Қайднома

Қидирув

Мавсум кашфиётлари: Порлашга улгурган юлдуз

Мавсум кашфиётлари: Порлашга улгурган юлдуз

  19.04.2021 02:22
  0
  318
Мавсум кашфиётлари: Порлашга улгурган юлдуз

Шиддатли парвоз «Интер»ни орзиқиб кутилаётган «скудетто» сари элтмоқда. Лаутаро - Лукаку жуфтлигининг сермаҳсуллиги, Хандановичнинг ақлга сиғмас сэйвлари ва мустаҳкамлик бобида «Ювентус» триосига қиёсланаётган Шкриньяр - де Врей - Бастони учлигининг ишончли ўйинларини бутун Италия ҳайрат билан кузатаётгани лоф эмас. Шунга қарамасдан, жамоанинг ўта муҳим вазифали ижрочиси - ярим ҳимоячи.

Антони Контенинг икки йиллик фаолиятида Николо Барелла мамлакатнинг етакчи хавбекига айланди, «Интер» учун том маънодага тенги йўқ жангчиси мақомига кўтарилди: жорий мавсумнинг барча мусобақалари, жумладан, кубок ва ЕЧЛ беллашувларида тўлиқ иштирок этмоқда, ўта кам ҳолларда захирага олинади, асосан ўйинларда тўлиқ иштирок этади.

Албатта, Барелла «Интер»дан аввал ҳам кўпчиликнинг диққат марказида бўлган. «Кальяри»нинг ноёб иқтидори 21 ёшида Италия терма жамоасида дебютини нишонлаб, қисқа фурсатда асосий таркиб аъзосига айланди. Уни ўз сафига қўшиб олиш учун миланликлар кескин рақобатда 45 млн. евродан воз кечишди. 2019 йилнинг ёзида Конте жамоани қайтадан шакллантирганида, дебютант янги алленаторенинг талабларига жуда мос келди.

Дастлабки ўйинлардан бошлаб самарали ўйин кўрсатган Барелла янги иш жойида ўзини ўта эркин ҳис этмоқда. Боз устига, «Интер» таркибида Николо Контенинг ғояларини бошқалардан кўра мукаммалроқ татбиқ этаётган ижрочига айланди.

Контенинг ўзига хос услуби қайси жиҳатлари билан эътиборли? Биринчидан, 3-5-2 тактик схемаси. Иккинчидан, ўйинчилардан тўпга кўпроқ эгалик қилишни эмас, олдинги чизиқда бўшлиқни ҳосил қилишни талаб этадиган вертикал футбол. Учинчидан, юқори даражадаги жисмоний кураш ва рақиб ярим майдонидаги кучли прессинг. Зарурат туғилса, услубга тегишли ўзгаришлар киритиш мумкин. Бугунги «Интер» бир йил аввалгидан кўра ҳужумкорликка кўпроқ эътибор қаратмоқда. Лекин бажарилиши шарт бўлган қоидаларга риоя қилган ҳолда, албатта.

Барелла марказий ярим ҳимоячи позициясида ўйнайди. Италияликлар тилида унинг ихтисоси «медзала» деб аталади. Бу ихтисосни тўлиқ тасаввур этиш учун аниқлик киритиб олиш талаб этилади: қанот ҳужумчисини Италияда «ала» («қанот») дейишади. «Медзала» («ярим қанот») - 3 ярим ҳимоячили схемада қанотга яқинроқ жойлашадиган марказий хавбек. Бу услуб Николонинг қонига сингиб кетган, десак муболаға бўлмайди: у мунтазам равишда ўнг қанотга интилиб, қанот ҳужумчиси вазифасини адо этади. Ашраф Ҳакими эса ўз одатига кўра, қанотдан марказга яқинлашиб, тўпни жарима майдончаси рўпарасида қабул қилади. Қанот узатмалари бўйича Барелла бу чизиқнинг расмий хўжайинлари бўлмиш Ҳакими ва Перишичлардан ортда, холос.

Николо тўпни узоқ ушлаб турмайди. Аксинча, у ўта тезкор ўйинчи - тўп билан бир нечта рақибларини ортда қолдириб кетиши ёки тўғри қарорни қабул қилиши мумкин. Айнан унинг тезкорлиги эвазига жамоа мураббий режасидаги шиддатни намо­йиш этади.

Бундан ташқари, Барелланинг позицион ҳаракатлари туфайли марказда бўшлиқ юзага келади - у қанотга ўтади, ортга қайтади ёки ҳужумга отланади. Жисмоний қуввати ва чаққонлиги бу юмушларни муваффақиятли бажариш имкониятини таъминлайди. «Ювентус» устидан эришилган ғалаба (2:0) фикримизни тасдиқлайди. Самарали ҳаракатлар, тезкор рейдлар, ҳатто Барелла ижросидаги гол ва ассист айнан шу беллашув безаги бўлганди.

Юқори прессинг самарасини эса «Шахтёр»га қарши ЕЛ ярим финал баҳсида кўриш мумкин. Ғолибона юриш Пятовнинг тўпни қайтаришдаги хатосидан унумли фойдаланган Николонинг узатмаси билан бошланганди. У тўпни эгаллаб, қанотга ўтди ва қулай вазиятдаги Мартинесга оширди. Ўшанда «кончилар» «Интер»нинг ўзига хос услубига муносиб жавоб қайтаришга ожиз эдилар. Куздаги беллашувга донецклик футболчилар пухта ҳозирлик кўришди ва ишончли ҳимояланишди. Бироқ бу тамоман ўзга воқеа.

Бундан ташқари, Барелла тўпни эгаллаб олишда ҳам бошқалардан кўра фаолроқ. Унинг жорий мавсумдаги кўрсаткичи - 223. Яъни, Шкриньяр (178) ва де Врей (175) лардан анча олислаб кетган. Шунингдек, Николо тўпни рақибдан тортиб олишда ҳам жамоа рекордчиси - 137 балл. Иккинчи ўриндаги Брозовичнинг натижаси 118га тенг. Яккакурашларда эса қаҳрамонимиз Лукакудан кейин иккинчи, рақибни алдаб ўтиш бобида Мартинес ва Лукакудан, самарали узатмалар бўйича Ҳакими ва Лукакудан кейинги ўринда. Рақибни ўйин қоидасини бузишга мажбур этиш борасида эса яққол пешқадам. Рақиблари уни фақат қоидабузарлик эвазига тўхтатиб қолишлари мумкин. Тўғри, Николонинг ўзи ҳам бу иллатдан холи эмас, бу борада Мартинесдан кейинги ўринда. Хуллас, Барелла - жамоа «мотори», у билан «Интер» худди сон жиҳатидан устунликда ўйнаётгандек таассурот қолдиради.

Муҳими, футболчи жадал суръат­лар билан камолотга интилмоқда. Унинг Конте раҳбарлигидаги икки мавсум натижалари шундан далолат бермоқда. Унинг ҳал қилувчи узатмалари аввалги мавсумда 0,78га тенг эди, ҳозир 1,18га етди. Николо рақиб ярим майдонида тўп билан кўпроқ муомала қиладиган (1,14га қарши 1,4) бўлиб қолди.

Бундан ташқари, Бареллада гол уриш иштиёқи ҳам ортиб бормоқда. Жорий мавсумда у уч марта рақибларини ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишга мажбур этди. Айниқса, жонажон Кальяри майдонида урган голи ёрқин таассурот қолдирди. Бурчак зарбасидан йўлланган тўпни у ўз зарбаси билан ерга туширмасдан дарвозага жойлаб қўйди. Гарчи зарбалар сони сезиларли даражада кўпаймаган бўлсада, уларнинг аниқлиги ошди. Қолаверса, тўп билан муомала қилиш маҳорати ҳам ортиб бормоқда. Қоидабузарлик туфайли оладиган сариқ карточкалар эса камаймоқда. Аввалги мавсумнинг 27 учрашувида 11 марта жазоланган бўлса, бу мавсумнинг шунча ўйинида атиги 4 марта қўполликка йўл қўйди.

Ярим ҳимоячининг жиддий камчилиги сифатида «иккинчи қават»даги курашни кўрсатиш мумкин - бу гавда тузилиши билан боғлиқ камчилик. Қолаверса, Николонинг тўпни эгаллаб туришга асосланган услубда ҳам ҳозиргидек самарали ўйнай олиши шубҳа остида.

Бугунги Барелла - порлашга улгурган юлдуз. 24 ёшида у афсонавий Луижи Ривага қиёслашга арзийдиган мақомга эришди. Гап уларнинг ўйин услубида эмас. «Кальяри» тарихидаги ягона чемпионликнинг асосий қаҳрамони Ломбардия ўғлони бўлган ҳолда, юксак унвонга Сардиния оролида сазовор бўлганди. Кальярида дунёга келган Николо эса Ломбардия гранди таркибида шоҳсупа сари дадил интилмоқда.

 

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz