Қайднома

Қидирув

ХАЙРЛИ ДЕБЮТ, ФАҚАТ...

ХАЙРЛИ ДЕБЮТ, ФАҚАТ...

  28.01.2021 10:10
  0
  458
ХАЙРЛИ ДЕБЮТ, ФАҚАТ...

«Менчестер Сити»нинг янги дарвозабони дебют ўйинининг 3-дақиқасидаёқ тўпни қоидага хилоф тарзда ушлаб олди. Эътиборли томони, у вақтида тасодиф ўлароқ, дарвозабонга айланган экан. 25 ёшли Зак Стеффен 2021 йилни АПЛдаги дебюти билан қарши олди. Яна топ-клуб дарвозасида, боз устига суперўйинда.

Тўғри, 3 январь куни бўлиб ўтган «Челси» -  «Манчестер Сити» қарама-қаршилигида ҳақиқий жанг кузатилмади - «шаҳарликлар» қандайдир 16 дақиқа ичида 3та гол уриб, «аристократлар»ни шунчаки, довдиратиб қўйишди. Лекин улар ўйин бошидаёқ Стеффен туфайли гол билан жазоналишлари ҳеч гап эмасди. Дебютант кипер тўпни жамоадоши Родри узатганини кўрмадими, уни бамайлихотир қўлга олди. Ўша вазиятда тўп майдон марказидан орқага узатилганди. Хуллас, дебютант ўйин дебютида «қовун» туширди ва жарима чизиғи устидан хавфли эркин зарба! Фақат Стеффен бахтига, «Челси» футболчилари бу имкониятдан фойдаланолмадилар - Ҳаким Зиеш тўғри Илкай Гюндоганни нишонга олди ва тўп дарвозадан анча узоққа учиб кетди. Шу тариқа «қовун» билан бошланган дебют хайрли давом этди.

Зак Стеффен - оилада 5 нафар фарзанднинг тўнғичи. Сингилларидан бири волейбол билан шуғулланади, иккинчиси - футбол клуби дарвозабони, худди Зак каби. «Сити» кипери ука ва сингилларидан ҳар бири шарафига «Абадий менинг оилам» маъносида татуировка бостирган, онасига атаб эса, немис тилида ибора ёздирган. Зак футболга 5 ёшида ошно тутинган ва бошида бўлажак ҳимоячи сифатида шуғулана бошлаган. Кейинчалик U-10 тоифасидаги жамоа дарвозабони навбатдаги ўйинга улгуролмайди ва ва унинг ўрнини айнан Стеффен эгаллади. Зак шу-шу дарвозабонликка ихтисослашади. «Оилада ўғлим билан тез-тез ҳазиллашиб, унга ўша учрашувга келолмаган дарвозабонга қандайдир совғалар юбориши кераклигини айтаман», - дейди тасодифий кипернинг онаси Стефани.

Стеффен 7-синфга кўчганида, ўқитувчи унга муваффақиятга эришиш йўлида жиддий қийинчиликларни енгиб ўтган одам ҳақида иншо ёзиш топшириғини беради. Зак шунда вақтида туретта синдроми (асаб хасталиги)дан азият чеккан «МЮ» клуби ва АҚШ терма жамоаси собиқ дарвозабони Тим Ховардни танлайди. Зеро, болакай айнан ҳамюртига кумир сифатида қарарди. Зак АҚШнинг U-20 тоифасидаги терма жамоасида муваффақиятли ўйнай бошлаганидан кейин эса, мухлислар унинг ўзини «Янги Тим Ховард», дея таърифлай бошлашди. Стеффен МЛС (!!!)нинг 2018 йилги мавсумида энг яхши дарвозабон мақомини олди. АҚШ ёшлар терма жамоаси билан жаҳон чемпиони бўлишидан бир ой олдин эса, французларга қарши баҳсда ўта таъсирли ўйин кўрсатди. Зак 1:1 ҳисобида якунланган ўша учрашувда нақ 7та қойилмақом «сэйв»ни амалга оширди. Жумладан, ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Набил Фақир ва Усмон Дембеле томонидан йўлланган кетма-кет икки зарбани ажойиб тарзда бартараф этди.

Стеффен кейинчалик «Манчестер Сити» орқали Бундеслигага йўл олди ва «Фортуна»да ҳам дарҳол ажиб «сэйв»лари билан ажралиб турди. Лига канали 1-турдан кейин англиялик кипернинг «Вердер»га қарши ўйинда кўрсатган «сэйв»ларидан чиройли ролик ҳам тайёрлади. Бироқ муваффақиятли стартдан сўнг унинг ўйинида қўпол хатолар кўпайди. Хусусан, «Бавария» билан ўйинда тўпни рақибига шунчаки, топшириб қўйди ва муносиб жазоланди. «Аугсбург»га қарши учрашув эса, америкалик кипер учу нўта аламли бўлди - у ўта узоқ масофадан берилган зарбадан кейин тўпни қўлларидан чиқариб юборди. Аммо энг муҳими, мавсум-2019/2020 доирасидаги ўйинларнинг камида ярмида қатнашган Бундеслига дарвозабонлари орасида «сэйв»ларнинг ўртача сони бўйича айнан Стеффен энг юқори натижага эришди (1та ўйинда ўртача 3,8та «сэйв»). Тўғри, у 2020 йили жароҳат туфайли умуман майдонга тушмади ва «Фортуна» қуйи лигага тушиб кетди.

2020 йил ёзида Black Lives Matter ҳаракати тезлашди ва Стеффен АҚШ президенти Дональд Трампни жиддий танқид қилди: «Агар АҚШ байроғи остида ўйнайдиган бўлсам, аввало, курашишга арзийдиган нимадир борлигига ишонч ҳосил қилишни хоҳлайман. Хусусан, қора танлилар ҳаёти мамлакатим учун муҳим эканлигига. Етакчиларимиз бизни кўришсин, эшитишсин. Ҳа, ўз мамлакатим номидан чиқишни хоҳлайман ва бундан фахрланаман. Ягона ниятим - ватаним ҳимояси». Стеффен - VOYCENOW жамоатчилик гуруҳи асосчиларидан бири. Ушбу жамият тенглик ва адолат тарафдори бўлган спортчилар, мухлисларни бирлаштирувчи кучдир. Аммо футбол дарвозабоннинг асосий иштиёқи, барибир: «Ҳаётимда футбол бўлмаганида, нима қилардим, билмайман. Бу ҳақда кўп бора ўйлаб кўрдим, аммо ҳеч қандай тасаввурим йўқ».

 

Зак Стеффенга боғлиқ фактлар

• «Манчестер Сити» Стеффен трансферини 2019 йилнинг ёзида «Коламбус»дан 6,8 миллион еврога сотиб олди.

• «Сити» уни дарҳол Германиянинг «Фортуна» жамоасига юборди (ижара) ва мавсум-2019/2020 охирида бразилиялик Эдерсонга ўринбосар сифатида ортга қайтарди.

• Стеффен АПЛдаги дебютига қадар Лига кубоги доирасидаги 3та ўйинда майдонга тушди (жумладан, «Арсенал» 4:1 ҳисобида доғда қолдирилган баҳсда). Шунингдек, ЕЧЛ-2020/2021 гуруҳ босқичи охирги турида «Марсель» билан бўлган ўйинда (3:0 ҳисобида ғалаба) ҳам қатнашди.

• Эдерсонда коронавирус инфекцияси аниқлангач, Хосеп Гвардиола «Челси»га қарши ўйинга айнан Закка ишонч билдирди.

• «Челси» ўйинда «шаҳарликлар» дарвозаси томон атиги икки марта аниқ зарба йўллади. Стеффен биринчи бўлим охирида Аспиликуэта томонидан бош билан йўлланган тўпни ушлаб олди ва ўйин охирида Хадсон-Одоининг яқин масофадан йўллаган зарбасини тўсолмади.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz