Қайднома

Қидирув

Эксперт хулосаси – Линделёф муаммоси – бу Магуайр Магуайрники эса – Линделёф

Эксперт хулосаси – Линделёф муаммоси – бу Магуайр Магуайрники эса – Линделёф

  27.02.2021 07:07
  0
  369
Эксперт хулосаси – Линделёф муаммоси – бу Магуайр  Магуайрники эса – Линделёф

Айни пайт Sky Sports эксперти сифатида ишлаётган «МЮ»нинг собиқ сардори Гари Невилл жамоанинг ҳозирги ҳолати бўйича кескин фикр билдириши билан ажралиб турибди. У жумладан, «қизил иблислар»нинг «Вест Бромвич»га қарши ўйинлари- (1:1)дан сўнг яна танқидий чиқиш қилди, «МЮ» нега соврин ютолмаётганини тушунтиришга уринди.

***

- Мавсум бошида «МЮ»га марказий ҳимоячи сув ва ҳаводек зарурлиги ва дарвозабон масаласида катта савол борлигини айтгандик. Мана, «Вест Бромвич» урган гол ҳам ўша фикримиз нақадар тўғри бўлганини кўрсатиб берди. Ҳа, айримлар ўша вазиятда рақиб қоида бузганини таъкидлашмоқда. Лекин теран қарасак, рақибнинг ҳаракатида ўйин қоидасига зид нимадир топиш қийин. Демоқчиманки, умуман қўполлик кузатилмади, аксинча, бош билан ўйнашнинг ажойиб кўриниши кўзга ташланди. Линделёф эса шунчаки, «ёш бола»га айланди, ҳужумчи уни соф яккакурашда енгди. Виктор иккинчи қаватда курашиш бобида қийналаётган бўлса, Магуайр тезкор футболчиларга қарши туришда муаммоларга дуч келмоқда...

***

- АПЛ тарихи гувоҳ - чемпионликни кўзлаган жамоада марказий ҳимоячи ва дарвозабон боғлами катта аҳамиятга эга. Яъни улар ўртасидаги муносабатлар жуда муҳим. Мисол учун, Рио Фердинанд ва Неманья Видич фаолиятига қарасак, ўша вақт уларнинг олдида, яъни ярим ҳимояда Пол Скоулз, Майкл Кэррик, Райан Гиггз ва Криштиану Роналду каби йигитлар ҳаракатланишарди. Қаранг, бу ярим ҳимоячиларнинг ҳеч бири орқада ўйнашга ихтисослашмаган. Энди Линделёф - Магуайр жуфтлигини олинг. Жамоанинг 1та ўйинда ўртача ҳисобда 1,28та гол қўйиб юбораётгани ҳисобга олсак, улар кучсиз жамоада ўйнаётгандек. Ахир ҳар ўйинга 1тадан кўп гол тўғри келмоқда! Ваҳоланки, Магуайр ва Линделёф олдида ҳимоявий ҳаракатга мойил Фред ва Мактомини тўп суришади. Қисқаси, марказий ҳимоячиларни қўллаб-қувватлайдиган икки нафар ўрта чизиқ вакили бор. Демакки, улар умуман ҳаракат қилишмаяпти.

***

- Муҳим жиҳат шуки, АПЛнинг охирги 20та мавсумида фақат битта чемпион ҳар ўйинда ўртача ҳисобда 1тадан кўпроқ гол қўйиб юборган. Шу факт ҳам де Хеа - Линделёф - Магуайр учлиги ҳақида барчасини кўрсатиб турибди. Демоқчиманки, соврин ютиш учун дарвозабон ва икки марказий ҳимоячидан ташкил топган учбурчак ниҳоятда мустаҳкам бўлиши шарт. Қисқаси, трио жарима майдони ичида ҳукмронликни қўлдан чиқармаслиги керак, аммо «МЮ»да бундай эмас. Дарвозабон муайян вазиятларда устунлик қилолмаяпти, икки марказий ҳимоячи ҳам бир-бирини тўлдириб ҳаракатланиш масаласида оқсамоқда. Меъёридан кўп гол қўйиб юборилаётганининг асосий сабаби шу. Тушунинг, ўртача ҳисобда 1та ёки ундан ортиқ гол қўйиб юбориб, АПЛда чемпион бўлиш амри-маҳол. «МЮ» аввало, шунга эътибор қаратиши керак.

***

- Тушунарлики, «МЮ» Магуайрга жавоб бермоқчи эмас. Аксинча, Гаррини ҳимоянинг асоси сифатида кўрмоқда, мудофаа ишларини айнан унинг атрофида қурмоқчи. Шундай экан, орқада Магуайрга муносиб шерик топиш керак. Худди Эрик Байи каби гавдали ва универсал хусусиятларга эга футболчи танлаш лозим. Оддий айтганда, тезкор, ҳаво курашларида яхши ҳаракатланадиган, кучли ва бирга-бир вазиятларда Магуайрни суғурта қила оладиган ҳимоячи зарур. Ҳозирги ҳолатда эса Линделёфнинг муаммоси - бу Магуайр, Магуайрники - Линделёф. Менимча, Викторни «Ливерпул»да ван Дейк ёнига қўйсангиз, у зўр ўйнайди. Чунки ўйинни яхши тушунади, вазиятни тўғри баҳолайди. Бироқ шундай ҳимоячи Магуайр олдида ҳаракатсиз одамга айланиб қолмоқда. Линделёфнинг яна муаммоси - Магуайрга 80 миллион фунт сармоя киритилгани. Бошқача айтганда, трансфер баҳоси туфайли кимнидир унинг ёнига қўйишлари керак. Иккиси ҳам чуқур ҳимоядан ўйнаётганга ўхшайди,  демак, жамоа уларнинг олдида дадилроқ тўп сурадиган футболчига эҳтиёж сезмоқда...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz