Қайднома

Қидирув

Очилган, очилмаган ғунчалар

Очилган, очилмаган ғунчалар

  28.04.2021 02:42
  0
  358
Очилган, очилмаган ғунчалар

Ёдингизда бўлса, аввалроқ биз The Guardian нашри ижодкорлари томонидан эътироф этилган 2014 йилнинг энг иқтидорли ўсмирлари ҳақида ҳикоя қилгандик. Британиялик касбдошларимиз лойиҳани давом эттириб, 2015 йилдаги энг сара ёш футболчилар рўйхатини эълон қилишди. Марҳамат, 1998 йилда туғилган ноёб иқтидор соҳибларининг кейинги тақдири билан танишинг.

Умидни пучга чиқарганлар

1. Ҳошим Мастур

Марокашлик Неймар номи билан танилган бу футболчини эшитган бўлсангиз керак. У мазкур жарангдор тахаллусни атиги бир марта оқлаганди: 2014 йилда у ўз «кумири» билан учрашиб, тўп билан ҳайратомуз финтларни бажариш бобида Неймардан ўзиб кетганди. Лекин футболчи сифатида жонглёрлик санъатидаги устунлигини исботлай олмади. Ваҳоланки, ҳамма ундан улкан муваффақиятларни кутганди, ўта қисқа вақт ичида ёшлар даврасини тарк этиб, атоқли юлдузлар сафидан жой олиши ва «Милан»нинг янги етакчисига айланиши тахмин қилинганди. «Россонерлар» 14 ёшли ўсмир учун 2 млн. евродан воз кечишган, Nike 2012 йилда у билан 10 йиллик (!) шартномага имзо чекканди. Ҳошимнинг ижтимоий тармоқлардаги обуначилари сони эса ўша пайтда млн.дан ошиб кетганди. Ҳозир 22га чиққан Мастур икки марта бир неча ойни ишсиз ўтказди. Энди Италиянинг «С» сериясида «Карпи» жамоаси билан фаолиятини тиклашга уринмоқда.

2. Хан Кван Сон

6 йил аввал КХДР футболчиси илк бора халқаро эътирофга сазовор бўлиш остонасида турганди. 16 ёшли Хан «Кальяри»да пайдо бўлди, кейин «Перуджа»га ижарага берилди ва «В» серияда рисоладагидек тўп суриш эвазига «Ювентус» ва «Ливерпул»дек грандлар эътиборини тортди. Рақобатда ғолиб чиққан Турин клуби 3,5 млн. евро эвазига 19 ёшли Сонни ўз сафига қўшиб олди. Келишув 2020 йилнинг 1 январида имзоланди. 7 кундан кейин «Ювентус» ўз харидини Қатарнинг «Ал-Дуҳайл» клубига 2 баравар қимматроқ баҳода бериб юборди. Ажабланарли воқеа, тўғрими? КХДР қонунчилигига кўра, хорижда ишлаётган фуқаро иш ҳақининг маълум қисмини давлат ғазнасига ўтказиб бериши шарт. Иш берувчи эса, ўз навбатида, бу қоидани қабул қилиши ва бажариши лозим. Афтидан, «Ювентус» ўзи истамаган ҳолда Шимолий Кореянинг ядро дастурида сармоядор бўлиб қолишни истамади ва ёш иқтидорни тайёр харидорга сотиб юборишни афзал кўрди.

3. Люка Зидан

2015 йилда буюк Зайниддин Зиданнинг ўғилларидан бири - Люка 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Европа чемпионати доирасида Бельгияга қарши ярим финалнинг пенальтилар сериясида бир йўла 3та зарбани қайтаришга эришган, аммо ўзининг зарбаси ҳам омадсиз бўлганди. Дарҳақиқат, ҳаммасига бирданига эришишнинг иложи йўқ. Лекин Люканинг тез орада «Реал» сафидан жой олишига кўпчилик ишонганди. 2018 йилда «Қироллик клуби» Куртуани харид қилгач, кичик Зидан Кейлор Навас, Андрей Лунин ва Кико Касильядан кейин бешинчи дарвозабон мақомига тушиб қолди. Коста-Рика ва испаниялик посбонлар «ПСЖ» ҳамда «Лидс» сафига ўтиб кетишгач, рақобат кескин пасайди. Бироқ Люка Тибонинг ўринбосарига айланиш йўлида украиналик касбдошини енга олмади. Шундан кейин у Сегундада «Расинг» шарафини ҳимоя қилди. Ижара муддати якунида Мадридга қайтганида, «Реал» янги шартнома таклиф этмади. Шу тариқа эркин агентга айланган посбон ўтган йилнинг 5 октябрида Сегунда вакили «Райо Вальекано»га ўтиб кетди.

Юлдуздек порлаганлар

1. Дани Ольмо

«Барселона» ҳамда Испания ўсмирлар термаси сардори 2014 йилда қадрдон клубини тарк этиб, Загреб «Динамо»сида тўп суришга қарор қилганди. Боиси, «Барса»да Неймар ва Луис Суареслар рақобатини енга олмаслигини ёш ҳужумчи тушуниб етган ва ақлли қарорга келганди: «Динамо»дан бошқа ҳеч қайси жамоа шу ёшимда менга шунча имкониятни бера олмасди. Бу ерда учрашув ва машғулотларни миллий термалар ўйинчилари билан ўтказяпман. Улар Европа ва жаҳон чемпионатларида тажриба тўплаганлар». Хорватияда испаниялик ҳужумчи барқарор ўйин кўрсатиб, 2018 йилда Каталонияга қайтишга яқин турганди. Бироқ у яна босқичма-босқич ривожланиш услубини афзал кўрди: «Нафақат Испания, балки Италия ва Англия клубларидан ҳам таклифлар олдим. Аммо ўзимга мос лойиҳа ва келажак бера оладиган жамоани танладим. «Лейпциг» талабларимни қондира олади. Бошқа жамоалар эса - йўқ». Ольмо 2020 йилнинг қишида Юлиан Нагельсманн жамоаси ихтиёрига йўл олганини шундай изоҳлаганди. Ҳозир Дани - «Лейпциг»нинг етакчи ҳужумчилари сафида. Олдинги чизиқдаги ва айниқса, прессинг жараёнидаги ақлли ҳаракатлари эвазига у ўз позицияси бўйича етакчи ўринларда бормоқда.

2. Федерико Вальверде

2016 йилнинг ёзида 5 млн. еврога сотиб олинган уругвайлик футболчи - «Реал»нинг бугуни ва келажаги. «Кастилья»даги мавсум ва «Депортиво»даги ижарадан кейин Вальверде ниҳоят, 2018 йилнинг июлида асосий жамоа билан шартнома имзолади. Ўшанда 6 млн.га баҳоланган ярим ҳимоячининг қиймати ҳозир 70 млн.га кўтарилди. Аввалига, Люка Зидан қисмати Вальвердени ҳам четлаб ўтмайдигандек туюлганди. Искодек ишончли ўринбосарга эга бўлган Модрич-Кроос-Каземиро триосини 20 ёшли ярим ҳимоячи парчалай олишига ҳеч ким ишонмаганди. Аммо у буни уддалади. Уругвайлик дриблингда Модричдан, узатмаларда Кроосдан, тўпни тортиб олишда эса Каземиродан зўрроқ эмас. Лекин у ўз камчиликларини тинимсиз меҳнати ва улкан иш ҳажми билан қоплайди.

3. Кристиан Пулишич

Америка футболининг бош юлдузи. Болалигида у «Порту», «Челси» ва «Барселона» тизимларида таҳсил олган, аммо камтарона гавдаси туфайли етарли эътиборга сазовор бўлмаганди. Тақдир тақозоси билан, Европада очилишга улгурмаган ғунча ўз ватани - АҚШда барқ уриб яшнади. Дортмундлик скаутлар Кристианни катта футболга олиб келдилар. «Боруссия» Дортмундга Усмон Дембеле ўрнини тўлдириш учун келган Пулишич илк ўйиндаёқ «арилар»га мослашиб, дебют мавсумида 43 марта майдонга тушди. 2016 йилнинг апрелида у дортмундликлар, сал кейинроқ АҚШ терма жамоаси тарихида энг ёш голеадор унвонларини қўлга киритди. Бундеслигадаги 3 мавсум давомида Кристианнинг гол}пас тизимидаги кўрсаткичи 8 баллдан пастга тушмади. 64 млн. евро - Пулишични ўз таркибига қўшиб олиш учун «Челси» айнан шунча маблағдан воз кечди. Авлодлари хорватиялик бўлган америкаликни дебют мавсумидаёқ Эден Азарга таққослай бошладилар. Футболчининг ўзи ҳам бу муносабатга бефарқ бўлмади. «Азарнинг майдондаги ижодкорлигига ҳавас қилса, арзийди. Агар мен у каби намуна даражасига кўтарила олсам, ўзимни бахтиёр ҳис этардим!» - деганди Пулишич 2019 йили.

4. Мартин Эдегор

16 йилу 157 кун - айнан шу ёшда Криштиану Роналду ўрнига майдонга тушиб, «Реал» тарихидаги энг ёш футболчи мақомини олган йигитча атрофидаги шов-шув кўлами Ҳошим Мастурникидан қолишмасди. Узоқ вақт давомида Мартин мадридликлар тарихидаги энг омадсиз харид «унвони»га асосий даъвогар бўлиб юрди. Лекин «Витесс»даги «сургун»дан кейин фаолиятида ижобий ўзгаришлар юз берди. «Реал Сосьедад» таркибидаги ўтган мавсумни Эдегор аъло даражада ўтказди. Голли вазиятларни яратиш бобида у фақат Санти Касорла ва Лео Мессини олдинга ўтказиб юборди. Ҳозир «Арсенал»да ижара асосида ўйнаётган ҳужумкор ярим ҳимоячи ўйин шиддатини ошириш етакчиларидан бири, хавфли вазиятларни юзага келтириш борасида яққол етакчи бўлиб турибди. Ривожланиш темпи шу маромда кетса, яна икки йилдан кейин Вальверде-Эдегор дуэти «Реал»нинг марказий чизиғида нақадар қудратли кучга айланишини тасавввур қилишнинг ўзи даҳшат.

Футбол оламининг келажаги

1. Дайот Упамекано

Эҳтимол, бу футболчи энди бошланган янги 10 йилликнинг энг яхши марказий ҳимоячиси унвонини ҳам олар, айнан шу паллада касбдошлари орасида етакчилардан бири бўлиб турибди. 22 ёшли француз қишда 42,5 млн. евро эвазига «РБ Лейпциг»дан «Бавария»га ўтди. Трансфер қиймати нотўғри тасаввур уйғотмаслиги учун эслатиб ўтамиз: музокаралар пайтида Мюнхен гранди Упамеканонинг «новвослар» билан имзолаган шартномаси бандларидан фойдаланиб, товон пули миқдорини пасайтиришга муваффақ бўлди. 2017 йилда ҳимоячини 100 млн. евродан камига харид қилишнинг иложи йўқ эди. Дарвоқе, Эрлинг Холанднинг баҳоси ҳам сезиларли даражада пастлади - 2022 йилнинг ёзида уни 75 млн. эвазига бемалол харид қилиш мумкин бўлади. «Ред Булл» тизимининг маҳсули бўлмиш марказий ҳимоячи барча кўрсаткичлар бўйича ўз касбдошларидан олдинда бормоқда. Дайотнинг натижалари яқинда Виржиль ван Дейк қайд этган кўрсаткичларни такрорлаш учун етарли. Шу кетишда Упамекано «Олтин тўп» даъвогарлари сафидан жой олиши, ҳатто нуфузли совринни қўлга киритиши ҳам мумкин. Серқирра маҳорат соҳиби нафақат ҳимоя, балки ҳужумда ҳам ўта фаол. Бундан ташқари, Европанинг номдор жамоаларидан бирида тўп сурмоқда. Қисқаси, дунёнинг тенгсиз футболчиси унвони учун зарур бўлган барча талабларга жавоб бера олади.

2. Трент Александр-Арнольд

«Ливерпуль» ҳимоячиси нималарга қодирлигини намойиш этиб, мақтовларга эҳтиёж қолмаган мақомга эришганига анча бўлди. Бунинг ўрнига қизиқарли бир фактни эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик: «Ливерпуль» академиясида Трент ярим ҳимоячи ихтисоси бўйича таҳсил олганди. Ҳужумга чанқоқлик хислатининг асосий сабаби шу: Александр-Арнольд - ҳимоячилар ўртасида самарали узатмалар бўйича АПЛнинг барқарор рекордчиси, 2018|2019 йиллар мавсумида 12 ассист, 2019|2020 йиллар мавсумида 13 ассист. Трент ўйинидаги эволюция тез орада уни майдон марказига олиб ўтса, ажабмас. Хосеп Гвардиоланинг «Манчестер Сити»да қўллаётган услуби мазкур гипотезани қўллаб-қувватлайди: Александр Зинченко ва Жоау Канселу ўйин давомида доимо қанотлардан марказга ўтиш эвазига янада самарали тўп суришмоқда.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz