Қайднома

Қидирув

Пепе: «Болалигимда 3та ЕЧЛ кубогини, ҳатто тасаввур қилмаганман»

Пепе: «Болалигимда 3та ЕЧЛ кубогини, ҳатто тасаввур қилмаганман»

  31.01.2021 15:00
  0
  343
Пепе: «Болалигимда 3та ЕЧЛ кубогини, ҳатто тасаввур қилмаганман»

Асли келиб чиқиши бразилиялик бўлган, айни пайт Португалиянинг «Порту» жамоасида тўп сураётган таниқли ҳимоячи Пепе Expresso нашрига берган интервьюсида Мадриднинг «Реал» клубидаги фаолиятига алоҳида тўхталди. Қуйида мазкур суҳбат билан танишишингиз мумкин.

- «Реал» таркибига қўшилишингиз қандай юз берганди?

- Ўшанда «Реал»га эмас, Ла-Коруньянинг «Депортиво» клубига ўтишим ҳам мумкин эди. «Порту»даги фаолиятимнинг дастлабки мавсумидаёқ мазкур испан жамоаси менга таклиф билан чиққанди. Аммо «Порту» президенти Пинту да Кошта Португалияда яна бироз ўйнаб туришимни сўради. Ҳар бир омадли кечган ўйинимдан сўнг, менга турли клублардан кўплаб таклифлар туша бошлади. «Аждарҳолар» таркибида икки мавсум тўп суриб, клуб билан тузилган шартнома муддатини 5 йилга узайтирганимдан кейингина «Реал» «Порту»га менинг трансферим бўйича таклиф билан чиқди. Ўшанда ҳақиқатан ҳам «Мадрид»га боришни хоҳлардим. Дўстларим ҳамда танишларимнинг «Реал» марказий ҳимоячилар учун бамисоли қабристон эканлиги, мабодо, ушбу клуб таркибига қўшилсам, бу аҳмоқона йўл бўлиши мумкинлигини таъкидлашгани ҳамон эсимда. Ўшанда Фернандо Йерро мадридликлар таркибини тарк этганидан сўнг, мазкур позицияда ротация билан боғлиқ муаммолар бор эди. Мени «Реал»га ўтмасликка кўндиришга роса ҳаракат қилган бўлишса-да, таваккал қилишдан чўчимадим. Боиси, мадридликлар «Порту» талаб қилган трансфер суммасини (2007 йил, 30 млн. евро) тўлашга тайёр эдилар. Хўш, яна қанақа муаммо бўлиши мумкин?

- «Мадрид»даги фаолиятингизнинг дастлабки кунларида анча қийналгандирсиз?

- Албатта, қийинчилик бўлди. «Реал»даги илк мавсумолди ўқув-машғулот йиғини мен учун жуда оғир кечди. Ўшанда ҳаттоки, бошқа футболчилар билан гаплашмадим ҳам. Фақат меҳнат қилдим. Кейинчалик Австрияга бордик. Ўшанда италиялик машҳур ҳимоячи Фабио Каннаваро ёнимда ўтирганди. Шунда биринчи марта ким биландир гаплашгим келди. Қарасам, Фабио қандайдир журнални ўқиб тугатди. Унга: «Каннаваро, менга журнални бериб туролмайсанми?» деб сўрадим. У ўгирилиб, менга тикилди ва: «Каннаваро? Менинг исмим Фабио», - деди ва яна юзини ўгириб олди. Ўша пайт хижолат бўлганимдан ўзимни қўйгани жой тополмай қолдим. Лекин бироздан сўнг, Каннаваро яна менга ўгирилди. Унинг қўлида эса ўша журнал турарди.

- «Реал» таркибидаги дастлабки ўйинингизни эслай оласизми?

- Бўлмасам-чи! Мадридликлар таркибида илк бор «Атлетико»га қарши кечган пойтахт дербисида ўйнаганман. «Реал»га «Порту»нинг аниқ тизим асосида қурилган тактикаси, яъни қанотдан рақиблар ҳужум қилишса, ўша томонни тўсишга асосланган услубга мослашган ҳолда ташриф буюргандим. «Қаймоқранглилар»нинг эса бу борадаги қарашлари умуман ўзгача экан. Масалан, учрашувнинг 30-дақиқасида «Атлетико» аъзолари дарвозамиз томон қарши ҳужум уюштиришди. Шунда мен Фабиога: «Менинг ҳудудимни ёп», - дея қичқирдим. У эса менга жавоб тариқасида: «Йўқ, биз бундай қилмаймиз. Ҳамманинг ўз жойи бор», - дея жавоб қайтарди. Ўша лаҳзаларда: «Жин урсин, қанақасига бундай бўлиши мумкин?» - дейишдан ўзимни тия олмагандим.

- Ўшанда «Мадрид»да кийим алмаштириш хонасидаги муҳит қандай эди?

- Муҳит ўзгача бўлган, чунки у ердаги ҳар бир футболчи ўз термаси аъзоси саналарди. Шу боис, ҳар бир хато сен учун миллий жамоадаги ўрнингни йўқотишга олиб келарди. Моуриньонинг «Реал» бошқарувини қўлга олиши эса ҳиссиётларни янада кучайтириб юборди. Биз фақатгина Чемпионлар Лигаси мусобақасида ғолиб чиқиш учун кураш олиб бордик, Ла Лига эса иккинчи планга тушиб қолганди. Бироқ якунда барчаси тескари кўриниш олиб, Испания чемпионатида ғолиб чиқдик, мамлакат кубогини ҳам қўлга киритдик, ЕЧЛда эса омадсизликка учрадик.

- 2014 йили Мадриднинг «Атлетико» жамоасига қарши кечган финал баҳсида («Реал» 4:1 ҳисобида зафар қучиб, ЕЧЛ ғолибига айланганди) жароҳат сабабли майдонга тушолмагандингиз...

- Ҳа, ўшанда Вальядолидда бўлиб ўтган баҳсда жароҳат олгандим. Лекин бу ҳақда шифокорларга индамагандим. Якуний машғулотда оғриқ сезадиган бўлсам, бу ҳақда жамоамиз устози Карло Анчелоттига айтишга қарор қилдим. 15 ёки 20 кун давомида жамоа билан деярли маш-ғулот ўтказмаган бўлсамда, оғриқ қолмади. Финал учрашуви арафасида эса Анчелоттига юзландим: «Устоз, оёғимда ҳалиям оғриқ бор». Карло эса мени лол қолдирган ҳолда, шундай жавоб берди: «Яна озгина кутамиз ва эртага кўрамиз». Эртасига эса оғриқ янада кучайиб кетди. Бироқ Анчелотти шунда ҳам менинг майдонга тушишимга бўлган ишончини йўқотмади ва: «Эй, йигит, озгина вақтга бўлса ҳам майдонга туша олмайсанми? Ахир, сен шунга лойиқсан-ку», - деди. Мен эса унга рад жавобини бериб: «Устоз, тасаввур қилиб кўринг, мен майдонга тушиб жароҳатлансам, бунинг оқибатида захира имконияти ҳам йўқотилса, нима бўлади? Ўзимни Чемпионлар Лигаси ғолиби сифатида ҳис қилишим учун финалда майдонга тушишим шарт эмас», - дедим. Кези келганида таъкидлашим жоизки, 18 ёшимгача онам билан битта кроватда ухлаганман. Аммо ЕЧЛ мусобақасида 3 марта ғолиб чиқишга муваффақ бўлдим. Болалигимда эса буни умуман тасаввур қилмагандим ва ҳозиргача буни ақлимга сиғдиролмайман. Келажак ҳақида ўйлайдиганлардан эмасман. Менимча, бу ҳақда ўйлайдиган бўлсанг, ҳозирги реал ҳаётинг билан ҳамкорликни йўқотасан.

Улуғбек УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz