Қайднома

Қидирув

Легионерларимиз: Шомуродов «Женоа»нинг охирги умиди

Легионерларимиз: Шомуродов «Женоа»нинг охирги умиди

  09.03.2021 03:30
  0
  394
Легионерларимиз: Шомуродов «Женоа»нинг охирги умиди

La Gazzetta dello Sport нашриэътирофи. Италия футболини кенг ёритадиган обрўли La Gazzetta dello Sport нашри ҳамюртимиз Элдор Шомуродовга бағишланган навбатдаги мақоласида уни Генуя клубининг яхши келажак учун ягона умиди сифатида эътироф этди.«Шомуродов — бу ижтимоий феномен ва «Женоа»нинг нажот ва яхши келажак учун сўнгги умиди. Ушбу гигант футболчи ярим мавсумдаёқ клубда муҳим ўрин эгаллади. Элдор эффект бера олишини исботлашда давом этиб, ўз трансферига сарфланган маблағни оқламоқда. Энг муҳими, Генуяга ўзга муҳитдан келган йигит катта мухлислар армиясига эга, айниқса, «Женоа»нинг ижтимоий тармоқларида. Ҳозирги «Женоа» - Элдор учун ўзини «А» серияда кўрсатишга имкон берувчи клуб ва футболчи бундан унумли фойдаланмоқда. У нафис ўйин услубига эга, майдонда йўналишини тез-тез ўзгартиради ва тўпни жуда яхши назорат қилади. Бош мураббий Баллардини таъкидлаганидек, Элдор чиндан ҳам яхши, ўйинида сифат ҳам, эффект ҳам бор. Аммо ҳозирча бу ҳақда унинг ўзига айтмай турамиз», - дейилади газета мақоласида. «Женоа»нинг охирги ўйинларига келсак, жамоа «А» серия 25-туридан ўрин олган «Сампдория»га қарши баҳсда 1:1 натижасини қайд этди. Элдор бу учрашувни асосий таркибда бошлаб, 82-дақиқагача тўп сурди. Генуя клуби кейинги турда «Рома» меҳмони бўлди ва ортга 0:1 ҳисоби билан қайтди. Ҳамюртимиз бунисида иккинчи бўлим бошида майдонга тушди.

«Шахтёр» - Беларусь суперкубоги соҳиби. Беларусь суперкубоги-2021 мамлакатнинг амалдаги чемпиони - «Шахтёр»га насиб этди. Солигорскликлар БАТЭга қарши кечган баҳснинг асосий вақти 0:0 ҳисоби билан тугагач, пенальтилар сериясида аниқроқ ҳаракат қилишди - 5:4. Бироқ «Шахтёр» сафига яқинда қўшилган Шаҳзод Убайдуллаев ўйин қайдномасига киритилмади. БАТЭ сафидаги Шаҳбоз Умаров эса 63-дақиқада захирадан ўйинга қўшилиб, пенальтилар сериясида ҳам иштирок этиб, ўз зарбасини голга айлантирди.

Ҳафта охирида Беларусь кубоги-2021 чорак финали биринчи учрашувлари ҳам ўтказилди. БАТЭ ўз майдонида «Витебск»ни 2:1 ҳисобида енгган баҳсда Шаҳбоз Умаров 62-дақиқада майдонга тушди. «Шахтёр»нинг «Неман»га қарши ўйини (3:0) 46-дақиқасида сафга қўшилган Шаҳзод Убайдуллаев эса расмий дебютини гол билан безади. У рақиб дарвозасини 76-дақиқада нишонга олди.

Айтганча, беларуслик журналист Владислав Татурнинг хабар беришича, «Шахтёр» нигериялик 24 ёшли ҳужумчи Сандей Акинбуле билан шартнома тузади, Шаҳзод Убайдуллаевни ижара келишуви асосида «Энергетик-БГУ»га юборади.

Кубок ўйинида самарали узатма. «Уфа» Россия кубоги 1|8 финалида «Урал»га айтарли имконият қолдирмади - 3:0. Жамоа сафига ижара келишуви асосида қайтган Остон Ўрунов бу ўйинни бошланғич таркибда бошлади ва 79-дақиқага қадар фаол ҳаракатланди. Хусусан, «Уфа»нинг биринчи голига айнан ҳамюртимиз ассистентлик қилди. РПЛ 21-туридан ўрин олган «Урал» - «Уфа» учрашувида эса 0:0 ҳисоби қайд этилди. Остон бу сафар ҳам ўйинни бошланғич таркибда бошлади, аммо 41-дақиқада жароҳатланиб, ўрнини захира вакилига бўшатиб берди.

Галиулиндан гол. «Нефтехимик» Россия Биринчи лигаси (ФНЛ) 28-турида «Динамо-Брянск»ни 5:1 кўринишида енгди. Жамоанинг биринчи голи 6-дақиқада ҳамюртимиз Вагиз Галиулин ҳисобига ёзилди. У майдонда 75-дақиқагача тўп сурган бўлса, «Нефтехимик»даги яна бир легионеримиз Бобур Давлатов захирада қолди. «Текстильшик» - «Томь» (1:1) ўйинида меҳмонлар ҳимоячиси Виталий Денисов тўлиқ вақт ҳаракатланди.

Машариповнинг ишлари яхши. Жалолиддин Машарипов БАА Лига кубоги ярим финали жавоб ўйинида 2та голга ассистентлик қилиб, «Шабаб Ал-Аҳли»нинг ҳал қилувчи учрашув йўлланмасини ютишига катта ҳисса қўшди. «Ал-Васл» билан бўлган ва 3:1 ҳисобида «Шабаб» ғалабаси билан якунланган баҳсда ҳамюртимиз тўлиқ 90 дақиқа тўп суриб, Картабия ва Игор Жезус голларига ҳаммуаллифлик қилди. БАА чемпионати 19-турида эса «Шабаб Ал-Аҳли» сафарда «Ал-Жазира»га қарши майдонга тушиб, 90-дақиқадаги гол туфайли  ғалабани қўлдан чиқарди - 1:1. Жалолиддин мазкур учрашувда ҳам тўлиқ вақт ўйнади. Шунингдек, яқинда жамоа сафига қўшилган Одил Ҳамробеков 79-дақиқада захирадан майдонга тушиш орқали БААдаги дебютини нишонлади. Достон Ҳамдамовнинг жамоаси «Хатта» эса ўз майдонида «Ал-Фужайра»ни ягона гол эвазига енгди. «Хатта»да ижара муддатини ўтаётган ҳам­юртимиз ўйиннинг 65 ва 73-дақиқаларида сариқ карточка олиб, майдондан эрта чиқиб кетди.

2-турда ҳам мағлубият. Жанубий Корея «К»-лигаси стартида «Ульсан Хюндай»га йирик ҳисобда ютқазган «Канвон» 2-турда «Поханг Стилерс»ни қабул қилиб, яна мағлуб бўлди - 1:3. Мезбон жамоа ҳимоячиси Рустам Ашурматов бу ўйинда ҳам тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди. «Сувон Блюуингс» - «Сеонгнам» ўйини (1:0)да меҳмонлар вакили Жамшид Искандеров 21-дақиқада захирадан майдонга тушиб, жароҳат туфайли танаффус пайти қайта алмаштирилди.

Абдухолиқов U-21 таркибида. «Рух»­нинг U-21 жамоаси Украина чемпионати 17-турида «Десна»ни қабул қилиб, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Яқиндагина Львов клуби сафига қўшилган «Насаф»нинг собиқ ҳужумчиси Бобур Абдухолиқов бу ўйинда майдонга тушиб, фаол тўп сурди, аммо унга гол уриш насиб этгани йўқ. «Рух» ва «Десна»нинг асосий жамоалари ўртасидаги учрашув эса кеча ўтказилди.

Яхшибоев яна йўқ. «Легия» Польша чемпионати 20-туридан ўрин олган «Шлёнск Вроцлав»га қарши сафар ўйинида 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ҳам­юртимиз Жасур Яхшибоев бу сафар ҳам Варшава клуби қайдномасидан четда қолди. У ҳозирда функционал ҳолатини тиклаш устида ишламоқда.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz