Қайднома

Қидирув

Диёр Имомхўжаев “Навбаҳор” – “Пахтакор” ўйинидан кейинги вазият ҳақида фикр билдирди.

Диёр Имомхўжаев “Навбаҳор” – “Пахтакор” ўйинидан кейинги вазият ҳақида фикр билдирди.

  09.04.2021 11:22
  0
  587
Диёр Имомхўжаев “Навбаҳор” – “Пахтакор” ўйинидан кейинги вазият ҳақида фикр билдирди.

ЎзПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев “Навбаҳор” – “Пахтакор” ўйинидан кейинги ўз таъбири билан айтганда “ҳунук ишлар” ҳақида фикр билдирди.

“Қабиҳ сўзларни эшитаётганимизга икки кун тўлди. Жамоам бунга муносиб эмас. Ҳакамлик учун ким жавобгар ўзи демайман, футбол ташкилоти билан телевидение машинаси фарқига бормаётганларга нимани тушунтириш мумкин?

Хунук иш Навбаҳор — Пахтакор ўйинидагина бўлмади. Ҳеч бир сабабсиз Наманганда Сўғдиёна, Насаф клубларига қарши ўйинларда ҳам стадионга нарсалар отилганди. Тезлик учун жарима ошганида аюҳаннос соладиган кишилар бўлади, аслида тезликни оширмаганлик учун жарима йўқ. Клуб огоҳлантирилганда аюҳаннос солганларга ҳам шу гап. Афсуски, йил бошидан буён бундай хунук ишлар Намангандан бошқа ерда кузатилмади.

Холисликни, адолатни талаб қилаётган томон бир неча миллисониялари юлиб олинган видеоларни тарқатишга уялаётгани йўқ. Биз маълум доира кишилар кўнгли учунгина ишламаймиз. Жарима ёки қарорларни биз ўйлаб топаётганимиз йўқ. ОФК ҳам, УЕФА ҳам, ФИФА ҳам шундай ишлайди. Буни билиш учун албатта халқаро майдонда ўйнаш шарт эмас. Биз истардик Навбаҳор халқаро аренада Ўзбекистон номидан иштирок этишини.

Маълум доира телефон рақамларни қандай тарқатаётгани, одамларни нималарга даъват этаётгани, одамлар бизни бўралаб ҳақорат қилганликлари борасидаги скринларни гуруҳларга фахр билан тарқатаётганларига гувоҳмиз. Бундай кишиларнинг холислик ҳақидаги иддаолари ўзлари учун сийлов. Биз бундай тарбия кўрмаганмиз. 

VAR Локомотив стадионида Локомотив дарвозасига 2 та пенальти қўйганида қачонгача пойтахт клубларига ёрдам берасан деган ҳайқириқлар қулоққа чалинмади. VAR бўлмагунича ҳакамлар бизни синдиради деган фикрларни энг кўп ўшалар айтишди ва уларнинг ўйинларида VAR энг кўп ишлади. Бироқ ҳақиқатга тик боқишга келганида вазият ўзгармоқда. Чунки айрим клублар мухлислари ҳакам уй учрашувларида уларга ёрдам берилишига ўрганиб қолишди. Биз эса аввалги ишлар учун жавоб беришимизга тўғри келяпти. Чунки ҳисоб беряпмиз, одамларни эшитяпмиз, ўсяпмиз. Буни суистеъмол қилаётганлар, катта канал ёки гуруҳларда қасддан провакация қилаётганлар қонун олдида вақти келиб жавоб беради. Адолатни нафақат сиз, балки биз ҳам талаб қилишни биламиз.   

Биз стадион тўлаётганидан албатта хурсандмиз. Шунинг учун ҳеч қачон ўтмаган кубок финалларини Наманганда ўтказяпмиз. Терманинг халқаро ўйинлари Наманганга берилди. Бунинг жавобини ҳам кўряпмиз. Шундан кейин ким расмий ўйинни сизга ишонади? Халқаро ҳакамни шу кўйга солмаслигингизга ким кафолат беради? Агар стадион фақатгина шундай кишилар билан тўлса ва сиз футболни кимгадир миннат қилиб томоша қилсангиз, яхшиси тўхтатинг. Бизга инсонлар керак, ким нима деса оғиб кетадиганлар эмас. Барибир тўла стадион пули тўлиқ касса қилинаётгани йўқ. Чунки кассага ишонилса, Ганага қарши ўйинини ҳам 20 минг эмас, 13 минг киши кузатган, сиз ҳақиқатни шундай масалаларда аввал талаб қилинг.

Наманганлик дўстларимиз, наманганлик адекват инсонларимиз билан доим биргамиз, ишонамизки, улар биздан ҳафа бўлишмайди. Бироқ бугун телевидение ходимлари Наманганда футбол учрашувларини олишдан ҳайиқиб қолишди, уларнинг кўпчилиги Наманганга бормоқчи эмас. Аслида эса Навбаҳор мухлисларининг асл гўзаллигини ҳам ўша телевидение бутун дунёга кўз-кўз қилганди. Футбол ҳакамлари наманганга бормоқчи эмаслар. Чунки уларнинг ҳам ўз оиласи бор, улар ҳам кимнингдир отаси, фарзанди. Биз ҳам ўз комиссарларимиз ҳаёти, хавфсизлиги учун жавобгармиз. Япониялик рефери бутун бир миллат жамоасининг тоза голини инобатга олмаган кунларда ҳам ҳакамни қувлаган ёки унга тош отган эмасмиз, афсуски бугунгилар орасида мана шундайлари ҳам бор.

Фикримни ҳақорат ила кўп сўрашибди: ҳакам тўғри ва яхши ишлади! Пахтакорнинг Металлургга қарши ўйинида эса нотўғри ишлади, бунинг жавобини беряпти. Агар Норсафаров дипломат бўлганида, 11 метрлик жарима бермасди. Биз эса ундан дипломат бўлишни эмас, профессионал бўлишни талаб қиляпмиз. Гапим кимгадир ёқиши шарт эмас. Ўзи ҳаммасини кўриб турибди. Ҳақоратлар учун чин дилдан ҳафаман, ҳайф сиздек тарбиясиз кишиларга.

Келинг, халқаро майдонда ўйнашига фақат ҳакамлар ҳалал бераётгани айтилаётган “Навбаҳор” клуби статистикасига эътибор қиламиз.

Техник-тактик ҳаракатлар самарадорлиги бўйича Навбаҳор Суперлиганинг 9-жамоаси. Кетма-кетликда Пахтакор, Локомотив, Бунёдкор, Қизилқум, АГМК, Насаф, Андижон, Металлург клублари ундан олдинда.

Тўп ошириш самарадорлиги бўйича Навбаҳор Суперлигада яна 9-жамоа. Пахтакор, Локомотив, АГМК, Насаф, Бунёдкор, Металлург, Андижон ва Қизилқум ундан олдинда.

Ўйин тезлиги бўйича Навбаҳор 6-жамоа. Пахтакор, АГМК, Насаф, Бунёдкор, Локомотив унда олдинда.

Тўпни ушлаб туриш борасида Навбаҳор 9-жамоа. Локомотив, Пахтакор, Андижон, Бунёдкор, Қизилқум, Насаф, Металлург, АГМК ундан олдинда.

Яккакурашлардаги устунлик борасида Навбаҳор 13-ўринда. Фақатгина Машъал ундан ёмонроқ натижа қайд этган, қолган клублар устунроқ.

Стандарт вазиятлар самарадорлиги бўйича Навбаҳор 7-ўринда. АГМК, Сурхон, Қизилқум, Қўқон-1912, Андижон ва Сўғдиёна олдинда.

Дарвозага берилган зарбалар самарадорлиги бўйича Навбаҳор 13-ўринда. Фақатгина Қўқон-1912 ундан ортда, қолган ҳамма олдинда.

Рақиб пасидан кейин тўпни эгаллаб олишда Навбаҳор 9-ўринда, тўпни илиб кетиш бўйича 9-ўринда, тўпни олиб юришда 7-ўринда. Навбаҳор қоида бузиш бўйича лиганинг 4-жамоаси. Ва фақатгина алдамчи ҳаракатларда Навбаҳор лигада етакчи. 57 та шундай ҳаракатнинг 44 таси аниқ чиққан. Аммо бу билангина катта ғалабаларни қўлга киритиб бўлмайди.

Менимча, Навбаҳор халқаро майдон учун чиндан ҳам йўлланма олишни истаса, ўйин сифатини ошириши лозим. Бунда айрим мураббийлар VAR камерасига ўта яқин жойда туриш учун эмас, машғулотларда астойдил ишлаш учун ҳаракат қилиши муҳим.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz