Қайднома

Қидирув

Фернандо Морьентес – Тошкентда

Фернандо Морьентес – Тошкентда

  20.02.2021 06:31
  0
  241
Фернандо Морьентес – Тошкентда

Ўтган ҳафта пойтахтимиздаги «Hyatt Regency» меҳмонхонасида ўз вақтида «Реал Мадрид», «Монако», «Ливерпуль» каби жамоаларда тўп сурган испаниялик ҳужумчи Фернандо Морьентес иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда «Оқ-тепа» клуби асосчиси ғанишер Шоғуломов, клуб президенти Сарвар Шоғуломов, «Racing city group» ҳамда «Genova soccer academy» раҳбари Моррис Пагниелло ҳамда академия мураббийлари ҳам қатнашиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.

Моррис Пагниелло: - Ҳамкоримиз «Оқ-тепа» клуби билан шундай лойиҳани амалга ошираётганимиздан хурсандман. «Genova international Uzbekistan» деб номланган илк лойиҳамизни ишга тушириш арафасидамиз. Мақсадимиз - ўзбекистонлик иқтидорлар учун Европа эшикларини очиш.

Ғанишер Шоғуломов: - Клубимиз 20 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда. Мана шу муддатда ўзбек футболи ривожи йўлида кўп ишлар қилинди. Бугунги матбуот анжуманида иштирок этаётган Фернандо Морьентеснинг «Реал Мадрид» афсонаси эканлиги ҳеч кимга сир эмас. У ёш футболчилар учун «мастер-класс» ўтказади. Ўйлайманки, бу биринчи қадам. Ўзбекистонлик футболчиларнинг Европага йўл олишлари учун босқичма-босқич ҳаракат қилиб борамиз. Бунинг кетидан миллий терма жамоамизга фойда келтиришни кўзлаганмиз.

Фернандо Морьентес: - «Оқ-тепа» клубига таклиф учун миннатдорчилик билдираман. «Genova soccer academy» лойиҳаси асосида кўп мамлакатларда бўлганман. Янги ёш иқтидорлар билан танишишни истайман ва уларга кўпинча ўз тавсияларимни бераман. Ким учундир футбол оддий бир касб бўлиши мумкин. Лекин, мен учун бу жўшқин ҳиссиётлар оламидир. Моррис Пагниелло айтганидек, биз ҳамиша иқтидорларни излаймиз. Кейинчалик ҳам лойиҳамизни давом эттирган ҳолда, ўзбекистонлик футболчиларнинг Европага йўл олишларига кўмаклашамиз.

Сарвар Шоғуломов: - Ўзбек футболининг нуфузини ошириш - энг олий мақсадимиз, бундан ке-йин ҳам шундай бўлиб қолади. Футболчиларимиз ўз фаолиятларини йўлга қўйиб олишлари, кучли жамоаларда ўйнашлари учун барчамиз биргаликда меҳнат қиляпмиз. Айни пайт 2-3 нафар футболчимизга «Райо Вальекано»нинг учинчи жамоасидан таклиф бор. Ҳозирда мураббийлар уларни ўрганишмоқда ва кузатишмоқда. Жаноб Морьентесга таклифимизни рад қилмай келгани учун раҳмат айтаман.

- Аввал ҳам бундай лойиҳалар бўлган. Лекин аксарияти муваффақиятсизликка учраган. Мазкур лойиҳа қанча муддатда натижа келтириши мумкин?

Моррис Пагниелло: - Биз эртагаёқ чемпионлар ёки кучли футболчилар чиқади, деб ваъда бермаймиз. Ҳозирда биринчи қиладиган ишимиз - ўргатиш ва мураббийларнинг малакасини ошириш. Қанча вақт кераклиги ҳақида айтсам, 5 йил муддат етарли. Биз амалга ошираётган иш кўпроқ вақтни талаб қилади. Фақат «Оқ-тепа» билан тўхтаб қолмаймиз. Ушбу лойиҳамизни бутун вилоятлар бўйлаб йўлга қўямиз.

- Саволим мавзудан ташқари. Жаноб Морьентес, «Монако»даги пайтларингизни қандай хотиралар билан ёдга оласиз? Хусусан, ЕЧЛ 1|4 финалидан ўрин олган «Реал»га қарши баҳс ҳақида гапирсангиз.

- Ўшанда бизда жуда яхши жамоа шаклланганди. 1|4 финал босқичида «Реал»ни мағлубиятга учратгандик. Гарчи ўша пайт «Монако»да ўйнаган бўлсамда, «Реал» жамоасига муносабатим ижобий бўлган. Чунки бу клуб доим қалбимда қолган.

- Келажакда «Реал Мадрид»­нинг асосий таркибини бошқариш ниятингиз борми? Биламиз, бундан бир неча йиллар олдин клубнинг ёшлар жамоасида фао-лият олиб борган эдингиз...

- Фаолиятимни якунлагач, мураббийлик лицензияси олдим. Мураббийлик қиламанми ёки эксперт бўлиб ишлайманми, муҳими, футболдаман. Футболчининг ҳаёти бутсаларини михга илиши билан тўхтаб қолмайди. Кўп нарса ўз ишингизни севишингизга боғлиқ. «Реал Мадрид» академиясида U-17 жамоасида уч йил давомида ишлаганман. Қўл остимда тўп сурган футболчиларнинг кўпи ҳозирда машҳурликка эришиб улгуришган. Булар - Маркос Льоренте, Марио Эрмосо ва Энцо Зидан. Ке-йинчалик ҳам менга таклиф тушса, ўйлаб ўтирмайман.

- «Оқ-тепа»дан чорлов бўлса-чи?

- Клуб таклиф қилаётган лойи­ҳани ўрганиб чиқиб, йўқ демаган бўлардим.

- Сизнингча, профессионал футболчи ўйиндан-ўйингача бўлган жараёнда машғулотдан ташқари ўзини-ўзи қандай тайёрлаши керак?

- Бунга кўп факторларни айтишим мумкин. Ўзимдан келиб чиқиб фикр билдирадиган бўлсам, ўйингача кимдир ухлаган ёки дам олаётган пайт мен рақибни таҳлил қилардим. Бу менга жуда катта ёрдам берган. Мураббийлар штабидан тортиб, барча диққатини бир жойга қаратиши керак. Шунингдек, ҳар бир футболчи олдига қўйган мақсадини тушуниб олиши лозим. Футболчи ўз ишини севса, ҳеч нарсадан муаммо бўлмайди. Айнан футбол сизга тилни ўрганишга, муҳитга мослашишга катта ёрдам беради.

- Ўзбекистонлик футболчилар «Реал Мадрид»да ўйнаши мумкинми? Уларга қандай тавсия берган бўлардингиз?

- Сиз олдингизга шундай мақсад қўйдингиз дейлик. Мен «Реал Мадрид» жамоасида ўйнашни истайман, десангиз ҳеч қачон ўйнолмайсиз. Икки ёки уч йилдан кейин боришни кўзлаш керак эмас. Балки кенгроқ қараш лозим. Бугун қандай маш-ғулот ўтказяпсиз, нима ейяпсиз ёки ичяпсиз, барчасини инобатга олиш даркор. Масалан, мен болалигимда ҳеч қачон «Реал Мадрид»да ўйнаб кетишимни тасаввур ҳам қилмаганман. Лекин шундай ишладимки, якунда буюк жамоада пайдо бўлдим. Тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, шундай клубда ўйнашни истасангиз, ҳар куни ишлашингиз лозим. Икки йилдан кейин «Реал»га бораман ва ўшанда жиддийроқ шуғулланаман, десангиз, хато қиласиз. Босқичма-босқич интилиб бориш керак.

МОРЬЕНТЕС «БУНЁДКОР» МЕҲМОНИ

 

«Оқ-тепа» клуби ташаббуси ва таклифи билан юртимизга келган испаниялик машҳур футбол юлдузи Фернандо Морьентес душанба куни «Бунёдкор» меҳмони бўлди. Собиқ ҳужумчига ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, Фахрийлар кенгаши раиси Тўлаган Исоқов ва «Бунёдкор» клуби директори Улуғбек Мирзаев ҳамроҳлик қилишди. Фернандо аввалига «Бунёдкор» стадиони билан яқиндан танишди, унинг таркибидаги музейни кўздан кечирди, шундан сўнг «Бунёдкор» академиясида тарбияланувчилар, шунингдек, Тошкент шаҳар ФАда таълим олаётган болалар ҳамда мураббийлик курсларида ўқиётган умидли мутахассислар билан учрашди, уларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоб қайтарди. Равшан Сайфиддинович тадбир якунида мартабали меҳмонга ЎФАнинг эсдалик совғаларини топширди. Улуғбек Абдусатторович эса Морьентесга анъаналаримизга хос ва мос тарзда зарбоф тўн кийдирди. Шу тариқа испаниялик футбол юлдузининг «Бунёдкор»­га ташрифи ниҳоясига етди.

А.ИСКАНДАРОВ ёзиб олди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz