Қайднома

Қидирув

Лукас Подольски: «Мундиалдаги зафар мени ўзгартира олмади»

Лукас Подольски: «Мундиалдаги зафар мени ўзгартира олмади»

  04.02.2021 02:33
  0
  309
Лукас Подольски: «Мундиалдаги зафар мени ўзгартира олмади»

Айни пайт кўплаб мамлакат миллий чемпионатлари, жумладан, Россия Премьер-лигасида ҳам қишки таътил. Шу боис, Россия клубларининг аксарияти ўқув-машғулот йиғинларини хориж, жумладан, Туркияда ўтказишмоқда. Улар орасида Москва «Динамо»си ҳам бор. Белек шаҳрида йиғин олиб бораётган мазкур жамоа машғулотига 2014 йилги жаҳон чемпиони, Германия термаси, «Бавария» ва «Арсенал» клубларининг собиқ футболчиси, 35 ёшли тажрибали Лукас Подольски ташриф буюрди. У музокара ўтказиш учун эмас, балки қадрдон дўсти, ҳозирда «оқ-яшиллар» мураббийлар штабидан ўрин олган Андрей Воронин билан кўришиш мақсадида келганди. Подольски ўтган йилнинг январь ойидан буён Туркиянинг «Антальяспор» жамоасида ўйнамоқда. Мазкур жамоа таркибида Лукас 30та учрашувда майдонга тушиб, 5та гол урди, 4та ассист муаллифига айланди. Германия миллий термаси сафида эса у 130та ўйин ўтказиб, 49та тўп киритган. Подольскининг ташрифидан «Спорт-Экспресс» газетаси мухбири унумли фойдаланиб, интервью олди.

- Лукас, ишлар қалай, қандай янгиликлар бор?

- Барчаси аъло. Туркияда ҳаттоки, қишда ҳам об-ҳаво яхши бўлади. Бу ерда оилам билан яшаяпман, фарзандларим мактабга боришяпти, биз бахтлимиз. Тўғри, кичик жароҳат сабабли, Туркия Суперлигасининг сўнгги иккита тур баҳсида майдонга тушолмадим. Қолган барчаси жойи-да. Тез кунларда жамоа сафига қайтаман.

- Воронин ҳақида бирор қизиқ нарса айта оласанми?

- Андрей ажойиб футболчи ва инсон. Доимо барча масалага ижобий ёндашади, ҳазиллашишни яхши кўради. 18 ёшимда «Кёльн»нинг асосий таркибидан ўрин олганимда, айнан Воронин мени ўз ҳимоясига олиб, катталар коллективига мослашишимга ўз ҳиссасини қўшганди, биргаликда ҳужумда ажойиб тандем ҳосил қилгандик. Андрей билан анчадан буён кўришмагандик. Шу боис, суҳбатимиз ёқимли кечади, деган умиддаман. Менимча, Воронин фаолияти давомида Кёльн, Менхенгладбах, Леверкузен ва Дюссельдорф жамоаларида ўйнаган ягона футболчи бўлса керак. Ушбу шаҳарлар ёнма-ён жойлашган ва уларнинг клублари ўртасида доимо рақобат кечади. Воронин кучли футболчи бўлган, энди эса мураббий сифатида фао-лият юритмоқда. Менимча, у ўз тажрибаси ҳамда энергияси билан жамоага ёрдам беради. Балки, қачондир бош мураббий ҳам бўлар?!

- Сен ҳам шу йўлдан кетасанми?

- Бу ҳақда ўйлашимга ҳали эрта. Чунки эндигина 35 ёшга тўлдим. Яна 2-3 йил юқори савияда тўп суриш ниятидаман. Ҳозирча ўзимни кучли сезяпман. Боиси, жиддий жароҳатларга йўлиқмадим, яхши формадаман, юкламаларни осонгина бажара оламан. Ёшим улғайганлигини сезмаяпман. Мотивация борасида ҳам ҳеч қандай муаммо йўқ. Тўп суриш истаги бор экан, ўйнашда давом этаман. Ярим йилдан сўнг «Антальяспор» билан тузилган шартномам муддати якунланади. Яқинда клубимиз президенти истеъфога чиқди. Шундай экан, энди бир қарорга келишимга тўғри келади. «Динамо» жойлашган меҳмонхонага нафақат Воронин билан кўришиш, балки режалаштирилган учрашувда иштирок этиш мақсадида ташриф буюрдим. Яқин ҳафта ва ойлар ичида нима юз беришини кўрамиз.

- Сенда қачондир РПЛда ўйнаш имконияти бўлганми?

- Кўп маротаба бўлган. Жамоалар номларини келтирмай қўя қолай, аммо кўплаб Россия клубларидан таклифлар тушган, биз учрашиб, музокаралар олиб боргандик. Бироқ якунда руслар ўлкасида тўп суриш амалга ошмай қолганди. Россия термаси ҳамда рус клубларига қарши кўп маротаба ўйнаганман. 2008 йили Дортмундда россияликларга қарши кечган ўйинда (ЖЧ-2010 саралаши. Германия - Россия - 2:1) гол урганим ҳам эсимда. Москва - ажойиб шаҳар. Россия жаҳон чемпионатини аъло даражада ўтказди. Ўша мундиалга ташриф буюргандим.

- Матбуот хабарига қараганда, сенда Россия клубларида тўп суриш борасидаги энг реал вариант Ольга Смородская давридаги «Локомотив»да бўлган экан...

- Биз ўшанда Кёльнда учрашиб, музокара олиб боргандик. «Локомотив» тарафидан барчаси профессионал тарзда амалга оширилган ва мен «темирйўлчилар» таркибидан ўрин олишга яқин тургандим. Аммо кейин Лондоннинг «Арсенал» жамоаси варианти пайдо бўлди. Англия Премьер-лигасида ўйнаш орзум эди. Шу сабабли, ушбу вариантни танладим. Менимча, ўшанда тўғри йўл тутганман.

- Балки, ёзда сени бирорта рус клуби таркибида кўрармиз?

- Футболда ҳамма нарса юз бериши мумкин. Ёзда «Анталья-спор» билан тузилган шартномам якунига етишини барча билади ва мен янги таклифларга тайёрман. Ўзим ҳамда оилам учун қулай бўлган бирор жамоани танлайман. Олдимда бир нечта вариантлар бор. Қайси клуб сафига ўтишимни эса ёзда кўрамиз.

- Қайси россиялик футболчилар сенда ижобий таассурот қолдиришган?

- Биринчи ўринда «Арсенал»да мен билан бирга ўйнаган Андрей Аршавин. У бўйи паст бўлсада, техникаси жуда кучли ҳамда майдонда кўп нарсага қодир футболчи эди. Шунингдек, Аршавин шахс сифатида ҳам менда илиқ таассурот қолдирган. Айни пайт «Зенит»да фаолият олиб бораётганини биламан. «Антальяспор»да Фёдор Кудряшов билан бирга тўп суряпман. У ювош, камгап, лекин ажойиб йигит. Албатта, яна кўплаб футболчиларни биламан. Игорь Акинфеев, Юрий Жирков, ака-ука Василий ва Алексей Березуцкийлар, шунингдек, ҳозир майдонда «Динамо» либосида машғулот ўтказаётган Роман Нойштедтерни ҳам айтишим мумкин.

- Футболчилик фаолиятингдаги энг яхши шеригинг ким бўлган?

- Кўпчиликни айтишим мумкин. Мазкур рўйхатдан Германия термасидаги Мирослав Клозе албатта ўрин олади. «Бавария»дан эса Франк Рибери ва Бастиан Швайн-штайгерни айтишим мумкин. Бундан ташқари, ушбу клубдан Филипп Ламни ҳам. У чап қанот ҳимоячиси эди. Мен эса унинг олдида, чап қанот ярим ҳимоясида ўйнаганман. Лам билан майдонда бир-биримизни жуда яхши тушунардик ва бу ҳақда фақатгина орзу қилиш мумкин, холос. Лам майдондаги воқеликларни икки қадам олдиндан кўра оларди, у билан бирга ўйнаш завқ бағишларди. «Арсенал»даги шерикларимдан эса Месут Озил, Алексис Санчес ва Пер Мертеcакерни эътироф этаман. Мен нафақат майдондаги ҳамкорликни қадрлайман, балки жамоадошимнинг ҳаётда қандай инсонлиги, қандай суҳбатдош эканлигига ҳам эътибор қаратаман. Ахир, ҳаёт фақат футболдан иборат эмас-ку!

- Болалигингда жаҳон чемпио-ни бўлишни орзу қилганмидинг?

- Менимча, футбол билан шуғулланадиган ҳар бир болакай бу ҳақда орзу қилади. Бироқ буни амалга ошириш камдан-кам инсонларгагина насиб қилади. ЖЧ-2014да муваффақиятга эришиб, шундай кишилар қаторидан ўрин олганимдан бахтлиман. Футболда жаҳон чемпионлигингни англатувчи кубокни бошинг узра кўтаришдан ҳам кўра чиройлироқ манзара бўлмаса керак. Лекин мазкур зафар мени ўзгартира олмади. Барчага ўзимни намо-йиш этиб, мен - жаҳон чемпиони Лукас Подольски эканлигимни билдириш учун ресторанга бормайман. Ушбу унвонни қўлга киритганлигим, турмуш ўртоғим ҳамда ўғлим ўша лаҳзаларни ўз кўзлари билан бевосита стадионда томоша қилишгани билан фахрланаман. Аммо ҳаёт давом этмоқда, хотиралар билан яшамаслик лозим.

- Фаолиятингдаги энг яхши бош мураббий сифатида кимни эътироф этасан?

- Йоахим Лёвни. Фаолиятимнинг бошланишида ундан кўп нарса ўргандим. Лёв биз - футболчиларга видеоларни намойиш этиб, тушунтирар, маслаҳатлар берар, кўплаб талаблар қўярди. Биз у билан 10 йилдан зиёд вақт давомида бирга ишладик. Лекин бошқа супермураббийлар - Юпп Хайнкес, Оттмар Хитцфельд, Арсен Венгерни ҳам эътироф эта оламан.

- Желько Бувач ва Сандро Шварцдан иборат «Динамо» тандемини биласанми?

- Уларга баҳо бериш даражасида яхши билмайман. Бунинг учун бирга фаолият юритишим зарур, биз эса ҳамкорликда ишламаганмиз. Аммо шу ерда - Туркияда Бувач билан суҳбатлашгандим. У ўшанда эндигина «Динамо» спорт директори этиб тайинланганди. Желько узоқ йиллар давомида Юрген Клопп-га ёрдамчилик қилганди. Энди эса йўналишини ўзгартирибди. Бу қизиқарли тажриба. Шварц Бундеслигада машғулотлар олиб борган ва бу унинг савиясидан дарак беради. Воронин эса ўз маслаҳатларини бериб туради. Таркиби жуда кўплаб ёшлардан иборат бўлган «Динамо»да ушбу мутахассисларнинг фаолиятлари қандай натижа беришини кузатиш мен учун жудаям қизиқ.

 

У.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz