Сўнгги вақтларда ҳамюртимиз Элдор Шомуродовнинг Италия чемпионатидаги ўйинлари омма эътибор марказида бўлиб турибди. Ҳужумчимизнинг «Ювентус»га ўтиши борасидаги хабарлар эса қизиқишни янада оширди. Жаҳон футбол жамоатчилиги ўзбекистонлик футболчини соф форвард сифатида кўради, лекин у аслида қанот ярим ҳимоясидаги ўйинлари ва рейдлари орқали мухлисларга танилган, десак муболаға бўлмайди. Элдорнинг фаолиятида туб бурилиш ясаган учрашув - Осиё кубоги-2019 гуруҳ босқичи 1-туридан ўрин олган Уммонга қарши баҳсдир. Нима учун ушбу ўйинни ёдга олишга қарор қилдик? Буни қуйида билиб оласиз.
Эктор Купер мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий термаси БААдаги Осиё кубогига таркибда ягона соф ҳужумчи билан йўл олди. У ҳам бўлса - Марат Бикмаев. Бироқ аргентиналик мутахассис дастлабки турданоқ кутилмаган сюрпризларни тақдим этишни бошлади.
Уммон билан ўйин вакилларимиз устунлигида ўтиши кутилганди, бироқ бунинг акси кузатилди. Дастлабки дақиқалардан ўйин тизгинини рақибга бой берган футболчиларимиз кўпроқ тўпсиз ўйнашга мажбур бўлишди. Бошқа томондан, ҳимояда тўпсиз ҳаракат қилиш Купер услубига тўлиқ мос келарди. Аммо рақиб - Уммон, бундай даражадаги жамоага қарши ҳам тўпсиз ўйнаш бизни асло қониқтирмаётганди. Дарвозамиз томон кетма-кет ҳужумлар ёмғирини ёғдиришни бошлаган уммонликлар қатор вазиятлардан фойдалана олишмади. Биринчи бўлим ўрталарига келиб бизникилар ҳам тўп назоратини қўлга олишга интилишди, камсонли бўлсада вазиятлар яратишди. 34-дақиқада бош ҳакам Уммон дарвозаси томон жарима зарбаси белгилади ва уни Одил Аҳмедов моҳирона тарзда амалга ошириб, ҳисобни очди. Шунда мухлислар ҳовури бироз бўлсада босилди, футболчиларимиздаги ҳаяжон ҳам пасайди.
Умуман олганда, барча ёш тоифасидаги термаларимиз ҳар қандай мусобақанинг дастлабки учрашувида қийинчиликка дуч келишади. Ўйин ўзлари истагандек чиқмайди, гоҳида натижа ҳам қониқарсиз кўриниш олади. Фикримча, бу кўпроқ руҳият билан боғлиқ. Ўша Уммон билан ўйинда ҳам шунинг гувоҳига айландик. Иккинчи бўлимда ҳужумкорликни оширган рақиблар Муҳсин ал Ғассанининг голи эвазига мувозанатни тиклашди. Термамиз устози эса сўнгги дақиқалар яқинлашгани сари футболчиларимизга тинмай олдинга ўтишга ишора берарди. Аксига олиб, айрим ўйинчиларимизда чарчоқ аломатлари сезилаётганди. Шунинг ҳисобига Жалолиддин Машариповнинг ўрнига Икром Алибоев туширилди. 85-дақиқада эса Элдор Шомуродов Марат Бикмаевнинг ўрнини эгаллади.
Орадан кўп ўтмай, Алибоев қанотда фаол ҳаракатланиб, тўпни очилиб бораётган Шомуродовга узатди. Элдор эса битта ҳаракат билан тўпни эгаллаб, рақиб дарвозасини ишғол қилди. Мазкур учрашувдаги ғалабадан кейин Эктор Купер навбатдаги учрашувларда ҳам Элдорни марказий ҳужум чизиғига қўйишни бошлади, форвардимиз эса Турк-манистон билан ўйинда «дубль» расмийлаштирган бўлса, Япония билан ўйинда ҳам ҳисобни очувчи голга муаллифлик қилди.
ОК-2019дан кейин «Ростов» бош мураббийи Валерий Карпин ҳам Шомуродовни соф ҳужумчи сифатида синаб кўрди, натижада у қатор голлар урди. Қайсидир маънода, Элдорнинг марказий ҳужум чизиғидаги фаолияти янгиланишига сабаб бўлган Уммон термасига қарши баҳс охир-оқибат уни Италия сари етаклади, «Женоа»га олиб борди. Балки Шомуродов ярим ҳимоя чизиғида тўп суришни давом эттирганида, бу муваффақиятларга эришолмасмиди...
АБДУЛАЗИЗ, InterFUTBOL газетаси
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20