Қайднома

Қидирув

Бобур Йўлдошев: “ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқишимиз шарт...”

Бобур Йўлдошев: “ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқишимиз шарт...”

  05.04.2021 02:20
  0
  874
Бобур Йўлдошев: “ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқишимиз шарт...”

Аввалги мавсум ўз тарихида илк марта миллий чемпионат совриндорлари қаторига кирган АГМКни олдинда катта имтиҳон кутиб турибди: олмалиқликлар Қатарда «Ал-Гарафа»га қарши ўйинда ОЧЛ-2021 гуруҳ раунди йўлланмасини қўлга киритишлари керак. Зеро, Миржалол Қосимов жамоаси олдига янада катта вазифалар қўйилган. Жумладан, ОЧЛнинг асосий сеткасига чиқиш бош мақсадлардан биридир. АГМК футболчилари ҳам буни тушуниб туришибди - улар хал­қаро аренада ўйнашни астойдил хоҳлашмоқда. Олмалиқ клубининг тажрибали ҳимоячиси Бобур Йўлдошев ҳам буни биз билан суҳбатда ало­­-ҳида таъкидлади.

- Суҳбатимизни ёқимсизроқ мавзуда бошласак: кўпчилик сизлардан «Пахтакор»га жиддий рақобат тақдим этишингларни кутганди, амалда «шерлар»га йирик ҳисобда ютқазиб қўйдинглар...

- Менимча, «Пахтакор»га жиддий кураш таклиф эта олдик, фақат ҳисоб... Асосийси, ўйин борасида рақибдан асло қолишмадик, фикримча, кўрсатилган футбол сифати мухлисларга ҳам маъқул бўлди. Бироқ қатор имкониятлардан самара чиқаролмадик, бу борада том маънода оқсадик. Айни шу нарса панд берди. Дейлик, «Пахтакор» ҳисобни очишидан олдин ҳам бизда яхшигина имконият юзага келган ва ундан фойдаланганимизда, ўйин мутлақо бошқача тус оларди. Яна нима ҳам дердим, футболда баъзан шунақа: яхши ўйнаган жамоа якунда мағлубиятни тан олади... Бунга зид ҳолатлар ҳам кузатилиши ҳеч гап эмас - ғалаба суст тўп сурган жамоага насиб этади. Йўқ, «Пахтакор» ёмон ўйнаб, ғалаба қозонмади, шунчаки, ўша куни «шерлар» ўз имкониятларидан максимал даражада самара чиқаришди.

- АГМК кўз ўнгимизда йилдан-йилга кучайиб бормоқда, аммо «Пахтакор»га қарши ўйинларда негадир кўпинча йирик ҳисобда ютқазмоқда. Бунинг асосий сабаби нима: руҳиятми ёки рақиб важоҳати?

- Ҳа, жамоамиз йилдан-йилга тобора шаклланиб боряпти ва натижа ҳам шунга монанд равишда яхшиланмоқда. «Пахтакор» билан ўйинларга келсак, тан олиш керак, бу жамоа ҳар томонлама кучли. Охирги ўйиндаги йирик ҳисоб - бу вазият тақозоси. Зеро, учрашувда ҳисоб очилгач, таваккалроқ ўйнаб, асосий эътиборни ҳужумга қаратдик. Яъни мувозанатни тезроқ тиклашни ўйлаб, ҳимояни бироз бўш қўйдик, назаримда. Агар ҳисобда ортда бора туриб ҳам, ҳимояни ушлаганимизда, эҳтимолки, йирик мағлубият кузатилмасди, аммо бундан маъно нима? Оддий айтганда, 0:1 нимаю, 0:3 нима? «Пахтакорчи­лар»га ҳам қойил қолиш керак, улар қарши ҳужумлардан қандай фойдалиш кераклигини кўрсатиб қўйишди. Умуман, ўйинда биз яхшироқ ҳаракатландик ва йирик ҳисобли мағлубиятга лойиқ эмасдик.

- Мана, Суперлигада 3та тур ортда қолди. Умумий таассуротлар қандай?

- Албатта, жуда яхши. Имкон қадар Суперлига доирасидаги бошқа ўйинларни ҳам кузатиб боряпман, аксарият жамоалар чакки таассурот қолдирмади. Кўриниб турибди, бу йил элитада шунчаки, очко улашадиган иштирокчининг ўзи йўқ. Ҳар ҳолда, ҳозирча барча ўйинларда муросасизлик ва шиддат чакки бўлмади. Айнан шундай ўйинлар кўпайса, Суперлига тараққий этаверади, мухлисларда ҳам қизиқиш ортади.

- АГМК янги мавсумни кетма-кет кучли жамоаларга қарши ўйинлар билан бошлади. Табиийки, «Локомотив», «Насаф» ва «Пахтакор» билан бўлган ўйинлар ОЧЛ саралаши олдидан жиддий репетиция ҳисобланади...

- Тўппа-тўғри. ОЧЛ саралашидан ўрин олган ҳал қилувчи ўйин арафасида шундай рақиблар билан куч синашганимиз айни муддао. Зеро, камчиликлар яққолроқ кўринди ва бу олдимизда турган масъулиятли учрашув олдидан фойда бериши керак.

- АГМК агар ОЧЛ гуруҳ бос­қичига чиқолмаса, ОФК кубогида иштирок этади. Бу ҳолат ОЧЛга қўшилиш мотивациясини пасайтирмайдими?

- Асло. Ахир ОЧЛ ва ОФК кубоги ўртасида катта фарқ борлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Қатъий ишонч билан айтаман, ҳозирда жамоамиздаги барча йигитлар ОЧЛда ўйнашни хоҳлашмоқда. Ҳамиша кучлилар билан беллашиш ёқимли, албатта. Тўғри, футболда олдиндан катта гапириш ярамайди. Бир нарса аниқ - ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.

- АГМК 4-турда «Навбаҳор»га қарши майдонга тушади. Бўлажак ўйин ва рақиб ҳақида нима дея оласиз?

- «Навбаҳор» ҳам яхши жамоа, албатта. Ўйлашимча, мухлисларни қизиқарли ўйин кутиб турибди. Ҳозирда шу учрашувга тайёргарлик бошланди. Насиб этса, мухлисларимизни чиройли футбол ва ижобий натижа билан қувонтирамиз.

- Асли фарғоналиксиз, оммага эса «Локомотив»да танилдингиз. «Темирйўлчилар» сафидаги узоқ йиллик фаолиятингиздан қандай хотиралар қолди?

- «Локо»га ҳозир ҳам бефарқ эмасман, жамоа ўйинлари ва натижаларини кузатиб бораман. Зеро, «Локомотив» қалбимдан чуқур жой олган. Бинобарин, шу клубда футболчи сифатида шаклландим, озми-кўп танилдим, тажриба орттирдим. Умуман, клубдаги даврдан яхши хотиралар қолди. Албатта, «Локо»дан ҳамиша миннатдорман.

- Биламизки, фаолиятингиз давомида турли тўсиқларга дуч келгансиз. Масалан, соғлигингиздаги муаммолар туфайли маълум муддат футболдан четда қолдингиз. Қолаверса, Туркия клубига йўл олишингизга «Локомотив»нинг турклар билан келишолмагани халақит берди. Умуман олганда, миллионлар ўйинида нималар топдингизу, нималар йўқотдингиз?

- Ҳа, шу кунга қадар баъзи қийинчиликлар ҳам кузатилди. Ҳаттоки, футболни йиғиштириб қўйишимга ҳам оз қолганди. Лекин миллионлар ўйинига муҳаббатим кучлилигидан яна майдонга қайтдим. Бир неча йил олдин шифокорлар соғлиғимда жиддий муаммо борлигини айтишгач, Москва ва Германияга бориб, чуқур тиббий текширувдан ўтишимга тўғри келди. Яхшики, барча текширувлар ижобий натижа берди, яъни футболга қайтишимга тўсқинлик қиладиган ҳеч нарса топилмади. Тўғриси, бу жуда узун мавзу ва барчаси фаолиятимга катта таъсир қилди. Туркия клубига ўтиш вариантига келсак, ўзимда четга чиқиш хоҳиши жуда баланд эди. Турклар мени айнан ўз мамлакатларида ўтказилган ёшлар мундиалида кузатишган экан. Афсуски, «Локомотив» ва Туркия клуби ўзаро келишолмади ва ортга қайтишдан ўзга чорам қолмади. Муҳими, футболни танлаб, ҳеч нарса йўқотмадим, аксинча, ҳаётимни айнан шу спорт тури билан боғлаганимдан хурсандман. Зеро, футболда маълум муваффақиятларга эришдим, халқаро майдонда мамлакатимиз номидан ўйнадим. Тўғри, агар вақтни ортга қайтариш иложи бўлганида, баъзи хатоларни такрорламасдим. Фурсатдан фойдаланиб, шу даражага етишишимда катта ёрдам берган инсонлар, аввало, ота-онам, акам ва опамга миннатдорчилик билдираман. Албатта, биринчи мураббийларим - Ойдин Алиев ва Дониёр Исмоиловдан ҳам қарздорман.

- Турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз сафида халқаро миқёсда тажриба орттирган футболчи сифатида айтингчи, ёшларимизнинг сўнгги йилларда катта натижалар қайд этишларига нима халақит бермоқда?

- Сабаблар кўп. Назаримда, ҳозирги ёшларда сабр ва хоҳиш камроқдек. Улар чалғиб қолиш­япти. Футболга кирдингми, шу билан яшашинг керак, борингни бағишламасанг, нимадир чиқиши амри-маҳол.

- Бобур Йўлдошев маҳаллий ҳужумчиларимиз ҳақида қандай фикрда ва Суперлигада кимларни зарарсизлантириш нисбатан қийинроқ?

- Қайсидир ҳужумчини алоҳида ажратиб кўрсатмайман. Ҳамманинг ўзига яраша устун жиҳатлари бор. Ғалати эшитилиши мумкин, аммо ҳамиша айнан кучли ҳужумчиларга қарши ўйнашни ёқтираман. Зеро, шундай рақиблар янада тажриба тўплашимга ёрдам беришади.

- Халқ эътиборидаги одамлар учун эркин ҳаёт нисбатан чегараланган. Қизиқ, шахсан сиз машҳурлик туфайли нималардан  воз кечгансиз? Футбодан ҳеч зерикканмисиз?

- Очиғи, одамлар орасида ўзимни ўта эркин ҳис қиламан. Табиа­тан қандай бўлсам, шундай кўринишга ҳаракат қиламан. Лекин нимадандир воз кечишимга тўғри келмаган. Футболдан зерикканимни асло эслолмайман. Аксинча, таътил чўзилиб кетса, майдонни соғиниб қоламан...

Х.ЮСУПОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz