Қайднома

Қидирув

Шахс: «Осиё Марадонаси»

Шахс: «Осиё Марадонаси»

  06.03.2021 05:50
  0
  386
Шахс: «Осиё Марадонаси»

Али Карими Бундеслигада ёки Мюнхен «Бавария»си сафида ўйнаган биринчи эронлик эмасди, аммо ушбу ярим ҳимоячи Европада тўп сурган энг иқтидорли осиёлик футболчилардан бири бўлгани аниқ. Унинг профессионал ўйинчилик фаолияти деярли 20 йил давом этган, шу вақт мобайнида Карими тўртта мамлакатда ўйнаб, 9та турли совринларни қўлга киритган, 2004 йилда Осиёнинг энг яхши футболчисига айланган. FootballHD эронлик машҳур футболчи фаолиятига яна бир бор назар солди.

Карими 1978 йили Теҳронда туғилган. Дастлабки профессионал шартномасини иккинчи лига вакили ҳисобланган «Фатх Теҳрон» клуби билан имзолаб, унинг таркибида икки мавсум тўп сурган. 1998 йили 20 ёшга тўлиб улгурмаган Карими Эрон грандларидан бири ҳисобланган «Персеполис» скаутлари назарига тушгач, уни нисбатан номи чиқмаган клубдан олиб келиш қийинчилик туғдирмаган.

Янги клубга ўтганидан сўнг, Эрон миллий термасидан таклиф олиш учун Карими кўп вақт сарфламади. 1998 йилнинг октябрида, 20 ёшга тўлиб улгурганда бош жамоада дебютини нишонлади. Декабрда эса у эронликлар билан Таиланд мезбонлигида ўтган Осиё ўйинлари ғолиблигини қўлга киритди. Умумий ҳисобда Али миллий термада 127та ўйин ўтказди ва ҳозирда бу жамоа тарихидаги учинчи энг яхши кўрсаткич бўлиб турибди.

Каримининг Эрон клубларидаги фаолияти ҳам муваффақиятли кечди. 1999 йили «Персеполис» мамлакат чемпионлигига эришди, Ҳазфи кубоги (Эрон кубогининг расмий номланиши)ни қўлга киритди, бир йилдн кейин эса яна лига ғолибига айланди. Қаҳрамонимизнинг барқарор ўйини скаутлар эътиборидан четда қолмади ва 2000 йилнинг ёзида унга «Перуджа» қизиқиш билдирди. Аммо узоқ давом этган музокараларнинг сўнгги палласида Италия клуби эронликлар талаби баланд эканини айтиб, келишувдан воз кечди.

2001 йилнинг ёзида Алининг олдида икки хил вариант бор эди - Мадрид «Атлетико»си ёки БААнинг «Ал-Аҳли»сига ўтиш. Ҳар икки клуб ҳам «Персеполис», ҳам футболчининг ўзига манфаатли таклиф йўллашди. Бироқ футболчи уйига яқинроқда тўп сурмоқчилигини айтиб, амирликларга кўчиб ўтди. Шу тариқа 22 ёшида Европага кўчиб ўтиш имконияти йўққа чиқди, лекин кейинчалик жаҳон футболининг топ чемпионатларидан бирига кўчиб ўтди, барибир...

Карими ҳужумкор ярим ҳимоячи бўлгани ҳолда, БААда тўпурарлик салоҳиятини ҳам кўрсатди. Дебют мавсумида 14та голи билан «Ал-Аҳли»га Президент кубогини ютишда кўмаклашди. У тўпни яхши назорат қилар, чидамлилик даражаси ҳам барқарор эди. Майдонни яхши кўра олиши сабабли, шерикларини чиройли паслар билан таъминлар, жамоа бунинг эвазига ҳужум уюштиришда устунликка эга бўларди.

«Ал-Аҳли» билан БАА Президент кубогида икки марта зафар қучган футболчи 2004 йили Эрон термаси таркибида Германия термасига қарши кечган ўртоқлик ўйинида майдонга тушди. Осиё жамоаси 0:2 ҳисобида ютқазди, лекин Алининг ҳаракатлари рақиблар эътиборига тушди. Келгуси йилнинг ёзида Мюнхеннинг «Бавария» клуби Карими трансферини эълон қилди: қаҳрамонимиз эркин агент мақомида Германия гранди билан бир мавсумлик шартнома имзолади.

Қизиғи, «Бавария»нинг ўша пайтдаги устози Феликс Магатнинг Каримини пайқаб қолиши тасодифан рўй берганди. Мураббий матбуотдаги мақолалар билан танишиб, Алининг Германияга қарши ўртоқлик ўйинидаги ҳаракатлари ҳақида ўқиди. Журналист ярим ҳимоячини чиройли тарзда таърифлаб, жамоаси мағлубиятига қарамай, Карими ўша спарранг баҳсининг энг яхши ўйинчиси бўлганини ёзганди.

Магат «Бавария» скаутларига Алини кузатиш бўйича топшириқ берди. Мутахассислар ҳисоботи эса Каримининг Бундеслига даражаси учун жисмоний имкониятлари етарли эмаслигини кўрсатди. Шунга қарамай, Магат таваккал қилишни маъқул кўрди ва эронлик футболчи билан бир йиллик битим тузилди. Ўз юртида «Осиё Марадонаси» номини олган ярим ҳимоячи 26 ёшида Европада тўп суриш имкониятидан воз кечмади.

Каримининг Германиядаги дастлабки мавсуми ёмон чиқмади. У мунтазам равишда захирадан майдонга тушди. Охир-оқибат Бундеслигада 20та ўйин ўтказди, 2та гол уриб, 3та самарали узатма муаллифига айланди, умумий ҳисобда «Бавария» либосида барча турнирларда 26та учрашувда қатнашди. Охирги фактор Каримининг мюнхенликлар билан яна бир мавсумлик шартнома имзолашига замин ҳозирлади (бунинг учун 25та ўйин ўтказиши керак эди).

«Бавария» билан илк мавсумида Германия чемпионлиги ва кубогини қўлга киритган иккинчи мавсумда майдонда кам кўриниш берди. Эронликни Мюнхенга олиб келиш ташаббускори бўлган Магат қийин вазиятда қолган, зеро жамоа натижалари яхши эмасди. 2007 йилнинг январь ойи охирларида Феликс истеъфога чиқди, Карими эса «Бавария»даги шартномасини охирига етказиб, сўнг Осиёга қайтди.

Алининг кейинги манзили «Қатар» клуби бўлиб, бир йилини ўша ерда ўтказди. Шартномада Европадан таклиф тушган тақдирда клубни тарк этиши ҳақида банд киритилди, аммо «кўҳна қитъа»дан қизиқиш бўлмади. Сўнгра Карими Қатарнинг бошқа бир клуби - «Ал-Сайлия» таркибига қўшилди, лекин бир-икки ҳафтадан сўнг «Персеполис» вакиллари амирликлар билан гаплашиб, футболчини ижарага олиш бўйича келишувга эришишди. Умуман, бу қайтиш муваффақиятли кечмади: Карими клуб раҳбарларининг айримлари билан чиқишолмай, мавсум охирида «Персеполис»ни тарк этди.

Ҳеч қанча муддат ўтмай, Карими Теҳроннинг «Стил Азин» жамоаси аъзосига айланди, бу ерда дастлаб ўзини кўрсатганига қарамай, ярим йилдан сўнг муаммолар бошланди. Аввалига ярим ҳимоячини эски таниш «Ал-Аҳли» ижарага олмоқчи бўлди, аммо «Стил Азин» бу таклифга рад жавобини бериб, кўп ўтмай Карими билан шартнома бузилганини эълон қилди: сабаб сифатида футболчининг Рамазон ойи талабларига бўйсунмагани кўрсатилди. Бир неча кундан сўнг Али жамоага қайтарилди, клуб эса унинг йирик жарима билан қутулгани ҳақида ёзди. Гўёки, можарога шу тариқа барҳам берилди, аммо унинг асорати йўқолмаганди...

2011 йилги қишки трансферлар ойнасининг сўнгги куни - 31 январда Карими эркин агент сифатида «Шальке» сафига қўшилиб, Европага қайтиш орзусини амалга оширди. Бундай имкониятни унга гельзенкирхенликларнинг ўша пайтдаги устози «Темир» Магат ҳадя қилди. Алининг шартномаси 5 ойга мўлжалланган, уни кейинчалик узайтириш кўзда тутилганди, лекин у атиги 2 ўйинда жами 31 дақиқа тўп сурди, холос. Каримининг «Шальке»га керак эмаслиги яққол намоён бўлганидан сўнг, у «Персеполис»га қайтишга мажбур бўлди. Кейинги икки йил мобайнида Эроннинг мазкур клуби либосида 50та ўйин ўтказиб, деярли ҳар уч ўйиннинг биттасида гол урди.

Карими футболчилик фаолиятини «Трактор»да якунлади: мавсум-2013|2014ни шу клуб сафида ўтказиб, Эрон чемпионатининг 24та ўйинида 5 гол ва 4 ассист муаллифига айланди. «Тракторсозлар» билан Ҳазфи кубогини қўлга киритгач, 35 ёшида бутсаларини михга илди.

Алининг халқаро фаолияти ҳам анча самарали кечди. Юқорида Осиё ўйинларидаги ғалаба ҳақида ёздик, бу қаҳрамонимизнинг миллий жамоадаги бош муваффақияти бўлди. Гарчи Карими Эрон футболида асосий фигуралардан бири саналсада, 2008 йилнинг майида у термадан четлатилди. Ушбу қарор миллий жамоанинг ўша пайтдаги бош мураббийи, эронлик афсонавий собиқ ҳужумчи Али Даидан чиққанди. Айнан Даи кетганидан сўнг қаҳрамонимиз яна термага қайтарилди.

Аммо 2009 йили Карими (ва бошқа айрим футболчилар)га нисбатан яна чеклов қўлланди. Ўйинларнинг бирида Эрон муҳолифатини қўллаб-қувватлаш мақсадида яшил билагузук таққани учун миллий жамоада тўп суришдан умрбод маҳрум қилинди. Фақатгина ФИФА аралашуви Эрон футбол федерациясини фикридан қайтаришга замин яратди ва футболчи термага қайтарилди, лекин раҳбарият билан орасидаги муносабатлар чигаллигича қолаверди.

Ўйинчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг Карими Эрон термаси бош мураббийи ассистенти бўлишни хоҳлади. Ўша кезлари жамоани португалиялик Карлуш Кейруш бошқарар, у форсларни 2014 ва 2018 йилги жаҳон чемпионатларига олиб чиққанди. Умуман, Али атиги ярим йил Кейрушга ёрдамчилик қилиб, кейинчалик мустақил ишлашни маъқул кўрди. У «Хунех», «Нафт Новин» ва иккинчи лига вакили ҳисобланган «Сепидруд»да фаолият юритди.

2019 йилнинг февралидан буён Карими футболдан четди, ҳордиқ чиқаряпти, янги чорловларни кутмоқда. Қачонлардир у икки марта Европада салоҳиятини намойиш этиш имкониятига эга бўлган, умумий ҳисобда Эрон футболи имиджига путур етказмаганди. Ким билади дейсиз, балки Каримининг омади келиб, мураббий сифатида ҳам Германия ёки «кўҳна қитъа»нинг бошқа жамоаларида ишлаш ҳуқуқини қўлга киритар.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz