Қайднома

Қидирув

Жисмоний машқлар баҳодири

Жисмоний машқлар баҳодири

  03.02.2021 13:31
  0
  324
Жисмоний машқлар баҳодири

Гарри Кейн самарали ўйин бобида Европада биринчи бўлиб 20 балл (10}10) жамғарди. Январь ойи якунланаётган паллада англиялик форварднинг қай тариқа шунчалик сермаҳсулликка эришганини изоҳлашга уриниб кўрамиз.

Муаммолар сабабчиси

Ёшлигида Гарри ўрта бўйли, япалоқюз йигит эди. Ҳозирда у хипчабел, бақувват, мушаклари чиққан хушбичим йигит. Бу ижобий ўзгаришни одатий улғайиш жараёни билан изоҳлаш мумкин - лўппи юз ғойиб бўлди, ортиқча вазн ўрнини йўғон гавда эгаллади, ҳаммаси изга тушди. Аслида Кейн ўзининг жисмоний ҳолатига жиддий эътибор қаратиб, махсус мутахассис билан кўп машқ қилди, ошпаз ёллади.

Бир пайтлари Гарри ортиқча вазни туфайли «Арсенал» академиясидан четлатилганди, кейин «Лестер»нинг асосий таркибидан жой олишига ҳам шу «соқчи» тўсиқ бўлди. Кейннинг «тўпчилар» сафидаги фаолияти лондонлик мухлислар учун севимли латифага айланган. Аслида ҳужумчи майдонга тушмаган, бор-йўғи бир йил академияда таҳсил олган ва клубнинг ташаббуси билан у ерни тарк этган. Сабаб - ортиқча вазн - айнан шу жиҳат академия мутасаддиларини қониқтирмаган. Муассасанинг ўша пайтдаги раҳбари Лиам Брэди Corriera Della Sera мухбирига шундай деганди: «Афсуски, Гаррини ортиқча вазни учун мактабдан четлатганмиз. У дўмбоққина йигитча бўлиб, ҳаракатлари тез эмасди. Шу боис, катта футболда келажаги йўқ, деган қарорга келгандик. Бу улкан хато эди».

Муаммо катта футболда ҳам Кейнга халал берди. 2013 йилда у ярим йилга «Лестер»га ташриф буюрганди. «Тулкилар» унга таркибдан ўрин беришни хаёлларига ҳам келтиришмади - у даврда Жейми Варди ҳам мунтазам майдонга тушмасди. Найжел Пирсон Гаррини захирадан майдонга тушиб, манфаат келтирадиган «жокер» сифатида тасаввур қилганди. Натижа ҳафсалани пир қилди - «Лестер»даги ярим мавсумда 585 дақиқа тўп сурган ҳужумчи атиги 2та гол урди ва доимо Пирсон билан тортишиб юрди. Можаронинг асосий сабаби - ортиқча вазн. Тўғри, Гарри ўта бақалоқ эмасди. Лекин ортиқча 3 кг. ҳам мураббийни ташвишлантирарди: «Аввало, Кейннинг мешқорин эмаслигини таъкидламоқчиман. Аммо ортиқча вазни спорт формасига таъсир қилганлигини инкор этмайман. Гарри моҳир ҳужумчи бўлсада, тезлиги талаб даражасида эмасди. Шу сабабли биз тил топиша олмадик».

Бўлажак умр

йўлдошининг кўмаги

«Лестер»дан қайтганидан кейин Гарри асосий эътиборини спорт формасини тартибга келтиришга қаратди. Ҳар куни икки марталик машғулотлар, мураббий билан қўшимча машқлар, қатъий парҳез. Айтишича, баъзан ширинликлардан ўзини тия олмай қоларди. Бундай вазиятларда рафиқаси Кэти ёрдамга келарди. Гарри ва Кэти болаликдан бирга улғайишган, мактабга ҳам биргаликда боришарди. Фаолия-ти давомида ҳам Кэти доимо ёнида бўлди - Нориж ва Лестердан кейин «Тоттенхэм»даги мураккаб дамларида ҳам қўллаб-қувватлаб турди. Кейннинг ортиқча вазндан фориғ бўлишида турмуш ўртоғи асосий роль ўйнади. Кэтининг кўмагини ҳужумчи қу-йидагича эътироф этганди: «Кэти фитнес йўриқчиси бўлиб ишларди. Таътил пайти спорт формамни йўқотмаслигим учун мени одатий машқларни бажаришга мажбур этарди. «Лестер»да ортиқча вазн туфайли мураббий билан келиша олмай қолганимда, у таомларимни назорат қила бошлади ва уйдаги барча ширинликларни яшириб қўйди. Балки уларни ўзи еб қўйгандир. Бу ҳазил, албатта. Хуллас, вазн йўқотишимда бу муҳим роль ўйнади».

Жозе Моуриньо Гаррини энг бақувват ўйинчилардан бири сифатида эътироф этди. Аммо баҳордаги мажбурий таътилдан ке-йин Кейннинг спорт формасига оид саволлар кўпайиб кетди. Фақат машғулотларни мунтазам равишда ўтказиш имконияти юзага келганидан кейин ҳужумчининг барча кўрсаткичлари идеал кўриниш олди.

Юксак спорт формаси

Бу мақомга Гарри тиришқоқлик билан ўтказилган ўта оғир машғулотлар туфайли эришди. Қисқа вақт ичида етарли қувватга эга бўлиш учун у анатомия фанини ўрганиб чиқди. Дэнни Роуз Standard мухбирига берган интервьюсида жумладан, шундай деганди: «Ҳар куни соат 9да келганимизни маъмурга маълум қиламиз. Кейн эса биздан бир, ҳеч бўлмаганда ярим соат аввалроқ етиб келади ва мустақил равишда шуғулланади. Кийиниш хонасида йигитлар билан чақчақлашиб ўтирганимда, у гантель билан машқ қилаётган бўлади. Майдонга тушаётганимизда, югуриш йўлакчасида у доимо олдинги сафда. Гарри жуда кўп тер тўкишга одатланган, енгилишни ёқтирмайди. Икки томонлама беллашувда «дайди» тўпни ўтказиб юборган Уго (Льорис)га шунақа бақирдики, ҳамма, айниқса, Уго ҳайратдан қотиб қолди. Кейнни ҳеч қачон бунчалик дарғазаб ҳолда кўрмагандик».

Қаҳрамонимиз нишонни мўлжалга олиш, чамалаш малакасини ошириш хусусида ҳам кўп тер тўкади. Яъни, ҳафтада 2-3 марта бокс бўйича мураббийдан сабоқ олади ва бу спорт турининг айрим жиҳатларидан футболда фойдаланади: «Тўғри, ўзим учун бокс билан шуғулланиб тураман. Лекин бокс туфайли майдонда ҳам тезроқ ва дадилроқ югурадиган бўлдим».

Бундан ташқари, Гарри 2017 йилдаги интервьюсида «Тоттенхэм» таҳлилчиларидан ўзининг ҳар бир учрашувдаги ҳаракатлари хусусида ҳисобот беришларини илтимос қилганлигини айтганди. Шу тариқа ҳужумчи иккинчи бўлим ўрталарида толиқиб қолаётгани, рақибнинг тезкор ҳимоячиларига имкониятни бой бериб қўяётганини аниқлаб олганди.

Дастлабки камчилигини осонлик билан бартараф этди - шахсий мураббий кўмаги билан икки ой ичида жисмоний ҳолатини талаб даражасига келтирди, қувватни ўйиннинг бошидан охиригача тақсимлашни ўрганди. Иккинчи муаммодан фориғ бўлиш учун ҳужумчи жисмоний тайёргарлик мураббийи ва жамоа шифокорлари билан биргаликда оёқнинг турли бўғимларига бериладиган юкламаларга оид алоҳида режа тузди. Бу тадбирнинг самараси ҳақида Гарри ўша интервьюсида ҳикоя қилганди: «Мавсум бошланиши арафасида бел ости ва тизза ости пайларига кўпроқ юклама бераман. Шу йўл билан оёқларим иккита ўйинда идеал ҳолатга чиқади ва ёқимсиз тўқнашувларга шай бўлади. Мен билан ишлаган ва ҳамкорликни давом эттираётган спорт шифокори қўл ҳаракати ва спринт борасида махсус кўрсатмаларни берди. Улар ёрдамида тўпга мендан 2 метрга яқинроқ турган рақибимни қувиб ета оламан».

Терма жамоа туфайли ёндашувни ўзгартирди

Гарет Саутгейт Кейнни Англия миллий жамоасига вақтинчалик сардор этиб тайинлаганида, футболчи тайёргарлик жараёнини қайтадан кўриб чиқишни лозим топди. Маълум бўлишича, терма жамоа ошпази аввал енгил атлетика термасида ишлаган экан. У Гарри учун турли даврларга мўлжалланган озуқалар менюсини тузиб берди - мавсумнинг энг қизғин палласи, жароҳатдан фориғ бўлиш даври ва таътил учун. Натижада Гарри яна ширинликлардан жудо бўлди, спиртли ичимликлар ва суюкли таомларидан воз кечди. Эвазига бутун мавсум давомида учқур тойчоқдек чопиш имкониятига эга бўлди: «Шунчалик кўп чекловларга бардош бериш осон эмас. Бироқ зиммамга улкан масъулият юкланган. Шу зарурат доимо интизомли бўлишга мажбур этади».

Авваллари футболга бироз бепарво муносабатда бўлгани, спорт формасининг савияси ва жароҳатларга мойиллик фақат машғулотлари сифатига боғлиқ, деб ўйлаганини ҳужумчи очиқ-ойдин тан олди. Энди у тўғри овқатланиш, ўз танасининг имконият, эҳтиёжларидан хабардор бўлиш ва қўшимча юкламалар жароҳатларни четлаб ўтиш ёки улардан тезроқ фориғ бўлишнинг муҳим омиллари эканлигига шубҳа қилмайди: «Уч йилдан бери муайян режага риоя қиляпман. Авваллари қайсидир жиҳатларни унутиб қўйгандим. Аммо кейин буни тушуниб етдим: «Қачонки сен ўз танангга ёрдам берсанг, у сенга 100 фоиз итоат этади». Шу сабабли, бир қатор муҳим ўзгаришларни ўз вақтида амалга оширмаганимда, ҳозир қаерда ва қай ҳолатда бўлишим мумкинлигини айта олмайман».

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz