Қайднома

Қидирув

Хотира: «Пахтакор»нинг энг яхши ўйини қаҳрамони

Хотира: «Пахтакор»нинг энг яхши ўйини қаҳрамони

  15.03.2021 04:40
  0
  300
Хотира: «Пахтакор»нинг энг яхши ўйини қаҳрамони

Валерий Петрович Любушин (18.03.1940 - 21.02.2011). «Пахтакор» клуби фахрийси, собиқ иттифоқ спорт устаси. Валерий Петрович Россиянинг Приморск ўлкаси Владивосток шаҳрида туғилган. Футбол билан Пенза вилоятининг «Локомотив» клубида шуғуллана бошлаган. 1959 йили ҳарбий хизматга чақирилган. Аскарлик бурчини Фарғонада, Туркистон ҳарбий округи қисмларидан бирида ўтаган. Ҳарбий қисм жамоасида ўйнаб, Фарғона вилояти биринчилигида тўп сурган. Любушинни 1960 йили Тошкентга кўчиришади ва у ҳарбий қисм қошидаги «Сокол» АСКда ўйнай бошлайди.

Валерий Любушин Туркистон ҳарбий округининг «Сокол» клубида энг яхши футболчилардан бири эди. «Сокол» 1961 йили собиқ иттифоқ Қуролли кучлари кубоги турнирида ғолиб чиқади. «Соколчилар» кейинги мавсум Ўзбекистон кубогида қатнашишади ва турнир ғолиби сифатида жисмоний тарбия жамоалари ўртасидаги иттифоқ кубогига чиқишади. Эътиборлиси, тошкентликлар таниқли мураббий Евгений Борисович Валицкий бошқарувида кетма-кет 16та ўйинда ғалаба қозониб, бош соврин соҳибига айланишади. Бутуниттифоқ миқёсидаги ушбу кубок учун 35 минг жамоа (!) кураш олиб борганди ва «Сокол» бутун турнир давомида спорт маҳорати, юксак иродаси ҳамда интизомини намойиш этади. Шу ютуқ ўлароқ, собиқ иттифоқ футбол федерацияси қарори билан «Сокол» АСКнинг барча аъзоларига спорт устаси мақоми, шунингдек, Туркистон ҳарбий қўмондонлигининг юксак мукофотлари берилади, жумладан, Валерий Любушинга ҳам.

1963 йилга келиб, Любушинни «Пахтакор»га чақиришади. У Республиканинг бош жамоасида атиги 3 мавсум ўйнайди, асосийси, шу қисқа муддатда мухлислар ёқимтойига айланади - жами 58та ўйинда 13та гол. Айниқса, 1964 йилги мавсум Любушин учун самарали келганди. У жумладан, «Пахтакор»­нинг халқаро ўйинларида ҳам ўзини кўрсатади. 1964 йилнинг 19 апрель куни «Пахтакор» Тошкентда Сан-Паулу шаҳрининг машҳур «Пираcикаба» жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказади. Айтиш жоиз, бу Жанубий Америка футболи вакиллари билан биринчи тўқнашув эди. Бразилияликлар Ўзбекистонда бу даражада малакали рақиб билан учрашишни ўйламаган бўлсалар керак. Учрашувнинг 18-дақиқасида Руслан Малиновскийнинг заргарона узатмасидан сўнг айнан Валерий Любушин ҳисобни очади. Шу чиройли гол ўйинда ягона бўлади ва «Пахтакор» ғалаба қозонади! 1964 йилнинг 6 июнида эса Тошкентга Уругвайнинг 12 карра чемпиони - ўша машҳур «Насьональ» (Монтевидео) келади. Яна қандай ҳолатда денг?! Уругвайликлар Тошкент сафарига қадар Швеция, Германия, Италия, Австрия ва Бельгияда мағлубиятга учрамаган, шунингдек, Москвада «Спартак» билан баҳс­да дуранг (0:0) қайд этиб, Киев «Динамо»си (2:0) ва «Қайрат»ни (1:0) мағлуб этгандилар.

Албатта, «Пахтакор» олдида қийин вазифа турганди: Жанубий Америка вакилининг Евроосиё майдонларидаги ғалабали юришини тўхтатиш. Чунки бу «Насьональ» учун турне доирасидаги охирги ўйин эди. Уругвайликлар осонгина ғалаба қозонишни ўйлаб, қўлларини ишқалаган ҳолатда келишганини тахмин қилиш қийин эмасди. Бинобарин, «Пахтакор» ўша йили иттифоқ чемпио­нати биринчи лигаси («А» тоифаси иккинчи гуруҳи)да ўйнашганди. Хуллас, «Пахтакор» ва «Нась­о­­­наль» ўртасидаги халқаро ўртоқлик учрашуви 8 июнь куни бўлиб ўтади ва у тарихий мақомни олади. Ҳар икки жамоа ўйинга жанго­вар кайфиятда киришгани яққол сезилганди. Икки йўлбарс ўртасидаги «дуэл»нинг дастлабки дақиқаларига қараганда, меҳмонларнинг Тошкентдан ғалаба билан қайтишлари аниқдек туюлади. Хусусан, 15-дақиқада Хосе Санфилиппо тўпни дарвозага тескари турганча қабул қилади ва ўзига хос дриблинги эвазига ҳимоячиларни ортда қолдириб, зарба йўлига чиқади. Юрий Пшеничников тўпни қайтаришга ҳарчанд уринмасин, ҳисоб очилади. Трибуналарда умидсизлик кайфияти...

«Пахтакор» ҳамиша муваффақиятга тўлиқ ишонадиган жонкуяр мухлисларидан куч олиб ўйнаган. Аксини ўйлаган киши қаттиқ адашади. Хуллас, 60000 мухлисни ўз ичига олган стадион севимли футболчиларини олдинга ундаб, улардан ўзларига хос ўйин намойиш этишни талаб қилади. Мухлислар барчасини билишади, жамоа кучини ҳис қилишади! Футболчилар бунга жавобан яна юқори даражада ўйнай бошлашади. Хуллас, «Пахтакор» трибуналар олқиши остида олдинга интилади, футболчилар ҳаракатида комбинацион ўйин кўзга ташланади. Шу аснода Геннадий Красницкий зарбалари тобора хавфли тус ола бошлайди. Бундай манзара трибуналарни тўлдириб ўтирган оломонга ўзгача завқ улашади, албатта. Фанатлар шундай сценарий кузатилса, одатда бир-бирларига пичирлашарди: «Ниҳоят, жамоамиз ўзига келди, энди рақиб ҳолига вой...».

29-дақиқа. Тўп Красницкийда,  Уругвай клуби дарвозабони Роберто Соса ушбу даҳшатли тўп­урарнинг кучли зарбаси ҳақида собиқ иттифоқ-2 терма жамоасининг Жанубий Америка сафари пайти эшитган эди ва у хавфни бартараф этишга тайёр. Бироқ Геннадий сўнгги лаҳзада тўпни Владимир Тожировга узатади. У эса чалғитувчи ҳаракати билан голкиперни ерга «ётқизади» ва хотиржамлик билан тўпни дарвоза ичига юмалатиб қўяди. Шу онда 60 минг оломон ҳайқириғидан стадион портлайди, гўё. Иккинчи бўлимда мезбонлар фантастик ўйин кўрсатаётган рақибга кучли босим ўтказадилар. 60-дақиқада «пахтакорчилар» Мелкумов - Тожиров - Малиновский - Любушин иштирокидаги комбинацияни чиройли якунлайдилар. Ғалаба тўпи муаллифи - Валерий Любушин. «Малиновский тўпни товони билан узатди, уругвайликлар буни сира кутмагандилар», - деб кейинчалик эслаганди Валерий ўша вазиятни. Шундай қилиб, Валерий Любушин афсонавий футболчига айланади! Учрашув ҳисоби такрорланмас ва тарихий - 2:1! Любушиннинг шон-шарафи - бу бразилияликлар ва уругвайликлар дарвозасига ғалаба голлари ургани. У шу тариқа «Пахтакор»нинг халқаро учрашувлари хроникасида алоҳида ўрин эгаллайди. Кўплаб мухлислар қувонч кўз ёшларидан уялишмайди - жамоалар кўрсатган ўйин сифати, тошкентликларнинг мағлубият нималигини билмай келган уругвайликларни енгишгани уларда энг нозик эҳтиросларни қўз­ғатган эди. Бундай учрашувлардан сўнг одамлар жамоани бошқа­ча севиб қолишади ва «Абадий сеникиман!» - дейишади беихтиёр.

Любушин «Пахтакор»дан кетгач, «Политотдел» ва «Оққўр­ғон» жамоаларида  ўйнайди, ке­йин узоқ йиллар давомида ўзбек клубларида мураббийлик қилади, ўзини яхши сўзлар билан эслайдиган кўплаб футболчиларни тарбиялайди. Ўзбекистон мус­тақиллигининг дастлабки йиллари эса Валерий Петрович миллий футбол федерацияси бошқарувида ташкилотнинг шаклланиши йўлида катта ишларни амалга оширади.

Мавлон ШУКУРЗОДА


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz