Қайднома

Қидирув

«Шаҳарлик» афсона – энди нўноқ мураббий

«Шаҳарлик» афсона – энди нўноқ мураббий

  31.01.2021 19:39
  0
  372
«Шаҳарлик» афсона – энди нўноқ мураббий

Бельгиялик Венсан Компани 2019 йилнинг ёзида «Манчестер Сити»даги фаолиятига нуқта қўйди. «Шаҳарликлар» сафида у 350дан ортиқ учрашувларда майдонга тушди, 4 марта Англия чемпионлиги, 4та Лига кубоги, 2тадан Англия кубоги ва Суперкубокларига сазовор бўлди. Хуллас, Манчестерни чинакам афсона мақомида тарк этди.

Кетар чоғида бельгиялик юлдуз туманли ўлкадаги фаолиятига қисқача изоҳ берди: «Ўзига хос жамоада мени қўллаб-қувватлаган барча мухлис ва мутахассисларга миннатдорчилигимни изҳор этаман. Бу ердаги дастлабки кунни бугунгидек яхши эслайман. Жамоадаги ажойиб муҳит, атрофимдагиларнинг самимийликлари ва мухлисларнинг доимий ишончларини ҳеч қачон унутмайман. Улар яхши ва ёмон кунларимда далда беришди, ҳеч қачон таслим бўлмасликка ўргатишди».

Компани боши оққан томонга йўл олмади, қадрдон «Андерлехт»га равона бўлди ва бир йил ўйновчи мураббий вазифасини адо этди. Жорий мавсумни Венсан «Андерлехт» бош мураббийи мақомида бошлади. Бельгия клубига сармоя киритган пайтида Компани юксак натижаларни қайд эта оладиган иқтидорли ёшларга умид боғлаганди. 2019 йилнинг майида у жамоа мураббийлар штабидан жой олишини маълум қилди. Ёзда бир неча йилдан бери «Манчестер Сити» академиясида самарали ишлаган Саймон Дэвисни ўзи билан олиб келди. Аввалига режа қуйидагича эди: Дэвис - бош мураббий, Венсан - унинг ёрдамчиси.

Бироқ амалда бунинг акси юз берди: «Андерлехт» июль-август ойларида Компани раҳбарлигида, августдан октябргача Дэвис тасарруфида бўлди. Кейин қониқарсиз натижалар (9та ўйинда битта ғалаба, 5та мағлубият ва 3та дуранг) қайд этилгач, Саймон жамоани тарк этди.

Компани билан шартнома имзолаётганда мутасаддилар режаси қуйидагича эди:

1. Дэвис дастлабки омадсиз мавсумига қадар бош мураббий вазифасини адо этади. Раҳбарият унинг ҳеч бўлмаганда 1,5 йил самарали ишлашига умид қилганди.

2. Шу давр ичида Компани бошлиғи ёнида тажриба тўплаб, унинг ўрнини тўлдиришга асосий номзодга айланади.

3. Клуб янги раҳбарлар билан параллель равишда барча йўналишлар бўйича равнаққа эришади. Молиявий муаммолар туфайли клубнинг суянган тоғига айланган ёшлар сектори тараққий этиб, асосий таркиб ўзагини шакллантиради.

Мавсум стартидаги нўноқлик ҳаммасини барбод қилди. «Андерлехт» «Крилья Советов»нинг собиқ мураббийи Франк Веркотеренни ёллашга мажбур бўлди, Дэвис меҳнат биржасига йўл олди ва ҳозиргача бош мураббий лавозимига эриша олмади. Венсан Компани мураббийлар штабида қолди. Бундан ташқари, турли муаммолар, масалан, қарзлар клубга босим ўтказди. Охир-оқибат, Венсан яна 3 млн. евро сарфлаб, жамоанинг расмий акционерига айланди. «Ҳозир клубда муайян муаммолар мавжуд. Аввалига биз камроқ харажатлар билан тараққиётга эришишга умид қилгандик. Бироқ афсуски, жиддий қийинчиликларга дуч келдик ва режани рўёбга чиқара олмадик. Аммо тез орада клуб қаддини тиклаб олишига ваъда бераман», - деди Венсан.

Ёзда «Андерлехт» Веркотеренни истеъфога чиқарди. Мунозарада рўйи-рост иштирок этган Компани унинг ўрнини эгаллади. Таъкидлаш жоизки, «Андерлехт»га келишидан аввал ҳам у жамоага мустақил раҳбарлик қилиш воситаси сифатида қараганди. 2019 йилнинг октябрида мухлисларни жамоага ким устозлик қилаётгани ўйлантириб қўйган ва «Андерлехт» бу борада баёнот берганди. The Brussels Times нашрида ёзилишича, биринчидан, Венсан Компани тегишли лицензияси бўлмаган ҳолда ишлагани учун клуб Бельия футбол федерациясига 5 минг евро жарима тўлаган. Иккинчидан, Венсан тез-тез ва ошкора тарзда ўзини бош мураббийдек тутган: машғулот ва учрашувлардаги хатоликлар учун жамоани танқид қилган. Дэвис тезда жамоани тарк этди, Веркотерен ўта ноқулай ҳолатга тушиб қолганди.

Кўпинча Компани бош мураббийнинг айрим юмушларини ўзиники қилиб оларди. У машғулотларга раҳбарлик қилар, тактика танлаш борасида Веркотереннинг қарорларига аралашиб турарди. Бироқ жамоатчилик ўртасида бир-бирлари хусусида доимо ижобий фикр билдиришарди. Бельгиялик касбдошларимиз фикрича, Веркотереннинг бош мураббий лавозимидаги фаолияти кўп жиҳатдан Компанининг ҳолати ва мустақил равишда жамоани бошқариш иштиёқига боғлиқ бўлган. Аввалги ёзнинг ўрталарида Венсан янги мавсумга футболчи мақомида тайёргарлик кўраётганди. Бироқ кутилмаганда жароҳат олиб, фаолиятини якунлашга мажбур бўлганди. Франкнинг айтишича, у майдонга қайтиш мақсадида ҳар куни 4 соатдан машқ қилган. Аммо бир кунда тубдан ўзгариб, фаолиятини тугатишга қарор қилган. Айнан шу ўзгариш клубнинг Веркотеренга бўлган муносабатига таъсир этган.

Августда истеъфога чиқарилган бош мураббий декабрда «Антверпен»ни қабул қилди. Компани эса ярим йилдан бери «Андерлехт»ни бошқармоқда. Ҳозирча унинг жамоаси 3 ва 8-ўриндагилар гуруҳида. Уларни атиги 3 очко ажратиб турибди. «Генк»дан ўзиб кетиш учун Компанидан тинимсиз изланиш ва кўпроқ ғалаба қозониш талаб этилади. Пешқадам «Брюгге»га етиб олиш ва қувиб ўтиш эса иложсиздек туюлмоқда.

Хорижлик ҳамкасбларимиз Компанининг «Андерлехт»даги фаолияти хусусида батафсил маълумотга эга бўлиш мақсадида Бельгия чемпионатини диққат билан кузатиб борадиган блогер Артём Прожогага айрим саволлар билан мурожаат этишди.

- «Андерлехт» қандай ҳолатда? Мухлислар Компанини қандай қабул қилмоқдалар?

- Компанининг кутиб олишгани билан ҳозирги қабул қилишлари ўртасидаги фарқ сезиларли. У клубга келган пайт ҳамма ҳайратда эди. Ўйновчи мураббий варианти ишончсизлик билан кутиб олинди. Лекин «Андерлехт» фалсафаси барча гумонларга барҳам берди. «Стандард», «Брюгге» каби Бельгиянинг топ-клублари жамоа ДНКси хусусида гапирмоқдалар. Бироқ у ерда бу масала очиқлигича қолмоқда. «Андерлехт»да у 1-ўринда. Чунки жамоа ўз ўйинчилари ва академияни ривожлантириш йўлини танлаган. Шу боис, Компанининг қайтиши бу концепцияга жуда мос: номдор жамоада тажриба тўплаган маҳаллий тарбияланувчи қадрдон клубига қайтди. Ҳавас қиладиган даражадаги қайтиш! Компани бош мураббий курсисини эгаллаганида, мухлислар руҳияти кўтарилиб кетди. Чунки жамоа ўтган мавсумни суст ўтказиб, узоқ йиллардан бери илк бор еврокубоклардан четда қолганди. Шу сабабли қарзга ботган, муаммолар ва инқирозга юз тутган клубга келаётганини Компани яхши биларди. Қўшимчасига, ёзда 15 нафар ўйинчидан воз кечиши ҳам маълум эди. Компани шундай шароитда ишламоқда.

«Андерлехт»нинг асосий муаммоси - очколарни бой бериш. Жамоа кўпинча 80-дақиқадан кейин дарвозасидан тўп олиб чиқади. Унинг иштирокидаги ўйинларда охирги голни рақиб жамоа уришига ҳеч иккиланмай «кон» тикиш мумкин. Табиийки, бу салбий одатдан мухлислар мамнун эмаслар. Таркиб асосан ёш футболчилардан тузилган, ҳимоя чизиғи вакилларининг ўртача ёши 20га тенг. Баъзан 17 ёшлилар ҳам майдонга тушмоқда. Компани бу ҳолатга зукколик билан изоҳ беради: ёшларнинг тараққиёти йўлида натижани қурбон қилиш лозим. Жамоа ривожланишни 1-ўринга қўйган.

Молиявий эҳтиёж самарага салбий таъсирини ўтказмоқда. Кузда «Андерлехт» навбатдаги ноёб жавоҳиридан жудо бўлди - Жереми Доку 26 млн. евро эвазига «Ренн»га йўл олди. 36 млн. қарзи бор жамоа учун ўта манфаатли келишув! Таклифни қабул қилишга жамоани айнан қарз мажбур этди. Агар шу зарурат бўлмаганида, Жереми 19 ёшгача «Андерлехт»га қандайдир совринни келтирган ва топ-клубга кетган бўларди. Яъни, Тилеманс, Прат, Дендокер каби юлдузлар парвозини такрорларди. Дарвоқе, Докуни сотиб юбориш жамоа режасида йўқ эди. Клуб акциядорлари ўртасидаги можаро вазиятни янада кескинлаштириб юборди. Хайриятки, Венсан «Манчестер Сити» билан алоқани узмаган, улар Лукас Нмечуни ижарага беришди.

Шу ўринда топ-клубларга хос юқори талабчанлик оқибатида юзага келадиган қўшимча қийинчиликни алоҳида таъкидлаш лозим. Бу - ҳаммасига бир йўла эга бўлишни истайдиган мухлислардаги сабрсизлик. Адолат юзасидан айтганда, ўзининг дебют мавсумида Компани аввалги 8-поғонадан юқорироқ натижани қайд этса, ундан хафа бўлмасликлари керак. Тўғри, улар барибир янада яхшироқ натижани талаб қилишади. Бу ёқда коронавирус регламентга ўз таъсирини кўрсатди - энди чемпионлик учун кураш аввалгидек 6 эмас, 4 жамоа ўртасида кечади. Демак, Венсаннинг жамоаси 4-ўриндан пастда бўлмаслиги шарт.

- У қанақа мураббий ва чиндан ҳам юксак ишончга эгами?

- Ҳа, мутасаддилар Компанига ўзларига ишонгандек ишонадилар. Клуб концепциясига мос эканлиги, меҳнатсеварлиги ва узоқни кўзлаб иш юритиши эвазига у айнан «Андерлехт» учун туғилган мураббийга айланишидан умидворлар. Бироқ ҳаммаси яна мухлисларнинг беқарорлиги ва сабрсизлигига тақалади. Тажрибасиз ёшларнинг камчиликлари - одатий ҳол. Аммо мухлислар буни тушунишни истамайдилар.

Бу борада 2та йўл бор. Яна 3 йилга (Компанининг шартномаси тугагунича) сабр қилиш ва ёш иқтидорларнинг вояга етишлари, Венсан ўз лойиҳасини ниҳоясига етказишини кутиш. Ёки бош мураббий лавозимига бошқа мутахассисни таклиф этиш. Лекин янги мураббий клубнинг барча тоифалари учун анъанавий бўлган 4-3-3 схемасидан воз кечиб, таркибни ўзга услуб ўйинчилари билан шакллантириши мумкин. Мухлислар учун қисқа вақт ичидаги муваффақият муҳимроқми ёки жамоанинг босқичма-босқич ривожланган ҳолда камолотга эришиши? Очиғи, буни билмайман. Ҳозирча Компани сезиларли ўзгаришларга қўл урмади. Бегона киши келганида, ислоҳотни бошлаб юборарди. Клубда аввало молиявий сиёсатни ўзгартириш лозим. Бу масалада Венсаннинг малакаси етарли. У бош мураббий эмас, бошқарувчи бўлиши керак эди, менимча. Компани доимо ўз шогирдларини ҳимоя қилади, ўйинлар пайти ўта таъсирчан ва эҳтиросли. Ҳозирча унинг иш юритишида озгина оптимизм етишмаётгандек. Бироқ менимча, у ўз шарт­номасини тўлиқ адо этади.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz