Қайднома

Қидирув

Евротур: Ҳаяжонми ёки ҳорғинлик?

Евротур: Ҳаяжонми ёки ҳорғинлик?

  29.04.2021 04:44
  0
  225
Евротур: Ҳаяжонми ёки ҳорғинлик?

Апрелнинг сўнгги тўлиқ ҳафтаси давомида қайд этилган айрим натижаларда футболчилардаги мавсум давомида йиғилиб қолган чарчоқ аломатлари сезила бошлади. Марра чизиғидан саноқли қадамлар ажратиб турган паллада ҳатто пешқадамлар ҳам очколар йўқотишда давом этишди.

Англия. Вудларга аталган тур

«Манчестер Сити» ҳамда «Тоттенхэм» ўртасидаги Англия Лига кубоги финали 25 апрелга белгилангани боис, бу жамоалар 33-тур учрашувларини аввалроқ ўтказиб олишганди. Ўшанда «шаҳарликлар» «Саутгемптон»дан 5:2, «шпорлар» эса «Фулхэм»дан 1:0 ҳисобида устун келишганди. Қолган 8 учрашувда намойиш этилган ёрқин лавҳалар кубок финалидаги эҳтирослардан кам бўлмади. Фақат «Лидс» - «МЮ» қарама-қаршилигида томонлар рақиб дарвозасига йўл топа олмадилар. Қолган барча учрашувларда иштирокчилар камида битта гол гувоҳига айланишди. Жумладан, «Эмирейтс»да «Арсенал» «Эвертон»ни қабул қилиб, Ленонинг автоголи туфайли меҳмонларга муҳим 3 очкони совға қилди.

«Ливерпуль» ўз майдонидаги «Ньюкасл»га қарши баҳсда ғалабага яқин турганди. Бироқ қўшимча вақтнинг 5-дақиқасида ўз дарвозасидан тўп олиб чиқиб, Муҳаммад Салоҳнинг 3-дақиқадаги ажойиб зарбаси эвазига яратилган устунликни йўққа чиқарди - 1:1.

«Вест Хэм» ҳамда «Челси» ўртасидаги Лондон дербисида омад Томас Тухель жамоасига кулиб боқди - 0:1.

Турнинг энг шов-шувли натижаси Вулверхемптонда қайд этилди. Ҳатто мағлубиятини ҳам ажойиб ўйинлари билан безатишга одатланган «Бёрнли» маҳаллий «бўрилар» жамоаси дарвозасига 4та жавобсиз тўп киритди. Қизиғи шундаки, энг сермаҳсул беллашув тақдирини меҳмонлар вакили Крис Вуднинг биринчи бўлимдаги «хет-трик»и ҳал қилди. Танаффусдан ке­йин Криснинг фамилиядоши - Вествуд ҳисобни йириклаштирди.

Бирмингемда «Вест Бромвич»га қарши майдонга тушган «Астон Вилла» аутсайдер билан жанговар (2:2) дурангга имзо чекди. Аниқроғи, Дэвиснинг қўшимча вақтдаги голи туфайли мағлубиятдан қутулиб қолди.

Ҳисобот турининг сўнгги беллашувида «Кристал Пэлас»ни қабул қилган «Лестер» қийинчилик билан рақибини маҳв этди (2:1) ва «МЮ» билан ўртадаги очколар фарқини 5тагача қисқартирди.

Испания. Етакчи квартет таъқибдан холи

Ла Лиганинг 31 ва 32-турлари натижаларидан кейин турнир жадвалининг юқори 4 поғонаси вакиллари билан энг яқин таъқибчи ўртасидаги очколар тафовути 20тага етди. Яъни, мавсум якунигача ҳеч қайси жамоа уларга ета олмайди, ЕЧЛ йўлланмалари нақд бўлди. Фақат бўлажак чемпион ва совриндорлар номи маълум эмас. Бу масалада тўртликдаги рақибларидан битта учрашувни камроқ ўтказган «Барселона»нинг имконияти юқорироқ. Агар Куман шогирдлари «Камп Ноу»да «Гранада»ни енга олсалар, етакчи ўринга чиқиб оладилар. Ҳисобот турида айнан шу жамоа ва «Севилья» қўшалоқ турда 100 фоизлик натижага эришдилар. «Кадис»ни сафарда йирик ҳисобда (3:0) маҳв этган «Реал» «Сантьяго Бернабеу»да «Бетис» дарвозасига йўл топа олмади - 0:0. «Атлетико» эса Мадридда «Уэска» дарвозасига 2та жавобсиз гол ургач, Бильбаода «Атлетик»ка имкониятни бой берди - 1:2. «Севилья» сафарда «Леванте»дан Ан-Носирининг ягона голи эвазига муҳим 3 очкони тортиб олгач, кейин «Рамон Санчес Писхуан»да «Гранада» устидан камтарона (2:1) ғалабани расмийлаштирди.

Германия. «Дортмунд» кечроқ «уйғонди», «Майнц» ва «Кёльн» ҳам

Бундеслиганинг қўшалоқ - 31 ва 32-турларида фақат уч жамоа - «Боруссия» Дортмунд, «Майнц» ва «Кёльн»га 100 фоизли натижага эришиш насиб этди.

«Сигнал Идуна-Парк»да «Унион» дарвозасига 2та жавобсиз гол урган майдон эгалари асосий таъқибчиларнинг биридан қутулишди. Кейин етакчи учликдаги «Вольфсбург»ни ҳам сафарда Холанднинг «дубл»и эвазига маҳв этиб, «бўрилар»ни олислаб кетиш имкониятидан маҳрум этишди. 30-турда «РБ Лейпциг»ни ўз майдонида енгган (2:1) «Кёльн» кейин Аугсбургдан муҳим 3 очко билан қайтишга муваффақ бўлди ва «қора гуруҳ»ни тарк этди. Лекин элитадаги ўрнини сақлаб қолиши учун бу жамоадан ғалабалар сериясини давом эттириш талаб этилади. Акс ҳолда, карантин туфайли майдонга туша олмаётган «Герта» кечиктирилган ўйинларда уни қувиб ўтиши мумкин.

«Майнц»ни алоҳида эътироф этишимиз боиси шуки, Салаининг аниқ зарбаси эвазига Гельзенкирхенда «Вердер»ни таслим этган жамоа ўз майдонида «Бавария»ни тиз чўкишга (2:1) мажбур этди.

Мюнхенда «Бавария»га имкониятни бой берган (0:2) «Байер» кейинги турда «Айнтрахт»ни 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, нафақат ўзи, балки «Боруссия» Дортмунд учун муҳим ғалабани расмийлаштирди. Қизиғи шундаки, ўйиндаги 4та гол 70-дақиқадан кейин, 2таси қўшимча вақтда амалга оширилди.

Турнир жадвалидаги ҳолатдан хулоса чиқарадиган бўлсак, кейинги турлар янада муросасиз жанглар билан ўтиши мумкин. Агар пешқадам 32-турда «Боруссия» Менхенгладбахни таслим эта олса, муддатидан аввал ғолиблик унвонини ҳимоя қилган бўлади. «Боруссия» Дортмунд - «РБ Лейпциг», «Вольфсбург» - «Унион» қарама-қаршиликларига ҳам қизиқиш катта.

Италия. Римда ва Миланда икки хил кайфият

32-турга пешқадам сифатида етиб келган «Интер» аввалига «Специя» майдонига ташриф буюриб, мезбонларнинг жиддий қаршилигига дуч келди ва «қора гуруҳ»га яқин турган рақиби билан дурангга (1:1) имзо чекканди. Кейинги турда Антонио Конте шогирдлари «Жузеппе Меацца»да катта қийинчиликлар эвазига ўртамиёна «Верона» устидан минимал (1:0) устунлик билан зафар қучишди.

2-ўринни банд этиб турган «Милан» эса аввал ўз майдонида «Сассуоло»дан енгилди - 1:2. Кейин Римда «Лацио»дан йирик (0:3) ҳисобдаги мағлубиятни қабул қилиб олди. Натижада бир ҳафта аввал совринлардан умидвор бўлган Стефано Пиоли жамоаси икки учрашувдаги мағлубият туфайли етакчи квартетни тарк этди.

Аввалги турда «Лацио»ни Неаполда йирик ҳисобда (5:2) маҳв этган «Наполи» эса Турин сафарида «Торино»ни енгишга муваффақ бўлди - 2:0. Шу тариқа Женнаро Гаттузо шогирдлари турнир жадвалида 3-поғонага чиқиб олишди.

Хавфли, аниқроғи, «қора гуруҳ етакчиси» бўлган «Кальяри» ҳам «Наполи» каби икки учрашувни ўз фойдасига ҳал этиш орқали аутсайдерлар билан хайрлашди. Оролликлар жамоаси аввалги турда Удине сафаридаги ягона гол эвазига 3 очко билан қайтганди. Кейин ўз майдонида номдор «Рома»ни енгишга (3:2) муваффақ бўлди. Айтганча, римлик «бўрилар» аввалги турда ўз майдонларида «Аталанта»ни енга олмагандилар (1:1). Шу кетишда Паулу Фонсека шогирдлари 7-поғонани ҳам бой беришлари ҳеч гапмас.

33-турда «Болонья» дарвозасини 5 бор ишғол этиб, ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлай олган «Аталанта» 2-ўринга кўтарилиб олди.

Дарвоқе, амалдаги чемпион - «Ювентус» қўшалоқ турдаги ғалаба («Парма» - 3:1) ва дуранг («Фиорентина» - 1:1) эвазига очколари сонини 66тага етказиб олди. Лекин тўплар нисбатига кўра, 3-поғонани «Наполи»га бўшатиб берди.

Франция. Марказий

учрашувда етакчи устун

Лига 1нинг 34-тури марказий қарама-қаршилигида Лионга сафар уюштирган «Лилль» Бурак Йилмазнинг «дубли» эвазига маҳаллий «Олимпик» устидан иродали ғалабага эришди. Натижада «Лион»нинг имконияти кескин пасайиб кетди - кейинги 4 учрашувда 6 очколик фарқни йўққа чиқариш мушкул. Аммо етакчи ортидан бораётган бошқа жамоа­лар, еврокубоклар ҳудуди вакиллари навбатдаги ғалабаларини расмийлаштирдилар. Жумладан, «ПСЖ» сафарда «Мец»ни (3:1), «Монако» «Анже»ни (1:0), «Марсель» «Реймс»ни (3:1) маҳв этишди. «Ланс» билан «Ренн» эса ўз майдонларида яққол аутсайдерлар - «Ним» (2:1) ҳамда «Дижон»дан (5:1) устун келдилар.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz