Қайднома

Қидирув

Манчестерда "Виржиль эффекти" ёки Рубен Диаш ҳақида...

Манчестерда "Виржиль эффекти" ёки Рубен Диаш ҳақида...

  26.04.2021 02:42
  0
  814
Манчестерда

Жорий мавсум атоқли ҳимоячилар учун анчайин қийин кечмоқда. Дейлик, Серхио Рамос ОАВ орқали Флорентино Перес билан янги шарт­нома хусусида муросасиз «жанг»га киришди, жароҳатлардан фориғ бўлишга уринаётган Виржиль ван Дейкнинг йўқлиги эса, «Ливерпуль» учун қанчалик қимматга тушаётганини турнир жадвали яққол кўрсатиб турибди. Аурелио де Лаурентисга хос «ташаббус» билан 100 миллион евролик ёрлиқни осиб олган Калиду Кулибали «Наполи»дан керакли паллада кетмагани боис, анча вазминлашиб қолди, гўё. Жоржо Кьеллини, Жерар Пике ва Матс Хуммельс - фахрий ўйинчилар, Рафаэль Варан янги клуб излаш билан овора. Маркиньос ҳимоя чизиғига қайтган бўлсада, «ПСЖ» одатдагидан кўп гол қўйиб юбормоқда. «Ювентус»да бир неча марта майдонга тушган Маттейс де Лигт ҳам энг яхши ҳимоячи мақомига муносиб эмас, Давид Алаба - «Бавария»даги мустаҳкам қўрғон­нинг бир қисми, холос. Диего Симеоне ихтиёридаги марказий ҳимоячиларнинг Диего Годинсиз ишончли ўйнолмасликлари сўнгги учрашувларда яққол сезилиб қолди. Қўйингчи, жорий мавсум барча марказий ҳимоячилар учун ўта оғир кечмоқда. Лекин шундай вазиятда битта жамоа ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлаш бобида нафақат Европа, балки бутун футбол оламида етакчилик қилмоқда. Ҳикоямиз АПЛ пешқадами - «Манчестер Сити»нинг португалиялик ҳимоячиси Рубен Диаш ҳақида.

Очиғи, Хосеп Гвардиола мукаммал даражада ҳимоя чизиғини яратиш йўлида кўп вақт ва маблағ сарфлади. Рақамларга эътибор қаратинг: Жоау Канселу - 65 миллион, Эмерик Ляпорт - 65 миллион, Бенжамин Менди - 57,5 миллион, Жон Стоунз - 55,6 миллион, Кайл Уокер - 52,7 миллион, Эльяким Мангаля - 45 миллион, Николас Отаменди - 44,5 миллион, Данило - 30 миллион. Каталониялик мутахассис шунча харидлардан ташқари, Натан Аке трансфеига 45,3 ва Рубен Диашникига нақ 68 млн. евро ажратганидан кейин унга қаратилган танқидий фикрлар ўз-ўзидан «болалаб» кетди. Энди эса Диаш аксарият амплуадошларидан фарқли ўлароқ, нафақат «шаҳарликлар»га бефарқ қарамайдиган мухлисларни хушнуд этяпти, балки барча танқид-эътирозларга ҳам барҳам берди. Маълумот учун айтиш керак, трансфер суммаси бўйича «Сити»нинг иккинчи қимматбаҳо ҳимоячисига айланган португалиялик бақувват футболчи бу борада дунё рейтингининг юқори 5талигидан жой олди. Натан Акенинг ишонч­ни ҳали оқлолмаганини инобатга олсак, танқидлар ҳам ўринсиз эмас, албатта. Қисқа гап шуки, «шаҳарликлар» ишончли ижрочилар ансамблини юзага келтириш йўлида чиндан ҳам, кўплаб номзодларни чийриқдан ўтказишди.

Асосийси, Гвардиола қидира-қидира ўзи излаган «жавоҳир»ни топди. барибир! Рубен Диаш аввало, жисмоний тайёргарлиги билан мураббий ишончини қозонди. Эндиликда Гвардиола унинг ҳар 3 кунда юксак даражада тўп сура олишига заррача шубҳаланмайди. Фактлар асосида гапирсак, 2020 йили АПЛда ҳимоячилардан биргина Гарри Магуайр португалиялик янги топилмадан кўпроқ ўйнади, аммо ўртада фарқ унча катта эмас. Рақамларда келтирсак, Рубен ўтган йили Португалия терма жамоаси, «Бенфика» ва «Манчестер Сити» клублари либосларида жами 4344 дақиқа ҳаракатланди. Қизиқ томони, қаҳрамонимиз ҳамюрти Бруну Фернандеш билан бир вақтда АПЛ синовидан ўтди. Ҳа, синов Рубен учун бироз мураккаброқ тус олди, муҳими, ҳимоячи ўзининг топқирлиги, ўйинни нозик илғаши ва шериклари камчиликларини ёпиш қобилияти эвазига мураббийда ортиқча шубҳа қолдирмади. Мисол учун, «шаҳарликлар» АПЛнинг биринчи даврасида «Лес­тер»га қарши ўйинга Диашсиз тушишди ва нақ 5та гол қабул қилиб олишди. Кейин Диаш иштирокида ажиб «қуруқ» ўйинлар сериясини бошлаб юборишди. Орада Рубен Диаш|Жон Стоунз дуэти барча мусобақалар ҳисобидан қаторасига 13та учрашувда атиги 1 марта гол билан якунланган хатоликка йўл қўйди. Лекин «Челси»га қарши кечган ўша беллашув ҳам «шаҳарликлар»нинг 3:1 ҳисобидаги ғалабалари билан ниҳоясига етди. Идеал жуфтлик иштирок этган ўша 13та ўйинда қайд этилган тўплар нисбати шунчаки, фантастика - 30:1.

Эътиборли ва ҳурматга лойиқ жиҳати - португалиялик ҳимоячи шон-шуҳрат ва юксак натижалар ортидан қувмаяпти. Бир қарашда, у Виржиль ван Дейк, Леонардо Бонуччи ва Серхио Рамос каби футболчилар тоифасидан. Гвардиола жамоасида ҳаттоки, маэстро даражасидаги Кевин де Брюйне ҳам муайян қонун-қоидаларга риоя қилган ҳолда, тўп суради, «14-ҳудуд»нинг эркин мусаввири ролига интилмайди. Диаш учун эса қўшимча кўрсатмалар шарт эмас - у мураббий чизиб қўйган чизиқдан мутлақо четга чиқмайди. Рубеннинг айнан кўрсатмалар асосида тўп суриши, ортиқча финт ва дриблингга берилиб кетмаслиги ҳаттоки, Гвардиоладек талабчан асни лол қолдирмоқда. Бир қатор ҳимоячилар айни шу масалада испаниялик мутахассис талабларини қондиролмадилар. Рубен эса устоз ўгитларига оғишмай амал қилган ҳолда, зиммасига юкланган вазифани аъло даражада уддаламоқда. Мана, у тўпни ўзи билан олиб юриш ва рақиблар узатмаларини кесиб қўйиш борасида асосий таркиб ўйинчилари орасида иккинчи яхши натижани қайд этмоқда, зарбаларни тўсиш бобида эса, мутлақ етакчи бўлиб турибди. АПЛ доирасидаги учрашувларга қарасак, «Сити»да фақат дарвозабон майдонда Рубешга нисбатан кўпроқ вақт ҳаракатланган. Яна бир тарафи, Жон Стоунз айнан Диаш кўмаги эвазига самарадорликни кескин оширди.

Гвардиоланинг португалиялик ҳимоячига қаратган эътирофи шунчаки, мақтов эмас - Рубен ташрифидан кейин орқа чизиқнинг бошқа вакиллари ўйинида ҳам Виржиль ван Дейк эффектига ўхшаш ижобий ўзгаришлар кузатила бошланди. Дейлик, марказ бўйича  вариантлар хусусида муаммо қолмади - Эмерик Ляпорт, Натан Аке, Эрик Гарсия доимо курашга шайлар, Фернандиньо ҳақида гапириш ҳам ортиқча. Лекин Диаш - асосий ижрочи, барибир. «Бенфика»да таҳсил олган ноёб иқтидор ҳақида «Порту» вакили Пепе ҳам илиқ фикрлар билдирганди. «Реал»да ёрқин из қолдирган тажрибали ҳимоячи мутлақо ҳақ - Рубен Диаш айни пайт Илкай Гюндоган, Фил Фоден, Кевин де Брюйне, Жоау Канселу ва Александр Зинченко каби жамоадошлари қатори АПЛ шоҳсупасига қайтаётган «Манчестер Сити» тимсолларидан бирига айланмоқда. Ҳа, Юрген Клопп бутун мавсум давомида орзу қилган идеал шароит (марказда кучли ижрочиларга эга бўлиш)га Гвардиола анча аввалроқ эришди. Ана шу мустаҳкам пойдевор «шаҳарликлар»га ҳали ЕЧЛда ҳам қўл келиши мумкин, АПЛда эса самара бериб улгурди. Оддий мисол, «Энфилд Роуд»га мусобақа пешқадами сифатида йўл олган Гвардиола шогирдлари сафардаги йирик (4:1) ғалабадан кейин ўз майдонида қаторасига 3 марта имкониятни бой берган амалдаги чемпионнинг сўнгги умидини ҳам пучга чиқаришди. Агар Илкай Гюндоган пенальтидан фойдаланганидами, ҳисоб янада йирикроқ кўриниш олиши, унинг ўзи «дубль» ёки «хет-трик» расмийлаштириши ҳеч гап эмасди.

Рубеннинг топ-клуб сафидан жой олишига қадар босиб ўтган йўли ван Дейкникидан фарқланади. Болалигида бир ўлимдан омон қолган Виржиль «Ливерпул»га Глазго ва АПЛнинг ўртамиёна жамоаси орқали етиб келди. Диашнинг йўли эса анча қисқа. 2 ёш катта акаси - Иван Португалия иккинчи лигасидан юқорироққа кўтарилолмади. Рубен эса 23 ёшида энг кучли чемпионатнинг етакчи клуби таркибига ўрнашди. Бинобарин, у акасидан фарқли равишда, бор эътиборини футболга қаратди. Мана, энди Португалия термасида сара юлдузлар билан ёнма-ён тўп суриш кўникмасини ҳосил қиляпти, АПЛ эса унга маҳорат мактаби вазифасини ўтамоқда. Диаш - Стоунз жуфтлиги кутилган даражада самара бермоқда, бунда ҳам Рубеннинг улуши салмоқлироқ.

Одатда бахтли оилаларда ўзаро ўхшаш жиҳатлар кўп учрайди. Бу яхши, албатта. «Манчестер Сити» футболчилари намойиш этаётган ҳамжиҳатлик чиройли ғалабалар сериясини тақдим этди. Рубен эса - мавсум безаги. Ваҳоланки, у ҳам «Сити»нинг бир қатор қимматбаҳо ҳимоячилари каби ишончли тўп суролмаслиги мумкин эди. Аксинча, Диаш АПЛ дебютанти бўлишига қарамай, юксак савия намойиш этмоқда. У ўйин воқеалари ривожини олдиндан ҳис этади, ақл билан, қўполлик ишлатмасдан ўйнайди. Ҳаттоки, гавда билан рақибни тўхтатиш ёки «подкат» усулини қўллашда ҳам қоидани бузмасликка ҳаракат қилади. Шунингдек, тўп билан муомаласи ҳам таҳсинга лойиқ. Шахсий ҳаётига келсак, Рубен Манчестерда маҳбубаси, хонанда - Эйприл Айви билан истиқомат қилмоқда. Бироқ футболчи ва шоу-бизнес ўртасидаги алоқа шу, холос. У татуировкалар, соч турмагини тез-тез ўзгартиришни хуш кўрмайди. Баъзан гитара ёрдамида маъшуқаси қўшиғига жўр бўлиши мумкин, бундан нарига ўтмайди.

Қисқаси, Эдерсон дарвозасига кам гол урилаётганида Диашнинг роли катта. Айтиш мумкин бўлса, у «шаҳарликлар» ҳимоя чизиғига мукаммаллик ва аҳиллик бағишлади. Табиийки, мавсум якуни яқинлашгани сайин ҳар бир учрашув аҳамияти ошиб боради. Хосеп Гвардиола 2 йил аввал айни шу долзарб палла хусусида ҳазиллашиб, шогирдларини музлаткич уйда сақлашни хоҳлашини айтганди. Дарҳақиқат, ҳар 3 кунда майдонга тушадиган жамоанинг талаб даражасида тайёргарликка эришиши осон эмас. Демак, хатоликлардан ҳеч ким ҳимояланмаган. Жумладан, Диаш ҳам. Аммо португалиялик ҳимоячи энг тажрибали экспертлар ўйлаганларидан ҳам зўрроқ, маҳоратлироқ чиқди. У кўриб тўймайдиган даражада чиройли, муҳими, ишонч­ли ўйин кўрсатмоқда. Ҳа, ихтисос бўйича «бузувчилар» орасида ҳам илҳом парисини қучган ҳолда, мафтункор тўп сурадиганлар топилади!

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz