Қайднома

Қидирув

Ислом Исмоилов: «Шахсий манфаатлар йўлида футболни қурбон қилмаймиз»

Ислом Исмоилов: «Шахсий манфаатлар йўлида футболни қурбон қилмаймиз»

  02.02.2021 09:29
  0
  381
Ислом Исмоилов: «Шахсий манфаатлар йўлида футболни қурбон қилмаймиз»

Ўтган мавсум Про-лига чемпионлигини кўлга киритиш орқали Суперлига йўлланмасига эга чиққан Яйпаннинг «Турон» жамоаси янги мавсумга жиддий тайёргарлик кўриш билан бир қаторда таркибга тажрибали ва маҳоратли футболчиларни жалб қилмоқда. Бундан кўзланган мақсад - элитада муносиб иштирок этиш, албатта. Бироқ «Турон» ўзбек футбол жамоатчилиги учун янги клуб бўлгани сабабли, кўпчиликда бу жамоа фаолияти ва режаларига доир саволар кўп, барибир. Биз Фарғонада старт олган «Ҳоким кубоги-2021» турниридан олдин «Турон» бош мураббийи Ислом Исмоилов билан боғланиб, айрим саволларимизга жавоб олдик.

- Суҳбатимизни сиз билан яқиндан танишиш орқали бошласак. Зеро, Ислом Исмоиловни кўпчилик футбол мухлислари яқиндагина таний бошлашди. Мураббий сифатида қаерда таҳсил олгансиз ва соҳадаги илк қадамлар қаерда ташланган?

- Дастлаб, Тошкент давлат Жисмоний тарбия университетида ўқиганман. Ўқишни тамомлагач, Тошкентда мураббийларни тайёрлаш курсларида турли лицензиялар учун ўқиганман. Яқинда Про лицзензияси учун ўқув курслари бошланади ва унда иштирок этиш учун ЎФАга ҳужжатларимни топширганман. Мураббий сифатида «Пахтакор» футбол академиясида, «Ёзёвон»­да, Фарғона футбол мактабида ҳам ишлаганман ва кўриб турганингиздек, ҳозир «Турон» клубида фаолият юритяпман.

- Ўз олдига юқори мақсадлар қўядиган клуб жамоа бошқарувига тажрибали ва ўзига яраша мавқега эга мураббийларни тайинлашига кўникиб қолганмиз. Бироқ «Турон» мутасаддиларининг танлови бироз ноодатий кечди. Уларнинг бундай қарорга келишида қандай омил муҳим роль ўйнади, деб ўйлайсиз?

- Биринчи галда раҳбарларимизнинг яхши инсонлиги ва футболни тушунадиган, қадрлайдиган одамлар эканлигида, деб ўйлайман. Уларнинг мақсади ҳадеганда мураббий алмаштиравериш эмас, балки биз каби ёшларга ишонч билдириш. Раҳбарлар инсоннинг касбидан кўра, унинг одамгарчилигини, инсоний хислатларини ҳурмат қилишади. Кўпинча фикримиз ва қарашларимиз бир-бирига мос келади. Эҳтимол, шунинг учун менга имкон беришгандир. Худога шукр, натижалар ёмон бўлмаяпти, икки йилда иккита чемпионликка эришдим. Мураббий учун нима керак? Албатта, натижа. Кўрсаткичлар яхши бўляптими, демак тўғри йўлдасиз ва ҳамманинг ишончидасиз. Насиб қилса, буёғига Суперлигада ҳам ижобий натижалар қайд этиб, мухлисларимиз ва раҳбарларимизни хурсанд қиламиз.

- Отангиз Мурод Исмоилов клубда нималар билан бандлар?

- Ҳозир ёшлар билан ишламоқдалар. Албатта, керакли пайт-да маслаҳатларини оламиз. Бундан ташқари, ўзим доим янгиликка қизиқаман, ижтимоий тармоқлар, китоблар орқали замонавий футболда амалга оширилаётган ишларни излаб топаман ва уни жамоада қўллаб кўришга интиламан.

- «Турон»нинг янги мавсумга тайёргарлиги қандай кетмоқда?

- Жорий йилги ўқув-йиғиннинг дастлабкисини 2 январдан клуб қароргоҳида ўтказдик, бир ҳафтадан сўнг машғулотларни Фарғонага кўчирдик. 23 январдан 2 февралгача «Ҳоким кубоги»да иштирок этишимизни инобатга олиб, машғулотлар шу шаҳарда давом этоқда. Ўз навбатида, таркибни бир қатор тажрибали футболчилар билан бойитяпмиз. Селекция ишлари жадаллик билан давом этмоқда. 5 февралдан Тошкентда йиғилиб икки ҳафталик машғулотларга киришамиз. Шундан сўнг, яна Қўқонга қайтиб, қароргоҳимизда чемпионатга тайёргарликни давом эттирамиз.

- «Турон» Суперлигада тажриба орттирган Музаффар Музаффаров ҳамда Фозил Мусаев каби таниқли футболчилар билан шартнома имзолади. Таркибда яна қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

- Шу кунларда Сербиядан футболчи келиши кутиляпти. Сир эмаски, ҳозир кўпчиликда ушбу мамлакатдан ташриф буюрадиган легионерларга нисбатан бироз ишончсизлик пайдо бўлган. Аммо биз таклиф қилган футболчи «Пахтакор»даги Драган Черан ҳамда «Насаф»даги Марко Станоевич даражасида. (Мазкур интервью уюштирилганидан бир неча кун ўтиб, «Турон» Синиша Бабич билан шартнома имзолади - IF).

- Сизнингча, ўзбек мураббийларини қийнайдиган муаммолар нимада ва уларга берилаётган имкониятлар ҳақида қандай фикрдасиз?

- Очиғи, охирги марта бундан тўрт йил олдин «А» лицензиясига ўқигани боргандим. У пайтда тизим ва раҳбарият бошқа эди. Ўша кезлари малакали мураббийларни етиштириш йўлида қилинаётган ишлар тартибга солиниши кераклиги кўриниб қолганди. Эҳтимол, ҳозирги раҳбарият ташаббуси билан бу борада ҳам ижобий ўзгаришлар бўлаётгандир. Лекин назаримда, мураббийларнинг хориж жамоаларида малака оширишларига имконият яратиб бериш керак. Шунингдек, юртимизда ташкил этилаётган мураббийлик курсларига хорижлик малакали мутахассисларни жалб қилиш фойдадан холи бўлмайди. Тўғри, ўзимизда ҳам Ислом Аҳмедов ва Усмон Тошев каби тажрибали координаторлар бор, бироқ уларнинг ёнига хорижнинг малакали мутахассислари қўшилса, ўйлайманки, янада кўпроқ натижаларга эришса бўлади. Қолаверса, ўзбек клублари раҳбарларидан иложи борича ёшларга имконият беришни, улар атрофида тажрибали мутахассисларни жамлашни илтимос қилган бўлардим. Зеро, яхши натижаларга эришишга қодир ёш мураббийлар етарлича.

- Мураббий сифатида кўплаб футболчиларни синовдан ўтказдингиз. Демак, таққослаш учун имкониятингиз бор. Яқинда «Турон» аъзосига айланган укангиз Музаффар Музаффаровнинг потенциали ҳақида қандай фикрдасиз?

- Музаффарни укам бўлгани учун мақтамоқчи эмасман, аммо у Суперлига даражасидаги футболчи бўлгани учун ҳам юртимизнинг кўзга кўринган жамоаларида тўп суриб келмоқда. Ваҳоланки, унинг ўйнаган жамоаларида ҳеч қандай таниши бўлмаган. Музаффар барчасига ўз кучи билан эришди. Укамда потенциал юқори фақат ўтган йил уни жароҳатлар бироз қийнаб қўйди. Музаффарнинг характери ва имкониятларини яхши билганимиз учун уни жамоага таклиф қилдик. Биз профессионаллармиз ва бунга амал қиламиз. Оқни оқ деймиз, қорани - қора. Ҳеч қачон шахсий манфаатларимиз учун футболни қурбон қилмаймиз. Очиғи, дастлаб Музаффарнинг «Турон» таркибига қўшилишига қаршилик қилдим. Бироқ раҳбарларимиз «У бизга керакли ўйинчи, унга ука сифатида эмас, барча қатори муносабатда бўлинг», дейишганидан кейин бу ўтишга розилик бердим. Умид қиламизки, янги мавсумда биз икки йил олдинги Музаффаровни кўрамиз ва у жамоамиз етакчиларидан бирига айланади.

- «Турон» хусусий клуб бўлганлиги учун жамоа истиқболига кўпчилик шубҳа билан қараяпти. Сиз бу борада қандай фикрдасиз?

- Клуб таъсисчилари тадбиркор сифатида катта ютуқларга эришган, ориятли, ўз принципларига амал қиладиган инсонлар. Улар эртага вазият қандай бўлишини олдиндан кўра билишади. Шундай экан, хавотирга ўрин йўқ. Биласиз, ҳозир мана шу раҳбарлар ташаббуси билан юртимиздаги исталган клуб базаси билан рақобатлаша оладиган база қурилмоқда. Бундан ташқари, жамоа янги автобусга эга бўлди, стадионимизга 2000 люксли ёритгичлар ўрнатилди. Менимча, шу саъй-ҳаракатларнинг ўзи ҳам жамоанинг икки-уч йиллик эмас, балки узоқ йиллик мақсадга эга эканлигини кўрсатиб турибди.

- Суперлига нафақат «Турон», балки сиз учун ҳам дебют мусобақа ҳисобланади. Яқинлашаётган чемпионат олдидан ҳаяжон ҳам шунга яраша бўлса керак?

- Албатта, ҳаяжон бор. Айтайлик, кечалари уйқум келмай, жамоа ўйинида қандайдир янгиликлар қилиш ҳақида ўйлаб чиқаман. Одинда бизни қандай ўйинлар кутиб турганини биламиз ва шунга қараб камчиликларни бартараф қилиш йўлида изланишдамиз. Лекин қўрқув йўқ. Насиб қилса, жамоамиз билан бирга Суперлигада яхши натижаларга эришамиз.

- Келажакда амалга оширишни ният қилган орзу ва мақсадларингиз билан ўртоқлашсангиз.

- Ўз олдимга орзу эмас, мақсад қўяман ва шунга яраша тайёргарлик режасини тузаман. Очиғи, янгилик қилишга, ўзига хос тарих яратишга қизиқаман. Дастлабки мақсадим - «Турон» билан Ўзбекистон чемпиони бўлиш ва Осиё Чемпионлар Лигасида қатнашиш. Қолаверса, мураббийликка қадам қўйган илк кунларимданоқ Ўзбекистон миллий термасини бош мураббий сифатида жаҳон чемпионатига олиб чиқишни ният қилганман. Бу тарихда қоладиган нарса.

Х.ЮСУПОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz