Қайднома

Қидирув

Эден Азар: «Бельгия термасида «Олтин авлод» борлиги - бахтимиз»

Эден Азар: «Бельгия термасида «Олтин авлод» борлиги - бахтимиз»

  04.03.2021 02:52
  0
  307
Эден Азар: «Бельгия термасида «Олтин авлод» борлиги - бахтимиз»

Мадриднинг «Реал» клуби ва Бельгия терма жамоасининг 30 ёшли тажрибали ҳужумкор ярим ҳимоячиси Эден Азар On the Front Foot журналига берган интервьюсида «галактикос» таркибидаги жорий мавсум унинг учун қандай кечаётганлиги борасида тўхталиб ўтди.
Бельгиялик футболчи жароҳатлар боис ёрқин ўйин намойиш этолмаяпти. Бу эса унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Қуйидаги суҳбат давомида Азар жароҳатини даволатиб, севимли касбидан завқ ололмаётганида оила аъзолари унга қандай руҳий далда беришаётганлиги, шунингдек, болалиги ва Зайниддин Зиданнинг ўйинларига ҳавас қилганлиги борасида тўхталиб ўтди. Қуйида мазкур интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Оиласининг қўллаб-

қувватлаши борасида

- Жароҳатимни даволатиш ниятида уйда бўлганимда, оила аъзоларим уни енгишим учун менга ёрдам беришади ва бу борада омадлиман. Ушбу ҳолатнинг хавотирланарли жиҳати йўқ, ахир вақтимни ўз фарзандларим билан ўтказишим мумкин. Жароҳат олиб, ўзингни ёлғиз ҳис қиладиган бўлсанг, бу сенга қийинчилик туғдиради. Аммо ҳозирги ҳолатим ўзимга унчалик ёмондек туюлмаяпти. Боиси, мени оилам қўллаб-қувватлаб туради.

Жароҳатдан тикланиш ҳақида

- Жароҳатланганингда кўп нарсаларни амалга оширишинг, жумладан, тезроқ тикланиш учун ўз устингда тинмай ишлашингга тўғри келади. Аммо менинг ҳолатимда бунинг учун кўп вақт талаб этилади. Мазкур ҳолатда кутишим, ўз устимда астойдил ишлашим ҳамда ўйинимни такомиллаштиришим зарур. Уйдалигимда, ўз оилам даврасида бўлганимда, завқланаман.

Болаликдаги кумирлари тўғрисида

- Болалигимда Бельгия терма жамоаси ҳозиргидек кучли эмасди. Шу боис, кўпроқ Франция терма жамоаси ўйинларини кузатардим. Ўшанда Зайниддин Зидан ва Тьерри Анрининг ўйинларига кўпроқ эътибор қаратардим. Гарчи «Челси» билан илиқ муносабатим сабабли, буни тан олиш менга оғир бўлсада, ҳақиқатан ҳам ўша пайтдаги «Арсенал»нинг ўйинлари менга ёқарди. «Тўпчилар» таркибида Робер Пирес, Сильвен Вильтор ва Патрик Виейра сингари ўйинчилар ўйнашар, улғайгунимга қадар улар иштирокидаги баҳсларни томоша қилгандим.

Келажакдаги мақсадлари

- Футболда иложи борича кўпроқ қолиш ва доимо ўйиндан завқ олишга умид қиламан. Шундагина футболчилик фаолиятимни якунлаганимдан сўнг, ортга боқиб, қайд этган натижаларимга назар солишим мумкин. Лекин айни пайтдаги асосий эътиборим - яхши ўйин намойиш этиш ва футболдан завқ олишга қаратилган. Кейинги бир неча йил давомида қаерда бўлишимни билмайман. Шунчаки, бутун диққат-эътиборимни кейинги машғулот, баҳс ҳамда футболдан завқ олишга қаратганман. Эндигина 30 ёшга тўлдим, саломатлигим ва жисмоний имкониятларим маромида. Бахтимга, ҳали яна камида 5-6 йил давомида тўп суриш имкониятига эгаман.

Бельгия термасининг

 «олтин авлоди» ҳақида

- Менимча, футболчиларимиз ўз фаолиятларини якунлаш учун Бельгияга қайтишса яхши бўларди. Шунда мамлакатимиз миллий чемпионати борасида кўпроқ гапиришар, бутун дунё Юпилер-лигага эътибор қаратган бўларди. Мухлислар энг яхши футболчилар тўп сурадиган миллий чемпионатларни кўпроқ муҳокама қилишади. Масалан, Лига 1 (Франция чемпионати) унда Неймар ва Килиан Мбаппе ўйнашаётганлиги учун ҳам таниқли. Айни пайт Бельгия терма жамоасининг «олтин авлод»га эга эканлиги - бизнинг бахтимиз. Боиси, бу кўплаб футболчиларни Бельгияда ўйнашга ундади. Айнан шунинг эвазига олдингига қараганда, футбол академияларининг маблағлари кўпайди ва биз эндиликда ёш ўйинчиларни кўпрроқ тарбиялашга ҳаракат қилишимиз шарт.

«Лилл»га ўтиши сабаблари

- «Андерлехт» Бельгиянинг энг яхши жамоаларидан бири бўлса-да, катта клуб эмасди. Менга футболни ҳар куни Брюсселга қатнаш ва мактабдаги ўқиш билан уйғунликда олиб бориш қийинчилик туғдираётганди. Шунинг учун «Лилль» жамоаси таркибига қўшилишга қарор қилдим. Чунки ушбу қарорим Бельгияда қолишдан кўра фойдалироқ бўлиши, Франция чемпионати савияси Бельгияникига қараганда кучлироқ эканлигини билардим. Ўшанда элита футболчисига айланишим ҳақида ўйлаб ҳам кўрмагандим. Лекин «Лилль» таркибига ўтганимдан сўнг, ушбу жамоадагилар маҳоратли футболчи эканлигимни кўришди. Шундан кейин, асосий таркибда майдонга тушдим ва профессионал футболчи бўлиш борасида ўйлай бошладим.

«Реал»га ўтиши борасида

- «Реал»да футболчиларга ёрдам берадиган инсонлар бор. Аммо Мадридга келганимдан сўнг барчасини ўзим амалга оширишимни таъкидлаган ҳолда ишга киришдим ва оилам учун уй, фарзандларим таҳсил олиши учун мактаб топдим. Шундай бўлса-да, клубда бизга катта ёрдам кўрсатган шахслар бор. Боиси, «қаймоқранглилар» таркибига доимо хорижлик футболчилар қўшилиб туришади ва уларнинг оилалари ва фарзандлари бор. Бу эса жуда муҳим жиҳат саналади. Боиси, майдонга тушганингда, бутун диққатингни ўйинга қаратишинг лозим. Мабодо, ҳали оиланг жойлашмаган ёки ҳалигача хонадон топилмаганлиги боис, яна бир кечани меҳмонхонада ўтказишингни ўйлайсанг, бу руҳиятинг ва ўйинингга салбий таъсир кўрсатади.

Раҳбарият ва жамоа билан муносабати

- Одатда, клубда узоқ йиллардан буён тўп сураётган футболчилар раҳбарият билан яхши муносабатда бўладилар. «Челси»га ўтганимда, озчилик билан муомала қилардим. Бироқ кейинчалик клуб раҳбарияти билан яхши муносабат ўрнатганман. Футболчилар ва раҳбарият, мураббийлар штаби билан яхши муносабат ўрнатиш муҳим омил саналади. Боиси, бу доимо яхши ўйнашга ёрдам беради.

Эден Азарнинг Бельгия терма жамоасидаги собиқ жамоа­доши, айни пайт «Андерлехт» жамоаси бош мураббийи вазифасида фаолият юритаётган Венсан Компани тажрибали ярим ҳимоячининг тўхтовсиз жароҳатлар сабабли қандай оғир лаҳзаларни бошидан кечираётганлигини яхши билади ва бу борада унга шундай тавсия берди: «Эденга маслаҳатим - хотиржамликни сақласин, бор эътиборини ўз мақсадига эришишга қаратсин. Боиси, ташқаридан келган нарсаларнинг бари фойдасиз».

Улуғбек УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz