Қайднома

Қидирув

Эдерсон: “Баъзи голларни тан олишга тўғри келади”

Эдерсон: “Баъзи голларни тан олишга тўғри келади”

  20.02.2021 07:06
  0
  320
Эдерсон: “Баъзи голларни тан олишга тўғри келади”

«Манчестер Сити» дарвозабони Эдерсон Мораес кимсан Кевин де Брюйне вазифасини зиммасига олишга тайёр! «Шаҳарликлар» жорий мавсумни яхши бошлашгани йўқ, аммо ҳозир АПЛ турнир жадвалида ишонч билан пешқадамлик қилишмоқда. Жумладан, жамоа голкипери Эдерсон чемпионат доирасида қаторасига 8та ўйинда дарвозасини дахлсиз сақлаб қолди. Кўринишидан, у мавсум якунида Golden Glove («Олтин қўлқоп») совринини яна қўлга киритмоқчи. Championat.com сайти яқинда бразилиялик футболчидан «Okko Спорт» веб-сайти учун интервью олди.

- Пеле, Ромарио, Роналдиньо каби етук юлдузлар мамлакати - Бразилияда туғилган дарвозабонсиз. Қизиқ, нега айнан кипер позициясини танлагансиз?

- Дарҳақиқат, мамлакатимизда футболга ошно тутинган болалар кўпинча Пеле, Роналдо, Ромарио, Роналдиньо ва Неймар кабилар изидан боришни ўйлашади. Жумладан, мен ҳам аввалига майдонда ўйнаганман, аммо кейинчалик баъзи қийинчиликларга дуч келганим таъсирида дарвозада тура бошладим. Муҳими, биринчи кунданоқ янги ролни севиб қолдим ва ҳанузгача ўша муҳаббат мен билан бирга.

- Хўш, дарвозабонликка ихтисослашгунга қадар қайси позицияда тўп сургансиз?

- Ҳимоянинг чап қанотида.

- Тасаввур қилайлик, футболда дарвозабон йўқ. Шундай тақдирда қайси позицияни танлардингиз?

- Менимча, ярим ҳимояни.

- Нима учун?

- Чунки майдонни яхши кўраман ва ўйлашимча, тўғри узатма бера оламан. Агар ярим ҳимоячи бўлганимдами, де Брюйне ҳозир захирада ўтирарди, бу ҳазил, албатта. Лекин умуман олганда, ўрта позиция кўнглимга яқин. Тўғри, унга бироз бошқача қарайман. Дейлик, телевизорда ўйинларни кўрсам, айнан ярим ҳимоячиларни алоҳида кузатаман.

- Айтишларича, дарвозабонлар ҳаттоки, фикрлаш масаласида ҳам бошқалардан ажралиб туришади. Шу тўғрими?

- Худди шундай. Майдон ўйинчилари ва дарвозабонлар турли шароитда, бизнинг вазифамиз анча мураккаб. Шунинг учун ҳам, киперларга алоҳида эътибор қаратилади. Мисол учун, ҳужумчи гол уролмаса, бунга табиий ҳолдек қарашади, шунчаки, омад етишмаганини айтишади. Ҳимоячи хато қилдими? Учраб туради. Аммо дарвозабон адашса, суғурта қиладиган ҳеч ким йўқ. Қисқаси, кипер позицияси раҳмат келтирадиган нуқта эмас. Сиз бутун ўйин давомида ажойиб ҳаракатланишингиз ва бир неча зарбаларни тўсишингиз мумкин, аммо кейин 1тагина хатонгиз ҳаммасини ювиб юборади ва кўпчилик шуни эслаб қолади.

- Дарвозабонлар энди оёқлари билан кўпроқ ўйнашмоқда...

- Ҳа. Жумладан, «Сити» ҳам шу усулдан фойдаланяпти - ўйин тузилмаси шундай. Услубимизга мувофиқ, дарвозабондан ўрта ва узоқ масофага тўғри тўп узатиш талаб этилади. Футбол чиндан ҳам, тобора ривожланмоқда. Фикримча, эндиликда дарвозабон роли аввалгига нисбатан анча ошди.

- Россияда ирим тариқасида дарвозани ўпадиган кипер бор. Сизда ҳам қандайдир анъанавий одатингиз борми?

- Футболда кўпчилик иримга амал қилади. Масалан, Бразилия­да автобуснинг орқага юришига асло йўл қўймайдиган мураббий бор. Унинг айтишича, бу ҳаракат омадсизликка олиб келар экан. Ҳа, ҳар кимнинг ўз одати бор, бунга ҳурмат билан қарайман. Кимдир ирим ёрдам беришига ишоняптими, унга қаршилик қилманг. Ахир барчаси руҳиятга бориб тақалади. Лекин шахсан менда қандайдир ирим йўқ.

- Ростини айтинг: ўйин давомида рақиб жарима майдонида нималар бўлаётганини аниқ кўрасизми?

- Вазиятга боғлиқ. Баъзан рақиб мудофаа чизиғи анча олдинда жойлашади ва барчасини яққол кўраман. Лекин тўп жарима майдони ичига киритилганидан кейин ҳолатни тўлиқ англаш имконияти пасаяди. Дейлик, тўпнинг қўлга теккани ёки йўқлигини баҳолаш имконсиз. Тўғри, моҳиятан қараганда, воқеалар ривожи шундоқ кўз ўнгимда ривожланади.

- Дарвозабон ўйинда 10 километрлаб югурмайди, аммо майдондагилардан кам бўлмаган даражада руҳий қувват сарфлайди, тўғрими?

- Албатта. Ахир майдонда дарвозабонга ҳаммадан қийинроқ. Зеро, руҳий чарчоқ жисмоний толиқишдан ёмонроқ. Ҳа, майдонда 10 эмас, атиги 3-3,5 километр, баъзан бундан ҳам камроқ масофа босармиз, аммо энг катта оғирлик айнан бизнинг зиммамизга тушади.

- «Сити» тўпни шунчалик кўп назорат қиладики, жамоага дарвозабон керак эмас. Бу ҳазилнамо фикрга муносабатингиз қандай?

- Мухлислар шундай ҳазиллашишлари мумкин - бу уларнинг ҳуқуқлари ва барчасига оддий қарайман. Тушунарлики, ушбу фикр аслида мантиқан тўғри эмас. Қолаверса, рақибларга ҳамиша ҳурмат билан ёндашиш керак. Тўпни нечоғли назорат қилмайлик, диққат-эътиборни бир зум ҳам йўқотмаслигимиз талаб этилади. Умуман, тўпни кўпроқ олиб юришдан мақсад - рақибни чарчатиш.

- Қай бири аламлироқ - тўпни оёқлар орасидан ўтказиб юборишми ёки қўлингиз ёнидан?

- Бу ҳам муайян вазиятга боғлиқ. Демоқчиманки, зарба берилган масофа, унинг кучи ва ҳоказоларга...

- Гол қўйиб юборганингиздан сўнг тўпни қайтариш имконсиз эканлигини тушунган ҳолатлар ҳам бўладими? Эҳтимол, «Жин урсин, лекин чиройли гол уришди!» қабилида ўйлаб қоларсиз...

- Албатта, шунақаси ҳам бўлади. Хусусан, АПЛ ўйинларида. Баъзан голдан кейин ўйлаб-ўйлаб, зарбани тўсиш иложсиз бўлганини тушунасан. Кейин жимгина ожиз қолганингни тан олишинг­га тўғри келади, ахир гоҳида ақлга сиғмас зарбалар берилади.

- Мисол учун?

- АПЛдаги биринчи мавсумимда «Борнмут»га қарши кечган ўйин вазияти. Ўшанда Компани тўпни боши билан қайтарган, аммо унга эга чиққан рақиб бурчакни нишонга олганди. Кейинчалик ўша вазиятни кўп таҳлил қилдим ва тўпни қайтариш имконияти деярли нолга тенг бўлганини англадим. Тан олишим керак, ўша гол ажойиб чиққанди.

- Зинченко ва де Брюйнени қандай ажратасиз?

- Уларда кичик фарқ бор, барибир. Бу ҳақда кийиниш хонасида кўп ҳазиллашамиз. Умуман олганда, улар чиндан ҳам, худди эгизаклардек. Тўғрироғи, ота ва ўғилдек.

- Охирги савол: «Сити ҳақида суратга олинган All or Nothing ҳужжатли фильми туфайли Гвардиола футболчиларга қандай бақириши мумкинлигини билдик. Жорий мавсум шундай танбеҳларни кўп эшитяпсизларми?

- Йўқ-йўқ. Бунақаси асабий ўйин­лар вақти, шароит тақозоси билан кузатилади. Шунда талабчанликни ошириш кераклигини тушунамиз. Мураббийнинг бақириши - оддий ҳол, эҳтирослар диққатни жамлашга ёрдам беради. Агар футболчи дакки эшитишга тайёр бўлмаса, унда дарҳол бошқа спорт турига ўтиши керак.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz