Қайднома

Қидирув

Нигоҳ: Британча таркиб билан...

Нигоҳ: Британча таркиб билан...

  22.03.2021 02:20
  0
  303
Нигоҳ: Британча таркиб билан...

Антонио, Грэй, Холгейт Ааронс - Ямайка миллий жамоаси ЖЧ-2022да ҳаммани британча таркиби билан ҳайратлантирмоқчи. Қатар-2022 мундиали стартига ҳали етарлича вақт бор. Ҳар ҳолда, олдинда саралаш босқичи учрашувлари ҳам турибди. Шунга қарамай, футбол жамоатчилиги ҳозирдан камтарин Ямайка миллий жамоасининг фаол ҳаракатини кенг муҳокама қилмоқда. Зеро, КОНКАКАФ аъзоси ўз таркибига Англиядан кўплаб таниқли футболчиларни жалб қилишга уринмоқда. Ямайка термасининг бош мақсади - бўлажак жаҳон чемпионати финал раундида қатнашиш, албатта. Ҳозирги саъй-ҳаракатларнинг барчаси айни шу вазифани амалга ошириш учун қаратилган.

Ҳа, Ямайка футбол федерация­си раҳбарияти хорижлик айрим футболчиларни мамлакат фуқаролигини олишга ундамоқда. Бу борада аллақачон амалий ишлар бошланган. Дейлик, мўлжалга тушган бир қатор номзодлар билан уларнинг Ямайка термасида ўйнашлари юзасидан фаол музокара олиб борилмоқда. JFF (Ямайка футбол федерацияси) президенти Майкл Рикетс барчасини очиқ-ошкора тасдиқлашга ҳам улгурди: «Ҳа, яқин келажакда футбол оламига ҳеч ким кутмаган «сюрприз» улашмоқчимиз. Миллий жамоамиз таркибини кучайтиришга қодир бир қатор таниқли футболчилар билан аллақачон музокара жараёнини бошлаганмиз ва бу натижа келтиришига ишонаман».

Қизиқ, гап кимлар ҳақида кетмоқда? Энди Ямайка футболи мутасаддилари тузган номзодлар рўйхатига қаранг: «Вест Хэм» ҳужумчиси Майкл Антонио, «Байер» вингери Демарай Грэй, «Уотфорд» форварди Андре Грей, «Эвертон» ҳимоячиси Мэйсон Холгейт, «Рейнжерс» ҳужумчиси Кемар Руф, «Брентфорд»нинг олдинги чизиғида ўзини кўрсатаётган Иван Тони, «Ньюкасл» ярим ҳимоячиси Исаак Хайден... Рўйхатда англия­лик яна бир қатор футболчилар бор, аммо уларни Ямайка термаси томон оғдириш осон эмас. Мисол учун, «Норвич»нинг энг кўп эътироф этилаётган «юлдузча»ларидан бири Макс Ааронс ҳам JFF назарида, аммо Англияда бу йигитга миллий жамоанинг бўлажак умиди сифатида қарашмоқда. «Бизнинг рўйхатга тушган футболчиларга қарасак, Андре Грей ва Демарай Грэй билан келишишимиз осонроқ. Исаак Хайденнинг ўзи федерациямизга қўнғироқ қилиб, мамлакатимиз номидан ўйнашга тайёрлигини билдирди. Демоқчиманки, ҳозирги ҳаракатимиз шунчаки, эрмак эмас, режанинг амалга ошиши ҳақиқатга яқин. Мэйсон Холгейт, Натан Редмонд, Кемар Руф ва Иван Тони - бу йигитлар Ямайка паспортини олиш жараёнида туришибди. Лиам Мур эса аллақачон фуқаролик мақомини олди. Ҳа, музокара жараёни бутун дунёни қамраб олган коронавирус пандемияси туфайли анча мураккаблашди. Лекин ҳамон изланишдамиз, иш сира тўхтаб қолгани йўқ. Вазифамиз маълум вақт ичида номзод йигитларнинг Ямайка паспортини олишларига зарур саналган ҳужжатларни тайёрлаш, бунга боғлиқ масалаларни ҳал қилишдан иборат. Музокара давом этяпти ва менимча, ўйлаган ишимизни якунлашга улгурамиз, албатта», - дейди JFF раҳбари Рикетс.

 М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz