Қайднома

Қидирув

Мураббийлар: «Компенсациялар қироли»

Мураббийлар: «Компенсациялар қироли»

  28.02.2021 10:33
  0
  252
Мураббийлар: «Компенсациялар қироли»

«Тоттенхэм» ва Жозе Моуриньо ўртасидаги шартноманинг бекор қилиниши қандай молиявий шартлар асосида амалга оширилиши маълум бўлди. ESPN хабарига кўра, келишув муддатидан аввал бузилса, Лондон клуби Жозега қарийб 30 миллион фунт тўлайди - 2023 йилгача мўлжалланган битимда худди шундай сумма ёзилган.

Манбанинг тасдиқлашича, Дэниэл Леви айнан шу сабаб масалани ёзгача қолдирмоқчи. Бу пайтга келиб, португалиялик мутахассисда олдига қўйилган вазифалардан бири - соврин ютишни амалга ошириш имконияти пайдо бўлади: апрелда «Тоттенхэм» Лига кубоги финалида «Манчестер Сити» билан ўйнайди, майда эса Европа Лигаси финали бўлиб ўтади. Мазкур мусобақа 1|16 финалида «шпорлар» сафарда «Вольфсберг»ни 4:1 ҳисобида енгиб, кейинги босқич масаласини деярли ижобий ҳал қилиб улгуришди.

Товон пули миқдорининг йириклигини Daily Mail ҳам тасдиқлади. «Тоттенхэм»нинг 6та ўйинда қайд этган 5та мағлубиятидан кейин Британия нашри шундай ёзди: «...клуб раҳбарияти Юлиан Нагельсманн ва Брендан Роджерс номзодини ёқлашни аллақачон бошлаб юборган, аммо президент айнан йирик тўлов сабаб Моуриньонинг истеъфоси масаласини кейинроққа суришга астойдил интилмоқда...».

30 миллион фунт - Жозенинг Лондон жамоасидаги икки йиллик маоши. Қолаверса, бу португалиялик мураббийнинг фаолиятидаги энг йирик товон пули бўлади. АПЛда анчадан буён «Беназир»ни «компенсациялар қироли» деб аташади - Моуриньонинг айнан истеъфолар сабаб топган пули аксарият мураббийларнинг бутун фаолияти давомида топган маблағидан кўпроқдир.

Шундай тўловлар бўйича, албатта, «Челси» пешқадам. Жозе Роман Абрамович билан икки марта ҳамкорлик қилган, ҳар иккисида «Стэмфорд Бридж»ни пул тўла жомадон билан тарк этган. Sky Sports маълумотларига кўра, 2007 йили Жозе билан хайрлашиш 26,5 миллион фунтга тушган. Бонус (ёки компенсациянинг бир қисми) сифатида португалиялик мутахассисга шахсан клуб раҳбари «Феррари» топширган.

Орадан 8 йил ўтиб, Моуриньонинг ҳисобига анча камроқ маблағ - 9,5 миллион фунт тушди. Аммо шу ҳам «Челси»нинг молиявий балансига жиддий зиён етказди. 377 миллионли даромадга қарамай, лондонликлар Жозе билан шартнома бузилгани, Adidas фирмасининг кетиши, ўйинчиларга қилинган харажатлар (маошлар } трансферлар), шунингдек, суд орқали клубдан 5,7 миллион фунт ундирган Ева Карнейро сабаб йилни «минус» билан тугатишди.

Қизиғи, Флорентино Перес шу каби тўловдан қутулиб қолган - «Реал» президенти шунчаки шартнома якунланишини кутиб, Жозе клубни текинга тарк этаётганини эълон қилганди. Англияда ушбу трюкни такрорлаш ҳозирча ҳеч кимга насиб қилмади: «Челси»дан кейин Моуриньо «Манчестер Юнайтед» билан ажойиб шартнома имзолади. 2,5 йил ичида клуб учта соврин ютди (Суперкубок, Лига кубоги, Европа Лигаси) ва 19,6 миллион евро эвазига «Беназир» билан эрта хайрлашди.

Жами 55,6 миллион фунтга «Тоттенхэм»дан олинажак 30 миллион ҳам қўшилиши мумкин. Айни пайт Леви учун мазкур суммани сақлаб қолишнинг ягона чораси - яна икки йил Жозенинг жамоа билан қайд этадиган натижаларига кўниш.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz