Қайднома

Қидирув

Янги мавсум тадориги – Ким қандай фикрда?

Янги мавсум тадориги – Ким қандай фикрда?

  28.01.2021 08:38
  0
  347
Янги мавсум тадориги – Ким қандай фикрда?

Суперлига клублари янги мавсумга ҳозирлик ишларини янги йилнинг илк кунлариданоқ бошлаб юборди. Жамоалар йиғинга анча эрта киришдими, демак, барчанинг умиди катта, мақсади улкан. Дастлабки кунларда машғулотлар енгил тартибда ўтган бўлсада, муҳокамага арзийдиган янгиликлар талайгина. Трансферлар ойнаси очилгач, «келди-кетди»лар ҳам авж олмоқда. Футболчилар албатта, машғулотларда астойдил ишламоқдалар, мураббийлар таркибни кучайтириш масаласида изланишмоқда. Хўш, футболчилар қишки йиғинга қандай қарашмоқда?

Бобур Акбаров («Қўқон-1912»): - Пандемия таъсирида ўтган мавсум анча кеч якунланди. Мана, қисқа ҳордиқдан кейин машғулотларга киришдик. Қўқонда олиб борилган биринчи йиғинда асосан тикланиш машқларига эътибор қаратилди. Бу футболчиларнинг спорт маромига қайтишлари учун муҳим. Ҳозир Тошкентда иккинчи йиғинни ўтказ­япмиз, жумладан, ўртоқлик учрашувларида майдонга тушиш режалаштирилган. Ўйлайманки, чемпионат стартига қадар жамоамиз тўлиқ тайёр бўлади.

Санжар Турсунов (АГМК): - Ўтган мавсум бронза медалига эга чиқдик. Энди бизни олдинда ОЧЛ саралаш баҳси кутиб турибди. Барчаси 1та ўйинда ҳал бўлади ва бунда жамоалар кучли ва кучсизга ажратилмайди. Бундай баҳсларда сенсацион натижалар кўп кузатилади. Айни пайт ўз қароргоҳимизда жиддий шуғулланяпмиз. ОЧЛда узоқроққа бора олишимизга ишонамиз ва майдонга фақат ғалаба учун тушамиз, албатта.

Абдужамол Исроилов («Навбаҳор»): - Жиддий жароҳатга йўлиқиб, сафдан чиққанимда, мухлислар ёлғизлатиб қўйишмади. Деярли ҳар куни қўнғироқ қилиб, ҳолимни сўраб туришди. Тикланиш жараёни режа бўйича олиб борилди. Шукр, ҳозир оёғимнинг ҳолати анча яхши. Энди машғулотлар воситасида спорт формасини тезроқ тикласам, бас. Йиғинга хушкайфият билан киришдик. Ўйлайманки, мухлислар бу йил кучлироқ «Навбаҳор»ни кўришади.

Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров («Турон»): - «Турон» сафига Ислом ака Исмоилов таклиф қилди. Ёш жамоа, ўзига яраша мухлисларга эга. Худо хоҳласа, янги мавсумда яйпанликлар ишончини оқлаймиз. Мана, «Андижон» билан назорат учрашуви ўтказдик. Илк ўйинлиги учунми, майдонда ўзаро тушуниб ҳаракатланишда бироз қийналдик. Лекин бу вақтинча ҳолат. Таркибда яхши футболчилар бор. «Турон» Про-лигада ажойиб ўйин кўрсатди ва ўйлайманки, Суперлигада ҳам муносиб қатнашади.

Бобур Абдухолиқов («Насаф»): - Европа клубларидан таклифлар борлиги рост. Мақсадим - футболчи сифатида янада ўсиш. Шунинг учун биринчи навбатда, менга қизиқаётган жамоаларнинг ўз олдига қўйган мақсадига кўпроқ эътибор қарат­япман. «Насаф»га келсак, пандемия туфайли ўтган мавсум қийинчиликлар юзага келди. Муҳими, клуб раҳбарлари муаммоларни бартараф этиш ҳаракатидалар ва биз уларга ишонамиз.

Даврон Ҳошимов («Навбаҳор»): - Аввало, янги мавсум барча учун хайрли келишига тилакдошман. Жамоанинг янги мураббийлари билан яхши танишман. Улар билан «Пахтакор»да ҳам бирга ишлаганман. Ҳасанов - Жалилов аҳил жамоа шакл­лантириш уддасидан чиқишларига ишонаман. Нўъмон ака собиқ футболчи сифатида шогирдларини яхши тушунади. Таркибимиз янада кучайтирилади. Суперлигадаги вазифамиз - кучли учликка кириш. Раҳбарият яхши шароитларни яратиб бермоқда. Аввалги мавсум барчамиз учун оғир келди, кўп учрашувларда омадимиз ҳам юришмади. Бу йил энди барча мусобақаларга қаттиқ киришган ҳолда, ишончни оқлаймиз.

А.ИСКАНДАРОВ ёзиб олди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz