Қайднома

Қидирув

Уятчан Уоткинс энди қўрқмас жангчи

Уятчан Уоткинс энди қўрқмас жангчи

  25.04.2021 05:25
  0
  296
Уятчан Уоткинс энди қўрқмас жангчи

Олли Уоткинс сўнгги марта беш йил аввал бир мавсумда 10тадан кам гол урганди: «Эксетер» клуби либосида Англия биринчи лигаси доирасидаги 20та ўйинда 8та тўп киритганди. Ўшанда у 20 ёшда эди.

Шундан буён Уоткинснинг персонал статистикаси ўзи билан бирга ўсиб бормоқда:

*** Мавсум-2016|2017 - ҳамон «Эксетер»да ўйнаётган Уоткинс 48та ўйинда 15та гол урди.

*** Мавсум-2017|2018 - уни «Брентфорд» ўз таркибига қўшиб олди. Дебют мавсумда 45 марта майдонга тушиб, 10та гол урди.

*** Мавсум-2018|2019 - «Брентфорд». Чемпионшип. Уоткинс. 41та ўйинда 10та гол.

*** Мавсум-2019|2020 - «Брентфорд» либосида Чемпионшипда яна бир мавсум. 46та учрашувда 26та гол.

Ярим йил аввал унга АПЛда ўзини кўрсатиш имкони туғилди - сентябрда «Астон Вилла» Уоткинс трансфери учун 30 миллион евро тўлаб, футболчи билан беш йиллик шартнома имзолади. Ҳозирча Олли 12та гол билан «Вилла»нинг энг яхши тўпурари бўлиб турибди. Энди шу истеъдодли ҳужумчининг тарихига бир назар солсак.

Уоткинснинг ёшликдаги энг катта муаммоси яккакурашлардан қўрқиши эди. Ҳар доим тўп оширишларни четдан туриб кутарди, буни руҳшунос-мураббий тўғрилади.

Пол Тисдэйл - «Эксетер» афсонаси. У клубга 2006 йилда борган, 12 мавсум ишлаб, сўнгра «Милтон»га кетганди. Тисдэйл тўғрисида гапирганлар, унинг психологлар курсига қатнагани, шу тариқа футболчилар билан яхши алоқа ўрнатмоқчи бўлганини айтишади.

Тисдэйл ишлаган пайт Уоткинс ёшлар сафидан асосий жамоага ўтиб, бошланғич таркибга кирди. Пол психологик услубини айнан Оллида синаб кўриб, унга ишонч бағишламоқчи бўлган. Мураббий шундай деганди: «Уоткинсда иқтидор бор. Эҳтимол, у ҳаётда мен кўрган энг кучли ёш футболчидир. Бироқ Оллида кичик муаммо бор - тўп учун курашдан қўрқарди. Шунчаки, четда туриб, шерикларининг тўпни қабул қилиб, унга етказишларини кутарди. Бир сафар жамоамиз иккига бўлиниб ўйнаган пайт Оллидан нима қилаётганини сўраганимда, «Мен ҳар доим шундай ўйнайман. Одатда, тўп менга келса, кейин хавфли вазият яратаман», деди. Йўқ, бунга чидаш мумкин эмасди».

Тисдэйл айёрлик ишлатди. Уоткинс курашдан қочганини кўрса, уни ўша заҳоти захира ўриндиғига жўнатади. Кейинчалик мураббий бу услуби иш берганини алоҳида таъкидлаганди: «Ҳа, мақсадга эришдим. У курашларга қўшила бошлади. Бир сафар - рақиби йиқилди. Иккинчисида - рақиби оғриқдан ингради. Оллини тўхтатиб бўлмай қолди, у кескинроқ ўйнашни ўрганди. Кейинчалик четдан туриб, уни қўпол ўйнамаслик ҳақида огоҳлантирадиган бўлдим. Албатта, ҳазил. Лекин Уоткинс чиндан ҳам кучайганди».

«Астон Вилла» бош мураббийи Дин Смит ва Уоткинс эски танишлар. Ҳужумчининг жамоасига ўтишида айнан ушбу мутахассис ташаббус кўрсатган. Олли айнан Смит туфайли «Брентфорд»га, кейин эса «Вилла»га ўтганди.

Уоткинс «Брентфорд»га трансфер қилинганда, Дин унга ҳурмат белгиси сифатида кўк балиқлари бор аквариум совға қилганди. «Олли «Эксетер»га кўп вақт сарфлади, шу боис бироз сояда ортида қолди. Йигитлардан унга нисбатан мулойимроқ муносабатда бўлишни сўрадим. Аммо муаммо Оллида эди. Камгап эди, уяларди. Охир-оқибат унга жамоа ва ўзимнинг номимдан кўк балиқлари бор аквариум ҳадя қилдим. Афсуски, Уоткинсдан яхши боқувчи чиқмади. Балиқларни овқатлантиришда меъёрга амал қилмаган шекилли, улар ўлишди», - деганди Смит.

Мураббий гапириб берган яна бир воқеа ҳақида. Бир сафар Олли «Брентфорд» машғулоти пайти кичик жароҳат орттириб, машғулотни четдан туриб кузатди. Смит унга ҳазил тариқасида бекор турмай, чой тайёрлаши кераклигини айтди. Футболчи бироз кутиб туришларини сўраб, вазифани бажарди. Қолган ўйинчилар ҳам мураббийнинг ҳазилини такрорлашганди, уларга ҳам дарҳол чой етказилди.

«Олли ёрдам сўраганларга ҳеч қачон рад жавоби бермайди. Бошқа футболчилар буни тентакликка йўйишлари мумкин, у эса кимгадир ишонса, илтимосни бажаради. Қайсидир жамоага мослашиб қолса, унга чексиз меҳр беради», - дейди Смит.

Уоткинс ҳаҚида бошҚа фактлар

 

* Ҳар бир ўйин - ўз устида персонал шуғулланиш, рақибларни ўрганиш воситаси. У алоҳида таҳлилчи билан ишлайди, рақиб жамоа футболчиларининг камчиликларини аниқлайди.

* Уоткинс 19 ёшга тўлганида, «Эксетер»нинг Шотландиядаги ёзги мавсумолди йиғини учун тузилган рўйхатдан четда қолди. Бироқ парвоздан бир кун олдин ўтказилган машғулотлар пайти асосий чап қанот ҳимоячиси жароҳат олди. Тисдэйл дарҳол Оллига қўнғироқ қилди: «Мени яхшилаб эшит, чап қанот ҳимоячиси сифатида борасан. Акс ҳолда, уйда қолиб, биз қайтгунимизча якка ўзинг шуғулланасан».

Уоткинс сафарга боришга кўнди, мудофаада бир нечта омадсиз ўйинлар ўтказди. Икки ҳафтадан сўнг Тисдэйл шогирдининг нимадандир хафа эканлигини сезиб, ундан сўради: «Нима бўлди, Олли?». Футболчи вазиятни тушунтирди: «Мураббий, Шотландияда ишим юришмади. Энди ҳеч қачон асосий таркибда ўйнамайманми?». Тисдэйл ўша воқеани яхши эслайди: «Унга ҳимоячи эмас, ҳужумчи эканлиги, сифатли ўйин кўрсатолмаган бўлсада, ўзининг ҳамиша курашга шайлиги, кайфияти юқорилигини кўрсатганини айтдим. Ўша ҳолатдан мамнун эдим».

* Уоткинс «Эксетер»даги илк голини 2015 йили «Плимут»га қарши баҳсда урганди. «Ўша учрашувдан кейин тун бўйи ухлай олмадим. Уйқуга кетишни қанчалик хоҳламай, ҳиссиётлар менга тинчлик бермасди. Ўрнимдан туриб, музлаткичдан муздеккина шарбатни олиб ичдим. Эртасига эса томоғим оғриб қолгани сабаб машғулотга боролмадим».

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz