Қайднома

Қидирув

Харажат керакми, муаммосиз ёхуд футбол тарихидаги 10та энг қиммат трансфер

Харажат керакми, муаммосиз ёхуд футбол тарихидаги 10та энг қиммат трансфер

  02.03.2021 07:17
  0
  540
Харажат керакми, муаммосиз ёхуд футбол тарихидаги 10та энг қиммат трансфер

Трансфер ойнасининг очилиши катта воқелик. Ўша кундан бошлаб клуб раҳбарлари жамоани кучайтириш учун интенсив тарзда ишлай бошлайдилар. Одатда, январь ойида йирик ҳажмдаги олди-сотдилар камроқ кузатилади, аммо барибир, трансфер бозорини олдиндан башорат қилиш мушкул. Бу аллақачон ўз исботини топган. Ўз вақтида биргина футболчи учун 100 миллион евродан ортиқ маблағ сарфланганини кўрганмиз. FootballHD.ru сайти айнан шундай келишувлар ҳақида материал тайёрлади.

 

ГАРЕТ БЭЙЛ

Трансфер: «Тоттенхэм»дан «Реал»га

Келишув суммаси: 101 миллион евро

Transfermarkt портали хабарига кўра, Бэйл тарихда 100 миллион евродан ортиққа сотилган биринчи футболчи бўлган. Мадриднинг «Реал» клуби уэльслик футболчини 7 йил олдин 101 млн. еврога сотиб олганди. Ҳатто Криштиану Роналду учун ҳам «қаймоқранглилар» бундан камроқ пул тўлашган (94 миллион евро). Гарет дарҳол ишончни оқлашга тушиб, Мадриддаги биринчи мавсумидаёқ барча мусобақаларда 22та гол урди ва 19та ассистни ўз номига ёздириб қўйди. Лекин айни пайт футболчининг ишлари яхши эмас.

 

ПОЛ ПОГБА

Трансфер: «Ювентус»дан «МЮ»га

Келишув суммаси: 105 миллион евро

2019 йил август ойида «Манчестер Юнайтед» Погбани «Ювентус»дан 105 миллион еврога сотиб олди. Етти йил олдин, аниқроғи, 2012 йилнинг ёзида айнан манкунианликлар футболчини Туринга текинга қўйиб юборишганди. Манчестерга қайтгач, Поль бир нечта яхши мавсумларни ўтказди. Умуман олганда, «Манчестер Юнайтед»да ўтган давр Погба учун жуда омадли келди, дейиш қийин. Тўрт йил ичида француз «МЮ» билан Европа Лигаси ва Англия Лига кубогини ютди, холос. Қолаверса, кетма-кет иккинчи мавсумдирки, муаммоларга дуч келмоқда. Афтидан, Погба «МЮ»ни тарк этади.

 

ЭДЕН АЗАР

Трансфер: «Челси»дан «Реал»­га

Келишув суммаси: 115 миллион евро

«Реал» кўпинча сифатли ижрочиларга сармоя киритади, аммо бу сарфлар ҳар доим ҳам самара беравермайди. 2019 йилнинг июлида «қаймоқранглилар» Азарни «Челси»дан 115 миллион еврога сотиб олишди. Бу орада клублар ўртасидаги барча бонус ва келишувларни ҳисобга олсак, трансфер суммаси 160 миллионгача ўсиши мумкин. Лекин шунча маблағ тикилган бельгиялик плеймейкер фақат жароҳатлари билан эсда қолмоқда. Шунга қарамай, Зайниддин Зидан унга ишонишда давом этмоқда.

 

КРИШТИАНУ РОНАЛДУ

Трансфер: «Реал»дан «Ювентус»га

Келишув суммаси: 117 миллион евро

Роналду ҳеч қачон «Реал»дан кетмайдигандек туюларди. Аммо Мадриддаги тўққиз йиллик фаолиятдан кейин у «Қироллик клуби»ни барибир, тарк этди. 2018 йилнинг ёзида португалиялик суперюлдуз 117 миллион евро эвазига «Ювентус»га кўчиб ўтди. «Бянконери», албатта, форварднинг юлдузлигидан фойда кўрди. Роналду «А» сериядаги биринчи мавсумида «кекса синьора» таркибида «гол+пас» тизимида 32 очкони қўлга киритган бўлса, иккинчисида бу кўрсаткич 37тага етди. Турин клуби Криштиану билан икки мартадан скудетто ва Италия Суперкубогини ютган. Аммо иккала томоннинг ҳам асосий мақсади - Чемпионлар Лигаси бош соврини орзулигича қолмоқда.

 

АНТУАН ГРИЗМАНН

Трансфер: «Атлетико»дан «Барселона»га

Келишув суммаси: 120 миллион евро

Гризманн, эҳтимол, «Атлетико»нинг энг ёрқин юлдузи бўлгандир. Аммо «Барселона» томонидан билдирилган қизиқиш футболчига тинчлик бермади. Натижада, каталонияликлар 2019 йилнинг ёзида 120 миллион евро эвазига жаҳон чемпиони билан шартнома имзолашди. Ҳозир томонларнинг камида биттаси ушбу трансфердан мамнун бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. «Кўк-анорранглилар» форварддан кутилган кўрсаткични ололмаяптилар. Жамоада мураббийлар тез-тез алмашаётганини инобатга олсак, французнинг ўзи жамоада ҳали-вери ўрнини топа олмайди.

 

ЖОАО ФЕЛИШ

Трансфер: «Бенфика»дан «Атлетико»га

Келишув суммаси: 127 миллион евро

«Атлетико» Гризманн учун Каталониядан олган пулига яна 7 миллион қўшиб, «Бенфика»дан Жоау Фелишни харид қилди. Ҳали етарли даражада танилиб улгурмаган 19 ёшли йигит учун 127 миллион евро - бошқалар наздида «матрасчилар»нинг аҳмоқона сарфидек туюлди. Бундан ташқари, ўтган мавсум давомида португалиялик ҳужумчи Ла Лигада атиги 6та гол урди. Бироқ ҳозир Фелиш анча яхши ҳаракат қилмоқда, барча турнирларда 8та гол уриб, жамоаси ғалабаларига ҳисса қўшмоқда. Ноябрь ойида Жоао Ла Лигада ойнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

 

УСМОН ДЕМБЕЛЕ

Трансфер: «Боруссия Дортмунд»дан «Барcелона»га

Келишув суммаси: 130 миллион евро

2016 йилнинг июлида Дембеле «Ренн»дан «Боруссия Дортмунд»га 15 миллион евро эвазига кўчиб ўтди. Бир йил ўтгач, «қовоғарилар» қанот футболчисини «Барселона»га 130 миллионга сотишди. Франциялик вингернинг трансфери немис клуби учун ўта фойдали бўлиб чиқди. «Боруссия» интизом билан боғлиқ муаммоларга дуч келадиган ва тез-тез жароҳат оладиган футболчи эвазига яхшигина пул ишлаб олди. Каталонияликлар эса Усмоннинг истеъдодига ишонишди. Шубҳасиз, Дембеле юксак иқтидор эгаси, аммо дангасалик ва соғлиғи билан боғлиқ муаммолари жаҳон чемпионига ўзини дунёнинг энг яхши клубларидан бирида тўлиқ намоён этишига халақит бермоқда.

 

ФИЛИППЕ КОУТИНЬО

Трансфер: «Ливерпуль»дан «Барселона»га

Келишув суммаси: 145 миллион евро

Коутиньо олди-сотди натижасига кўра, ҳозирга қадар «Барселона» тарихидаги энг қиммат футболчи ҳисобланади. 2018 йил бошида каталонияликлар футболчини «Ливерпул»дан 145 миллион еврога сотиб олишди, лекин бу трансферни муваффақиятли келишувлар сафига киритолмаймиз. Бразилия­лик футболчи Эрнесто Вальверденинг режаларидан четда қолиши сабабли «Бавария»га ижарага йўл олди. Унга ишонч билдирган Энрике Сетьен билан эса узоқ ишлашга улгурмади. «Кўк-анорранглилар»нинг ҳозирги устози ҳақиқатан ҳам Коутиньога ишонмайди. Куман ҳужумкор ярим ҳимоячи позициясида бошқа ижрочиларни афзал кўрмоқда.

 

КИЛИАН МБАППЕ

Трансфер: «Монако»дан «ПСЖ»га

Келишув суммаси: 145 миллион евро

2018 йилнинг июль ойида «ПСЖ» 20 ёшли ҳужумчи учун «Монако»га 145 миллион евро тўлаган ва бундан ҳеч қачон афсусланмаган. Мбаппе Парижга жуда тез мослашди. Пойтахт клубига ўтганидан кейинги биринчи мавсумда Лига 1да 13та, иккинчисида эса 33та гол урди. Ушбу форвард клуби билан шартномасини узайтирадими ёки йўқ, бу энди катта савол. Томонлар 2022 йилнинг июнигача амал қиладиган битим тузилган. Парижликлар Мбаппени миллионлари билан сийлашга тайёр. Бу ишни пандемия даврида бошқа ҳеч бир клуб бажара олмаслиги аниқ. Аммо бошқа бир жиҳат борки, француз «Реал»да ўйнашни орзу қилмоқда.

 

НЕЙМАР

Трансфер: «Барселона»дан «ПСЖ»га

Келишув суммаси: 222 миллион евро

2017 йил август ойида «ПСЖ» Неймарни 222 миллион еврога сотиб олиб, трансфер бозорини «портлатди». Ҳозир бу футбол тарихидаги рекорд шартнома саналади ва унинг яқин йиллар мобайнида янгиланмаслиги аниқ. Шубҳасиз, пандемия пайтида ва ундан кейин ҳам клублар футболчилар учун юз миллионлаб маблағ сарфлай олишмайди. Шу сабабли, «ПСЖ» ва Неймарнинг трансферлар рекорди узоқ вақт­гача сақланиб қолади. Бразилия­лик форварднинг ўзига келсак, у энди Парижда ҳамма нарсадан мамнун. «Барселона»га қайтиш ҳақидаги гаплар ниҳоят тўхтади, маош яхши, шартномани узайтириш масаласи эса фақат вақт масаласидир.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz