Қайднома

Қидирув

Дилшод Аҳмадалиев: «Ўзимни бошқа жамоада синаб кўришни хоҳладим»

Дилшод Аҳмадалиев: «Ўзимни бошқа жамоада синаб кўришни хоҳладим»

  03.02.2021 11:33
  0
  473
Дилшод Аҳмадалиев: «Ўзимни бошқа жамоада синаб кўришни хоҳладим»

Ўтган йили ўз тарихида илк бор мамлакат бронза медалларини қўлга киритган АГМК клуби янги мавсум олдидан таркибда жиддий ўзгаришларни амалга оширмоқда. Жамоа таркибига қўшилаётганларга эътибор қаратсак, Миржалол Қосимов асосан ўзи ишонган футболчиларни клубга таклиф қилаётганига гувоҳ бўламиз. Улардан бири - «Бунёдкор» тарбияланувчиси, ажойиб тезлик ҳамда дриблинг соҳиби Дилшод Аҳмадалиевдир. Биз куни кеча асли тўрақўрғонлик бу иқтидор эгаси билан боғланиб, суҳбатлашдик.

- Аввало, янги жамоага кўникиш жараёни қандай кечаётгани ҳақида гапирсангиз...

- АГМКга ҳали яхши кўниколмадим. Чунки жамоага келган куним жароҳат орттириб олдим. Сўнг-ра якка тартибда машғулот ўтказдим. Очиғи, клубдаги кўпчиликни яхши билмайман.

- Ҳозирда соғлиғингиз қай даражада? Тўлиқ тикланиш учун қанча вақт кетишини айта оласизми?

- Ҳозир анча яхшиман. Душанбадан жамоавий машғулотларга қўшилдим. Жароҳатдан тикланиш учун 20 кун вақт кетди.

- АГМКга ким таклиф қилгани ва «Бунёдкор»дан кетишингиз сабабларини айта оласизми?

- АГМКга жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов таклиф қилдилар. «Бунёдкор»дан кетишим сабаби эса, клуб билан тузилган шартномам якунига етганди. Шу боис, ўзимни бошқа жамоада синаб кўриш мақсадида олмалиқликлар сафига кўчиб ўтдим.

- Сизга «Навбаҳор»дан ҳам таклиф бўлгани ҳақида эшитдик. Айтинг-чи, бу каби гап-сўзлар қанчалик ҳақиқатга яқин?

- Тўғри, «Навбаҳор»дан таклиф бўлди, лекин у пайтда АГМК билан шартнома тузиб бўлгандим.

- «Қалдирғочлар» сафидаги фаолиятингиздан қандай хотиралар қолди?

- «Бунёдкор» - футболчи сифатида халққа танилишимга замин яратган клуб. Ўз даврида нафақат юртимиз, балки қитъамизда ҳам ўзига хос мавқега эга бўлган шундай клубнинг бир бўлагига айланганимдан фахрланаман. Бу жамоадаги фаолиятим давомида энг яхши ва унутилмас дамларни ўтказдим. «Бунёдкор»дан фақат яхши хотиралар қолди. Худо хоҳласа, ҳали жамоага қайтаман.

- «Бунёдкор» раҳбарлари клубда қолиш таклифини билдиришдими?

- Йўқ, чунки уларга бошқа жамоада ўзимни синаб кўриш мақсадим борлигини айтгандим.

- «Бунёдкор»ни кўплаб етакчилар тарк этгани сабабли, жамоани қайта шакллантиришга тўғри келади. Айтинг-чи, клубнинг кейинги тақдири ҳақида қандай фикрдасиз?

- Менимча, «Бунёдкор» янги мавсумда ҳам яхши иштирок этади. Чунки жамоада ҳозир ҳам маҳоратли ижрочилар бор. Бундан ташқари, клуб академиясидан ажойиб иқтидор эгалари етишиб чиқмоқда. Ўйлайманки, улар жамоага ёрдам бера олишади.

- «Пахтакор» ажойиб мураббий ва ижрочилардан айрилди. «Локомотив» ҳамда АГМК эса имкон қадар таркибни кучайтиришга уринмоқда. Селекция борасида «Навбаҳор» ҳам чакки ҳаракат қилмаяпти. Хўш, янги мавсум арафасида қайси жамоалардаги ўзгаришлар диққатингизни тортмоқда?

- Назаримда, селекция масаласида бошқа клубларга нисбатан «Локомотив» фаолроқ кўринмоқда. Таркибга кучли футболчиларни қўшиб олиш билан бирга, бош мураббийликка португалиялик мутахассис тайинланди.

- «Бунёдкор» мухлисларига айтар сўзларингиз?

- Бизни ҳар қандай вазиятда ҳам охиригача қўллаб-қувватлаган ишқибозларга катта раҳмат. Умид қиламанки, уларнинг ишончи, меҳри ва далдаси туфайли клуб янада чиройли ва мазмунли ўйинлар намойиш этади.

ХУРШИДБЕК суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz