Қайднома

Қидирув

Можаро: Конте кечиролмайди

Можаро: Конте кечиролмайди

  27.02.2021 04:35
  0
  208
Можаро: Конте кечиролмайди

Италия кубоги ярим финалидан ўрин олган «Ювентус» ва «Интер» жамоалари ўртасидаги жавоб учрашуви «нерадзурралар» устози Антонио Конте ва «кекса синьора» президенти Андреа Аньелли ўртасидаги низо соясида қолиб кетди. Миланликлар бош мураббийи ва туринликлар раҳбари ўзаро ножўя қилиқ қилганликлари билан эътиборга тушишди, бир-бирларига «мулойим» сўзларни йўллашди, буларнинг бари жонли эфирга муҳрланди. Уларнинг орасидаги низога нима сабаб бўлди? Шунчаки, ҳиссиётларни жиловлай олмасликми ёки бош­қа нарсами?

Нима бўлди?

Кубок ярим финали доирасидаги ўйиннинг 10-дақиқасида «Интер» ҳужумчиси Лаутаро Мартинес «Ювентус» жарима майдончаси ичида йиқилди. Ҳакам Маурицио Мариани пенальти белгиламагач, Конте «ёрилди»: қичқирди, қўлини силкиди, ҳакамларга эътироз билдира бошлади. Кейинги эпизодда «Интер» ҳимоячиси Маттео Дармиан Роналдуга нисбатан ишлатилган қўполлик учун сариқ карточка олди, Конте эса «Юве» ҳимоячиси Бонуччи билан овозини баландлатган ҳолда гаплашди.

Конте ва «Ювентус» ўртасидаги можаронинг чўққиси танаффус пайтига тўғри келди. Антонио трибунаости йўлагига кириш арафасида «Юве» раҳбарлари, жумладан, Андреа Аньелли ўтирган трибуна томонга қарата ножўя ишора қилди. «Зебралар» президенти ҳам жим турмай, Контега «овозингни ўчир» дегандек бўлди.

Якунда италиялик мутахассис шундай фикр билдирди: «Ювентус» ростини айтсин. Ўйлашимча, ўйин пайти нималар рўй берганини тўртинчи ҳакам эшитиб, кўриб турганди. Улар мулойимроқ муносабатда бўлишлари керак. Бу ерда ишлаётганларга нисбатан ҳурмат бажо келтиришлари шарт».

La Gazzetta dello Sport хабарига кўра, Конте трибунаости йўлагида ҳам «Ювентус» ўйинчилари билан тортишиб қолган. Аммо энг катта «ҳадя» «зебралар» бош директори Фабио Паратичига насиб қилган. Нашрнинг маълум қилишича, Антонио ва Фабио ўша жойнинг ўзида муносабатларга ойдинлик киритишга уринишгани сабабли, уларни ажратиб қўйишга тўғри келган.

Италиянинг бошқа бир нашри - SportMediaset эса Контенинг жаҳли чиқишига сабаб борлиги, зеро «Ювентус» захира ўриндиғидагилар биринчи бўлим давомида мутахассисни ҳақорат қилишгани ҳақида ёзди. Маълум бўлишича, айни ҳолат Контенинг дастлаб Бонуччи билан, кейин эса Аньелли билан жанжаллашишига сабаб бўлган.

Можаро тарихи

Антонио Конте 2011-2014 йиллар мобайнида «Ювентус»ни бошқарган. Шу муддат ичида мутахассис уч марта Италия чемпионлигини, икки бор Суперкубокни қўлга киритган. Аммо 2014 йили Италияда Граф номи билан танилган Конте кўпчилик учун кутилмаганда клубни тарк этди. Ушбу мавзудаги тахминлар бис-ёр эди: трансфер сиёсати бўйича раҳбарият билан келиша олмаслик, Аньелли билан ўртадаги низо. Ҳеч бир томон ўз қарорини изоҳлашни истамади. Афсонавий дарвозабон Жанлуижи Буффон ва клуб вице-президенти Павел Недвед ўшанда ҳам мураббийнинг, ҳам президентнинг ёнини олиб, истеъфога трансферлар масаласи ёки раҳбарият билан келиша олмаслик сабаб бўлмаганини айтишганди.

Бироқ туринликлар афсоналарининг баёнотларига қарамай, Конте ва Аньелининг ўзаро чиқиша олишмагани яққол сезилиб турарди.

Истеъфодан кейин нималар бўлди?

Италия матбуотидаги ёрқин сарлавҳалардан келиб чиқиб хулоса чиқарсак, мураббий ва бизнесмен ўртасидаги муносабатлар идеалликдан йироқ бўлган, 2014 йилда эса улар тамоман бузилган.

Авваллари Контенинг футболчилар билан ишлашда устомон экани Аньелли томонидан мақтовга муносиб кўрилганди. Чиндан ҳам, Антонио шартномасини шунчаки ўташ, юлдузлар билан таркибни кучайтириш билан банд бўлмасди, балки ўзи ҳам ўйинчиларни тарбияларди. Умидли ёшларни ҳақиқий етакчига айлантирарди, масалан, Погба ва Видални олайлик. «Чемпионлик қўлга киритилмаган мавсум Конте учун омадсиздир», - деганди Аньелли.

Бироқ еврокубокларда ғалабалар йўқлиги сабаб «Ювентус»да Контега эътирозлар кучайганди. Энг яхши натижа - Чемпионлар Лигаси-2012|2013 чорак финали бўлди. Антонионинг фикрича, бу кўрсаткич адолатли эди. Кутилмаган истеъфосидан бир йил аввал Конте шундай деганди: «Энг арзон таоми 100 евро бўлган ресторанда 10 еврога тушлик қилолмайсиз-ку». Бу кесатиқлар клуб раҳбариятига аталгани кундек равшан эди, зеро Конте Алексис Санчес ва Гуардадонинг харидига жиддий қизиққан, аммо раҳбарият мураббийни керакли футболчилар билан таъминламаганди.

Италия нашрларининг айримлари Контенинг «Юве»дан бўшашига Италия термаси бош мураббийлигига таклиф этилгани сабаб экани ҳақида ёзишди. Антонио ҳар доим миллий жамоада ишлашни орзу қилган, бироқ «кекса синьора» мутасаддилари икки ишни бир вақтнинг ўзида бажаришига йўл қўймасликлари кундек равшан эди. Конте якунда барибир, «Юве»дан кетиб, Италия термаси устозига айланди.

Диққатга молик воқеалар шу билан якунланмади - «Ювентус» янги мураббий Массимилиано Аллегри билан икки марта ЕЧЛ финалига чиқди. Аньелли Аллегрини мақташ орқали Конте шаънига киноя йўллашга ҳам улгурди: «Массимилиано бошқалар учун имконсиз бўлган ишни уддалади».

Конте ортиқча ўйлаб ўтирмай, «Фейсбук»даги саҳифаси орқали «Ювентус»га жавоб қайтарди: «Ҳаётда ҳеч қачон одамларни билиб бўлмас экан... Баъзан кичик миннатдорлик ва ақлнинг ўзи етарли».

Иккинчи имконият йўқ

Мураккаб муносабатларга қарамай, Антонио 2019 йили «Ювентус»га қайтишга яқин турганди. Аллегри кетгач, Паратичи ва Недвед Конте номзодини жиддий кўриб чиқиб, ҳатто Аньелини кўндиришга ҳам уринишди. Аммо президент мазкур ғояга қарши чиқди ва Антониодан воз кечишга тўғри келди. Эътиборлиси, Андреа журналистлар саволига жавоб қайтараркан, клубнинг аллақачон Сарри билан келишиб олгани, Антонио билан эса муносабатлари нормал эканлигини таъкидлаган: «Контега келсак, у ҳамон «Ювентус» фанати ҳисобланади. У таркибда борлигида Чемпионлар Лигасида зафар қучишни уддалаганмиз. Антонио билан муносабатимиз яхши. Аммо ҳозир у «Интер» билан муваффақият қозонишга уриниб кўрмоқчи».

Ҳаттоки, фанатлар стадионда Контега атаб ўрнатилган юлдузни олиб ташлашни талаб қилишганда, Аньелли Антонионинг ёнини олганди: «Тарихни ўзгартириб бўлмайди, уни ёзганларни эса қатордан ўчириш мумкин эмас».

Аммо мазкур чиқиш мураббийда илиқ таассурот қолдирмаган, чоғи, матбуот анжуманида ўзига хос тарзда жавоб қайтарди: «Аньелли аралашмаслиги керак эди, у буни тушунмайди».

Аньелли охирги марта Конте ҳақидаги саволга ўтган йилнинг февралида жавоб берганди: «Конте? Биз Саррини хоҳладик, Саррини олдик. Антонио билан муносабатларимиз яхши». Кўриниб турибди...

Кубок ўйинидаги можаро оқибатлари

Охирги пайтларда рўй берган воқеалардан келиб чиқсак, Аньелли ва Конте яқин орада бир-бирларига «салом» йўллашларига шубҳа йўқ. Асосий савол: кубок ярим финалида содир бўлган ҳодисанинг оқибатлари қандай бўлади? «Интер» ҳам, «Ювентус» ҳам ҳозирча воқеа юзасидан изоҳ бермади. Италия футбол федерацияси ҳам жим. Тартиб-интизом қўмитаси италиялик мутахассиснинг ножўя қилиқлари юзасидан иш очгани йўқ.

 А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz