаси 2016 йили қишки сарф-харажатлар миқдори бўйича жаҳонда кучли 4таликка кирди. Хуллас, футбол бозори шунчаки, «ёнди». Хорижлик футболчиларга нисбатан қатъий чеклов борлиги учун айниқса, ички бозорда савдо ҳажми ошди. Шунинг таъсирида маҳаллий футболчилар трансфер баҳоси кескин кўтарилди: клублар ҳаттоки, терма жамоада ўйнамаганлар учун ҳам 10-20 миллион евро тўлай бошлади. Масалан, Хитой термасида атиги 1та ўйин ўтказган «Шанхай Шенхуа» ҳимоячиси Би Цзинхао трансфери 10 миллионга баҳоланди. Бироқ у кейинги 5 мавсумда маҳаллий лигада атиги 44 марта майдонга тушди. Шунингдек, терма жамоага қайта чақирилмади.

2017 йилнинг январида чеклов янада кучайтирилди

• Легионерларга нисбатан жорий қилинган лимит «4Қ1»дан «4»га туширилди. Яъни осиёлик футболчи учун квота олиб ташланди. Шунингдек, майдонга бир вақтда 3 нафар хорижлик туша олиши белгиланди.

• Қайдномага 23 ёшдан кичик камида 2 нафар футболчи киритиш шарти қўйилди (улардан лоақал бири асосий таркибда майдонга тушиши керак).

• Зарарга ишлаётган клублар (деярли барчаси) олдига ёшлар футболини ривожлантириш махсус жамғармасига ҳар бир халқаро трансфер суммасининг 100 фоизига тенг маблағ ўтказиб бериш шарти қўйилди.

Айтганча, Хитой футболининг яна бир катта муаммоси - бу мухлислар камлиги ва чипталар сотуви даромадининг пастлиги. Аслида хитойликлар ЖЧ-2018 чипталарини фаол равишда сотиб олишди. Ҳар ҳолда, мамлакат терма жамоаси турнирда иштирок этмаган бўлсада, Хитой мундиалга ташриф буюрган фуқаролари сони бўйича жаҳонда 5-ўринни олди. Демакки, хитойликларда футболга қизиқиш жойида, фақат улар асосан Месси ва Роналду каби юлдузларга ошуфталар. Оддий айтганда, Хитой фуқароларини маҳаллий футбол унча қизиқтирмайди. Бундан ташқари, Суперлига жамоаларнинг мунтазам равишда ўз шаҳри (базаси), номи, расмий ранги ёки логотипини ўзгартириши ҳам чалкашликлар келтириб чиқармоқда. Бундай ҳолатда мухлислик маданиятини шакллантириш қийин. Стадионлар ҳақида гапиришга ҳам ҳожат йўқ. Ижара ҳақи - даромади йўқ клублар учун қўшимча чиқим.

2018 йил охирида навбатдаги қадам ташланди Чет элликлар учун лимит ва трансфер солиғи ўзгаришсиз қолдирилди, аммо иш ҳақи чегараси тўлиқ қайта кўриб чиқилди.

• Хорижликлар учун лимит ва трансфер солиғи ўзгаришсиз қолди, аммо маош меъёри қайта кўриб чиқилди. Хусусан, 2019 йилдан иш ҳақи харажати клуб бюджетининг 65 фоизидан ошмаслиги белгиланди. Қолаверса, 2020 йили буни 60 ва 2021 йили 55 фоизга тушириш режалаштирилди. 2019 йилнинг 25 декабрь куни «маош қ бюджет фоизи» тизимини янада соддалаштириш кераклиги айтилди.

• Хитойликлар учун меъёр: оддий футболчилар - 1,3 миллион евро, миллий терма жамоа аъзолари - 1,6 миллион евро. Бонус тўловлари ушбу меъёрга киритилмади, аммо улар ҳам чекланди. Жумладан, ОЧЛдаги ғалаба учун 760 минг евро, Суперлига баҳсидаги учун эса 380 минг евродан кўп тўламаслик белгиланди.

• Чегара ва бонус лимити легионерларга тааллуқли эмас, аммо уларнинг маоши бюджет коеффициентига киритилиши керак.

Бироқ шунча ўзгаришлар Хитой футболига ёрдам бермади - терма жамоа муваффақият қозонолмади ва футбол даражаси айтарли ошмадию Шунчаки, кўплаб клублар топ-ҳужумчилар, таниқли ярим ҳимоячиларга қоп-қоп пул сарфлади, бироқ ҳимояда асосан маҳаллий ўйинчилар ҳаракат қиларди. Бу ҳолат Халк каби гигантлар вазифасини анча соддалаштирди. Шунинг баробарида Хитой Россия ортидан легионерларни маҳаллийлаштириш тажрибасини ўрганди. Шу тариқа миллий жамоа манфаати йўлида бразилиялик ва «ярим хитойлик» бир қатор футболчиларга фуқаролик берилди. Масалан, инглиз Нико Йеннарис ва Тайес Браунинг ҳам «хитойлик»ка айланишди.

Энди нимадир ўзгарадими?

Эҳтимол. Тўғри, маҳаллий мутахассисларнинг тахмин қилишларича, клублар янги қоидаларда ҳам бўшлиқларни осонгина топишади, худди 2018 йили Седрик Бакамбу трансферида бўлгани каби. Ўшанда «Вильярреал» бу футболчи учун 40 миллион евро олган, аммо клуб эмас, балки учинчи шахсдан. Қисқаси, «Пекин Гуоан» маблағни тўғридан-тўғри трансферга йўналтирмагани ҳисобига солиқ тўловидан қутулиб қолганди. Дарҳақиқат, клублар аллақачон тақиқдан қандай қочиш йўлларини қидирмоқда. Биринчидан, бонус миқдори муайян футболчининг маоши меъёрига тўғри келмайди, лекин умумий харажат ҳисобга олинади, барибир. Иккинчидан, Бакамбу ишидаги каби бўшлиқ топиш имконияти йўқолмаган. Учинчидан, хорижда ҳамкор клуб топиш варианти бор. Бунда футболчиларни расмий ҳужжатда айнан ҳамкор сотиб олади (иш ҳақини ҳам ўзи беради), хитойликлар эса уларни шунчаки, ижара келишуви асосида ўйнатишади. Ҳозирча Хитой клублари трансферлар учун ўртача ҳисобда 2 миллион евродан кам сарфламоқда. Бунинг натижасида топ-футболчилар жуфтакни ростлашяпти - Халк, Тейшейра...

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz