Қайднома

Қидирув

Кумирда ҳам кумири бор ёки ЮЛДУЗЛАРНИ ИЛҲОМЛАНТИРГАН СУЮКЛИ ФУТБОЛЧИЛАР

Кумирда ҳам кумири бор ёки ЮЛДУЗЛАРНИ ИЛҲОМЛАНТИРГАН СУЮКЛИ ФУТБОЛЧИЛАР

  18.04.2021 02:42
  0
  324
Кумирда ҳам кумири бор ёки ЮЛДУЗЛАРНИ ИЛҲОМЛАНТИРГАН СУЮКЛИ ФУТБОЛЧИЛАР

Лионель Месси, Килиан Мбаппе ва Эрлинг Холанд ҳам вақтида кимларгадир кумир сифатида қарашган. Айримлари ҳозир ҳам ўша суюкли қаҳрамонлари ўйинларини ўзгача ҳавас билан кузатишади. «Бавария» етакчиларидан бири Жошуа Киммих яқинда ўз кумирига тўхталиб, қизиқарли мавзуни очди. Чунончи, бугунги куннинг барча юлдузлари табиийки, вақтида беғубор болакай бўлишган ва қайсидир футболчи ўйинидан ҳайратланиб, «оғиз очишган». Қисқаси, ҳар бир юлдузда ўз кумири бор, албатта. Энг буюкларда ҳам. Айрим ҳолатларда кумирларнинг ажиб занжирини кузатиш мумкин. Масалан, шу Киммих испан Хавидан ҳайратланган. «Барса» афсонаси эса вақтида Киммихнинг миллатдоши Бернд Шустерга ҳавас қилган...

Жошуа Киммих («Бавария»): - Болаликда ҳамиша «Барселона» вакили Хавига алоҳида эътибор қаратиб, уни ўзимга кумир, деб билганман. Хавининг жуссаси унча катта эмас, лекин интеллектуал ва техник салоҳияти билан ҳаммани ҳайрат кўчасига етакларди, беназир узатмаларига таъриф бериш қийин. Хуллас, Хави менда чуқур таассурот уйғотар ва айнан у каби ўйнашни хоҳлардим.

Хави Эрнандес («Барселона», собиқ): - Бернд Шустер - болалик кумирим. Футбол билан шуғуллана бошлаганимда, кўпинча айнан унинг ўйинларини томоша қилардим. Кейинчалик мураббийлар мени ярим ҳимоя марказига ўтказишди ва севимли футболчимга тақлид қилиш асносида улғайдим. Яъни тўпга бир тегиниш усули, тезлашиш, рақибдан ўзиш - барча-барчасида айнан Шустер каби ўйнашга уринардим.

Лионель Месси («Барселона»): - Албатта, Марадона ўйинидан бош­қача ҳайратланардим, у нафақат мен, балки кўпчилик учун ҳақиқий намуна эди. Бундан ташқари, Пабло Аймар фаолиятининг чўққисига чиққан пайт унинг ўйинларидан ҳам чинакамига роҳатланганман.

Криштиану Роналду («Ювентус»): - Руи Кошта, Фернандо Коу­ту ва Луиш Фигу каби юртдошларим ҳаракатини кузатиб, ҳамиша хаёлан уларнинг ёнида тўп суришни ўйлардим.

Килиан Мбаппе («ПСЖ»): - Му­айян бир кишига кумир сифатида қараган эмасман. Дейлик, болалигимда Зиданни жуда яхши кўрардим. Бошқача бўлиши мумкин эмас - Зидан франциялик ҳар қандай бола учун чинакам кумир. Кейинчалик Роналдуга нисбатан меҳрим ошди. У ҳам яна бир кимирим, албатта. Айтганча, Роналду билан илк марта учрашганимда, ақлдан озишимга оз қолган...

Жоау Фелиш («Атлетико»): - Криштиану ўз ютуқлари ва ҳамиша ғалабага интилиши билан португалиялик ҳар бир футболчига чин ибрат кўрсатмоқда. Дейлик, мамлакатимиз терма жа­моасидаги барча футболчилар болаликда Роналдуга кумир сифатида қарашган, жумладан, мен ҳам. Кўряпмизки, у аввало, ўзига талабчан, кейин қолганларга.

Златан Ибрагимович («Милан»): - Роналдо феноменал ижрочи эди. У майдонда ҳар қандай «трюк»ни осонгина бажарган, ақл бовар қилмайдиган чўққиларни забт этган! Роналдо имконсиздек туюлган ишни сеҳрли тарзда амалга оширарди. Фақат унинг ўйинини тасвирлаб беришимни сўраманг. Бунинг иложи йўқ. Менимча, «Феномен» ҳақида ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ. У ҳар доим ўйиннинг тагзамини бўлган. Ҳамиша бир гапни такрорлайман: футболда ўйнайдиганлар ва ўйин моҳиятини белгилайдилар бор. Қисқаси, мен учун Роналдо - бу ўйин. Ҳамма унга ўхшашни, у каби ўйнашни хоҳларди, аммо ҳеч ким уддалолмаган. Зеро, Роналдо ўйинни бутунлай ўзгартириб ташлаган буюк ижрочидир. Қандай ҳаракатлангани, қандай айлангани, қандай «илон» бўлгани - барчаси мўъжиза. Шубҳасиз, футбол тарихидаги энг яхши ўйинчи. Ҳар ҳолда, мен учун шундай.

Эрлинг Холанд («Боруссия» Д.): - Болалигимда кўплаб футболчиларга намуна модели сифатида қараганман, ажойиб ижрочилар ўйинларидан баҳра олиб улғайганман. Аммо улар орасида бири алоҳида ўринга эга - бу Златан Ибрагимович. У мен учун яхшиларнинг энг яхшиси. Ибра қандай қилиб шу даражага етди, қандай йўлларни босиб ўтди ва қандай ўйнамоқда - буларни ақлга сиғдириш қийин. Қолаверса, Ибрагимович скандинавиялик ва шунинг учун қайсидир маънода унинг ворисига айланишни хоҳлайман.

Роберт Левандовски («Бавария»): - 10-14 ёш оралиғида Алессандро Дель Пьерога футболдаги асосий юлдуз ўрнида қараганман. Кейинроқ Тьерри Анри бош кумиримга айланди. У нафақат кўп гол урарди, балки жамоасига катта ёрдам берарди. Анрининг «Арсенал» учун ўта мушкул вазиятлардан қандай такрорланмас голлар ургани миямга муҳрланиб қолган. Энг эътиборли томони, ҳаммага қийин туюлган иш унга жуда осон эди. Шунинг учун айнан Тьерри усулини ўзлаштиришга уринганман. Қисқаси, Анрига ўхшашни хоҳлардим, аммо шунинг баробарида Роберт Левандовски бўлиб қолишни ҳам. Эсимда, Анрини илк марта кўрганимда, беихтиёр ўзимга пичирлаганман: «О, қандай кун, ниҳоят, кумиримга дуч келдим». Қаранг, энди шу қаҳрамоним менинг футболкамни хоҳламоқда...

Марк-Андре тер Штеген («Барселона»): - Дарвозабонлар орасида кумирим? Шубҳасиз, Оливер Кан. У «Бавария» тарихидаги энг кучли голкипер. Дунёда ҳам энг зўрими? Буни тасдиқлашга қийналаман, лекин «Бавария»да тенгсиз эканлиги аниқ. Кан жамоа дарди билан хаста эди, қандай ғазабланиши, жамоа ўйинини бошқариши, рақибларга ваҳима солиши - барчаси шунчаки, ҳайратланарли.

Неймар («ПСЖ»): - Мен учун футболдаги бош кумир - Ро­биньо. Ҳар ҳолда, ақлимни таниганимдан кейин айнан уни алоҳида кузатганман. Оддий айтганда, Робиньога ўхшашга интилганман. Асосийси битта - барчасида Робиньога тақлид қилмасам, бас.

Марко Асенсио («Реал»): - Хонамда Зиданнинг улкан сурати бор эди, унга меҳрим бўлакча бўлган. Зидан шунчалик нафис ўйнардики, бу истеъдоди билан ҳаммани ўзига қаратган. Умуман, унда мен яхши кўрган ҳаммаси мужассам эди.

Серж Гнабри («Бавария»): - Зайниддин Зидан ярим ҳимоянинг ҳақиқий маэстроси эди. Болалигимда «10-рақам» позициясида ўйнаганимда, унга тенгсиз ижрочи ва кумир сифатида қараганман.

Месут Озил («Фенербахче»): - Кумирим шубҳасиз, Зидан. Ҳар доим шундай бўлиб келган, ҳозир ҳам. Дейлик, ўйинлар бошланиши арафасида кўпинча Зизу ижросидаги ҳаракатлардан олинган клипларни томоша қиламан. Мадридда Зидан билан биринчи марта учрашганимда, қандай ҳаяжонланганим эсимда. Ҳаттоки, қўлларим ҳам терлаб кетганди, у эса мутлақо хотиржам эди. Табиийки, бу учрашув хотирамда муҳрланган. Умуман, ҳар доим Зиданнинг ўйин услубидан ҳайратланганман. У майдонда совуққонлик ва ақл билан ҳаракатланарди. Дейлик, атрофга бир назар ташлаб, шеригини яхши вазиятга чиқарарди, бунда асло зиқналик қилмасди.

Зайниддин Зидан («Реал», мураббий): - Франческоли ўз техникаси билан ҳайратга соларди. Унинг сиймосида ўз орзумдаги Зиданни кўрганман. Ҳар бир кумирда сени сеҳрлаб қўядиган алоҳида хусу­сияти бўлади. Мени Энцонинг дриблинг салоҳияти асир қилганди. У футбол даҳоси эди.

Луис Суарес («Атлетико»): - Ки­-чиклигимда Уругвайнинг энг яхши футболчиси Энцо Франческоли ўйинларини катта завқ билан кузатардим. Кейинроқ Габриэль Батис­тута ҳам ақлимни ўғирлади, чунки у айнан 9-рақам остида тўп сурарди. Шу икиси - ҳамиша менга ёққан ўйинчи, чинакам кумирларим.

Андрес Иньеста («Виссел Кобе»): - Гвардиола - икки кумиримдан бири. Иккинчиси - Микаэль Лаудруп. Эсимда, ёшлар тоифасидаги финалда ўйнаб, ғалаба қозонгандик. Кубокни асосий жамоа сардори топшириши керак эди ва шу аснода жамоам етакчиси сифатида Гвардиоладан соврин олганман. Айни ўшанда кумирим билан биринчи марта учрашгандим. Орадан йиллар ўтиб, иккимиз ажойиб лаҳзаларни бирга бошдан кечирдик.

Серхио Агуэро («Манчестер Сити»): - Болалигимда Майкл Оуэнга ҳавас қилганман. Бу ҳақда биографик китобимда ҳам ёзганман. Майкл миттигина эди ва шунинг учун кўпчиликка ёқарди. Шунингдек, Оуэн ҳам 10-рақам остида тўп сурарди, яна мен каби ҳужумда. Ўшанда Майклга қараб, ўз салоҳиятимга ишончни орттирганман: «Шундай митти футболчи АПЛда яхши ўйнаяптими, демак, мен ҳам шундай қила оламан». Ўша вақт 9-10 ёшда эдим.

Муҳаммад Салоҳ («Ливерпуль»): - Кумирларим кўп - Роналдо, Зидан ва Тотти. Улар беназир эканликларини қалбан ҳис қилганман. Футбол тарихида афсоналар етарли, аммо шу учаласи ўзгача услублари билан ажралиб турган. Ҳар бирининг ақлга сиғмас даражада эффектли ва ўзигагина хос услуби бор эди. Роналдо туғма иқтидори ва футболга муҳаббати билан меҳр қозонган бўлса, Зидан шунчаки, сеҳрли эди... Тотти ҳам ноёб техникаси ва майдонни яхши кўриш қобилияти билан ажралиб турган.

Антуан Гризманн («Барселона»): - Менга Бекхэм ёқарди. У - кумирим. Шунинг учун 7-рақамли ва узун енгли футболкада ўйнашни ёқтираман.

 

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz