Қайднома

Қидирув

Лука Модрич: «Кўнгил яна бир фирик муваффақият истайди...»

Лука Модрич: «Кўнгил яна бир фирик муваффақият истайди...»

  12.04.2021 09:47
  0
  357
Лука Модрич: «Кўнгил яна бир фирик муваффақият истайди...»

- Лука Модричнинг ҳанузгача хорват футболи тарихида энг яхши ўйинчи мақомига лойиқ кўрилмаганига ақл бовар қилмайди - бу гап қандайдир оддий мухлис ёки мутахассис эмас, балки кўпчилик наздида ҳозирга қадар миллат фахри саналаётган Роберт Просинечкига тегишли. Собиқ футболчи Хорватия термаси Россия мундиали финалида ўйнаганидан кейин шундай баёнот берганди. Орадан бир неча ой ўтгач, ФИФА Модрични дунёнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этди. Мана, «Реал» вакили 2018 йилги тарихий муваффақиятидан кейин ҳам фаолиятини барқарор тарзда давом эттирмоқда, 35 ёшни уриб қўйганига қарамай, миллий жамоани сардор сифатида майдонга бошлаб тушмоқда. Модрич жумладан, ЖЧ-2022 саралаш босқичидан ўрин олган Кипр термасига қарши ўйин (1:0) воситасида Хорватия миллий жамоаси тарихидаги бош гвардиячига айланди. Яъни ўйинлари сонини 135тага етказиб, бу борада яна бир афсона Дарио Срнадан ўзиб кетди. ФИФА расмий сайти айни шу рекорд баҳона ярим ҳимоячини мулоқотга чорлаб, унинг яқин келажак учун тузган режалари билан қизиқди.

 

- Лука, рекордчи сифатида ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

- Кайфиятим аъло даражада, албатта. Ахир бу натижа фахрланишга арзийди. Гарчи рекордга алоҳида интилмаган бўлсамда, уни янгилаганим ёқимли, барибир. Бинобарин, асосий эътиборни шахсий кўрсаткичлар эмас, балки терма жамоа олдида турган вазифалар ижросига қаратаман. Тўғри, чўққига анча яқин келганим маълум бўлгач, уни забт этиш иштиёқи барқ ургани ҳам рост. Мана, бу иш уддасидан чиқдим.

- Ҳозир 35 ёшдасиз. Евро-2020 сиз учун охирги йирик халқаро мусобақа бўладими ёки...?

- Аввало, Европа чемпионатини ўтказиб олайлик, кейин нима бўлишини ўшанда ўйлаб кўраман. Хорватия термаси бўлажак турнирда ишончни оқлаши шарт. Ҳа, биз ўта мураккаб гуруҳдамиз. Боз устига, айрим етакчи футболчилар миллий жамоадан кетишди. Шунга қарамай, савияли таркибга эгамиз ва ўйлайманки, унда фахрийлар муҳим роль бажарадилар. Йўқ, қандайдир катта ваъда бермоқчи эмасман, лекин Евро-2020га нурли чўққиларни кўзлаган ҳолда, юксак нуфузимизни йўқотмаслик умидида йўл оламиз. Оддий айтганда, хорват футболи шаънини муносиб ҳимоя қилишимиз даркор.

- Ҳозирги ҳолатда фаолиятингиздан қониқяпсизми? Балки сизга нимадир етишмаётгандир...

- Шу пайтга қадарклублар миқ­ёсида ҳам, терма жамоа таркибида ҳам маълум ютуқларга эришдим, лекин тўхташ йўқ - ҳамон фақат ва фақат ғалабага интиламан. Ўзи қандайдир соврин ютган ёки юксак натижа қайд этган футболчи муваффақиятни такрорлашга интилади, албатта. Қисқаси, яшил майдонда эканман, буюк мақсадлар ва иззатталаблик ажралмас ҳамроҳим бўлиб қолаверади. Хорватия термаси билан яна бир нуфузли совринга эга чиқиш, клубда ҳам мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишни истайман. Айни пайт шу мақсадлар йўлида тер тўкяпман, бу уринишлар қанча давом этиши ва қандай самара келтиришини эса вақт кўрсатади.

- Хорватия термаси охирги ЖЧда кумуш медаль соҳибига айланди. Лекин Қатар-2022 саралашини ғалаба ва мағлубият билан бошлади. Бундан ранжидингизми?

- Ҳа, ўйинлар ва натижани инобатга олсак, саралаш жараёнини рисоладагидек бошламадик. Тушунинг, ЖЧ-2018дан кейин бизга осон эмас: барча рақиблар жамоамизга қарши алоҳида тайёргарлик билан майдонга тушади. Демакки, Россиядаги юксак савияни қайта намойиш этишимиз талаб этилади. Стартнинг қандай чиққани эмас, финишнинг нима бериши муҳим. Гуруҳда энг сифатли таркибга эгалигимизга ишончим комил, буни ҳали саралаш турнири давомида исботлаймиз, албатта.

 

Рақамлар Модрич ҳақида

Туғилган санаси: 1985 йил, 9 сентябрь

Амплуа бўйича: марказий ярим ҳимоячи

Клублари: «Динамо» Зг., «Тоттенхэм», «Реал»

Хорватия миллий жамоасида: 136та ўйин, 17та гол

Энг сара совринлари: ЖЧ кумуш медали (2018); ЖЧнинг энг яхши футболчиси (2018); ФИФА талқини бўйича жаҳоннинг энг яхши футболчиси (2018); Европанинг энг яхши футболчиси (2018); ЧЛнинг 4 карра ғолиби (2014, 2016, 2017, 2018); Клублар ўртасидаги ЖЧнинг 4 карра ғолиби (2014, 2016, 2017, 2018)

 Бошқалар Модрич ҳаҚида

 - Бу гапни аввал ҳам кўп айтганман: Модрич футбол тарихида Зидан билан деярли қаторда. У эса футбол оламининг энг сара ўйинчиларидан бири. Ҳар иккиси кўрсатган мўъжизаларни такрорлаш жуда қийин. Каземиро (2017 йили БААда ўтказилган Клублар ўртасидаги ЖЧдан кейин).

- Афтидан, Модрич ва Иньеста биздек ношудларга асл футбол қандайлигини кўрсатиш учун ўзга сайёрадан келишган. Улар ўз позициялари бўйича тарихдаги энг сара футболчилардир. Иван Ракитич (Россия-2018 мундиали гуруҳ босқичидан кейинги матбуот анжуманида).

- Луканинг ҳаракатлари жуда содда кўринсада, уларни такрорлаш жуда-жуда қийин. Ўзи учун эса, барчаси - одатий ҳол. Худди оммавий рақс каби. Кака (интервьюсидан иқтибос).

- Жамоангиз ҳалокат ёқасига келиб қолган паллада кучли босимга дош берадиган ўйинчига эҳтиёж сезасиз. Модрич тўпни эгаллаб, кескинлик бартараф этилгунга қадар уни ўз назоратида ушлаб туришга қодир. Бу чинакам жангчига хос фазилатдир. Жейми Реднапп (интервьюсидан иқтибос).

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz