Қайднома

Қидирув

Жаҳон футболида янги қоида

Жаҳон футболида янги қоида

  20.04.2021 04:40
  0
  512
Жаҳон футболида янги қоида

ФИФА ва УЕФА жаҳон футболи учун муҳим ҳисобланган қатор ислоҳотларни амалга оширишни режалаштирмоқда: «молиявий фэйр-плей»га муносабатни ўзгартириш, шунингдек, ишга клиринг палатасини жалб этиш, футболчи паспортини электрон форматга ўтказиш ва ҳар бир трансфердан тушум олиш.

«МФП» келажаги

Яқинда италиялик журналист Танкреди Палмери ва La Gazzatta dello Sport газетаси УЕФА «молиявий фэйр-плей»ни бекор қилмоқчилиги, клубларга келишувларни амалга оширишда кўпроқ эркинлик берадиган молиявий назорат тизимини йўлга қўймоқчилиги ҳақида хабар тарқатишди.

Ташкилот чиндан ҳам «МФП» келажагини муҳокама қилмоқда. УЕФАнинг тадқиқотлар ва молиявий барқарорлик масалалари бўйича директори Андреа Траверсонинг таъкидлашича, коронавирус пандемияси юзага келтирган инқироз туфайли ҳозирги формат аҳамиятини йўқотди. Шу боис, Европа футболи бошқарув органи ўзгаришларга бефарқ бўлмаган шахслар ва экспертлар фикрини ўрганмоқда.

«Аксарият клубларда ҳозирги вазиятда ишлаш имконияти - хусусан, маошлар ва бадал пулларини тўлаш - мураккаб вазифага айланди, - деди Траверсо The Guardian нашрига берган интервьюсида. - Пандемия вужудга келтирган ўзгаришлар таъсирида ўтмишга қараб иш кўриш мантиқсиздек кўринмоқда. Шундай экан, қоидаларда ҳозирги пайт ва келажакка кўпроқ эътибор қаратиш, йирик миқдордаги маошлар ва трансфер бозори муаммоларига урғу бериш керак».

Ҳозирча инқироз кўламини тахминан баҳолаш мумкин, бироқ шу рақамлар ҳам ҳайратланарли: Off the Pitch таҳлилларига кўра, Европанинг 20та топ-клуби 2020 йилда қарийб 1,15 млрд. евро йўқотишди. Жорий йилда ҳам кўплаб чекловлар сақланиб қолгани клубларга аввалгидек даромад орттириш имконини бермаслиги инобатга олинса, вазият тахминан мавсум-2022|2023гача ўнгланиши мумкин бўлади.

Энг кўп зиённи Италия, Франция, Нидерландия, Португалия ва Болқон клублари кўришди - у ерда молиявий кўрсаткичлардан ташқари, трансфер фаоллиги ҳам пасайди: ёзда 40 фоизга, ўтган қишда 56 фоизга. Траверсо «МФП»нинг ҳозирги қоидаларини айни пайтдаги шароитларга мослаштириш имконсиз эканлигини таъкидлади, аммо уларни ҳеч ким бекор қилмайди: мутасадди Италия ОАВдаги хабарларни шунчаки миш-мишга йўйди. «Қоидалар турлича бўлиши мумкин, албатта, аммо бу уларнинг нисбатан юмшатилишини ҳам англатмайди, - деди у. - Аксинча, вазият оғирлашган паллада қоидалар янада кўпроқ қатъийликни талаб этади».

Ўтган йилнинг баҳорида УЕФА «МФП» бўйича бироз енгиллик киритганди, бироқ Траверсо янги қоидалар кучга киргунга қадар ушбу енгиллик муддатини узайтириш ёки узайтирмаслик масаласида аниқ маълумот бермади. Катта эҳтимолки, жараён йил охиригача сақланиб қолади. Демакки, «МФП»нинг тақдири бўйича саволга аниқ жавоб олиш имконсиз.

Клиринг палатаси

Clearing House - футболчиларни тарбиялаганлик учун рағбатни тақсимлаш ва тўлаш автоматизациясига масъул бўлган алоҳида тузилма. Лойиҳа 2018 йилдан буён ишланмоқда ва 2022 йилдан амалга татбиқ этилиши мумкин.

У қуйидагича ишлайди:

- ФИФА футболчи паспортини текширади, агар ҳаммаси яхши бўлса, тўлов қўлланмаларини клиринг палатасига жўнатади;

- палата футболчи ўтган клубга муайян жамоага қанча пул тўлаши кераклиги бўйича хабар жўнатади;

- клуб клиринг палатасига пул тўлайди;

- палата пулни жамоалар ўртасида тақсимлаб, амалга оширилган ишлар бўйича ФИФАга ҳисобот беради. Агар клуб мажбуриятини бажармаса, ФИФА санкцияларига учрайди.

Ташкилот футболчиларга мўлжалланган барча тўловлар клиринг палатасидан ўтишини хоҳламоқда, зеро жаҳон футболини бошқарувчи орган трансфер бозоридаги барча воситалар ҳаракатидан хабардор бўлади.

Футболчининг электрон паспорти

Clearing House номли янги тизимнинг ишини соддалаштириш учун ФИФА футболчиларнинг рақамли паспортини киритишга қарор қилди, ҳужжатга ўйинчилар фаолияти билан боғлиқ барча маълумотлар киритилади. Ҳозиргача ҳар бир мамлакатнинг ўз ҳужжат формати ва базаси бўлган, эндиликда барчаси бир жойда сақланади.

Трансферлардан тушум

Трансферларга 1 фоиз миқдорида тушум қўшилади: ушбу воситаларнинг маълум қисми ФИФА томонидан ёшлар ривожига инвестиция киритаётган клубларга тақсимланади.

Агентлик тўловлари

ФИФА шунингдек, агентлар фаолиятини тартибга соладиган лойиҳани ҳам ишлаб чиқди. Ўзгарадиган жиҳатлар қуйидагича:

- футбол воситачиларига мўлжалланган, 2015 йилда бекор қилинган лицензиялаш жараёни қайтарилади: тестдан яхши ўтилмаса, футболчилар билан келишув бекор бўлади;

- агентлар муайян ўтишдан олинган даромадлар бўйича ҳисобот топширишади;

- қўшимча тўловларга чеклов қўйилади: агар агент жараёнда сотувчи клуб номидан қатнашса, келишувдан максимум 10 фоиз; агар харидор клуб вакили бўлса - 6 фоиз; бевосита футболчи номидан бўлса - 3 фоиз олиши мумкин.

- агентларга ҳам харидор, ҳам сотувчи сифатида қатнашиш тақиқланади;

- агентлар билан келишув муддати узоғи икки йилни ташкил этади;

- футболчининг оила аъзоси агентлик фаолиятини юритиш бўйича махсус лицензияга эга бўлмаса, унга футболчининг ишлари билан шуғулланиш тақиқланади;

- агентларга мўлжалланган қўшимча тўловлар «ФИФА банки» - ташкилотнинг ҳисоб-китоб паласи орқали тўланади.

Мазкур ўзгаришлар 2022 йилнинг ёзги трансферлар ойнасидан бошлаб кучга кириши кутилмоқда.

Маълумот учун: «МФП»га 2009 йили Мишель Платини УЕФА президентлиги даврида асос солинган, қоида мавсум-2011|2012дан кучга кирганди. Ушбу тартибга кўра, клублар оладиган даромадларидан кўп ҳаражат қилолмайдилар.

О.АТАБОЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz