Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев ҳақида гап борганида, яқин-яқингача кўпчилик кўз ўнгида 2019 йилги мавсумда Қўқонда мезбон жамоа дарвозасига бирин-кетин 2та гол уриб, «Пахтакор» жонига оро кирган футболчи келарди. Ўтган мавсум Ўзбекистон кубогида «Насаф» дарвозасига урган суперголи эса, бу тасаввурни анча бойитди. Яқиндагина эркин агентга айланиб «Навбаҳор» билан янги битим имзолаган чустлик йигит ҳозир «Навбаҳор» билан бирга... Наманганлик мухлислар ҳам, Шоҳруҳнинг клубда қолишига тарафдор эдилар...
- Ўз вилоятингиз бош жамоаси «Навбаҳор»да тўп суриб, қандай таассуротлар олдингиз?
- Чустликман ва табиийки, болалигимдан «Навбаҳор»да ўйнашни орзу қилганман. Шукрки, ажойиб жамоанинг тенгсиз мухлислари қаршисида тўп суриш бахти насиб этди. Айниқса, Намангандаги стадионда гол қувончини туйганимдан беҳад хурсандман. Тўғри, жамоамиз иштироки кўнгилдагидек чиқмади. Зеро, чемпионат стартидан аввал олдимизга юқори ўринлардан жой олиш вазифаси қўйилганди. Шунга яраша, чемпионатни юқори кайфиятда бошладик, аммо карантин туфайли кўзда тутилмаган танаффус юзага келгани зараримизга ишлади. Негаки, жамоа энди яхши формага кираётган паллада ўйинлар тўхтаб қолди. Боз устига, рестартдан кейин кўплаб футболчилар коронавирусга чалинишди. Бунинг оқибатида катта куч йўқотдик ва карантиндан олдинги ҳолатни тиклашимиз қийин кечди. Хуллас, вазифаларни бажаролмадик ва шунга қарамай бизни тинимсиз қўллаб-қувватлаган, жамоамизга ишонган барча-барчадан узр сўрайман. Бир нарса аниқ - йигитлар қўлдан келганича ҳаракат қилишди. Лекин футболда баъзан барчаси бошқача тус олиши ҳеч гап эмас.
- «Навбаҳор»да сизга кўпинча захира варианти сифатида қаралди. Муҳими, имкон берилганида, жамоа ўйинини кучайтириб, ўзингизни кўрсата олдингиз. Сизга етарли ўйин вақти берилмагани хусусидаги фикрларга қандай қарайсиз?
- Нима дейишга ҳам ҳайронман. Кўп вақт захирада қолганим сабабини ўзим ҳам билмайман. Очиғи, «Навбаҳор»га катта умид ва мақсадлар билан келгандим. Аввало, наманганлик мухлислар ҳамда ота-онам ишончини оқлаш, шу аснода савияли ҳужумчилар қаторига қўшилишни ўйладим. Биласиз, Наманганда ажойиб футбол муҳити ҳукмрон. Бу ерда ўйнаш ҳар кимга ўзгача завқ бағишлаши турган гап. Шунинг учун ҳам, кўплаб таклифлар тушган бўлсада, моддий томонга эътибор қаратмай, «Навбаҳор»ни танлагандим. Бироқ бир йил етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаслик бироз алам қилди. Йўқ, ҳозир мураббийлар қарорини муҳокама қилмоқчи эмасман. Эҳтимол, қандайдир камчилигим бордир. Насиб қилса, янги мавсумда чиройли ўйинлар кўрсатиб, ютуқларга эришишга ҳаракат қиламан.
Менимча, ўз она шаҳри жамоаси ишонч билдириб, таклиф қилса, ҳеч бир футболчи рад жавоби бермаса керак. Шахсан мен шундай футболчиман, тарбиям шунақа. Ота-онам туғилиб-улғайган жойга ҳамиша эъзоз кўрсатишни ўргатишган. Хуллас, вилоятимиз жамоасига керак бўлса, жонимни ҳам бераман. Ахир барча яқинларим шу маконда истиқомат қилишмоқда, «Навбаҳор»га асло бефарқ эмаслар. Хуллас, агар ишонч бўлса, жон-жаҳдим билан буни оқлашга уринаман.
- Кубок турнирида «Насаф» дарвозасига чиройли гол урдингиз. Бу ўз ҳақингиздаги баъзи саволларга жавоб бўлдими, сизнингча?
- Йўқ, 1та гол ҳеч нимани ҳал қилмайди. Тўғри, қилинаётган меҳнат голлар асносида кўринади. Ҳаракатларим қачондир самара беришига ишонаман. Етарли имкон берилмагани учун жаҳл қилмадим, ортиқча эътироз билдирмадим, барчасига сабр билан ёндашдим. Менимча, «Насаф» дарвозасига урилган гол - бир инъом. Майли, мавсум охирида бўлсада, ўзимни кўрсатдим. Фақат ўша учрашувда ғалаба қозонолмаганимиз тўлиқ қувонишимга йўл қўймади. Асосийси - муҳим ўйинда майдонга тушиб, мухлислар ва ота-онам олдида юзимни ёруғ қилганим. Шу ўринда «Навбаҳор»дек клубда ўйнаш имкониятини яратган вилоятнинг собиқ ҳокими Хайрулла Бозоров ва ҳозирги раҳбар Шавкат Абдураззоқов, жамоа раҳбарлари, жонкуяр мухлисларга самимий миннатдорчилигимни билдираман.
- «Навбаҳор» бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов ҳам вақтида ҳужумкор ўйинчи эди. Айтингчи, у ҳужумчилар билан алоҳида ишлайдими?
- Албатта. Нўъмон ака кўпинча машғулотлардан кейин ҳужумчилар ёки ҳимоячиларни алоҳида олиб қолиб, турли вазиятларда қандай йўл тутиш кераклиги, нималарга аҳамият бериш зарурлигини атрофлича тушунтирарди. Менимча, унинг жамоада бажарган ишлари бу йил юзага чиқади. Унга аввалги мавсум шунчаки, вақт етишмади.
- Шомуродовнинг Италиядаги муваффақиятли ўйинлари ортидан хорижда бошқа ҳужумчиларимизга ҳам қизиқиш ортса керак. Сизнингча, бизда Шомуродов даражасига чиқа оладиган ҳужумчилар борми?
- Бор, албатта. «Металлург»да порлаган Шаҳзод Убайдуллаев ёки «Насаф» вакили Бобур Абдухолиқовни олайлик. Шаҳзод билан болаликдан бирга шуғулланганмиз. Бобур билан эса турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз сафида ўйнаганман. Ҳар иккиси яқин дўстим ва уларда ички потенциал жуда юқорилигини биламан. Агар ҳозирги ҳолатда ўз устиларида янада кўпроқ изланишса, Шомуродов даражасига чиқа олишади, албатта. Барчаси футболчиларнинг ўзларига боғлиқ. Футболчида ўзига ишонч, хоҳиш ва мақсад бўлса, у кўп нарсаларга эришиши мумкин.
Х.ЮСУПОВ суҳбатлашди
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20