Қайднома

Қидирув

Кечириш ва кечиктиришлар кечирилмайди

Кечириш ва кечиктиришлар кечирилмайди

  04.03.2021 07:15
  0
  528
Кечириш ва кечиктиришлар кечирилмайди

Ниҳоят, «Насаф»га ўтган мавсум якуни бўйича қўлга киритилган кумуш медаллар топширилди. Футболчилар ўзларига тегишли медалларни 3 ойдан ортиқ кутишди. Кечикиш бир ой давом этса, балки буни тушуниш мумкиндир. Аммо мукофотлар топширилишининг 3 ой кечиктирилиши - мутлақо тушунарсиз ҳолат. Зеро, «Насаф» исталган пайт банкрот деб эълон қилинадиган «Жиангсу ФК» каби клуб эмас. «Насаф» - Қашқадарё аҳлининг орзу-умиди, виждони, ор-номуси.

«Насаф» - футбол жамоаси чегараларидан чиқиб кетган воқелик. Ҳар ҳолда, «Насаф»га фақат футбол жамоаси сифатида қарайдиганлар хато қиладилар, адашадилар ва албатта, жазоланадилар. «Насаф» чекидаги масъуллик - Қашқадарё аҳли олдидаги масъулликдир. Қашқадарё «Насаф» орқали нафас олади, чарчоғини ёзади, мағрур-мағрур қадам ташлайди. Масъуллар шундай жамоага медаллар топширишни кечиктирдилар. Кечиктириб яққол хатога йўл қўйдилар. Тушунамиз, ҳаёт борки, кечикиш бор, кечиктириш бор. Бироқ ўтган мавсум совринини янгиси старти арафасида топширишни оддий кечикиш ва кечиктириш сифатида изоҳлаш мушкул. Бир сўз билан айтганда, бундай ёндашув - лоқайдлик.

Ҳа, фоний дунёда қанча кечикиш ва кечиктиришлар кечирилади. Жалолиддин Машарипов «Пахтакор»дан кетишга кечикди. Тўғрироғи, унинг кетиши сунъий тарзда кечиктирилди. Лекин футболчи отни қаттиқроқ қамчиласа, кечикиш ва кечиктириш ўрнини қоплаб юборади. Буни тушуниш мумкин. ЎФА ҳакамлар «иш»и масаласида жиддий чоралар кўришга кечикди. Эҳтимол, бу жараён ҳам сунъий кечиктирилгандир. Майли, муҳими, ўзгаришлар бошланди. Шунисига ҳам шукрми? Йўқ, шукр вақти бошқа. Бу ўринда талаб ва яна ҳам кўпроқ ишлаш - бош мавзу. Кечикиш ва кечиктиришлар туфайли футболимиз жуда кўп имконларни бой бериб улгурди. Ҳаммасига сабаб - эскича мафкура таъсиридан чиқолмаслик, мустақил равишда ташаббус кўрсатолмаслик, барча муаммоларни билган ҳолда, жимгина буйруқ кутиш ва бошқалар...

Шу маънода айтсак, «Насаф»га медаллар топширилишини шукрона тарзида баҳолаш ноўрин. Бу - хатони тўғрилашга уриниш, аниқроғи, халқ ғазабидан қўрқиш, холос. Чунки медалларни 3 ой давомида топширмаганлар аслида ҳозир ҳам бу ишни исташмайди. Назаримизда, шу тадбир ҳам мажбуран, истаб-истамай ўтказилди. Ўзларига қолса, масъуллар бу ишни қилишмасди. Ҳар ҳолда, бизда шундай таассурот уйғонди. Ҳар доим масъулларга осон эмаслигини таъкидлаб келганмиз, уларни тушунишга интилганмиз. Қачонки тушуниш чегаралари бузилса, бор ҳақиқатни ёзганмиз. «Насаф» билан юз берган воқелик мантиқ чегараларини бузди. Бу ўринда «Ҳар ким ичидан ўтганини ўзи билади» қабилидаги хулоса юпанч ҳисобланмайди. Чунки гап ҳар ким ҳақида эмас, балки бутун бошли вилоят шаъни саналмиш «Насаф» хусусида бормоқда.

Мазкур мулоҳазаларни ёзиш асносида МҲСК, «Дўстлик», «Семурғ», «Тўпаланг», «Атласчи», «Косонсой», «Ёшлик», «Обод» каби клубларни эсладик. Табиийки, катта авлод вакиллари ўша жамоаларни соғинишади. Соғинч, армон ўз йўлига. Факт шуки, ўша клублар бугун тарихга айланди. Демоқчимизки, «Насаф»га ҳам ўша жамоалар каби қараш - чинакам фожеа. Ҳа, медалларнинг топширилиши ҳамма муаммо ҳал бўлганини англатмайди асло. 3 ой давомида топширилмаган кумуш медаллар ҳақиқий вазиятни кўрсатиб турибди. Жамоадаги муаммолар қай даражада эканлигини тасаввур қилиш учун орт­да қолган ва жамоа асабини эговлаган 3 ойлик муддатнинг ўзи етарли. Бунинг учун журналистик текширув ёки каттакон тафаккурга эҳтиёж йўқ. Қолаверса, шу иш орқали кимларнингдир сабр косаси синалаётгандек туюлмоқда. Гўёки жамоада кимдир ортиқча ва унинг ўзи буни сезмаяпти. Ишқилиб, биз нотўғри мулоҳаза юритаётган бўлайлик-да...

Хуллас, «Насаф» каби халқ жамоасига беписанд муносабат кечирилмайди асло, худди миллий терма жамоамиздаги вазиятга бепарво қараш каби. Кечикиш ва кечиктиришни халқ кечирса ҳам, тақдир ва тараққиёт кечирмайди, асло. Ўйлаймизки, тақдир ва тараққиёт тўфони кўтарилиши шарт эмас ва футболимиз мутасаддилари буни яхши билишади.   

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz