Қайднома

Қидирув

Абдужамил Шукуров: «Мақсадимиз – юртимиз байроғини юксакларга кўтариш»

Абдужамил Шукуров: «Мақсадимиз – юртимиз байроғини юксакларга кўтариш»

  06.03.2021 03:20
  0
  306
Абдужамил Шукуров: «Мақсадимиз – юртимиз байроғини юксакларга кўтариш»

Сир эмаски, Ўзбекистон ногирон-ампутантлар терма жамоаси жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Яқинда ЎФА вакиллари мазкур жамоа аъзолари билан учрашишди ва 2021 йилги режалар, келгусида амалга ошириладиган ишлар хусусида гаплашиб олишди. Пойтахтимизда йиғин ўтказган терма жамоа бош мураббийи Абдужамил Шукуров билан суҳбатлашиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.

- Ногирон-ампутантлар термасига Мираброр Зуфарович Усмонов даврида катта эътибор қаратилганди. Натижада, жамоа кўплаб халқаро турнирларда, жаҳон чемпионатларида совринли ўринларни эгаллади. Бугунги кунда эътибор қай даражада?

- Ўзбекистон футбол ассоциациясида сўнгги йилларда ижобий ўзгаришлар бўлмоқда. Мираброр Усмонов давридан сўнг бизга бироз эътибор пасайганди. Лекин ҳозирда муносабат яхши томонга ўзгаряпти. Ўйлайманки, бундан кейин ҳам ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади. Халқаро мусобақаларда иштирок этишимиз учун кўмак беришади, деган умиддаман. Мақсадимиз ҳамиша Ўзбекистон байроғини юкорига кўтариш бўлган, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

- Жорий йил ҳисобидан термани қандай мусобақалар кутмоқда? Билишимизча, шу йилда иккита халқаро турнирда ҳам иштирок этиш кўзда тутилган экан...

- Дастлаб март ойида ампутант-лар ўртасида Ўзбекистон чемпионати биринчи тури ўтказилади. Унда терма жамоага номзод футболчиларни саралаб оламиз. Сўнг Россияда иккита халқаро турнирга бориш режалаштирилган. Аниқроқ айтганда, Сочи, Нижний Новгород шаҳарлари мезбонлик қиладиган мусобақаларда иштирок этамиз. Шу орқали навбатдаги жаҳон чемпионатига муносиб тайёргарлик кўрамиз, деган умиддаман.

- Ампутантлар ўртасида Осиё чемпионати ҳам Ўзбекистонда ўтиши кутилаётган экан...

- Ҳа, шунинг ҳаракатидамиз. Бу борада раҳбарлар иш олиб боришмоқда. Агар мезбонлик бизга берилса, тарихий воқеа бўларди. Мухлислар кўз ўнгида тўп суриб, янада кўпроқ эътиборни жалб қилардик. Чунки бир неча йилдан бери эътиборсиз қолиб кетишимиз натижасида ишқибозларимизни йўқотдик. Уларни қайтаришни истаймиз.

- 2016 йилги жаҳон чемпионатига бора олмаганимизга қандай сабабларни келтиришимиз мумкин? Ахир, ампутантлар термаси сўнгги бор 2014 йили Мексикадаги мундиалда қатнашган, ундан аввал эса Калининград мезбонлик қилган жаҳон чемпионатида ғолиб бўлганди...

- 2016 йил маълум сабабларга кўра, ампутантлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига бора олмагандик. Ўшанда рақибларимиз хурсанд бўлганлиги аниқ эди. Чунки биз иштирок этадиган мундиалларда рақиблар биздан ҳайиқиб турарди. Йил давомида барча йигитлар мусобақага тайёрланганди. Кўп нарса маблағга бориб тақалди. Эндиликда кейинги йилларда ўтказиладиган Осиё чемпионатлари, жаҳон чемпионатларида қатнашишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Ассоциация ҳам қараб тургани йўқ, улар шундай савобли ишларга қўл уришмоқда. Биз эса кўмакларини, билдираётган ишончларини оқлаб, халқаро ареналарда юртимиз байроғини баланд кўтаришга ҳаракат қиламиз. Мусобақаларга шунчаки саёҳат қилгани бормаймиз, Ўзбекистон шарафини ўйлаб майдонга чиқамиз. Ўтган мавсум пандемия сабаб танаффус юзага келганди. Мана, бу йилдан секин-аста маш­ғулотларга киришдик.

АБДУЛАЗИЗ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz